Берта Давидова — ўзбек мумтоз қўшиқ санъатининг таниқли намоёндаси, ноёб овоз соҳибаси, Ўзбекистон халқ артисти.
Берта Давидова 1922 йил Марғилонда таваллуд топган. 1935-1938 йиллар Тошкент тиббиёт техникумида ўқиган. Иккинчи жаҳон уруши йиллари Тошкент ҳарбий касалхонасида ҳамшира бўлиб ишлаб, ҳаваскор бадиий жамоалар таркибида бўлган, яраланган харбий хизматдагилар учун уюштирилган концерьларда фаол иштирок этган.
Артистнинг бамаъни ижодий таржимаи холи 1943 йил Ўзбекистон Давлат радио қўмитаси хор жамоасида солистликдан бошланган. Берта Давидованинг кейинги, қирқ йилдан зиёд меҳнат ва ижод йўли ушбу жамоа билан узвий боғлиқ бўлган, хусусан, мақомчилар ансамбли билан.
Бу давр мобайнида ўзининг юқори ижрочилик маҳорати билан у мухлислари орасида танилади ва мамлакатимизнинг таниқли артистлари сирасидан муҳим ўрин эгаллайди. Миллий қадриятимизнинг бебаҳо қўшиқлари бўлмиш “Шошмақом”, шунингдек, “Муножот”, “Фиғон”, “Сарахбори оромижон”, “Самарқанд ушшоғи”, “Дугоҳ”, “Баёт-1” каби мумтоз қўшиқлар унинг ижросида халқимизнинг нодир мусиқа хазинасига айланган.
Берта Давидова умри давомида нафақат юқори малакали ижрочи, балки миллий санъатимизнинг фодокор тарғиботчиси ҳам бўлган. Йирик маданий-оммавий тадбир, концертларда иштироки билан бирга, у алоҳида шаҳар, қишлоқларда чиқишлар қилиб, ўзининг ёрқин санъатини намойиш қилган ва халқ ҳурматига сазовор бўлган.
Берта Давидова ўнлаб ёш иқтидор соҳибалари билан касб сирлари маҳорати билан ўртоқлашган, кўп йиллар мобайнида у республика радиоси ҳузуридаги мақомчилар ансамблида ва Ўзбекистон Давлат консерваториясининг анъанавий ижро маҳорати кафедрасида самарали ишлайди.
Берта Давидова маданиятимиз ва санъатимиз ривожига улкан ҳисса қўшган, унинг жамоат ва маданият ҳаёти олдидаги хизматлари юқори баҳоланиб, “Ўзбекистон халқ артисти” шарафли унвони ва “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган.
2007 йил 11 август куни вафот этган. Тошкентдаги Бухоро-насронийлар марказий хиёбонига (Аллон даҳаси) дафн этилган.