ЭР-ХОТИН (ЎзРда, ҳуқуқий ҳолати) — ўзаро никоҳда турган шахслар. Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) органларида рўйхатга олинган пайтдан бошлаб никоҳни тузганлар Эр-хотин ҳисобланади ва шу пайтдан эътиборан улар ўртасида Эр-хотинлик ҳуқуқ ва мажбуриятлари вужудга келади. Ўзбекистон Республикаси оила қонунчилигига биноан, фақат ФҲДЁ органида қайд этилган никоҳгина Э,х. лик ҳуқуқ ва мажбуриятларини келтириб чиқаради. Диний расмрусумларга биноан тузилган никоҳ ҳеч қандай ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқармайди. Эр-хотиннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари 2 га: шахсий ҳуқуқ ва мажбуриятлар; мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларга бўлинади.
Эр-хотиннинг шахсий ҳуқуқ ва мажбуриятларига Эр-хотиннинг оилада тенглиги, фамилия танлаш ҳуқуқи, болалар тарбияси ва оила турмуши масалаларини биргаликда ҳал қилиш, машғулот тури, касб ва турар жой танлаш ҳуқуқлари киради. Эр-хотиннинг оилада тенглиги оила ҳуқуқининг асосий тамойилларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига асосан, «Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар» (46-модда). Оилада ҳам эркак ва аёллар сиёсий, ижтимоий, иқтисодий масалаларда тенг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятга эгадирлар. Бўлажак Эр-хотинлар никоҳни қайд эттириш учун ФХДЁ органига ариза берганидан сўнг, уларга ўзаро келишув асосида фамилия танлаш ҳуқуқи берилади. Қонунчилик ўзаро розилик, тенглик асосида эр ёки хотиннинг фамилиясини умумий фамилия қилиб танлашларига имконият беради. Бир томон фамилиясининг ўзгариши 2томоннинг ҳам фамилиясининг ўзгаришига олиб келмайди. ЎзР Конституциясининг 64-моддасига кўра, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар. Ушбу норма Оила кодексининг 21модцасида ҳам белгиланган бўлиб, унга кўра, болалар тарбияси ва оилавий турмушнинг бошқа масалаларини Эр-хотин биргаликда ҳал қилишлари лозим бўлади. Бу борада улар ўртасида розилик бўлмаса, эр ёки хотиндан бири ёки иккаласи биргаликда вужудга келган низони ҳал қилиш учун тегишли давлат органига мурожаат этиш ҳуқуқига эгадир. Эр-хотин машғулот тури, касб ва турар жой танлаш ҳуқуқларида тенг ҳисобланади. Оилада машғулот тури, касб танлаш масалалари келишилган ҳолда ҳал қилинади. Аммо уларни узилкесил ҳал қилиш Эр-хотиннинг ҳар бирига тегишли бўлган ҳуқуқ ҳисобланади.
Эр-хотиннинг мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлари 2 асосда: қонун ва шартнома асосида вужудга келади. Қонун асосида вужудга келадиган мулкий ҳуқуқларига Эр-хотиннинг никоҳгача бўлган ҳар бирининг хусусий мулки, уларнинг умумий биргаликдаги мулклари, алимент ҳуқуқ ва мажбуриятларидан келиб чиқадиган мулкий ҳуқуқлари киради. Эр-хотин ҳар бирининг хусусий мулкига: эр ва хотиннинг никоҳга қадар ўзига тегишли бўлган молмулки, шунингдек, улардан ҳар бирининг никоҳ давомида ҳадя, мерос тариқасида ёки бошқа бепул битимлар асосида олган молмулки киради. Эр-хотиннинг хусусий мулкидан ташқари уларнинг шахсий фойдаланишдаги буюмлари ҳам мавжуд бўлиб, улар қимматбаҳо буюмлар ва зебу зийнатлардан бошқа шахсий фойдаланишдаги буюмлар (кийимбош, пойабзал ва шаҳрик.)дир. Улар гарчи никоҳ давомида эр ва хотиннинг умумий маблағи ҳисобига олинган бўлса ҳам, улардан фойдаланиб келган эр ёки хотиннинг хусусий мулки ҳисобланади. Эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган молмулклари, шунингдек, никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак Эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган молмулклари агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача хол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади (Оила кодекси, 23-модда).
Эр-хотиннинг умумий молмулкини бўлиш Э. х. дан бирининг талабига кўра, улар никоҳда бўлган даврда ҳам, никоҳцан ажрашгандан кейин ҳам, шунингдек, кредитор эр ва хотиндан бирининг умумий мулкдаги улушига ундирувни қаратиш учун умумий молмулкни бўлиш талаби билан арз қилган ҳолларда амалга оширилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексида никоҳ шартномаси нормаланган (29-модда). Унга биноан, Эр-хотинлар ёки бўлажак Эр-хотинлар никоҳда бўлган даврида ва (ёки) Эр-хотин никоҳдан ажратилган тақдирда, ўзларининг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини никоҳ шартномасига асосан келишиб, белгилаб олишлари мумкин. Шартнома шартларига биноан, Эр-хотинлар умумий биргаликда, хусусий, алимент ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб, ўзгартириб, бекор қилишлари мумкин.
Эр-хотин бир-бирига моддий ёрдам бериши шарт. Бундай ёрдам беришдан бош тортилган тақдирда, ёрдамга муҳтож, меҳнатга лаёқатсиз эр ёки хотин, шунингдек, хотин ҳомиладорлик даврида ва ўртада бола туғилгандан бошлаб 3 йил давомида, ўртада болага қараган ёрдамга муҳтож хотин (эр) ёрдам беришга қодир бўлган эр (хотин)дан суд тартибида таъминот (алимент) олиш ҳуқуқига эга.
Шоира Йўлдошева.