АМУДАРЁ ДЕЛЬТАСИ

АМУДАРЁ ДЕЛЬТАСИ (Орол бўйи дельтаси) — Жан. Орол бўйидаги дельта. Ғарбда Устюрт платосининг чинки, шим. да Орол денгизининг 1961 й. гача бўлган қирғоқ чизиқлари, шарқда шим.ғарбий Қизилқум, Белтов баландлигининг ғарбий ва жан.-ғарбий этаклари, Оқчадарё дельтасининг шим.-ғарбий чеккалари, жан.-шарқда Қизилқум, жан. да Сариқамиш бўйи дельтасига туташ. Мазкур чегарадаги Амударё дельтаси майд. 19 минг км2. Дарёнинг қуйи қисми 2 қад. ва бир ҳоз. дельтадан иборат. Дарёнинг қад. дельталарида чап соҳилда Хоразм воҳаси ва ўнг соҳилда Беруний-Тўрткўл воҳаси вужудга келган. Бу воҳаларда Ўзбекистоннинг Хоразм вилояти, Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл, Элликқалъа ва Беруний туманлари, Туркманистоннинг Тошҳовуз ш. атрофидаги туманлар жойлашган.

Амударёнинг ҳоз. дельтасида Алиовул қишлоғидан шим. да дарё икки қисмга: чап соҳилда Қипчокдарё ва ўнг соҳилда Оқларё тармоқларига бўлинади. Оқларё асосий ўзан ҳисобланади ва сувнинг асосий қисми ушбу ўзанда оқади. Қипчоқларё Порлатов қишлоғи яқинида яна Оқларёга туташади.

Дарёнинг ҳоз. дельтаси эса Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида қумгил оқиндиларидан таркиб топган пасттекислик бўлиб, дарё бўйидаги Тахиатош ш. ёнидан бошланади. Рельефи шим. га қия. Бош қисми (Нукус ш. яқинида, мутлақ бал. 73 м) дан Орол денгизининг эски қирғоқ чизиғига қадар (мутлақ бал. 53 м) 200 км масофада 20 м га пасаяди. Амударё дельтаси сатҳи қадимда ва ҳозирда мавжуд бўлган дарё ўзанлари ва кўл ботиқлари билан парчаланган. Дельтанинг аллювиал ётқизиқлари (қалинлиги 142 м гача) юқори бўр ва палеоген-неогеннинг туб жинслари устида вужудга келган. Майда заррали қумнинг қумоқ ҳамда қумлоқ билан аралашмаси кенг тарқалган (қайир ётқизиқлари), баланд қисмларида қум ёки қумлоқ кўпроқ.

Амударё дельтасида Белтов, Қушхонатов, Кизилжар, Муйноқтов, Порлатов, Иткир, Хўжайли ва б. қолдиқ тоғлар мавжуд. Амударё дельтасининг иқлими кескин континентал. Қиши совуқ ва булутсиз. Янв. нинг ўртача т-раси жан. да — 6,9° (Нукус) дан шим. да — 7,4° (Мўйноқ) гача пасаяди. Ёзи иссиқ ва қуруқ. Июлнинг ўртача т-раси 27,Г (Нукус)дан 26,3° (Мўйноқ) гача ўзгаради. Йиллик ёғин кам (Тахиатошда 79 мм, Мўйноқда 105 мм), асосан қиш ва баҳорда ёғади. Йил давомида шим.шарқий шамоллар эсади. Орол денгизи ва дельтадаги дарё ва кўлларнинг қуриб бораётганлиги туфайли ҳаво т-раси езда одатдагидан 2 — 3°га ортган, қиш ҳам совуқроқ, шамол ҳаракати кучаймоқда, ҳавонинг нисбий намлиги камаймоқда.

Орол бўйида 1961 й. дан бошланган чўллашиш жараёни натижасида Амударё дельтасида туб ўзгаришлар содир бўлмоқда. Орол сатҳининг тезлик билан пасайиши, дарё суви шўрлигининг ортиши ва унда турли кимёвий моддалар ва б. нинг мавжудлиги, сув танқислиги, Оролнинг қуриган қисми (Оролқум) дан тузли чангларнинг ҳавога кўтарилиши чўллашишни тезлаштирмоқда. Дельтада сув тартибининг бузилиши оқибатида грунт сувларининг сатҳи барча жойларда кескин пасайди (0 — 0,5 м дан 5 —10 м гача, пастқамликларда — 1,3 м, минераллашув даражаси айрим жойларда 30 — 50 г/л ва ундан кўп).

Амударё оқимининг дельтада тартибга солиниши туфайли кўплаб ўзанлар (Катта Жонсиз ва Кичик Жонсиз, Эркиндарё, Кўҳнадарё, Мадалиўзак, Приемўзак, Оқбошли, Инженерўзак ва б.) қуриди. Сув фақат Оқларё орқали денгизга қуйилмоқда. Қипчоқларёда вақт-вақти билан сув оқмоқда. Равшандарё ва Толдиқларё ўзанлари каналга айлантиридди. 100 га яқин кўл қуриди, ҳозирда фақат Судочье кўли, Мошанкўл, Хўжакўл, Қоратерен кўли, Кеусир кўлида сув мавжуд, минераллашув даражаси 3 — 5 г/л дан 30 — 45 г/л гача (Судочье кўлида).

Дельтада грунт сувларининг буғланишга сарф бўлиши оқибатида тупроқнинг шўрланиши ортиб аввалги қайирли аллювиал, ўтлоқи, ботқоқ, ботқоқ-ўтлоқи тупроқлар ўрнида ўтлоқи, ўтлоқи-тақир, шўрхок (типик ўтлоқи), тақир чўл қум тупроқлари таркиб топди. Чўллашиш жараёнида аввалги қамишзорлар ўрнини (760 минг га) эндиликда шўразор, юлғунзор, турли ксерофит (қўшбарг, янтоқ, оқбош), галофитлар (қорабароқ, шоҳилак, кермак ва б.) эгаллади. Қа-мишли тўқайзорлар фақат сув билан мунтазам таъминланадиган пастқамликларда оз майдонда сақланиб қолган (Судочье кўли ва унинг шим., шим.-шарқида, Шеге, Кўккўл ҳавзаларида). Дарё ўзанлари ёқаларидаги 261 минг га ноёб Амударё тўқайзорлари (туранғил, тол, жийда) асосан қуримоқда.

Сув тақчиллиги туфайли балиқ ҳам кескин камайди. Фақат айрим кўллардагина оз миқдорда овланади. Ондатрачилик деярли тутатилди. Сузувчи қушлар, тўқайзорларда яшовчи паррандалар ва б. жуда камайиб кетди. Амударё дельтаси – да вужудга келган ноқулай экологик шароитни юмшатиш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Шамол эрозиясининг олдини олиш учун иҳотазорлар бунёд этилмоқда, ҳар йили имкони борича пастқамликларга Амударёдан сув жамғариб олинмоқда. Амударё дельтасининг жан. қисми суғориладиган деҳқончиликда фойдаланилади. Қарийб 400 минг га ерда шоли, пахта, дон, ем-хашак экинлари экилади. Қувонишжарма, Суэнли, Кегейли каби йирик ирригация тизимлари, Бош чап соҳил ва б. магистрал коллекторлар мавжуд. Амударё сувининг шўрлиги, тупроқ шўрлигини камайтириш самарадорлигининг ниҳоятда пастлиги, барча ерлар зовурлар билан тўлиқ таъминланмаганлиги ва б. сабабли суғориладиган ерларнинг мелиоратив аҳволи жуда оғир, тупроқларнинг турли даражада шўрланганлиги туфайли экинзорларнинг ҳосилдорлиги анча паст.


Кирилл алифбосида мақола: АМУДАРЁ ДЕЛЬТАСИ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: А ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



АМУДАРЁ
БЕРУНИЙ
ДАРЁ
Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ҲИНДИСТОН


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты