АЛИМЕНТ (лот. alumentum — қарамоғидаги, боқимидаги) — бир шахснинг бошқа шахсга мажбуран ёки ихтиёрий равишда тўлайдиган нафақаси. Алимент тўлаш мажбуриятлари асосан никоҳ, қариндошлик, ота-она, фарзандлик, фарзандликка олиш, болаларни тарбияга олиш натижасида келиб чиқади. Отаоналар ҳамда болаларнинг Алимент борасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари ЎзР Оила кодекси (1998 й. 30 апр.) ва б. қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибқоидалар асосида амалга оширилади. Уларга биноан ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт. Мазкур мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота-онадан суднинг ҳал қилув қарорига асосан Алимент ундирилади. Вояга етмаган болаларга Алимент тўлаш ҳақида отаоналар ўртасида келишув бўлмаганда ёки Алимент ихтиёрий равишда тўланмаганда ва ота-онадан бирортаси ҳам Алимент ундириш тўғрисида судга даъво билан мурожаат қилмаган ҳолларда, васийлик ва ҳомийлик органлари вояга етмаган боланинг таъминоти учун ота ёки онадан қонунда белгиланган миқдорда Алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақлидир. Вояга етмаган болаларига Алимент тўлаш ва уларга, шунингдек вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот беришда ота-онанинг мажбуриятлари тенгдир. Вояга етмаган болаларига таъминот учун Алимент тўлаш тартиби ва шакли ҳақида ота-она ўртасидаги келишув қонунда белгиланган қоидаларга ва боланинг манфаатларига зид бўлмаслиги керак.
Агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун Алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) б. даромаднинг 1 бола учун — 1/4 қисми; 2 бола учун — 1/3; 3 ва ундан ортиқ бола учун ярмиси миқдорида ундирилади. Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволи ва б. эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин. Ҳар бир бола учун ундириладиган Алимент миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланган энг кам иш ҳақининг 1/3 қисмидан кам бўлмаслиги керак.
Вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот бериш ҳам ота-онанинг келишувига биноан амалга оширилади, келишувга эришилмаган тақдирда эса низо суд тартибида ҳал қилинади. Бундай болаларга ундириладиган Алимент миқдори Алимент тўлаши шарт бўлган ота-онанинг оилавий ва моддий аҳволи суд томонидан ҳисобга олиниб, ҳар ойда пул билан тўланадиган катъий суммада белгиланади. Ота-она фавқулодда ҳолатлар (боланинг оғир шикастланиши, касал бўлиши ва б.) туфайли келиб чиққан, боланинг таъминоти учун зарур бўлган қўшимча харажатларда иштирок этиши шарт. Қўшимча харажатларда иштирок этишдан бош тортган (отаона) дан суд уларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олиб, қўшимча харажатларни қисман пул билан тўланадиган қатъий суммада ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва унинг ташқарисида пул ёки натура тарзида олинган барча турдаги даромадлардан Алимент ушлаб қолинади. Ота-онадан болаларга ундириладиган Алимент миқдори Алимент тўловчининг ойлик иш ҳақига ва (ёки) б. даромадига нисбатан улушлар ҳисобида ёки пул билан тўланадиган қатьий суммада белгиланиши мумкин (ЎзР OK, 96-104-моддалар).
Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож ўз ота-онасига таъминот беришлари ва улар тўғрисида ғамхўрлик қилишлари шарт. Ота-онасининг давлат ва нодавлат муассасалари карамоғида эканлиги вояга етган меҳнатга лаёқатли болаларни ота-она ҳақида ғамхўрлик қилиш ва уларга моддий ёрдам кўрсатиш мажбуриятидан озод қилмайди. Улар бундай ёрдам беришдан бўйин товласалар, таъминот миқдори болаларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олган ҳолда суднинг ҳал қилув қарорига асосан белгиланади. Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалардан ундирилаётган Алимент миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақи миқдорининг 1/3 қисмидан кам бўлмаслиги керак (ЎзР ОК, 109-110-моддалар).
Оила аъзолари ва б. шахсларнинг, эр-хотинлар ва собиқ эр-хотинларнинг, қариндошлар ва б. шахсларнинг Алимент мажбуриятлари, Алимент тўлаш тўғрисида келишув тузиш, Алиментларни тўлаш ва ундириш тартибига оид қонун-қоидалар ОКнинг V бўлим, 14—18-бобларида белгилаб берилган.
Ана шунга кўра, Алимент тўлаши шарт бўлган шахс А. ни ихтиёрий равишда шахсан ёки ўз аризасига мувофиқ ишлаб турган жойида ёхуд пенсия, нафақа, стипендия ва б. турдаги маблағ олаётган жойида тўлайди. Вояга етмаган болалар учун олинадиган Алимент аризага мувофиқ ушбу кодекснинг 99-моддасида белгиланган миқдорларда ушлаб қолинади. Алимент тўловчининг иш, ўқиш жойи ёки турар жойи ўзгарганлиги ҳақида хабар қилиш мажбурияти ҳам бор. Бу мажбурият бўйича Алимент ушлаб қолиши лозим бўлган иш берувчи (ташкилот маъмурияти) уч кун муддат ичида хабар бериши керак. Шунингдек Алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг қўшимча иш ҳақи ёки бошқа даромади тўғрисида суд ижрочиси ҳамда Алимент олувчи шахс юқорида кўрсатилган муддатда хабардор қилинади. Алимент тўлашдан бўйин товлаганлик учун жиноий жавобгарлик ЎзР ЖК 122 ва 123-моддаларида кўрсатилган. Моддий ёрдамга муҳтож бўлган, вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни суднинг ҳал қилув қарорига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами 3 ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаганликда айбли деб топилган шахс энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 й. гача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 6 ойгача қамоқ билан жазоланади. Вояга етган шахсларнинг меҳнатга лаёқатсиз ва моддий ёрдамга муҳтож бўлган отаонани ёки улар ўрнини босувчи шахсларни моддий таъминлашдан шундай бўйин товлаши ҳам юқоридагича жазоланади.