АБДУЛЛАХОН II

АБДУЛЛАХОН II (тўлик исми: Абдулла ибн Искандархон ибн Жонибек султон ибн Хожа Муҳаммад ибн Абулхайрхон) (1534; Миёнкол, Офаринкент қишлоғи — 1598.8.2, Самарқанд, Бухоро яқинидаги Баҳоуддин мажмуасига дафн этилган) — ўзбек давлатчилиги тизимидаги Бухоро хонлигининг шайбонийлар сулоласидан чиқкан энг йирик ҳукмдори (1583—98), давлат арбоби, саркарда, илм-фан, маърифат, маданият ҳомийси. Бобоси Жонибек султон (вафоти 1528Ғ29) Кармана ва Миёнкол ҳокими (1512Ғ13 й. дан) бўлган. Отаси Искандар султон ўғли туғилган пайтда Офаринкентни, кейинчалик, афтидан ака-укаларидан бири вафот этгач, Карманани бошқарган. Абдуллахон II Шайбонийхон вафотидан кейин парчаланиб кетган мамлакат ҳудудини канта бирлаштириш, марказий давлат ҳокимиятини мустаҳкамлаш учун ёшлик чоғидан қаттиқ кураш олиб борган. Тошкент ҳокими Наврўз Аҳмадхон (Бароқхон) билан Косон ёнида (1548). Мўғулистон хони Абдуррашидхон ва шайбонийлардан Дўстум султонлар кўшинига карши Фороб ёнида (1554) жанг қилган. Ёш Абдулла султон ўзининг ҳукмдор сифатидаги бутун ғайратшижоатини 1551 й. Карманада намойиш этган; вилоятга Тошкентдан Наврўз Аҳмадхон ва Самарқанддан Абдуллатифхон ҳужум қилганлар, Искандар султон Амударё ортига кочган. Абдулла султон отаси вазифасини ўз зиммасига олиб бу ҳужумни муваффақиятли қайтарган. Кейинги йилларда (1552—56) ўз мулкини ғарбга — Бухоро томонга ва жан.-шарқ — Қарши ва Шаҳрисабз томонга кенгайтиришга интилган. Бу саъйҳаракат дастлаб ваффақиятсиз чиққан, ҳатто 1556 йили ота мерос мулкини ташлаб Майманага қочишга мажбур бўлган. У амакиси, Балх ҳокими Пирмуҳаммаддан ҳарбий ёрдам олиб ва пири Жўйбор хожаларидан Хожа Муҳаммад Ислом кўмагида Наврўз Аҳмадхон, кейинчалик унииг ўғиллари Дарвешхон ва Бобо султонларга қарши узоқ муддат кураш олиб борган. Наврўз Аҳмадхон вафот этгач (1556), дарҳол Кармана ва Шаҳрисабзда ўз ҳукмронлигини тиклайди, 1557 и. майда Бухорони қўлга киритади ва уни ўз пойтахтига айлантиради. 1561 й. отасини давлат бошлиғи—хон деб эълон қилиб, унинг номидан мамлакатни ўзи бошқара бошлайди. Марказий хокимиятга бўйсунишдан бош тортган шайбоний султонлар билан курашиб Балх (1574), Самарқанд (1578), Тошкент, Сайрам, Туркистон (1583) ва Фарғона (1583) ни эгаллайди. 1582 й. Даштга юриш қилиб Улуғтопга қадар борган. 1583 й. отаси Искандархон вафот этгач, мамлакатни уз номидан бошқара бошлайди. Марказий ҳокимиятга қарши кўтарилган Маймана ва Гарчистон (1583), шунингдек Бадахшон (1585) даги ғалаён, тартибсизликларни бостирган. Хоразмга икки марта юриш (1594 ва 1596) қилиб, у ерда марказий ҳокимият ҳукмронлиги қайта тиклаган. Абдуллахон II мамлакат ҳудуди яхлитлигини тиклаш йўлида қўшни хорижий давлатлар б-н ҳам кураш олиб борган. Мас, Туркия Мовароуннаҳрда ўз таъсирини кучайтириш ниятида Абдуллахон IIга қарши курашда Бобо султонга ёрдам берган. Бобо султон турк аскарлари ёрдамида Насаф ёнида Абдуллахон IIга қарши жанг қилган. Абдуллахон II сафавийлар билан Хуросон, Гилон учун курашиб уларни ўз тасарруфига киритган. Шарқий Туркистонга қилинган юришда Қашқар ва Ёркенд вилоятларини олган. Бобурийлар ҳам Бадахшон, Шим. Афғонистон ва Хуросон учун Абдуллахон IIга қарши курашганлар. Абдуллахон II бунга қарши Синд (1583), Кашмир (1586)ни эгаллаб, давлатнинг жан. чегараларини мустаҳкамлаган.

Абдуллахон II даврида мамлакат ҳудуди Қашқардан Орол ва Каспий денгизлари соҳилларигача, Туркистон ва Сайрамдан Хуросоннинг шарқий қисмигача бўлган ерлардан иборат эди. Абдуллахон II ҳаётининг сўнгги йилларида ўғли Абдулмўмин (қ. Абдулмўминхон) билан чиқишмай қолган. Абдулмўмин 1582 й. кузидан Балхни отаси номидан бошқараётган эди. Искандархон даврида Абдуллахон II ҳақиқий, амалдаги ҳукмдор бўлгани каби, Абдулмўмин ҳам кексайган отасига нисбатан шундай мавқени эгалламоқчи бўлган. Фақат уламоларнинг аралашуви туфайлигина отабола ўртасида очиқ уруш ҳаракатлари бошланмаган ва Абдулмўмин отасига бўйин эгишга мажбур бўлган. Улар ўртасидаги муносабатлар кескинлашганидан хабар топган қозоқ хонларидан Таваккалхон Тошкент вилояти ва Тошкент—Самарқанд оралиғидаги ерларга бостириб кириб, унга қарши юборилган қўшинни енгган. Унга қарши сафарга отланган А. II Самарқандга етганда вафот этган.

