БАНДЛИК

БАНДЛИК, аҳолини иш билан таъминлаш — меҳнатга лаёқатли аҳолининг ижтимоий фойдали меҳнат б-н машғул бўлиши; фуқароларнинг шахсий ва ижтимоий эҳтиёжларини қондириш билан боғлиқ бўлган ва қонунларга зид келмайдиган, меҳнат даромади берадиган фаолияти. Бандлик ходимни ижтимоий меҳнат тақсимотига асосланган аниқ меҳнат кооперациясига жалб этиш бўйича кишилараро муносабатларни ифода этади. Бандлик турли мулкчилик шаклларидаги корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларда ёлланиб ишлаш билан чекланмай, айни пайтда тадбиркорликни, ўзини иш билан мустақил таъминлаш (ўзича Бандлик)ни, шахсий томорқа хўжалигидаги ишни, уй хўжалигида банд бўлиш ва болаларни тарбиялаш б-н шуғулланиш, давлат ва жамоат вазифаларини бажаришни, ўрта махсус ва олий ўқув юртларида кундузги ўқишни ҳам ўз ичига олади. Бандлик тўлиқ ва тўлиқсиз бўлиши мумкин. Тўлиқ Бандлик амалда «ялпи» Б., меҳнатга қобилиятли аҳолининг 90 — 92% банд бўлишини назарда тутади. Бозор шароитларида тўлиқ Бандлик жамият даражасида табиий ишсизликнннг бўлишини ҳам билдиради. Тўлиқ бўлмаган Бандлик аксарият ҳолларда яширин кўринишга эга бўлиб, ходимларни расман банд деб ҳисоблашни назарда тутади, амалда ходимлардан қисқартирилган иш вақти даврида фойдаланишни англатади. Иккиламчи Бандлик амалда ўриндошлик бўлиб, ходимнинг қўшимча иш ҳақи топиш учун иш кучини ўзи асосий банд бўлган корхонага (асосий ишдан бўш вақтларда) таклиф этишини билдиради. Ўзича Бандлик (ўзига иш топиш) даромад манбаи бўладиган фаолиятни мустақил излашни, давлатнинг турли даражадаги идоралари қўллаб-қувватлаши ёрдамида доимий ёки вақтинчалик даромад олиш учун иш ўринлари барпо этишни назарда тутади. Ўзича Бандлик аксарият ҳолларда кичик бизнес кўринишига эга бўлади ва ходимларнинг ўз ташаббуслари билан турли истеъмол товарлари тайёрлаш ва хизматлар кўрсатиш бўйича якка меҳнат фаолияти билан боғлиқ.

Тўлиқ ва самарали Бандлик тушунчаларини ҳам бир-биридан фарқламоқ керак. Тўлиқ Бандлик ишга муҳтож бўлганлар ва ишлашни хоҳлаганларнинг барчаси иш б-н таъминланган ҳолатни билдириб, иш кучига бўлган талаб билан иш кучи таклифи ўртасида мувозанат мавжудлигини ифода этади. Самарали Бандликни эса икки нуқтаи назардан: иқтисодий нуқтаи назардан — инсон ресурсидан энг оқилона фойдаланиш, ижтимоий нуқтаи назардан — меҳнатнинг инсон манфаатларига энг мувофиқ келиши жиҳатларидан тавсифлаш мумкин. Тўлиқ Бандлик бандликни миқдор жиҳатдан, самарали Бандлик эса сифат жиҳатдан тавсифлайди. Меҳнат бозорида талаб ва таклиф ўртасидаги мувозанатнинг бўлмаслиги ҳамиша тўлиқ ва самарали Бандликга шароит қолдирмайди. Агар таклиф талабдан ортиб кетса, албатта ишсизлик пайдо бўлади, талаб таклифдан ва реал эҳтиёжлардан ортиб кетган шароитларда эса яширин ишсизлик келиб чиқади. Бандлик ва ишсизликни, уларни керакли даражада сақлаб туриш мақсадларида тартибга солишнинг асосий механизми бандлик хизмати ишини ташкил этиш, касбга тайёрлаш ва касбга йўналтириш ҳисобланади.

Ўзбекистонда Бандлик муаммолари катта эътиборни талаб этади, чунки республикада мураккаб демографик вазият мавжуд, аҳолининг табиий ўсиш суръатлари юқори, аҳоли таркибида ёшлар кўпчиликни ташкил этади, аҳолининг кўп қисми қишлоқларда яшайди. Ўзбекистонда меҳнатга лаёқатли аҳолининг 33,9% давлат сектори корхона ва ташкилотларида, 66,1% эса нодавлат сектори объектларида, жумладан хусусий хўжаликларда (2,7%) иш билан банд (1998). Бозор иқтисодиётига ўтиш даврида мулкчиликнинг турли шакллари пайдо бўлиши туфайли нодавлат секторида ишловчилар сони ортиб бормоқда. Уларнинг бандлиги 1994 — 96 й. ларда 12%га ортди. Меҳнатга лаёқатли аҳолининг иш билан банд бўлмаган қисми ишсизларни ташкил этади.

Аҳоли бандлигини ошириш бўйича асосий тадбирлар иш билан банд бўлган аҳолининг таркибий жиҳатдан қайта тақсимлаш ҳамда меҳнатга лаёқатли ёшларни янги илғор тармоқдар ва соҳаларга жалб қилиш бўлиб, бу эса ўз навбатида меҳнат салоҳиятидан самарали фойдаланишнинг қудратли захираси ҳисобланади. Ўзбекистон қ. х. да барча ижтимоий и. ч. ходимларининг учдан бир қисмидан кўпроғи банд. Уларнинг маълум қисмини бўшатиб олиш ва иқтисодиётнинг бошқа соҳаларига, энг аввало, саноатга ва хизмат кўрсатиш соҳасига йўналтириш, ноқишлоқ хўжалиги иш жойларини яратиш, меҳнатни ташкил этишнинг илғор услубларини қўллаш, ўсмирларни, кўп болалик аёлларни, пенсионерларни ва ноғиронларни иқтисодий рағбатлантирувчи иш билан таъминлаш, ишсизликни камайтириш, меҳнат биржалари фаолиятини яхшилаш каби тадбирлар аҳолининг иш билан бандлигини оширишга олиб келади. ЎзРда аҳолини иш билан таъминлаш, инсонни ишли бўлиш ҳуқуқларини рўёбга чиқариш кафолатлари ЎзРнинг «Аҳолини иш б-н таъминлаш тўғрисида»ги Қонунида (1992 й. 13 янв. ; 1998 й. 1-майда янги таҳрирда қабул қилинган) белгилаб берилган.

Дилфуза Раҳимова.


Кирилл алифбосида мақола: БАНДЛИК ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Б ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ГЕРМАНИЯ
ФРАНЦИЯ
ДАВЛАТ КАПИТАЛИЗМИ
ҲИНДИСТОН


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты