АЛИШЕР НАВОИЙ, Навоий (тахаллуслари; асл исми Низомиддин Мир Алишер) (1441.9.2. — Ҳирот — 1501.3.1) — буюк ўзбек шоири, мутафаккир, давлат арбоби.
Алишер Навоийнинг ота томондан бобоси Амир Темурнинг Умар Шайх исмли ўғли билан кўкалдош (эмикдош) бўлиб, кейинчалик Умар Шайх ва Шоҳрухнинг хизматида бўлган. Отаси Ғиёсиддин Баҳодир эса Абулқосим Бобурнинг яқинларидан; мамлакатни идора этишда иштирок этган. Онаси (исми номаълум) Кобул амирзодаларидан Шайх Абусаид Чангнинг қизи. Алишер Навоийнинг болалиги Шоҳрух ҳукмронлигининг сўнгги йилларига тўғри келган. У темурийзодалар, хусусан бўлажак подшоҳ Ҳусайн Бойқаро билан бирга тарбияланган. 4 ёшида мактабга бориб, тез савод чиқариб, туркий ва форсий тилдаги шеърларни ўқиб, ёд ола бошлаган. Ўзбек тили билан бир қаторда форсий тилни ҳам мукаммал эгаллаган. 1447 й. 12 мартда мамлакат подшоҳи Шоҳрух вафот этгач, тахтга даъвогарлар орасида ўзаро кураш бошланади. Уруш-жанжаллар кўп кишиларни Хуросондан турли томонга кўчиб кетишга мажбур этди. Алишер Навоийлар оиласи ўз тинчлигини кўзлаб, Ироққа кўчишди (1449). Таф ш. да Алишер машҳур «Зафарнома» тарихий асари муаллифи, шоир Шарафиддин Али Яздий билан учрашади. Бу учрашув болада ёрқин таассурот қолдиради. Ғиёсиддин Баҳодир оиласи Ҳиротга, қарийб икки йил муддат ўтгач, қайтади. Абулқосим Бобур Ғиёсиддин Баҳодирни Сабзавор ш. га ҳоким қилиб тайинлади. А. Н. Ҳиротда қолиб ўқишни давом эттирди. Алишер Навоий шеъриятга ғоят қизиқди, Шарқ адабиётини қунт билан ўрганди. Оила муҳити болалигидаёқ унда адабиётга зўр ҳавас туғдирган эди. Тоғалари Мирсаид — Кобулий, Муҳаммад Али — Ғарибий етук шоир эдилар. Алишер Навоийлар уйида шоирлар тез-тез тўпланишиб, мушоира қилишар, адабиёт ва санъат ҳақида суҳбатлашар эдилар.
Алишер Навоий 10—12 ёшларидан шеър ёза бошлаган. Тарихчи Хондамирнинг ёзишича, ёш Алишер Навоийнинг истеъдодидан мамнун бўлган мавлоно Лутфий, унинг: Оразин ёпқоч, кўзумдан сочилур ҳар лаҳза ёш, Бўйлаким, пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғач қуёш матлаъли ғазалини тинглаб: «Агар муяссар бўлса эди, ўзимнинг ўн-ўн икки минг форсий ва туркий байтимни шу ғазалга алмаштирардим…» деган. Алишер Навоий 15 ёшида шоир сифатида кенг танилган. Шеърларини туркий (Навоий тахаллуси б-н) ва форсий (Фоний тахаллуси б-н) тилларида ёзган.
Алишер Навоий 13—14 ёшларида отаси ҳаётдан кўз юмади. Уни Абулқосим Бобур ўз тарбиясига олади, катта бадиий истеъдоди учун ғоят эъзозлайди. 1456 й. окт-. да мамлакат пойтахти Ҳиротдан Машҳадга кўчирилади, Абулқосим ёш Алишерни ҳам, ўз хизматида бўлган Ҳусайн Бойқарони ҳам Машҳадга олиб кетади. 1457 й. нинг баҳорида тўсатдан Абулқосим Бобур ҳам вафот этди. Алишер Навоий учун бу, отаси вафотидан кейинги, иккинчи оғир жудолик бўлди. У Машҳад мадрасаларидан бирида ўқишини давом эттиради. Дўсти Ҳусайн Бойқаро эса Марв ва Чоржўй томонларга омад қидириб кетади. Хуросонни темурийларнинг яна бир вакили, Мовароуннаҳр ҳукмдори Султон Абу Саид эгаллади ва пойтахтини Самарқанддан Ҳиротга кўчиради. Ҳусайн Бойқаронинг тахтни эгаллаш йўлидаги биринчи рақиби — Абу Сайд эди. Алишер Навоий оиласининг хоҳиш-рағбати Ҳусайн томонда бўлиб, бу аввало уларнинг оилавий яқинликлари билан изоҳланарди; бундан янги ҳукмдор ҳам яхши хабардор эди. Ўртадаги бу вазият Алишер Навоий ҳаётини мураккаблаштирган. А. Н. Машҳадда оддий бир муллавачча сифатида яшади. Шоирнинг бу даврдаги ижодида ўз юртини соғиниб ёзган ғазаллари талайгина. Орада, хусусан, ёз фаслларида Ҳиротга бориб-келиб ҳам турган. 1463 й. да эса у узил-кесил Ҳиротга қайтди. Бироқ бу ерда аҳвол ўзгарган, шаҳар харобага айланган эди. Хуросон пойтахтида Султон Абу Саид ўз тартибини ўрнатган, муҳим вазифаларга у билан Мовароуннаҳрдан келган кишилар тайинланган, Алишер Навоийга яқин кишилар қувғин қилинган, Ҳусайн Бойқаро билан бирга кетган тоғалари — Мирсаид ва Муҳаммад Али урушда ҳалок бўлган, яшаш учун бирон жой топиш муаммо эди. Алишер Навоийнинг ўша кунлардаги аҳволи унинг кейинчалик устози Саййид Ҳасан Ардашерта Самарқанддан ёзган мактубидаги шеърий сатрларда ниҳоятда таъсирли ва ҳаққоний ифодалаб берилган. Бу вақтда мамлакатда таниқли шоир бўлиб қолган Алишер Навоийни Абу Сайд таъқиб қилиб, Ҳиротдан чиқариб юборади. Шоир Самарқандга кетишга мажбур бўлади. А. Н. Самарқандда 1465 й. дан 1469 й. нинг баҳоригача яшади, Фазлуллоҳ Абу Лайс мадрасасида ўқиб, турли фанларга оид билимларини янада чуқурлаштирди. Самарқанднинг кўзга кўринган шоирлари — Шайхим Суҳайлий, Мирзобек, Мавлоно Ховарий, Мир Қарший, Ҳарими Қаландар, муаммогўй Улойи Шоший, олим Мавлоно Муҳаммад Олим ва б. билан ҳамсуҳбат бўлди ва дўстлашди. Самарқанд ш. ҳокими Аҳмад Ҳожибек асли ҳиротлик бўлиб, Вафоий тахаллуси билан шеърлар ёзарди, у А. Н. га алоҳида ҳурмат ва эътибор билан қаради. Унинг ёрдамида Алишер Навоий давлат ишлари билан ҳам шуғуллана бошлади. У давлат ишларини бошқаришда дастлабки тажрибани шу ерда орттирди ва бу унга кейинчалик асқотди. Алишер Навоийнинг Самарқанддаги сиёсий ва давлат фаолияти юқори баҳоланиб, унга «Чиғатой амири» унвони берилган.
1469 й. бошларида Султон Абу Сайд Қорабоғда ўз аскарлари томонидан ўлдирилади. Кўпдан буён шундай вазиятни кутиб юрган Ҳусайн Бойқаро зудлик билан келиб, Ҳирот тахтини эгаллайди. Алишер Навоий ҳам Ҳиротга етиб келади. 1469 й. 14 апр. куни, рамазон ҳайити муносабати билан уюштирилган қабул маросимида Алишер Навоий ўзининг Ҳусайн Бойқарога янги ёзган «Ҳилолия» қасидасини тақдим этади. Подшоҳ Алишер Навоийни муҳрдорлик мансабига тайинлайди.
А. Н. Ҳусайн Бойқаронинг энг хавфли сиёсий рақиби — Ёдгор Муҳаммад Мирзони тунда қўлга олишда шахсий жасорат кўрсатади. Янги ҳукуматнинг ортиқча солиқларидан норози бўлиб, қўзғолон кўтарган халқ оммасини тинчитишда адолат ва мардонаворлик билан иш тутади. Шу воқеалардан сўнг маълум вақт ўтгач, Ҳусайн Бойқаро ҳукуматидаги мухрдорлик вазифасига Алишер Навоийнинг розилиги билан унинг самарқандлик дўсти, шоир Шайхим Суҳайлий тайинланади. Алишер Навоийнинг мақсади саройда маслаҳатчи бўлиб қолиш, кўпроқ ижодий иш билан шуғулланиш эди. Бироқ Ҳусайн Бойқаро 1472 й. нинг фев. ойида уни ўз саройининг бош вазири қилиб тайинлайди ва унга «Амири кабир» унвонини беради. Алишер Навоий янги лавозимда аввало бутун кучини мамлакатда тинчлик ва осойишталик ўрнатишга қаратди. Вақф ишларини тартибга солишга киришди. Шаҳарларда савдо-сотиқни, ҳунармандчиликни ривожлантиришга катта аҳамият беради. Алишер Навоий саъйи ҳаракати билан қишлоқларда деҳқончилик маданияти ўсиб боради. Шаҳарлар, хусусан Ҳирот кун сайин обод бўла бошлайди.
Буюк инсонпарвар Алишер Навоий ўрта асрдаги Уйғониш даврининг бошқа улуғ зотлари сингари бутун ҳаёти билан ҳақиқий инсон қандай бўлиши лозимлигини кўрсатди. У ўз давридаги ноҳақликка, адолатсизликка қарши курашди, амалдорларнинг ўз вазифаларини суиистеъмол қилишларини ва таъмагирликларини фош этди, ожиз, муҳтож кишиларни ўз ҳимоясига олди. Султон Ҳусайн Бойқаро подшоҳлик қилган, Алишер Навоий ҳукуматда бош вазир вазифасини эгаллагантшлларда ҳеч бир мамлакатга қарши босқинчилик уруши олиб борилмади. Бош вазир Алишер Навоий маданият ва санъатнинг чинакам ҳомийси сифатида танилади. Унинг фаолиятида ижтимоийсиёсий масалаларни тўғри ҳал этишга интилиш, жамиятдаги барча ижтимоий қатламларга, барча қавмларга бир хил муносабатда бўлиш, ҳеч қайси бирини камситмаслик, ҳамманинг манфаатига баробар хизмат қиладиган жамоат биноларини қуришга алоҳида эътибор бериш олдинги уринга чиқа бошлади. Хондамирнинг қайд қилишича, 80-й. лар давомида Алишер Навоий ўз маблағлари ҳисобидан Ҳиротда ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида бир неча Мадраса, 40 та работ, 17 масжид, 10 хонақоҳ, 9 ҳаммом, 9 кўприк, 20 га яқин ҳовуз қурган ёки таъмирлаттирган. Улар орасида Ҳиротдаги «Ихлосия», «Низомия» мадрасалари, «Халосия» хонақоҳи, «Шифоия» тибгоҳи, Қуръон тиловат қилувчиларга мўлжалланган «Дорулҳуффоз» биноси, Мар-вдаги «Хусравия» мадрасаси, Машҳаддаги «Дорул-ҳуффоз» хайрия биноси ва б. ноёб меъморлик ёдгорликлари бор.
Бу даврда Ҳиротда адабий ҳаёт жўш урган. Алишер Навоий атрофида Шайхим Суҳайлий, Хожа Осафий, Биноий каби ўнлаб шоирлар, Ҳасан Ноий, Хожа Абдулло Марворий, Қулмуҳуммад Удий, Шоҳқули Ғижжакий каби ўнлаб созандалар, Мирхонд, Хондамир каби тарихчилар, Султонали Машҳадий, Абдужамил Котиб, Хожа Ҳофиз Муҳаммад, Султонали Коиний, Муҳаммад Хандон, Мавлоно Ҳижроний каби машҳур котиблар, Беҳзод каби мусаввирлар қизғин ижодий меҳнат билан банд эдилар. Ҳиротда, умуман Хуросон мул-кида маънавий ҳаётнинг бақувват устунларидан Абдураҳмон Жомий билан Алишер Навоий ўртасидаги ижодий ҳамкорлик — устоз-шогирдлик кўп масалаларда ҳамфикрлиликка олиб келди. Алишер Навоийнинг ўзбек тилидаги дастлабки йирик асарларидан «Ҳилолия» қасидаси Султон Ҳусайн Бойқарога бағишланган бўлса, форсий тилдаги биринчи йирик асари «Туҳфат ул-афкор» (1476) қасидаси Жомийга бағишланган эди.
1470-й. ларнинг охирларида Алишер Навоий ўзининг ўзбек тилида ёзган шеърларидан иборат илк девони — «Бадоеъ ул-бидоя» («Бадиийлик ибтидоси»)ни тузди. Мазкур девонда 777 ғазал, 85 рубоий, 52 муаммо, 46 қитъа, 53 фард, 10 туюқ, 10 луғз, 3 мустазод, 5 мухаммас, 3 тар-жеъбанд, 2 мусаддас бўлиб, бундай мукаммал девонни тузиш Навоийгача камдан-кам ўзбек шоирига насиб бўлган. Алишер Навоий «Бадоеъ ул-бидоя» тузилгандан кейинги даврда ёзилган ўзбекча шеърлари асосида 1480 й. ларнинг охирида «Наводир ун-ниҳоя» («Беҳад нодирликлар») девонини тузди. 1841 — 82 й. ларда Алишер Навоий «Чихл ҳадис» («Қирқ ҳадис» ёки «Арбаин») асарини ёзади. Бунда Муҳаммад пайғамбар(сав) нинг қирқ ҳадиси тўртлик билан шеърий ифодалаб берилган.
Алишер Навоий мансуб адабий ҳаётда шеърий жанрлардан ғазал, қасида, айниқса муаммо ёзишга қизиқиш кучли эди. Алишер Навоий форсий девонига 373 муаммо киритган. Шундай адабий майллар туфайли 1485 й. муаммо ёзиш қоидалари ҳақида махсус «Муфрадот» асарини яратди.
Алишер Навоийда ўзбек тилида «Хамса» — беш достон яратиш мақсади ёшлигидан бўлган. Бу мақсадини 1483—85 й. ларда амалга оширди. Асар ўзбек адабиёти шуҳратини оламга ёйиб, жаҳон адабиётининг дурдоналаридан бирига айланди.
«Хамса»дан кейин Навоий яна бир қанча асарлар яратди. 1485 й. узининг машҳур «Назм ул-жавоҳир» асарини ёзди, бунда биринчи халифалардан бўлмиш Ҳазрат Алининг 266 та ҳикматли гапи рубойи тарона (тўрт мисраси ҳам қофияланган) шаклида баён этилган. Ўша Давр китобхонлари, шу жумладан, тарихчи Хондамир бу асарни ғоят юксак баҳолаган. Алишер Навоийнинг инсонпарварлик фаолияти, илғор қарашлари, унинг обрў-эътибори халқ орасида тобора ортиб бориши ўз манфаатларини кўзлаган сарой аъёнлари орасида норозилик туғдирди. Улар шоир билан подшо орасига нифоқ солишга уриндилар. Натижада 1487 й. да Ҳусайн Бойқаро Алишер Навоийни вазифасидан бўшатади, бош вазир вазифасини Муҳаммад Маждиддин эгаллайди. Навоий эса Астрободга ҳоким қилиб тайинланади. Навоий ҳокимлик қилган 2 йил давомида Астробод ш. ва вилояти ободонлашиб, қўшни давлатлар билан яхши муносабатлар ўрнатилади, савдо ишлари йўлга қўйилади. А. Н. Астрободда ҳам кўп янги шеърлар ёзган, Ҳиротдаги ёр-дўстларига мактублар йўллаб турган. Унинг Астрободдан Ҳусайн Бойқаронинг катта ўғли Бадиуззамонта ёзган мактубини давлатни бошқариш ҳақидаги рисола, дейиш мумкин.
Алишер Навоий доим Ҳусайн Бойқарони адолатли ва маърифатли ҳукмдор қиёфасида кўриш орзуси билан яшади. Астрободдан Ҳусайн Бойқарога ва бошқа амалдорларга ёзган мактубларида уларни инсоф ва адолатга чақирар, давлат идора усулида мустаҳкам тартиб ўрнатиш ва айрим ислоҳотлар ўтказишга ундар эди. Лекин Алишер Навоийнинг истаклари тўла амалга ошиши қийин эди. Астрабодда Навоий билан Ҳусайн Бойқаро муносабатларига путур етказувчи гаплар юзага келгач, подшоҳ Алишер Навоийнинг Ҳиротга қайтишига рухсат беради. Ҳусайн Бойқаро Навоийга бир нечта юксак лавозимларни таклиф қилади. Алишер Навоий рози бўлмагач, унга «Муқарраби ҳазрати султоний» («Султон ҳазратларининг энг яқин кишиси») деган расмий унвон берилади. Бу билан у давлатнинг ҳамма ишларига аралаша олар ва подшоҳ билан кўришиш имконига ҳам эга бўлар эди. Бинобарин, сарой амалдорлари, шу жумладан, Муҳаммад Маждиддин ҳам ҳар бир муҳим масалани кўп вақт у б-н келишишга мажбур эди. Лекин Алишер Навоий б-н Маждиддин ўртасидаги нодўстона муносабатдан кўпчилик хабардор эди. Навоийнинг Балхда ҳоким бўлиб турган укаси Дарвешали Маждиддиндан ранжиб, бош ҳукуматга қарши исён кўтаргани ҳам маълум. Бу исён Навоийнинг аралашуви билан тинчитилган. Айнан шу воқеа 1490 й. дан Маждиддиннинг сиёсат майдонидан кетишига асосий сабаб бўлган.
Алишер Навоий ҳамиша кўпроқ ижодий ва илмий ишлар билан шуғулланиш, бу борадаги режаларини амалга ошириш хаёли билан яшарди. Ҳаёт эса унинг режаларига ўз тузатишларини киритар эди. 1488 й. Саййид Ҳасан Ардашер, 1492 й. Жомий, 1493 й. олим ва шоир Паҳлавон Муҳаммад бирин-кетин ҳаётдан кўз юмдилар. Навоий ўзи учун қадрдон бўлган бу инсонлар хотирасини абадийлаштириш, уларга ўз ҳурматини изҳор этиш учун «Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер», «Хамсат ул-мутаҳаййирин». («Беш ҳайрат»), «Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад» номли рисолаларини ёзди. Астрободда ёза бошлаган «Тарихи мулуки Ажам» («Ажам подшоҳлари тарихи») асарини туғаллади (1489). 1490 й. у ўзига замондош шоирлар ҳақида Жомийнинг «Баҳористон», Давлатшоҳ Самарқандийнинг «Тазкират уш-шуаро» асарлари шаклида «Мажолис ун-нафоис» («Нафислар мажмуаси») тазкирасини тузишга киришиб, 1492 й. да тугаллади. Шу вақтнинг ўзида Алишер Навоий ўзбек тилида шеърият назарияси, аниқ-роғи, аруз вазни қоидалари ҳақида «Мезон ул-авзон» («Вазнлар ўлчови») илмий қўлланмасини яратди. 1494 й. да туркий тилдаги мактубларини тўплаб «Муншаот» («Мактублар») мажмуасини тузди. 1495 й. Жомийнинг «Нафаҳот ул-унс» асарини «Насойим ул-муҳаббат» («Муҳаббат шабадалари») номи билан таржима қилиб, уни қайта ишлаб, туркий машойихлар ҳақидаги янги маъ-лумотлар б-н бойитди. Шу боисдан «Насойим улмуҳаббат»га Алишер Навоийнинг мустақил асари сифатида қараш мумкин.
Алишер Навоий 1491—92 й. лардан бошлаб туркий тилда ёзилган ҳамма шеърларидан янги, йиғма девон тузишга киришди ва бу иш 1498—99 й. да ниҳоясига етди. Девоннинг умумий номи «Хазойин улмаоний» («Маънолар хазинаси») бўлиб, 4 қисмдан иборат бўлганлиги учун «Чор девон» деб ҳам аталган. Девон шоирнинг бутун ҳаёти давомида ёзилган шеърларини қамраб олган, уларда Алишер Навоийнинг барча даврларидаги кайфияти, дунёқараши, орзу-умидлари ифодалаб берилган. Тахминан шу йилларда Алишер Навоий форсий шеърларидан ташкил топган «Девони Фоний» («Фоний девони»)ни, форсий тилдаги 2 қасидалар мажмуаларини тузиб, форсий шеърият тарақ-қиётига ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди. Хуросонда форсийзабон халқлар кўпчилликни ташкил этганлиги инобатга олинса, Алишер Навоийнинг бу тилда ҳам самарали ижод қилгани мамлакат маънавий эҳтиёжини яхши ҳис этганлигини билдиради.
1490 й. ларнинг ўрталарига келиб мамлакатда ижтимоий-сиёсий танглик кучая бошлайди. Темурийлар хонадонида ҳукмдор ўғиллари ўртасида юзага келган зиддиятлар эса бу тангликни янада кучайтиради. Ҳар бир шаҳзоданинг ўз тарафдорлари бўлиб, уларни муросага келтириш кўп вақт Алишер Навоий зиммасига тушар эди. Бош вазир Низомул-мулк эса 1496—97 й. ларда бу оилавий можароларда бир томонлама ҳаракат қилиб, Музаффар Мирзонкт онаси — Хадича бегимга ён босади. Шу асосда Ҳусайн Бойқаро б-н Астрободда ҳокимлик қилаётган Бадиуззамон ўртасида ҳарбий тўқнашув юз берди. Саройдаги фитна, жумладан, Низомулмулкнинг қабиҳлиги натижасида Бадиуззамоннинг ўғли, Ҳусайн Бойқаронинг энг севимли набираси, Навоийнинг эса ихлос қўйган шогирди Мўмин Мирзо фожиали ўлдирилади. Булар ҳаммаси Алишер Навоий ҳаёти ва кайфиятига салбий таъсир кўрсатади.
Алишер Навоийнинг шеърий даҳоси 15-а. охирларига келиб яна жўш урди. У 2 йил мобайнида 2 та йирик асар — «Лисон ут-тайр» («Қушлар тили») достонини ва «Муҳокамат ул-луғатайн» («Икки тил муҳокамаси») номли илмий асарини яратди. Алишер Навоийнинг сўнгги буюк асарларидан яна бири насрий панднома йусинида ёзилган «Маҳбубул-қулуб» («Қалблар севгани»)дир. У Шарқ адабиёти тарихида Шайх Саъдийнинг «Гулистон», Кайковуснинг «Қобуснома», Низомий Арузи Самарқандийнинг «Чор мақола» каби асарлари қаторида туради. Бу асарида Алишер Навоий ўзининг ҳаёт йўлини, бошидан кечирган турмуш машаққатларини ёрқин тасвирлаб берган.
1500 й. нинг дек. да Ҳусайн Бойқаро исён кўтарган ўғли — Муҳаммад Ҳусайн б-н сулҳ тузиб, Ҳиротга қай-тар экан, Алишер Навоийни ҳам уни кутиб олиши лозимлигига ишорат қилади. Орада 2—3 кунлик йўл бор эди. Алишер Навоий ўзининг сўнгги шеърини Поёб работида ёзган ва ундан нусха кўчиртириб, келаётган Ҳусайн Бойқарога юборган. Учинчи куни Алишер Навоий ҳукмдор истиқболига яқинлашаётганида ўзини ёмон ҳис этган, у билан кўришаётганда ҳушидан кетиб, қайтиб ўзига келмаган ва ҳаётдан кўз юмган.
Алишер Навоийнинг адабий ва илмий меросини 4 фаслга бўлиш мумкин: 1. Девонлари. 2. Достонлари. 3. Форсий тилдаги шеърий мероси. 4. Илмий-филологик, насрий ва тарихий асарлари.
Алишер Навоийнинг ўзбек тилида яратган шеърий мероси асосан «Хазойин улмаоний» девонига жамланган. Асар 4 қисмдан иборат. Девоннинг биринчи қисмига «Ғаройиб уссигар» («Болалик ғаройиботлари»), иккинчи қисмига «Наводир уш-шабоб» («Йигитлик нодиротлари»), учинчи қисмига «Бадоеъ ул-васат» («Ўрта ёш бадиалари») ва ниҳоят, тўртинчи қисмига «Фавойид улкибор» («Кексалик фойдалари») деган номлар берилди. «Хазойин ул-маоний» инсон боласининг мураккаб ва юксак тафаккури ҳамда беҳисоб ҳис-туйғулари б-н боғлиқ мингларча шеър ва ўнларча шеър турларини ўз ичига олган мажмуа бўлиб, Шарқ адабиёти тарихида ноёб ҳодисадир. Бу хил мажмуа Алишер Навоийга қадар Амир Хисрав Деҳлавий томонидангина тузилган. Ушбу девонга кирган мингларча шеърларни Алишер Навоий бутун умри давомида турли шароитларда, ҳар хил сабаблар билан ёзган бўлиб, улар шоир ҳаёти ва у яшаган давр билан сонсиз-саноқсиз иплар орқали богланган. Алишер Навоий «Хазойин ул-маоний» га қадар «Илк девон», «Бадоеъ ул-бидоя», «Наводир ун-ниҳоя» девонларини тузган. «Хазойин ул-маоний» ана шу 3 девонга кирган ҳамда «Наводир ул-ниҳоя» тузилгандан кейин ёзилган шеърлар асосида юзага келган.
Алишер Навоийда кексалик чоғларида барча шеърларини йиғиб, хронологик тартибда 4 девон тузиш ғояси бўлган. Бироқ «Хазойин ул-маоний»ни тузишда муҳаррирлик вазифасини бажарган Ҳусайн Бойқаро бу ғояни қўллаб-қувватламаган кўринади. Унинг «Ғарой-иб уссиғар» девони болалик машқларидан, «Наводир ушшабоб» йигитлик шеърларидангина иборат бўлмай, бу бошланғич девонларда шоирнинг кейинги давр шеърий мўъжизаларидан ҳам намуналар борки, Ҳусайн Бойқаро шуни маъқул кўрган. Шу сабабдан «Хазойин ул-маоний» тарки-бидаги 4 девон номининг мазмунини шартли маънода тушуниш, бунда шеърлар кўп ҳолда аралаш ҳолда жойлаштирилганини назардан қочирмаслик зарур.
«Хазойин ул-маоний»даги 4 девоннинг ҳар бирида 650 тадан 2600 ғазал, умуман 4 девонда 210 қитъа, 133 рубоий, 86 фард, 52 муаммо, 13 туюқ, 10 мухаммас, 10 чистой, 5 мусаддас, 4 таржеъбанд, 4 мустазод, 1 мусамман, 1 таркиббанд, 1 қасида, 1 маснавий, 1 соқийнома мавжуд бўлиб, Шарқ шеъриятининг 16 тури намоёндир.