Абдуллахон II фаол ташки сиёсат олиб борган. Бу даврда шайбонийлар Эрон, Ҳиндистон, Туркия, Хитой, Россия ва б. мамлакатлар билан кенг дипломатик, иқтисодий, савдо алоқалари олиб борганлар. Мас, Абдуллахон II элчилари 1583 й. Москвадан ўқ дори, ов қушлари, мато олиб келганлар. Бундай элчилик 1589, 1595 й. ларда ҳам қайтарилган. Абдуллахон IIнинг мамлакат ички сиёсатидаги, давлат бошқарув тизимини мустаҳкамлаш, айниқса пул ислоҳоти ўтказиш йўлидаги фаолияти натижалари кейинги даврларда ҳам сақланиб қолган. У кўплаб турли иншоотлар қурдирган. Ҳозиргача халқ орасида у ёки бу иншоот қурилиши Амир Темур ёки Абдуллахон IIга нисбат берилади.

Абдуллахон II даврида Бухоро яқинидаги Сумитон (Жўйбор) мавзесида Жўйбор хожаларидан Абу Бакр Саъд (970/971 й. вафот этган) мозори атрофига Мадраса, маежид, хонақоҳ ва чорбоғ (1558—66), Бухорода Мадраса (қ. Абдуллахон мадрасаси), ҳаммом, Говкашон, Фатхулла қушбеги, Миракан, Хожа Муҳаммад Порсо, янги Чорсу (1569-70), тим (қ. Абдуллахон тими), Кармана яқинида Зарафшон дарёси устига кўприк (1582) ва б. қурилди. Бундай иншоотлар ва карвонсаройлар Самарқанд, Тошкент, Балх ва б. шаҳарларда ҳам қурилган (мас, Абдуллахон IIнинг нуфузли амири Қулбобо Кўкалдош шарафига Тошкентда қурилган Кўкалдош мадрасаси ва б.). Карвон йўлларида сардобалар, работлар, каналлар, сув омборлари (қ. Абдуллахон банди), кўприклар (мас. Сурхондарёда халқ орасида Искандар кўприги номи билан машҳур бўлган Ғишткўприк ва б.), чорбоғлар бунёд этилган.

Абдуллахон II даврида мамлакатда шаҳарсозлик, адабиёт, илм-фан тараққий этган. Бухоро маданият, илм-фан марказига айланган Ҳофиз Таниш Бухорипнинг Абдулланома («Шарафномайи шоҳий») (1584—89), Амин Аҳмад Розийнинг «Ҳафт иқлим» (1583), Мутрибийнинг дунё харитаси илова қилинган «Тазкироти шуаро» (тахм. 1593—95) ва б. илмий асарлар яратилди. Бухорода машҳур Абдуллахон кутубхонаси ташкил қилинган. Унда машҳур хаттотлар Мир Али Ҳиравий, Аҳмад Ҳусайнийлар ва б. китоб кўчириш б-н машғул бўлишган. Ҳасанхожа Нисорийнит «Музаккири аҳбоб» асари Абдуллахон IIга бағишланган.

Бу даврда шоир, адиб ва илоҳиётчи олимлардан Мушфиқий, Низом Муаммоий, Муҳаммад Дарвиш охунд, қози Поёнда Зоминий, мулла Амир, Муҳаммад Алти Зоҳид, табиблардан мавлоно Абдулҳаким ва б. яшаб ижод этган. Абдуллахон IIнинг ўзи ҳам истеъдодли шоир бўлиб, «Хон» тахаллуси билан ўзбек ва форс тилларида шеърлар ёзган.

Мамлакатда (Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Балх ва б. да) ҳунармандчилик, савдо-сотиқ ривожланган. Ҳунармандлар турли ипак матолар, уй-рўзғор, заргарлик буюмлари, қурол-яроғлар ва б. тайёрлардилар. Мовароуннаҳр усталари тайёрлаган буюмлар ички ва ташқи бозорда жуда харидоргир бўлган.

Ҳарбий санъат тарақкий этган. Қўшин таркибини найза, қилич, манжаниқ, нафтандоз ва шотулар билан қуролланган отлиқ ва пиёда қисмлар ташкил қилган. 16-а. иккинчи ярмидан қўшин Туркия ва Россиядан келтирилган пилта милтик ва замбараклар билан қуроллана бошлаган (яна қ. Бухоро хонлиги) Манбалар: Ҳофиз Таниш Бухорий, Абдулланома, 1-ж., Т., 1999; Ҳасанхожа Нисорий, Музаккири аҳбоб, Т., 1993; Ад ..Аҳмедов Б. А., Историко-географическая литература Средней Азии XVI—XVIII вв. Письменные памятники, Т., 1985; Бартольд В. В., Сочинения, 11(2) т., М., 1964.

Фахриддин Ҳасанов.


Кирилл алифбосида мақола: АБДУЛЛАХОН II ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: А ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
БУХОРО ХОНЛИГИ
АМИР ТЕМУР
АЛИШЕР НАВОИЙ
ФРАНЦИЯ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты