АМИР ТЕМУР МАҚБАРАСИ, Гўри Амир — Самарқанддаги меъморий ёдгорлик (14-а. охири — 1405 и.). Халқ орасида Гўри Амир ёки Гўри Мир (Мир Саййид Барака) деб номланиб келинади. Мақбарага темурийлар сулоласига мансуб кишилар (Амир Темур, унинг пири Мир Саййид Барака, ўғиллари Умаршайх, Мироншоҳ ва Шоҳрух, наби-ралари Муҳаммад Султон, Улугбек ва б.) дафн этилган. Бобурнинг таъкидлашича, дастлаб Темурнинг набираси Муҳаммад Султон Мирзо Самарқанд қалъаси жан. да Тошқўрғон — чақарда Мадраса қурдирган. Муҳаммад Султон ҳалок бўлгач (1403), Амир Темур унинг хотирасига мақбара қуриш ҳақида фармон берди. Мақбара Мадраса ҳовлисининг тўрига бунёд этилган.
Бизгача, асосан, пештоқли дарвозаси бор ҳовли ва мақбара биноси сақланган. Археологик тадқиқотлар натижасида мақбара ҳовлисининг икки ёнидан Муҳаммад Султон қурдирган Мадраса ва хонақоҳ қоддиқлари топилган. Мадраса ва хонақоҳ чорси ҳовлининг шарқий ва ғарбий томонларини эгаллаган. Ҳовлининг жан. да гумбазли мақбара жойлашган. Мақбарага жан. дан, Улуғбек қурдирган далон (1424) орқали кирилади. Мақбаранинг чортоқ тарҳли зиёратхонаси баланд тоқи — равоқли, тепаси ёзув ҳошиялари ва ички гумбаз билан қопланган. Ташки гумбази 64 қобирғали, баланд пойгумбаз (диаметри — 15 м, бал. 12,5 м)га ўрнатилган.
Зиёратхона ўртасидаги мармар панжара билан ўралган мурабба хазира саҳнига қатор қабртошлар қўйилган. Юқориси (тўри)да Амир Темурнинг ҳарбий юришларида унга ҳамроҳ бўлган ва унинг юксак ҳурматини қозонган Мир Саййид Барака сағанаси жойлашган. Саййид Барака қабрининг оёқ томонига Амир Темурнинг ўзи дафн қилинган. Унинг уч томонида Муҳаммад Султон, Мироншоҳ, Умаршайх қабрлари бор. Кейинчалик бу ерга Темурнинг набиралари ва эвараларининг қабр тошлари қатъий тартибда жойлаштирилган. Темур сағанасига қўйилган кўк нефрит қабртошини Улуғбек Мўғулистонга қилган юриши вақтида олиб келган. Тошдаги лавҳада Темурни улуғлайдиган сўзлар, унинг шажараси ҳамда марсиялар ўймакори ёзувларда битилган. Ҳамма сағаналар Улуғбек томонидан яхлит ўйма мармар панжара билан ўралган. Зиёратхонанинг шарқий қисмидаги равоқдан зина орқали остки қаватидаги гўрхонага тушилади. Гўрхона саккиз қиррали. Ундаги сағаналар юқрри қаватда қандай жойлашган бўлса, бу ерда ҳам шу тартибда жойлашган. Зиёратхонадаги қабртошларнинг ҳар бири юксак санъат асаридир. Зиёратхона серҳашам безакларга бой. Бўртма безак кундаллар заминига ложувард ранг гуллар ишланган. Изораси яшил тошдан гириҳ шаклида терилган. Тўртта чуқур равоқлардаги дарчаларга ўша вақтда рангли ойна ўрнатилган. Олтин ва кумуш қандиллардаги шамлар ёнганда зиёратгоҳ ичкариси улуғвор ва афсонавий тус олган. Ташқариси сиркор ғиштчалар билан безатилган. Гумбаз ва унинг пойидаги безаклар, турли арабий ёзувлар алоҳида кўзга ташланади. Мақбара дарчаларида ёғочдан ишланган нафис панжаралар, эшикларида эса мураккаб қўш заминли ўймакор безаклар бўлган. Мақбаранинг ғарбий томонига баланд пештоқ ёндашган. Тахминларга кўра бу пештоқ қолдиклари 17-а. га мансуб.
Мақбаранинг мутаносиблик нисбати, нақшлари, турли безаклари катта маҳорат билан бажарилган. Ташқи пештоқ дарвозасининг тепасида меъмор — уста «Муҳаммад бинни Маҳмуд ал-банно Исфахоний» номи сақланган. Кейинчалик мақбара бир неча бор таъмирланди, гумбази қайта тикланиб, хонақоҳ ва Мадраса қолдиқлари кавлаб топилди, ички ва ташқи безаклар таъмир этилди. 1941 й. да мусулмон одатига зид равишда Амир Темур ва Улуғбек қабрлари очиб текширилиб, улар руҳлари безовта этилди.