БАКТЕРИЯЛАР

БАКТЕРИЯЛАР (юн. bakterion — таёқча) — бир ҳужайрали микроорганизмларнинг катта гуруҳи; шаклланган ядрога эга бўлмаган микроскопик организмлар — прокариотлар. Б. да ҳужайра пардаси, кўп миқдорда дезоксирибонуклеин кислота (ДНК), содда ядро бор. Митохондрий ва хлоропластлар одатда, бўлмайди, ядронинг хромосомалари ва қобиғи кўзга кўринмайди. Бактериялар кўндалангига бўлиниш (баъзан чўзилиш ёки куртакланиш) йўли билан кўпаяди. Бактерияларнинг кўп тури таёқча шаклида бўлади. Бироқ шарсимон, ипсимон ёки илон изи шаклли микроорганизмлар ҳам Бактерияларга киради. Бактерияларнинг физиологик хусусиятлари ниҳоятда хилма-хил, улар биокимёвий жиҳатдан жуда фаол. Бактериялар тупроқда, сувда, сув ҳавзалари заминида ва б. жойларда тарқалган. Улар ягона бир гуруҳ бўлмай, ҳар хил йўллар билан вужудга келган организмлардир. Баъзи Бактериялар, (мас, ипсимон Бактериялар, азотобактер ва б.) кўк-яшил сувўтларга яқин, айрим Бактериялар эса нурсимон замбуруғлар — актиномицетлар билан уруғдош; спирохеталар ва б. баъзи Бактериялар бир ҳужайрали содда ҳайвонларга ўхшайди. Бактерияларнинг каттакичиклиги, шакли, тузилиши, ҳаракатчанлиги ҳар хил. Шарсимон Бактерияларнинг диаметри, одатда, 1 — 2 мкм, таёқча шаклидагиларининг йўғонлиги 0,4 дан 0,8 мкм гача, уз. 2 — 5 мкм бўлади. Баъзан жуда йирик Бактериялар ҳам учрайди. Мас, Thiophysa macrophusaHHHr диаметри 20 мкм; жуда майда Бактериялар ҳам бор. Айрим Бактериялар, шу қадар майдаки, ҳатто бактериал фильтрдан ҳам ўтиб кетади. Шарсимон Бактериялар кокклар деб аталади. Агар кокклар кўндалангига бўлиниш йўли б-н кўпайса ва бўлингандан кейин бирбирига қўшилганлигича қолиб занжир ҳосил қилса, стрептококклар дейилади. Ҳужайралар учта ўзаро тик йўналишда бўлинса, ҳужайралар халтачаси (пакети)ни ҳосил қилади, бундай шакл сарциналар учун хос. Кокклар хар хил йўналишда бўлинса, ҳужайраларнинг узум бошининг ғужуми шаклидаги тўплами ҳосил бўлади, бундай шакл стафилококкларга тааллуқли. Споралар ҳосил қиладиган таёқчасимон Бактериялар бациллалар дейилади. Таёқчасимон Бактерияларнинг учлари текис «қирқилган» ёки дўнгроқ бўлиши мумкин. Булар алоҳида ёки, баъзан, занжир шаклида жойлашади. Узун ип ҳосил қиладиган ипсимон бактериялар, асосан, сувда яшайди. Вергул шаклидаги Бактериялар вибрионлар, йўғон спиралсимон буралганлари спираллар, бир нечта бир хилдаги ингичка бурамалилари спирохеталар дейилади. Электрон микроскопда қаралганда Бактерияларнинг ҳужайра пардаси бир неча (одатда, уч) қават эканлиги кўринади. Унинг таркибига мурамин кислота, аминокислоталар, липидлар, глюкозамин ва б. бирикмалар киради. Ҳужайра пардаси остида иитоплазматик мембрана бор, шу мембрана моддалар алмашинувида муҳим роль ўйнайди. Цитоплазмада рибосомалар бўлиб, улар таркибига РНК киради. Бактериялар ҳужайрасида ДНК иплари бор, улар қобиқсиз ядро, яъни нуклетоид ҳосил қилади. Бактериялар юқори т-рага, одатда, чидамсиз, қуритиш, офтоб, ҳар хил кимёвий моддалар Бактерияларни ўлдиради (қ. Дезинфекция, Стериллаш). Бактериялар совуққа жуда чидамли, шу туфайли тупроқда қишлаб чиқа олади. Бактерияларнинг кўпи овал ёки юмалоқ шаклли споралар ҳосил қилади. Бактериялар споралари юқори т-ра ва заҳарли моддалар таъсирига жуда бардошли. Споралар қулай муҳитга тушганда улардан таёқчасимон ёки вегетатив ҳужайралар пайдо бўлади. Бактерияларнинг ривожланиш цикли ҳар хил. Мас, микобактериялар бўлиниш йўли б-н ҳам, куртакланиш йўли билан ҳам кўпаяди. Миксобактерияларнинг вегетатив ҳужайралари қисқаради ва кичрайиб, юмалоқ ёки овал шаклли микроцисталар ҳосил қилади. Кўпчилик Бактериялар органик моддаларни, баъзилари анорганик моддаларни оксидлаш йўли б-н энергия олади. Фақат кислородли муҳитда яшай оладиган Бактериялар аэроблар, кислородсиз муҳитда яшайдиган Бактериялар анаэроблар дейилади. Аэроб нафас олиш вақтида органик бирикмалар оксидланиб, карбонат ангидрид ажралиб чиқади. Анаэроб шароитда органик бирикмаларнинг парчаланиши ва бунда энергия ажралиб чиқиши бижғиш дейилади.