Алишер Навоийнинг муҳаббат ва бу билан боғлиқ туғёнлари, хусусан ғазаллари унинг йигитлик даврида ёзилган. Бунга унинг «Илк девони»га киритилган, халқ орасида «Қаро кўзум», «Келмади» («Муножот») номлари билан машҳур бўлган ва куйланадиган ғазаллари яхши мисол бўла олади. Бу каби шеърларида шоир пок ва юксак ишқий кечинмаларни баланд эҳтирос ва фалсафийлик билан ифодалаб бера олган. Унинг «Топмадим» радифли ғазали ҳам шу даврда, аниқроғи, Машҳаддан Ҳиротга қайтиб, шахсий турмушини изга солиш тараддудида юрганда, лекин унинг моддий жиҳатдан ночор аҳволдалиги туфайли оила қуриши қийинлашган, Султон Абу Сайд эса уни таъқиб қилган пайтда ёзилган бўлиб, унинг ҳар байти юракни тирнайди. Алишер Навоийнинг ишқий шеърларини фақат бир субъектга қаратилган, дейиш қийин. У ҳаётга кенг нигоҳ билан қараб, барча гўзалликларни назокатли туйғуларни қадрлаган, ноёб сўз ва иборалар билан қалбдан ифодалай билган. Лекин ҳаёт қийинчиликлари ва зиддиятлари орқасида ўз орзу-умидларига етиша олмаган шоир ўзининг инсоний норозилик туйғуларини оловли шеърий сатрларда баён этади. Алишер Навоийнинг ишқ билан боғлиқ тасвирлари ранг-баранг ва бой бўлиб, биз унда инсон ҳаёти ва ҳолатининг чексиз кўп қирраларини — шодликни ҳам, хафачиликни ҳам, такрорланмайдиган лаҳзаларни ҳам, ҳар кун, ҳар соатда юз берувчи кўнгилсизликларни ҳам кўрамиз. Зотан ўзбек шеъриятида инсон дарди ва ҳасратларини, ўз севгилисига талпинишларини Навоийдан ўтказиб ифодалаган шоирни топиш қийин. Алишер Навоийнинг ишқий мавзуда ёзган шеърларининг ўзига хос хусусиятларидан яна бири шундаки, улардаги кўп ғоя ва тимсоллар, тасвирий деталлар анъанавий характерга эга. Шу билан бирга ишқ ва ишқий образлар талқинида ҳам бошқа мумтоз ижодкорлар каби Алишер Навоий рамзийликка кўп ўрин беради. «Ёр» — бу дунё гўзалигина эмас, унингча, бу — бутун борлиқни яратган ва ҳамма нарсани ҳаракатга келтириб турган Аллоҳ ҳамдир. Шоир ўзининг тасаввуфий шеърларида ёрнинг қоши, кўзи, зулфи, сочи (ва ҳ. к.) деганда Аллоҳнинг куч-қудрати, меҳри, олий даражадаги гўзалликларини кўзда тутади. Алишер Навоийнинг барча лирик жанрларга оид шеърлари юксак маҳорат билан ёзилган бўлиб, инсон манфаатларига, унинг эътиқодини мустаҳкамлашга, руҳини соғломлаштиришга хизмат қилади. Унинг фалсафий, ахлоқий мазмундаги ҳаёт нафаси уфуриб турган ҳар бир шеъри бу жанрнинг ўлмас намуналаридир (яна қ. «Хазойин ул-маоиий»).
Улуғ шоир ижодининг шоҳ асари «Хамса» 5 достондан иборат. Булар «Ҳайрат ул-аброр» («Яхшилар ҳайрати»), «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун», «Сабъайи сайёр» («Етти сайёра»), «Садди Искандарий» («Искандар девори») достонларидир. Форс адабиётидаги хамсачиликка жавоб сифатида ўзбек тилида биринчи маротаба яратилган Алишер Навоий «Хамса»си бу тилнинг чексиз имкониятларини амалда исбот этди. 52 минг мисрадан иборат бу бешлик 15-а. ислом тафаккурининг борлиқ ва табиат, инсон ва жамият, ахлоқ ва камолот ҳақидаги ўзига хос қомуси эди. Шоир воқеаларни қадим Шарқ тарихининг Хусрав, Баҳром, Искандар каби номлари афсоналар билан чулғанган шахслар, Лайли ва Мажнун каби ошиқлар ҳаётидан олди. Уларга янги мазмун берди, туркона руҳ киритди. Даврнинг дардли масалаларини, авлодларнинг орзу ва армонларини кўтариб чиқди. «Хамса» замондошларига ниҳоятда зўр таъсир кўрсатди. Абдураҳмон Жомий уни ҳаяжон билан олқишлади. Султон Ҳусайн эса шоирни ўзининг оқ отига миндириб, жиловдорлик қилди (яна қ. «Хамса»).
«Лисон ут-тайр» — А. Н. нинг сўнгги достони «Хамса»дан 14 й. кейин — 1498—99 й. да яратилган. Бу асарини шоир «Фоний» тахаллуси билан ёзган. Чунки бу даврда унинг ҳаёти кексаликка юз ўгирган, аниқроғи, бу дунёсидан кўпроқ у дунёсини уйлай бошлаган эди. Мазкур асар болалигида севиб ўқигани — Фаридиддин Атторнинг «Мантиқ ут-тайр» («Қушлар тили») достонига жавоб тарзида, шоирнинг ўз таъбири билан айтганда, «таржима расми била» юзага келтирган шеърий мўъжизаси эди. «Лисон ут-тайр» арузнинг рамали мусаддаси мақсур (фоилотун — фоилотун — фоилон) вазнида ёзилган бўлиб, 3598 байтдан иборат. Достондаги бош ғоя, бош муаммо тасаввуфдаги имон, эътиқод ва маънавият масалаларидир. Алишер Навоийнинг нияти оддий инсонларга инсонийликнинг илоҳий моҳиятини тушунтириб бериш, уларни оғир синовлардан ўтказиб, комил инсон даражасида кўриш. Шоир асарда қушлар тимсолида тасаввуф йўлига кирган ва Аллоҳни кўришга, унга етишишга астойдил киришган художўй инсонларни тасвирлашга интилган. Ҳудҳуд деган қуш номидан сўйланган юзларча ҳикоялар тасаввуфий мазмунда бўлиб, улар ҳаммаси ҳаётий, бири биридан қизиқарли. Қушларнинг ранг-баранг тимсоллари орқали Алишер Навоий ўзининг тасаввуф таълимоти билан боғлиқ ғояларини, Аллоҳнинг ҳамма нарсанинг ташқарисида эмас, балки ичида, ўзида эканини кўрсатиш ва исботлашга ҳаракат қилади. Инсоннинг улуғворлигини мажозий услуб б-н, таъсирли қилиб, реал ижтимоий, ахлоқий ҳодисалар ила боғлаб тасвирлаган. Тасаввуфнинг вахдат ул-вужуд назарияси ҳам шу тарзда ўзининг бадиий инъикосини топган. Бу билан Навоий тасаввуф ғояларини кенг китобхонлар оммасига бадиий куркам ва жонли етказишда олий даражада санъаткорлик кўрсатган (яна қ. «Лисон ут-тайр»).
Алишер Навоий бутун ҳаёти давомида ўзбек тили б-н бир қаторда форсий тилда ҳам ижод қилиб, баракали мерос яратди. Унинг бу тилдаги шеърлари 1490-й. ларнинг ўрталарида, Эрон олими Юсуф Шерозий тахминича, 1495—1500 й. лар орасида муаллиф томонидан девон ҳолига келтирилган ва «Девони Фоний» номи б-н машҳур. Мазкур девони 1963 й. да Теҳронда, 1965 й. да Тошкентда, 1993 й. да Душанбада нашр этилган. Ўзбек олими Сулаймонов тавсифи бўйича, «Девони Фоний»да, «Дебоча»дан ташқари, 7 қасида, 554 ғазал, 1 мусаддас, 1 марсия, 72 қитьа, 73 рубоий, 16 тарих, 373 муаммо, 9 луғз бор. «Девони Фоний»даги ғазалларнинг аксарияти машҳур форс шоирлари шеърларига татаббулардан иборат. Жумладан Жомийнинг 52, Ҳофиз Шерозийнинг 237, Хисрав Деҳлавийнинг 33, Саъдий Шерозийнинг 25, Мавлоно Котибийнинг 5, Шоҳий Сабзаворийнинг 5, Камол Хўжандийнинг 4 ва б. ғазалига татаббу боғланган. Алишер Навоий форс тилида ёзган оригинал ғазалларига «Мухтара», «Ихтиро» деб сарлавҳа қўйган бўлиб, уларнинг сони 50 дан ортиқ.
Алишер Навоий ўзининг форсий касидаларидан алоҳида тўпламлар ҳам тузган бўлиб, уларнинг бири «Ситтаи зарурия» («Олти зарурат»), иккинчиси «Фусули арбаа» («Тўрт фасл») деб аталади. «Ситтаи зарурия» тўпламига 6 қасида киритилган бўлиб, уларни Хисрав Деҳлавий, Жомий, Анварий, Ҳақоний, Солмон Соважий ва б. қасиданавислар таъсирида яратган. У даврларда шоирнинг шеърий маҳорати кўп вақт қасида ёзиш билан белгиланганини ҳисобга олсак, Алишер Навоийнинг ҳам қасиданавислик салоҳияти юқори бўлган. Алишер Навоийнинг «Фасули арбаа» тўпламига 4 қасидаси киритилган бўлиб, улардан «Баҳор» 57 байтдан, «Саратон» 71 байтдан, «Хазон» 33 байтдан, «Дай» 70 байтдан иборат. Уларда йилнинг 4 фасли — баҳор, ёз, куз ва қиш, бу фасллардан ҳар бирининг ўзига хос гўзаллиги завқ билан тасвирланган ва тўртталови ҳам замон подшоҳи — Султон Ҳусайн Бойқарони подшоҳ ва шахс, яхши дуст ва яхши инсон сифатида васф этишга бағишланган. Умуман, Алишер Навоий ўзининг форсий тилдаги асарлари билан замондошларининг, биринчи навбатда, Жомийнинг юқори таҳсинига сазовор бўлган ва форстожик адабиёти, хусусан шеърияти ривожига муносиб ҳиссасини қўша олган.
Алишер Навоий шоир бўлиш билан бирга ўз даврининг улуғ олими, мутафаккири ҳам эди. Навоийсиз бу давр фани ва маданияти тараққиётини тасаввур этиш қийин. Алишер Навоий илмий тадқиқотлари ва изланишларининг катта қисми, табиийки, тил ва адабиёт масалалари билан боғланган. Шу маънода «Мажолис ун-нафоис» тазкирасини яратиш билан Алишер Навоий ўз даври адабиётига, унинг ижодкорларига ўзига хос ҳайкал ўрнатди. Унда ўзбек ва форсий тилларда ижод қилган 359 шоирнинг ҳаёти ва ёзган асарлари ҳақида ноёб маълумотлар берилган, бу ижодкорларнинг ютуклари ва камчиликлари, ўзига хос хусусиятлари кўрсатилган (яна қ. «Мажолис ун-нафоис»).
Алишер Навоийнинг «Хамсат ул-мутаҳаййирин», «Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер», «Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад» асарлари «Мажолис ун-нафоис»нинг давомидай бўлиб, бу давр адабиёти, фани ва маданиятининг йирик намояндалари ҳаётини ўрганишда энг қимматли манбалардир. Бу асарлар бадиий-тасаввуф адабиётининг маноқиб (ёки манқаба) жанрига тегишли бўлиб, услубининг самимийлиги б-н ажралиб туради.
Алишер Навоийнинг катта адабий ва тарихий аҳамиятга эга «Муншаот» асари унинг туркий тилда ўз замондошлари — подшоҳлар ва шаҳзодалар, илм ва адабиёт ахдлари билан олиб борган ёзишмалари мажмуидан иборат, мактуб жанрининг мукаммал намуналари саналади. Мактубларнинг миқдори турли қўлёзмаларда турлича, бир-бирини тўлдиради. Алишер Навоий ўзининг форсий мактубларини ҳам йиғиб, «Муншаот» тузган. Бироқ у бизгача етиб келмаган.
Алишер Навоийнинг энг муҳим асарларидан бири «Вақфия» бўлиб, бир қарашда, шоир ва буюк давлат арбобининг ўзи курган иморатларига вақфи, яъни расмий ҳужжатидек кўринса ҳам, аслида унда Султон Ҳусайн Бойқаро даври давлат тизими, Алишер Навоийнинг бу давлатни бошқаришдаги ўрни, унинг таржимаи ҳоли, ижтимоий-сиёсий ва ахлоқий қарашлари катта билимдонлик ва аниқлик билан ёритилган. Шунинг учун ҳам навоийшуносликда бу асарга Алишер Навоий насрининг ажойиб намунаси сифатида қаралади. Муаллиф фикрларининг баъзиларини шеър б-н, хусусан рубоий шаклида баён қилиши унинг қайси масалага қўл урмасин, ўзини шеъриятдан ҳеч узоқ турмаганини, доим шеърият билан нафас олганини намоён этади.
Алишер Навоийнинг адабиёт назариясига оид «Муфрадот» («Рисолаи муаммо») асари форсий тилда ёзилган, муаммо ёзиш ва ечиш қоидаларини илмий изоҳлашга бағишланган. Навоий даврида бу шеър тури ниҳоятда кенг истеъмолда бўлган. Афтидан, бу жанр назарияси ва амалиёти шу давр китобхонларининг адабий диди, тарбияси билан ҳам боғланган эди. Алишер Навоий баъзан махсус муаммо ечиш мажлислари ташкил этган.
Алишер Навоийнинг «Мезон ул-авзон» («Вазнлар ўлчови») ва «Муҳокамат ул-луғатайн» («Икки тил муҳокамаси» ёки «Икки тил тадқиқи») асарлари бошқа и. т. ларидан фаркди ўлароқ умумтуркий аҳамиятга эга ва б. туркий халқларнинг шеърияти ва тилларини ўрганишга ҳам хизмат қилиб келмоқда. Алишер Навоий «Мезон ул-авзон»ни арузнинг биринчи тадқиқотчиси Халил ибн Аҳмад, кейинги давр олимларидан Шамс Қайс, Хожа Насриддин Тусий, замонавий тадқиқотчилардан Жомий тажрибаларидан ижодий истифода этиб яратган. Аруз вазни бўйича ўзбек тилидаги бу биринчи илмий қўлланмада унинг асосий рукнлари ва б. унсурлари, 19 баҳрининг тузилиши, рубоий вазнларини аниқ таърифлаб, туркий шеърий мисоллар opqали асослаб, изохлаб берилган. Асарда аруз вазнига тушмайдиган шеърий вазнлар — туюқ, чинга, мустазод, арузворий, буди-будойи ва б. туркий шеърий вазнларга ҳам изоҳ ва талқинлар берилган. Бу асар аруз бўйича бугунги кунда ҳам ўз илмий қиммати ва амалий аҳамиятини йўқотмаган.
