АНОР (Punica granatum L.) — анордошлар (аноргуллилар оиласи)га мансуб, субтропик мева ўсимлиги; бўйи 2—10 м дарахт ёки бута. Ватани Ўрта Осиё, Озарбайжон, Эрон ва Афғонистон; ёввойи турлари Ўрта денгиз атрофи, Ўрта Осиёнинг жан. да, Қрим, Кавказ, Эрон, Афғонистон, Олд Осиё ва Доғистонда учрайди. Ўзбекистонда Қува, Наманган, Денов ва Китоб (Варғанза) туманлари аъло сифатли Анор лари билан машҳур. Ботаник тавсифи. Барглари майда, наштарсимон, шохлари тиканли (ширин мевалисида тикани камроқ). Июнь—июлда гуллайди. Гуллари икки жинсли, йирик (диаметри 8 см гача), оч кизил, шохи учида битта, иккита, баъзан бештагача жойлашади. Уруғчиси (оналиги) нормал ривожланган, кўзачасимон гули мева тугади, уруғчиси қисқа, қўнғироқсимон гуллари одатда мева тугмайди. Анор четдан чангланади. Меваси йирик, думалоқ, қизғиш (қизил пўст) ёки оқиш (оқ пўст) бўлиб, оғирлиги 250—1000 г келади. Меваси 6—12 уя (хона) ли, дони оч пушти ёки тўқ қизил. Таъми ширин, чучук-нордон ва нордон, сершарбат (40—60%), таркибида 14—21% канд, 0,3—9% лимон кислота, танин, витамин В, С бор. Пусти 29—50%, дони 10 — 20% ни ташкил этади. Меваси, пўсти, илдиз пўстлоғида 28% гача ошловчи моддалар бор. Хўжалик аҳамияти. Анор асосан, мева сифатида истеъмол этилади. Анордан қандолат ва тиббиётда кенг фойдаланилади, тери ошлашда ва газламаларни бўяшда ишлатилади. Гулбарги ва мева пўстидан бўёқ, донидан шарбат тайёрланади. Ёввойисидан лимон кислота олинади. Баъзи турлари хушманзара ўсимлик сифатида экилади. Биологик хусусиятлари. Анор асосан, қаламчадан кўпайтирилади. Унумдор қумоқ, нами етарли тупроқларда яхши ўсади. Қурғоқчиликка чидамли, лекин намсевар. Ернинг унумдорлигига қараб, кўчат оралиғи 4×4 ва 5×4, томорқаларда 3х3 м қилиб экилади. Ўзбекистон шароитида кеч кузда хашак, қамиш билан ёпилади ёки тупроққа кўмилиб, баҳорда очилади. Вегетация даври 180—215 кун. Ёздан кузгача гуллайди. Меваси 120—160 кунда — сент. нинг иккинчи ярмида пишади. — 15° —17° совуққа чидайди, — 20° да ер усти қисми (танаси)ни совуқ уриб кетади. Анор 3—4 ёшдан мева туга бошлайди, 8—10 ёшдан тўлиқ ҳосилга кириб, 30—40 йил мева беради. Ҳосилдорлиги 200 ц/га гача боради. Агротехникаси. Анор кўчати эқилганидан кейин биринчи йилдан бошлаб 30—40 см баландликда 4—5 та асосий шох қолдириб паст бўйли дарахт кўринишида ёки 3—4 асосий шох қолдириб бутасимон шакл берилади. Ҳар йили қуриган, нимжон ривожланган, эскирган ўзак новдалар кесиб турилади. Вегетация даврида 6—10 марта сугорилади, қатор оралари юмшатилади, бегона ўтлардан тозаланади, озиқлантирилади.
Зараркунандалари — мевахўрлар, битлар, каналар; касаллиги — новдалар қорасони.
Навлари. Коллекцияларда Анорнинг 69 нави ҳисобга олинган. Лекин Ўзбекистонда ихтисослашган хўжаликларда асосан аччиқдона ва қозоқи Анор кўп экилади, қай Анор, қизил Анор, оқ дона, улфи ва б. навлари ҳам кенг таркалган. Аччиқдона. Жайдари нав. Меваси 400—600 г. Мазаси нордон, шарбати қизил, таркибида 15—16% қанд бор. Пўсти қалин, 5 ойгача яхши сақланади. Тупи 30—35 кг ҳосил беради. Фарғона водийсида кенг тарқалган. Қай А. Жайдари нав. Меваси йирик (500—700 г). Нордонхушхўр, шарбати қизғиш. Таркибида 19—20% қанд бор. Пўстининг қалинлиги ўртача, мартгача сақланади. Тупи 35—40 кг ҳосил беради. Ўзбекистоннинг ҳамма вилоятларида бор. Қизил А. Бу ҳам жайдари нав. Шарбати таркибида қанд 15—16%, пўсти юпқа, узоқ сақлашга чидамсиз. Қозоқи Анор Халқ селекцияси йўли б-н етиштирилган. Меваси 250—300 г, айримлари 600 — 700 г. Мазаси нордонширин, шарбати кизил. Таркибида 18—19% қанд бор. Пўсти қалин, 6 ойгача сақланади. Тупи 50—60 кг ҳосил беради. Тошкент, Андижон, Сурхондарё вилоятларида кенг тарқалган. О қ дона (ширин анор) А. Жайдари нав. Меваси 250—350 г, айримлари 500—600 г. Мазаси ширин. Шарбати пушти, таркибида 19— 21% қанд бор. Пўсти юпқа ёки ўртача қалинликда, қизғиш-пушти, баъзиси оқ, 2—3 ой сақланади. Тупи 25—30 кг ҳосил беради. Ўзбекистоннинг кўпчилик вилоятларида ўстирилади.
Маҳмуд Мирзаев, Рихсивой Жўраев.