БАРОКАМЕРА — барометрик босимни сунъий равишда ўзгартиришга имкон берувчи герметик камера. Паст босимли (вакуумли), юқори босимли (компрессион), муқим (стационар) ва кўчма турлари бўлади. Энг кўп тарқалган тури паст босимли Барокамера ; унда босимни атмосфера босимидан бошлаб мм сим. уст. улушларигача (1 мм сим. уст. =133,322 н/м2) ўзгартириш мумкин. Барокамера ҳажми м3 улушларидан бир неча юз м3 гача. Паст босимли Б . дан космик тиббиётда Ер атмосферасининг юқори қатламларида юз берадиган турли ҳодисаларнинг инсон ва ҳайвонлар организмига таъсирини ўрганишда, баландлик машқларини ўтказишда, космосда ишлатиладиган жиҳоз ва асбобларни синашда фойдаланилади. Ички т-рани ўзгартирса бўладиган Барокамера термобарокамера дейилади.