АЙБЛОВ ХУЛОСАСИ — жиноят юзасидан тергов натижасида аниқланган ҳолатлар ва айб мазмуни баён этилган процессуал ҳужжат. Айбланувчи ва унинг ҳимоячисини жиноят ишидаги барча материаллар билан таништириб бўлгач, терговчи, башарти ишни судга юбориш учун етарли асослар борлиги тўғрисидаги фикри ўзгармаган бўлса, Айблов хулосаси тузади. Айблов хулосаси тавсиф-асослантириш ва хулоса қисмларидан иборат бўлади. Тавсиф қисмида дастлабки терговда аниқланган ҳолатлар: жабрланувчи, шунингдек айбланувчи тўғрисидаги маълумотлар; айбланувчининг айбдорлигини тасдиқловчи далиллар, айбланувчининг ўзини ҳимоя қилиш учун келтирган важлар ва уларни текшириш натижалари баён қилинади. Хулоса қисмида айбланувчининг шахси тўғрисидаги маълумотлар келтирилади ҳамда эълон қилинган айбловнинг мазмуни ЖКнинг шу жиноятни назарда тутган моддаси ёки моддаларини ҳам кўрсатган ҳолда баён қилинади. Айблов хулосасида баён қилинган ҳолатларни тасдикловчи иш саҳифалари кўрсатилиши керак. Айблов хулосаси қаерда ва қачон тузилганлиги кўрсатилиб, терговчи томонидан имзоланади (ЎзР ЖПК, 379-модда).
Айблов хулосасига терговчининг фикрича суд мажлисига чақирилиши лозим бўлган шахсларнинг рўйхати, шунингдек қўлланилган эҳтиёт чоралари, гумон қилинувчи ва айбланувчи қанча вақт қамоқда сақланганлиги тўғрисидаги, ашёвий далиллар, фуқаровий даъвони ва мол-мулкнинг мусодара қилиниши эҳтимолини таъминлаш чоралари, суд чиқимлари тўғрисидаги маълумотлар илова килинади. Терговчи Айблов хулосасини им-золаганидан кейин жиноят ишини дарҳол прокурорга юборади (ЎзР ЖПК 380—381-моддалар).