АЛИ ҚУШЧИ

АЛИ ҚУШЧИ (тахаллуси; асл исми-шарифи Мавлоно Алоуддин Али ибн Муҳаммад Қушчи Самарқандий) (1403, Самарқанд — 1474, Истанбул) — фалакиётшунос ва риёзиётчи олим, мутафаккир, Улуғбек илмий мактабининг атоқли намояндаларидан бири, унинг яқин шогирди. Амир Темур қароргоҳи бошлиғининг ўғли. Улуғбек саройида қарчиғайлар боққани учун уни «Қушчи» дейишган. Али Қушчи бошланғич маълумотни Самарқандда олади (Қозизода Румийда таҳсил кўради), ўз маълумотини ошириш учун 1414 й. да Эроннинг Кирмон ш. га боради ва у ердаги мадрасада 3 йил таълим олади, айниқса табиий фанларни, хусусан фалакиёт, риёзиётни пухта ўрганади, 1417 й. Самарқандга кайтади. Бу вақтда Самарқандда Улуғбек мадрасаси қурилаётган эди. Али Қушчи шу мадрасада ҳам таълим олишни давом эттиради, Қозизода Румий ва Ғиёсиддин Кошийлардан илм сирларини ўрганади. Мадрасани битиргач, шу ерда фалакиёт ва риёзиётдан машғулотлар олиб боради, илмий ишлар билан машғул бўлади. Улуғбек расадхонасини қуриш ишларида ҳам фаол қатнашади. Шу даврда «Ҳисоб рисоласи» ва «Астрономия рисоласи» асарларини ёзади ва илм аҳли орасида катта обрў козонади. 1428 й. Улуғбек расадхонаси ишга туширилгач, бу ерда Улуғбек раҳбарлигида кузатувлар олиб боради, рисолалар ёзишда давом этади. Улуғбекнинг «Зижи жадиди Кўрагоний» асари ёзилишида Али Қушчининг ҳам ҳиссаси катта. 1438 й. Улуғбек Али Қушчини Хитой салтанатига элчи қилиб юборади, у Хитойдан қайтиб келгач, «Математика ва астрономик жуғрофия» асарини ёзади.

Улуғбек вафотидан (1449) сўнг унинг Самарқанддаги машҳур кутубхонаси хавф остида қолади. Кутубхонани Али Қушчи сақлаб қолган деган тахминлар бор; ривоятларга қараганда кутубхонадаги китобларнинг кўп қисмини А. Қ. Самарқанд яқинидаги Хазрат Башир қишлоғига кўчирган. Кўп ўтмай, таъқиблардан қочиб, А. Қ. Самарқанддан чиқиб кетишга мажбур бўлади. У аввал Кармана ва б. шаҳарларда яшаб, 1465 й. Туркиянинг Истанбул ш. га боради. Турк султони Муҳаммад II (1451—81) тараққийпарвар шахс бўлиб, ўз атрофига олим ва шоирларни тўплар эди. Али Қушчининг донғини эшитган султон уни саройга хизматга таклиф килади ва олимларга раҳбар қилиб тайинлайди. А. Қ. Туркияда олимлар, файласуфлар, шоирларни ўз атрофига тўплаб, илмий ишларни тараққий эттиришга интилади, ўзи эса риёзиёт, фалакиёт, фалсафа, мантиқ, адабиёт, мусиқа ва б. фан соҳаларидан рисолалар ёзади. Али Қушчидан 20 дан ортиқ илмий асар мерос бўлиб қолган. У кўп олимларнинг асарларига шарҳлар ёзган. Айниқса Али Қушчининг «Улуғбек зижига шарҳ» асари астрономия тарихида катта аҳамиятга эга. У «Зиж»ни геометрик теоремалар ёрдамида шарҳлайди. Али Қушчи асарларининг кўпчилиги Туркиядаги Аё-Сўфиё мадрасаси кутубхонасида сақланиб қолган.

Улуғбек мактаби намояндалари ва хусусан Али Қушчининг асарлари ва дунёқарашлари илм-фан тарихида ўзига хос ўрин тутади. Али Қушчи дунё моддий нарсалардан иборат, моддий нарсалар эса оддий ва мураккаб ҳолда бўлиб, уларда ички зиддиятлар мавжуд, деб ҳисоблаган. У фасллар алмашинувига Ернинг Қуёшга яқинлашуви сабаблигини айтган.

Али Қушчи 16 — 17-а. ларда Ўрта ва Яқин Шарқ мамлакатларида риёзиёт фани ривожига сезиларли таъсир кўрсатган. «Ҳисоб рисоласи» асаридан Ўрта Осиё мадрасаларида ўқув қўлланмаси сифатида фойдаланилган. Бу асарда ҳиндлар арифметикаси (ўнлик саноқ тизими), фалакиётшунослар арифметикаси (олтмишлик саноқтизими) ва геом. (ҳандаса) ҳақида янги фикрлар айтилган. «Китоб ул-Муҳамадия» асарида Али Қушчи сонлардан ихтиёрий натурал даражали илдиз чиқариш усулларини ва Ньютон биноми формуласини кўрсатади, унинг бу усуллари ҳоз. вақтда Руффини — Горнер схемаси деб ном олган усулга ўхшашдир. Бу асарида Али қушчи К,, квадрат илдизини, умуман И даражали иддизни тақрибий ҳисоблаш формулаларини беради. Шуни таъкидлаш лозимки, ҳоз. илдиз ишораси Туркистон олимлари асарларида қўлланилмаган: илдиз сўзлар билан ёзилган. Али Қушчи бу асарида биринчи бўлиб асослаган «мусбат» ва «манфий» атамалари, уларнинг татбиқи мат. тарихида катта аҳамиятга эга. Ғарбий Европага «мусбат» ва «манфий» сонлар 15-а. охирларида пизалик Леонардо асарлари орқали тарқалган. Китобда узунлик (масофа), кесмалар ва юзларни ўлчаш ва жисмларнинг ҳажмларини ҳисоблаш қоидалари баён қилинган. Бу асарда тригонометриядаги текис учбурчаклар тригонометрияси, синус ва косинус теоремалари баён этилади, баъзи шаклларнинг сиртларини ҳисоблаш учун тақрибий формулалар берилади, бу формулалар Али Қушчидан олдин ўтган олимлар асарларида учрамайди. Китобда келтирилган синуслар жадвалидаги синус функциясининг қийматлари ҳоз. замон қийматларидан деярли фарқ қилмайди.

Али Қушчи учбурчакнинг юзини топиш усулини ҳам берган. Ҳозирги и. т. ишлари кўрсатишича, Али Қушчи асарларидаги тўғри чизиқли тригонометрияга доир кўп масалалар биринчи марта берилган экан. Учбурчакларни ечиш масаласида конуслар теоремасини Коший ва Али Қушчи биринчи марта иш-латганлар (Европада 1593 й. биринчи марта Виет татбиқ этган). Али Қушчи «Астрономияга оид рисола» асарида Улуғбек расадхонасида олиб борилган кузатишларнинг натижаси ўлароқ, юлдузлар ва сайёраларнинг ҳаракати, паст (перигей), юқори (апогей) масофалари ҳақидаги, фазода ҳар бир сайёранинг ўрни, Қуёш узоқлиги ҳақидаги ҳисоблашлар ва жадвалларни келтирган, Ой ва Қуёш тутилиши масалаларини ҳам жуда аниқ, тўғри ва илмий тарзда тушунтириб берган. Юқорида айтилган «Астрономия рисоласи»да Али Қушчи тузган дунё харитаси берилган. Харитада асосан шим. ярим шар чегаралари кўрсатилган; харитадаги кўндаланг чизиқлар иқлимлар чегарасини ифодалайди. Экваторнинг шарқий ярим шаридаги уз. «3332 фарсанг» — тахм. 20 минг км га тўғри келади. Харита бир қадар схематик тарзда тузилганлигига, унинг ҳақиқатга мос келмайдиган жойлари борлигига қарамай, у Ўрта Осиё хариташунослигининг бир на-мунаси сифатида аҳамиятга эга. Али Қушчи мат. фанидан ўқиш китоблари ва қўлланмалар ҳам ёзган. А. Қ. Самарқанд илмий мактаби анъаналарини давом эттириб, бу илмий мактабнинг фан соҳасидаги катта ютуқларини Ўрта, Яқин Шарқ ва Европа мамлакатларига тарқатишда фаол иштирок этади. Али Қушчи вафотидан сўнг унинг шогирдлари — Мирим Чалабий, Ҳусайн Биржандий, Баҳоваддин Омулий, Нажмиддин Алихон ва б. унинг илмий ишларини давом эттирдилар.

Али Қушчи асарлари қўлёзмалари Тошкент Шарқшунослик ин-тида, Душанба, Санкт-Петербург, Машҳад, Истанбул, Оксфорд, Лейден (Нидерландия) ва АяСўфиё (Туркия) кутубхоналари ва б. жойларда сақланмоқда.

Ас: Астрономияга оид рисола, Т., 1968; Ад.:Аҳмедов Б„ Улуғбек, Т., 1965,Носиров Али қушчи, Али Қушчи, Т., 1964; Аҳадова М., Ўрта осиёлик машҳур олимлар ва уларнинг математикага доир ишлари, Т., 1983; Абдураҳмонов А., Улуғбек академияси, Т., 1993.

Абдуманнон Абдураҳмонов.


Кирилл алифбосида мақола: АЛИ ҚУШЧИ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: А ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
АМИР ТЕМУР
АЛИШЕР НАВОИЙ
БЕРУНИЙ
БОБУР


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты