АНҚАРА ЖАНГИ

АНҚАРА ЖАНГИ — Амир Темур ва усмонли турк султони Боязид I Йилдирим қўшинлари ўртасида Анқара ёнида бўлиб ўтган улкан жанг (1402 й. 20 июль). Унда Амир Темурнинг тахм. 200 минг, Туркия султонининг 160 минг аскари қатнашган. Ушбу жангнинг содир бўлишига асосан қуйидаги омиллар сабаб бўлган: Ироқ, Шом, Дашти Қипчоқ, Хуросон, Ҳиндистон, Жета сингари мамлакатларни ўзига итоат эттиришга муваффақ бўлган Амир Темур ўз салтанатининг жан.-ғарбий ҳудудларига яқин жойлашган Болқон я. о. ва Кичик Осиёда барпо этилган қудратли Усмонлилар давлатининг кучайиб кетаётганлигидан хавотирда эди, чунки Ғарбий Европа рицарларидан ташкил топган катта армияни тор-мор этган, Болқон давлатларини эгаллаган усмоний турклар Амир Темурга тааллуқли вилоятларга ҳам таҳдид сола бошлаган эди. Тарихнинг гувоҳлик беришича, Амир Темур ўз қўшини билан Шарқий Анадолу сарҳадларига 1386 й. қадам қўйган ва Арзинжон ш. яқинида туркларнинг катта ҳарбий кучларини мағлуб этган. 1395 й. Соҳибқирон бу ўлкаларга иккинчи бор юриш қилади, Сивосни қўлга киритади.

Амир Темур Анқара жангига қарийб икки йилдан ортиқ тайёрланади: 1399 й. Румга юзланади ва Боязид томонидан фатҳ қилинган Камоҳ қалъасини қамал қилади. Камоҳ фатҳ этилгач, кўп фурсат ўтмай Амир Темур Анқарани қамал қилади. Соҳибқироннинг бу ҳаракати аслида тактик тадбир бўлиб, тажрибали саркарданинг асосий мақсади Боязидни асосий кучларини шаҳар мудофаасига ташлашга мажбур этиб, сўнг унга қақшатқич зарба бериш эди. Тўқат ш. ёнида асосий ҳарбий кучлари билан турган Боязид I Соҳибқирон аскарларининг Анқарани муҳосара қилганлигидан хабар топади ва қамалдагиларга кўмак беришга ошиқади. Амир Темур Анқара қамалини бекор қилади ва рақибини кутиб олиш тараддудини кўради. Қўшин қисмларини жанггоҳнинг (Чибукобод деган ерда) қулай ерларига жойлаштиради. Лашкаргоҳ атрофида хандаклар қазилиб, хавфсизлик чоралари кўрилади. Натижада Боязид I қўшини ўзи учун ўта ноқулай шарт-шароитда жангга киришга мажбур бўлади. Султон қўшини айниқса, сув танқислиги туфайли вужудга келган ташналикдан қаттиқ азоб чекади. Соҳибқирон қўшини ўзининг анъанавий жанговар тартиби — ясодда ҳаракат қилади. Қўшиннинг қирқ қисмдан ташкил топган маркази — қўлига Амир Темур бевосита раҳбарлик қилади. Сўл қўл — жуванғарга Шоҳрух мирзо ва Халил Султон мирзо, жуванғар ҳиравули — илғорига Султон Ҳусайн мирзо, ўнг қўл — баранғарга Мироншоҳ мирзо, баранғар ҳиравулига Абу Бакр мирзо етакчилик қилади. Марказ — қўлнинг ўнг тарафида Умаршайх мирзонинг ўғли Аҳмад мирзо, Тоштемир ўғлон, Шоҳсувор сингари саркардалар жойлашади. Қўлнинг чап томонидан Жалол Ислом, Таваккал қарқара, Али Муҳаммад каби баҳодирлар ўрин олади. Қўшиннинг сафлари олдида 30 та жанговар фил муҳорабага шай қилинган эди. Қарши тарафда Боязид I Рум ва Фаранг мамлакатларидан жамланган черикига тартиб бериб, жангга ҳозир бўлиб турди. Қўшиннинг ўнг қаноти — баранғарда серб князи Стефан (Боязид I нинг қайниси) 20 минг кишилик фарангликлар б-н, чап каноти — жувангарда эса Мусулмон (Сулаймон) Чалабий (Боязид I нинг ўғли) Рум лашкари билан саф тортиб турди. Султон Боязид I нинг ўзи қўшин марказида қолиб, уч ўғли Мусо, Исо ва Мустафоларни чағдавул (қўшин орти)га қўйди. Жанг Мироншоҳ мирзо қўл остидаги баранғарнинг душман жуванғарига қилган шиддатли ҳужуми б-н бошланди.

Боязид I қисми амир Жаҳоншоҳ ва амир Қора Усмон раҳбарлигидаги Гейдар томонидан қилинган ҳужумга бардош бера олмай жанг майдонини ташлаб қочади. Боязид I қўшини сафларида пайдо бўлган саросималикни пайқаган Амир Темур барча амирзодалар, умаролар, нўёнларнинг биргаликда душманга ҳужум қилишларига ҳукм қилади. Шиддатли тўқнашув узоқ ва кескин давом этади. Ниҳоят, Соҳибқирон кучларининг қисувига бардоши қолмаган султон аскарлари чекина бошлайди. Боязид I қўмондонлигидаги жангчилар сўнгги дамгача қаршилик кўрсатадилар. Яничарлар битта қолмай қириб ташлангандан сўнг Боязид I ва унинг иккинчи ўғли Мусони Амир Темур томонидан 1388 й. Чиғатой улуси хонлигига кўтарилган Султон Маҳмудхон ибн Суюргатмишхон асир олади. Соҳибқирон Боязид I қўшинларининг қолган-қутган қисмини таъқиб этиб, Бурса, Измирни эгаллайди ва Мармар денгизи соҳилларига чиқади.

Амир Темур томонидан Боязид I қўшинининг тор-мор этилиши Усмонли турк салтанатининг маълум муддатга заифлашишига сабаб бўлди. Константинополнинг турклар тасарруфига киришини ҳамда уларнинг Марказий ва Ғарбий Европага қилмоқчи бўлган юришларини бирмунча фурсатга орқага сурди.

Ад.:И6н Арабшоҳ, Ажойиб ал-мақдур фи тарихи Таймур, Т., 1992; Шомий Низомиддин, Зафарнома, Т., 1996; Дадабоев Ҳ., Амир Темурнинг ҳарбий маҳорати, Т., 1996.

Ҳамидулла Дадабоев.


Кирилл алифбосида мақола: АНҚАРА ЖАНГИ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: А ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



АМИР ТЕМУР
Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ҲАРБИЙ САНЪАТ
ИРОҚ
ҲИНДИСТОН


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты