АГЛОМЕРАЦИЯ, аҳоли пунктлари агломерацияси — аҳоли пунктлари, асосан шаҳарлар, шунингдек қишлоқларнинг интенсив хўжалик, меҳнат ва маданиймаиший ҳамда рекреацион алоқалар билан боғланиб, ягона бирликни ташкил қилган компакт ҳудудли гуруҳи. Аҳолининг гуруҳ бўлиб жойлашишининг энг ривожланган шаклларидан бири. Шаҳарларда (асосан йирик шаҳарлар атрофида) аҳолининг тўпланиши асосида вужудга келган ва ривожланган.
Моноцентрик Агломерация ва полицентрик Агломерация бўлади. Агломерация учун аҳоли яшайдиган ҳудудларнинг яқинлиги, аҳолининг меҳнат қилиш учун шаҳар атрофидан шаҳар марказига бориши хос. Урбанизация жараёнида Агломерация дунё бўйича кўпайиб бормоқда. Ўзбекистонда 2 йирик Агломерация (Тошкент, Фарғона-Марғилон) бор. Тошкент А. п. а. да 60% шаҳар ва 40% қишлоқ аҳолиси, Фарғона-Марғилон Агломерацияда 50% шаҳар аҳолиси ва 50% қишлоқ аҳолиси яшайди (1999).