Табиатда ва халқ хўжалигида Бактерияларнинг аҳамияти жуда катта. Бактериялар тирик хужайралар таркибига кирадиган ҳамма кимёвий элементларнинг табиатда аниқланишида иштирок этади. Ўсимлик ва ҳайвон қолдиқлари целлюлоза, пентозалар, крахмал, пектин моддалар ва б. ни ўзлаштира оладиган микроорганизмлар иштирокида парчаланиб, пировардида карбонат ангидрид билан сувга айланади. Табиатда азот айланишида ҳам микроорганизмларнинг роли катта. Ҳайвонлар ўзига зарур азотли бирикмаларни ўсимлик оқсилларидан ҳосил қилади. Ҳайвон ва ўсимлик оқсиллари Бактериялар таъсирида минераллашиб, аввал аммиакка, кейин нитрит ва нитратларга айланади. Аммонийли тузлар ҳам, нитратлар ҳам юксак ўсимликлар учун озиқ бўлади, улар шу тузлардан фойдаланиб, ўз танасида оқсил ҳосил қилади. Бактериялар бошқа биоген элементларни ҳам минераллаштиради. Улар органик фосфор бирикмаларини парчалаб, сув ҳавзалари ва тупроқда фосфорнинг минерал бирикмаларини кўпайтиради. Бактериялар таъсирида олтингугуртнинг органик бирикмалари ҳам минералларга айланади. Бактериялар генетика, биофизика, космик биология ва б. соҳаларга оид умумий масалаларни ҳал қилиш учун энг яхши объектдир. Бактериялар культурасидан аминокислоталар, витаминлар ва антибиотикларни миқдор жиҳатидан аниқлашда фойдаланилади. Тупроқ унумдорлиги Б. нинг ҳаёт фаолиятига боғлиқ. Пектин моддаларни бижғитадиган Бактериялар ёрдамида зиғир, каноп ва б. толали ўсимликлар ивитилади. Сутдан қатиқ, сариёғ, пишлоқ ва б. маҳсулотлар тайёрлашда ҳам Бактерияларнинг ҳар хил турларидан фойдаланилади.

Саноатда Бактерияларнинг тегишли турлари ёрдамида крахмалли ёки бошқача хом ашёдан сут (лактат) кислота, ацетон, этил спирт, бутил спирт ва б. спиртлар, декстрин, диацетил, антибиотиклар, витаминлар, аминокислота ва б. олинади.

Бактериялардан фермент препаратлари тайёрлашда айниқса кўп фойдаланилади. Шу билан бирга, Бактерияларнинг кўпгина турларига қарши кураш олиб боришга ҳам тўғри келади, чунки улар дон-дун ва б. масаллиқларни, ҳар хил хом ашё, материал ва буюмларни бузади. Одам ва ҳайвонларда учрайдиган кўпгина касалликлар (мас, ич терлама, вабо, сил, куйдирги, манқа ва б.)ни Бактериялар пайдо қилади.

Одам ва ҳайвонларда касаллик қўзғатадиган Бактериялар патоген Бактериялар деб аталади. Фитопатоген Бактериялар ёввойи ўсимликларда ҳам, экинларда ҳам кўпгина касалликларни вужудга келтиради. Касаллик қўзғатадиган Бактерияларга қарши асептика ва антисептика чоралари кўрилади, шунингдек, бактериостатик ва бактерицид моддалар ишлатилади.


Кирилл алифбосида мақола: БАКТЕРИЯЛАР ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Б ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
Тушда илон курса нимани англатди
Туш таъбири ўзбек тилида
Тушда қора илон курса нима
АЛИШЕР НАВОИЙ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты