Абу Мансур Хасан ибн Нух Қумри X аср бошларида Бухорода дунёга келган, Бухоро амирларининг сарой табиби бўлган. Ибн Сино ҳам Қумри билан кўришган, унинг медицинага оид дарсларида қатнашган ва кўп нарсани ундан ўрганган. Олим 999 йил вафот этган ва Бухорога кўмилган.
Қумри томонидан тиббиётга доир 8 та асар ёзилган бўлиб, улардан иккитасигина бизнинг давримизгача етиб келган — “Китаб ал-гина ва-л-муна”, инсон танасидаги барча органларни даволашга бағишланган “Мукаммал ва қимматли китоб”. Китоб жуда машҳур бўлганлигини 40 қа яқин қўлёзмалари Осиё, Африка ва Оврупа қўлёзмалар омборларида сақланиб келишидан кўриш мумкин.
Қумрининг бизгача етиб келган иккинчи асари — “Китаб ат-танвир фи-л-истилахат ат-тиббийа” “Тиббиёт атамаларининг юзага келиши ҳақидаги китоб” ўз ичига 350 дан зиёд медицина атамаларини олган изоҳли луғат бўлиб, 20 дан зиёд қўлёзмалари мавжуд.
Қумрининг илмий меросларидан бизгача фақат иккитаси етиб келганлигига қарамай, улар илм-фан тарихида жуда катта аҳамиятга эгадир: “Мукаммал ва қимматли китоб” тиббиётга оид энг буюк асарлардан бири саналади, у Бухорода ёзилган бўлиб, Ибн Синонинг “Тиб қонунлари” асаридан олдин битилган. Унда 30 дан ортиқ тиббиёт муаллифлари, замондошлари, издошлари қолдирган қимматбаҳо маълумотлар мавжуд.
Ибн Сино даврида тиббиёт атамаларини ўрганиш тиббиёт атамашунослиги фани учун жуда муҳим аҳамиятга эгадир. Айниқса, медицина тажрибасида қўлланилувчи турли парҳезбоп таомлар, ичимликлар ва бошқа мосламаларга изоҳ берганлиги жуда қизиқ, зеро, бошқа изоҳли луғатларда, ҳатто бошқа асар “Қонун”ларида ҳам учрамайди.
Қумрининг асарлари ва у ҳақидаги биографик маълумотлар ўрта аср араб ва форс био-кутубхоначилик луғатларида келтирилган.
Қумрининг луғати XVI асрда машҳур сарой шифокори Заҳириддин Бобур ва унинг ўғли Ҳумоюннинг шахсий табиблари ҳисобланмиш табиб Исмоил ибн Йусуф томонидан форс тилига таржима қилинган.