«Муҳокамат ул-луғатайн»да туркий тилнинг ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаётдаги ўрни, унинг грамматик мукаммаллиги, сўзларга бойлиги форсий тил қоидалари ва ҳодисаларига қиёсланган ҳолда чуқур ва аниқ мисоллар орқали таҳлил этилган. Алишер Навоий ўзининг бу тилни, унинг жамият тараққиётидаги ўрнини, сўз ва ибораларга бойлигини шоир сифатида чуқур эгаллагани учун, унинг бошқа тиллардан камлик жойи йўқлигини, аксинча, уларга нисбатан ўзига хос хусусиятларга эга эканлигини ватанпарвар олим сифатида эҳтирос билан кўрсатиб, исботлаб берган. Унинг муқояса учун келтирган 100 та туркий феълининг аксари ўзбек тилида ҳозиргача истеъмолда. Шу билан бирга «Муҳокамат ул-луғатайн»да ўзбек адабиёти тарихи, унинг бошқа адабиётлар, хусусан форсий адабиёт билан яқиндан боғланганлиги, Навоий ижодининг ривожланиш йуллари, айрим асарларининг юзага келиши сабаблари ҳақида ҳам қимматли маълумотлар бор.
Алишер Навоий ҳаётининг охирларида «Маҳбуб ул-қулуб» насрий асарини езди. Асар 3 қисмдан иборат. Унинг биринчи қисми 40 фасл. Ҳар бир фаслида муаллиф узи яшаган даврдаги бир табақа ҳаёти, ахлоқи ва вазифалари ҳақида суҳбат юритади. У ушбу табақа вакилларининг яхши ишлари ҳақида ҳам, айб ва нуқсонлари ҳақида ҳам гоҳ ҳалимлик б-н, гоҳ ғазабнафрат билан мулоҳаза юритиб, уларни инсофга чақирмоқчи, тарбия-ламоқчи бўлади. Асарда Алишер Навоийнинг инсон ахлоқига ва тарбиясига доир энг ноёб панд ва насиҳатлари халқ мақоллари ва ҳикматли сўзлари шаклида баён қилинган. Кўп ўринда шоир ўз фикрларини байт, қитьа, маснавий, рубоий шаклида ифодалаши асарга ранг-баранглилик бағишлаган. «Тарихи мулуки Ажам» ва «Тарихи анбиё ва ҳукамо» А. Н. Султон Ҳусайн Бойқаро даври ижтимоий-сиёсий тарихига бағишлаб ёзмоқчи бўлган асарининг бошланғич бўлакларидир.
Алишер Навоий «Тарихи мулуки Ажам»да қад. Эрон подшоҳлари, уларнинг тарихда мухрланиб қолган ишлари ва шахсиятлари тўғрисида ҳикоя қилади. Бундаги маълумотларни Навоий кўпроқ Абулқосим Фирдавсийнинг «Шоҳнома» достонидан ҳамда «Тарихи Табарий» китобидан олган. Алишер Навоийнинг «Тарихи анбиё ва ҳукамо» асари эса ислом дини тарихи билан боғлиқ ривоятлар ва адабий асарларни, хусусан бир қатор пайғамбарлар ҳаётини Буқрот (Гиппократ), Афлотун (Платон), Батлимус (Птолемей) каби донишмандларни билиб олиш учун муҳим манбадир. Айни вақтда Алишер Навоийнинг бу асарлари ўзбек бадиий насрининг қад. ва гўзал намуналаридир.
Алишер Навоий ўзидан бой шеърий, насрий ва илмий мерос қол-дирган бўлиб, бу мероснинг ҳажми, «Лисон ут-тайр» достонида шоирнинг ўзи таъкидлашича, 100 минг байтдан иборатдир. Бу бой мерос б-н А. Н. ўзбек адабиётини жаҳон юксаклигига кўтарди ва ўзбек адабий тилига асос солди. Ўзбек адабиётида лирик жанрлар ва достончиликнинг энг юқори тараққиёти Алишер Навоий номи билан боғлангандир.
Алишер Навоий асарлари ўнлаб халқларнинг тилларига таржима бўлган. Mac. «Мажолис ун-нафоис» 16-а. даёқ форс тилига Фахрий бин Султон Муҳаммад Амирий, Муҳаммад Қазвиний ва Шоҳали Абдуали Нишопурий томонидан 3 марта таржима қилинган. Алишер Навоийнинг бошқа тилларга таржима қилинган дастлабки бадиий асари «Сабъаи сайёр» бўлди. Христофор Арманийнинг 1557 й. да итальян тилида нашр этилган «Сарандиб шоҳи уч ўғлонининг зиёрати» асарида Алишер Навоийнинг «Сабъаи сайёр» достонидаги қолипловчи ҳикояси — «Баҳром ва Дилором» ҳикоя қилинади. Бу асар немис, француз ва голланд тилларига таржима қилиниб, 11 марта нашр этилган. Шунингдек, 17-а. Грузин шоири Цицишвили Алишер Навоийнинг «Сабъаи сайёр» достонини эркин таржима қилиб, «Етти гўзал» достонини яратди. 19-а. нинг охири ва 20-а. нинг бошларида Алишер Навоийнинг «Муҳокамат ул-луғатайн» асари турк ва татар тилларига таржима қилинди.
Алишер Навоий вафот этганидан кейин ўтган давр мобайнида унинг асарлари форсий ва туркий халқлар орасида кенг ёйилди. Атоқли тожик шоирларининг кўпчилиги, Фузулий, Кишварий, Мирзо Фатали Охундов, Собир каби озарбайжон ёзувчилари, Озодий, Маҳтумқули ва Зелили каби туркман шоирлари, қозоқ ёзувчиси Абай Қўнонбоев, қоралпоқ соҳибқаламлари Бердақ, Ажиниёз, татар шоирлари Абдулла Тўқай, Ҳаюм Носирий ва б. А. Н. га юксак баҳо бериб, асарларидан таълим олдилар, айрим асарларига назира битдилар.
Алишер Навоий ижодиётига қизиқиш, уни ўрганиш Европа ва Россияда ҳам ҳийла катта тарихга эга. Француз шарқшуноси Катрмер 1841 й. да босилган хрестоматиясида Алишер Навоийнинг «Муҳокамат уллуғатайн» ва «Тарихи мулуки Ажам»ини эълон қилган, И. Н. Березин «Турк хрестоматияси»да унинг бир неча асарларидан парчалар берган. М. Никитский 1856 й. да биринчи манбалар асосида «Амир Низомиддин Алишер. Унинг давлат ва адабиёт соҳасидаги аҳамияти» мавзуида магистрлик диссертациясини ёзади. Шу билан бирга, Н. И. Илъминский, В. В. Вельяминов-Зернов, В. В. Бартольд, Е. Э. Бертельс, С. Н. Иванов, Н. И. Конрад, М. Белен, Паве де Куртейль, Э. Браун ва б. шарқшунослар Алишер Навоийнинг фаолияти ва мероси билан шуғулландилар.
Туркистонда 20-а. бошидан бошланган, ташаббускори жадидлар бўлган маърифий уйғониш Алишер Навоийнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганишда ҳам ўз ифодасини топди. 1919 й. да Тошкентда Фитрат нашрга тайёрлаган «Инсоният ҳақинда Навоийнинг фикри» номли рисола босилиб чиқди. Бу китобча Алишер Навоийнинг «Ҳайрат улаброр» достонининг «Салотин бобида» («Султонлар ҳақида») деган қисмидан парча эди. Шундан сўнг Алишер Навоий ижодини ўрганиш ва оммалаштириш кенг тус олди. Адабиётшунослик фанининг навоийшунослик соҳаси юзага келди. Бу соҳада олимлар ва адиблардан Ойбек, О. Шарафиддинов, С. Айний, В. Зоҳидов, Иззат Султон, А Каюмов, П. Шамсиев, Ҳ. Сулаймонов, Н. Мамаев, С. Ғаниева, А. Ҳайитметов, А. Абдуғафуров, Алишер навоий Рустамов ва б. салмоқли ишлар қилдилар, Алишер Навоий ижоди бўйича унлаб номзодлик ва д-рлик диссертациялари ёзилди. Ёзувчи Ойбек «Навоий» романини, Иззат Султон «Навоийнинг қалб дафтари» ҳужжатли қиссасини, Л. Бать «Ҳаёт бўстони» қиссасини, Миркарим Осим ҳикоялар туркумини яратди. Айниқса, кейинги 50 йил навоийшуносликда сермаҳсул йиллар бўлди. Алишер Навоий асарларининг мамлакатимиз китоб фондлари ва чет эллардаги кутубхоналарда сақланаётган деярли барча нодир нусхалари ўрганилди. Алишер Навоийнинг кўпгина асарларининг илмий танқидий матни ишлаб чиқилди. «Девони Фоний» ва б. асарларининг нодир нусхалари топилиб, нашр этилди. 20-а. да Алишер Навоийнинг чинакам саҳнавий ҳаёти бошланди. Иззат Султон ва Уйғун «Алишер Навоий» драмасини (1945, 1948), И. Маҳсумов бастакорлар Ю. Ражабий ва С. Жалил б-н ҳамкорликда «Навоий Астрободда» мусиқали драмасини (1967) ёздилар. Алишер Навоий образи киноэкранда ҳам мужассамлашди. Алишер Навоий достонлари асосида яратилган «Фарҳод ва Ширин» мусиқали драмаси (1937), «Лайли ва Мажнун» операси (1942), «Суҳайл ва Меҳри» балети (1967), «Дилором» операси (1958), «Искандар» драмаси (1991) театр санъатининг энг яхши асарларидан бўлиб қолди.
Бироқ қарийб бир ярим аср давом этган мустамлакачилик даврида, айниқса шўро тузуми даврида маданий меросимизни халқимизга ёт мафкура қолипига солиб талқин қилишга уринишлар бўлди. Бу ҳодиса А. Н. ижодига муносабатда ҳам ўз ифодасини топди. Уни йўқсилларнинг дўсти, мулкдорларнинг мухолифи қилиб таърифлашга интилишди. Жаҳон адабиётининг дурдонаси бўлган асарларидаги (мас, «Ҳайрат ул-аброр» достонидаги) ажойиб боблар қисқартириб нашр этилди. Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижоди Аллоҳга имон келтирган, Қуръони каримдаги ҳар бир оятни муқаддас деб билган, н-қшбандия тариқатини қабул қилган адиб ва мутафаккирнинг ҳаёти ва ижодидир. Унинг ижоди моҳиятини англаб етмоқ учун дин тарихини яхши билган, Қуръони каримни ўқиб, маъносини англаб етган киши бўлиш керак. Шўро тузумида эса диний илмларни тарғиб қилиш таъқиқланди. Шу боис, гарчи навоийшунос олимлар шоир ижодини тарғиб қилиш бўйича анча ишлар қилган бўлсалар ҳам, Алишер Навоий ижоди кўпчилик китобхонлар учун тушунарсиз бўлиб қолди. Мустақиллик бизга барча қадриятларимиз қатори Алишер Навоий меросини ўрганишнинг кенг уфқларини очди. Эндиликда унинг ижодини аслича, моҳиятини тушуниб ўрганиш имконияти юзага келди. 1991 й. да Алишер Навоий таваллудининг 550 йиллиги тантанали нишонланди. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти таьсис этилди. Тошкентда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи барпо этилди ва бу боғ ўртасида шоирнинг салобатли ҳайкали қад кўтарди. Шоирнинг 20 жилдли мукаммал асарлар тўплами нашр этила бошланди (2000 й. га қадар 16 жилди чоп этилди). Мамлакатимизда Алишер Навоий хотираси юксак даражада эъзозланади. Бир вилоят, шаҳар, олий ўқув юрти (Самарқанд давлат ун-ти), Тошкентдаги Давлат кутубхонаси, Ўзбекистон ФА Тил ва адабиёт ин-ти, Адабиёт музейи, Тошкентдаги Катта академик опера ва балет театри, Санъат саройи, Тошкентдаги метро бекати, ўнлаб кўчалар ва жамоа хўжаликлари унинг номи билан аталган. Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишлаб ҳайкалтарошлар, рассомлар ва бастакорлар асарлар яратишган. Ҳар йили Алишер навоий Н туғилган кун – 9 фев. да илмий-анънавий конференция ўтказилиб, Алишер Навоий меросини ўрганиш соҳасида қилинган йиллик ишларга якун ясалади.
Ас: Танланган асарлар [3 жилдли]. Т., 1948; Асарлар [15 жилдли], 1 — 15 жилдлар, Т., 1963—1968; Собр. соч. в десяти томах, Т., 1968-1970; Илк девон, Т., 1968; Навоий дастхати («Наводир ун-ниҳоя»), Т., 1991; Тарихи анбиё ва ҳукамо, Самарқанд, 1990; Вақфия, Т., 1991; Тўла асарлар тўплами (20 жилдли), 1 —16-жилдлар, Т., 1987 — 2000.
Ad.: Sarafi ddinov A, Alisher Navaiy, Т., 1939; Ғиёсиддин Хондамир, Макорим ул-ахлоқ, Т., 1948; Бертельс Е. Э., Навои, М. Л., 1948; Ҳайитметов А., Алишер Навоийнинг адабий-танқидий қарашлари, Т., 1959; Жалолов Т., «Хамса» талқинлари, Т., 1960; Ҳайитметов Алишер навоий, Навоий лирикаси, Т., 1961; Абдуғафуров А., Навоий ижодида сатира Т., 1972; Иззат Султон, Навоийнинг қалб дафтари, Т., 1969; Зоҳидов В., Улуғ шоир ижодининг қалби, Т., 1970; Рустамов Алишер навоий, Навоийнинг бадиий маҳорати, Т., 1979; Маллаев Н., Алишер Навоий ва халқ ижодиёти, Т., 1974; Ҳаққулов И., Занжирбанд шер қошида, Т., 1989; Шодиев Э., Алишер Навоий ва форс-тожик адиблари, Т., 1989; Қаюмов А., Алишер Навоий, Т., 1991; Ҳайитметов Алишер навоий, Навоийхонлик суҳбатлари, Т., 1993; Абдуқодиров Алишер навоий, Навоий ва тасаввуф, Хўжанд, 1994; Қодиров М., Навоий ва саҳна санъати, Т., 2000.
Абдуқодир Ҳайитметов.