АВАЗХОН — «Гўрўғли» туркуми достонларидаги етакчи образлардан бири. Туркумга кирувчи «Авазхон», «Гулқизой», «Интизор», «Малика айёр», «Машриқо», «Зулфизар», «Бўтакўз», «Қундуз билан Юлдуз», «Сарвиноз», «Балогардон», «Авазнинг арази» каби достонларнинг бош қаҳрамони. «Авазхон» достонида тасвирланишича, Авазхоннинг отаси гуржистонлик Булдуруқ қассоб, онаси чамбиллик Гулойим. Авазхон ёшлигидан Хунхоршоҳ саройида хизмат қилади. Унинг овозасини эшитган бефарзанд Гўрўғли ҳийла билан Чамбилга олиб келади ва халойиқ ўртасида қўлига илик бериб, қад. анъанага кўра, ўзига ўғил қилиб олади. Туркумнинг Хоразм наклига кўра, у ваянгонлик. Бошқа достонларда Авазхоннинг ўзга мамлакатларга сафари, бу сафарлар давомида ўзга юрт гўзалларини Чамбилга олиб келиши турли-туман саргузаштли воқеалар гирдобида жуда ҳам қизиқарли тасвирланади. Авазхон достонларда босқинчи душманларга қарши мардонавор курашган, эл-юрт хизматига доимо тайёр турган, маънавий етук ботир сифатида куйланади. Асраб олган отаси Гўрўғлига, Чамбил юртига содиқ ва садоқатли фарзанд, энг қийин вазифаларни уз буйнига ола олган жасоратли алп сифатида улуғланади.