АНЖУ СУЛОЛАСИ — ўрта асрларда қатор Европа мамлакатларида Анжу (Франция) графларидан бошланган қироллар сулоласи. Англияда 1154 — 1399 й. ларда (қ. Плантагенетлар), Жан. Италияда 1268 — 1442 й. ларда ҳукмронлик қилган; Сицилияда — 1268 — 82 (норасмий 1266 — 1302). Сицилия ва Жан. Италиядаги Анжу сулоласи асосчиси — Карл Анжуйский (1285 й. гача ҳукмронлик қилган). Сицилиядаги 1282 й. қўзғолони ва Арагон сулоласи қарор топган Сицилия о. ажраб чиққач (1302), анжуликлар қўлида фақат Жан. Италия — Неаполь қироллиги сақланиб қолган. Венгриядаги Анжу сулоласи 1308 — 87 й. ларда ҳукмронлик қилган (асосчиси — Карл Роберт, 1342 й. гача тахтни бошқарган); Польшада — 1370 — 82 ва 1384 — 85 й. ларда мамлакатни бошқарган.