АРАБШУНОСЛИК

АРАБШУНОСЛИК — араб халқларининг тили, тарихи, иқтисодиёти ва маданиятини тадқиқ этувчи фанлар мажмуи. Арабшунослик асли араб бўлмаган (мас, туркий бўлган), лекин араб тилида ижод қилган олимларнинг маданий меросларини ҳам ўрганади. А. Ғарбий Евро-пада 16-а. охирида вужудга келди. Рим, Париж, Лейден унинг асосий марказлари бўлган. 19-а. — 20-а. бошларида араб грамматикаси, лексикография ва адабиетшунослик бўйича Сильвестр де Саси, Ж. Бело (Франция), К. Каспари (Норвегия), У. Райт, Р. Николсон (Буюк Британия), Г. Флейшер, Т. Нёльдеке, К. Броккельман, Г. Фрейтаг, X. Вер (Германия), Я. Голдус (Голландия), И. Гольдциер (Венгрия) и. т. ишлари олиб борганлар. Араб мамлакатларининг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти муаммолари билан Ж. Соваже, Э. Леви-Провансаль, К. Казн (Франция), К. Беккер (Германия), Д. Деннет, Б. Льюис, Г. А. Р. Гибб (Англия), К. А. Наллино, Э. Росси (Италия), Г. Кампфмейер (Германия), Ч. Адаме, Ж. Хейворт-Дэнн, Ш. Иссави (АҚШ), А. Хаурани, С. Лонгригг (Буюк Британия), Ж. Берк (Франция) ва б. араб-шунослар шуғулланганлар.

Ҳоз. Арабшунослик билан Лейден, Париж, Оксфорд, Кембриж, Галле, Прага, Рим, Қоҳира, Дамашқ, Байрут, Жазоир, Тунис, Работ, Хартум, Ҳайдаробод ун-тларида, шунингдек Араб мамлакатлари лигаси (Тунис) қошидаги Араб олий билимлари ин-ти, Исломшунослик ин-ти (Бағдод), Шарқ ва Африка мамлакатларини ўрганиш мактаби (Лондон), Шарқ тиллари мактаби (Париж) ва б. илмий марказлар шуғулланади.

Россияда Санкт-Петербург, Москва, Украинада Харьков, Татаристонда Козон ун-тларида араб тили ўқитиш йўлга қўйилган. Санкт-Петербург Арабшунослик маркази бўлиб қолган (19-а.). Россиядаги Арабшуносликка немис арабшуноси X. Д. Френ, миерлик Шайх Тантовийлар асос солган. Акад. Б. Д. Дорн, проф. В. В. Григорьев, проф. В. Ф. Гиргас, акад. В. Р. Розен каби арабшунос олимлар араб тили, адабиёти, дини ва тарихига оид кўплаб илмий асарлар яратганлар.

20-а. 20-йиллар бошларида Тошкент, Тбилиси ва Бокуда Арабшунослик мактаблари вужудга келди. В. В. Бартольд, А. Е. Кримский, И. Ю. Крачковский, М. А Салье, А П. Ковалевский, Т. А. Шумовский, П. Г. Булгаков, П. А. Грязневич, А. Б. Холидов ва б. ўрта асрлар араб ёдгорликларини таржима қилиб, нашр эттирдилар. 30 — 60-й. ларда Г. В. Церетели ва И. Н. Винниковлар Ўрта Осиё арабларининг тили ҳақида монографиялар езди. 70 — 80-йларда араб мумтоз ва ҳоз. замон адабиёти, тилшу-нослигига қизикиш кучайиб, бу ҳақда кўплаб илмий асарлар яратилди, энг муҳим асарлар таржима қилинди.

Ўрта Осиё, жумладан, ҳоз. Ўзбекистон ҳудудида араблар истилоси (8-а.)дан кейин араб тили дин ва илм-фан тилига айлангач, маҳаллий олимлар асарларини араб тилида ёза бошлаганлар. Хораз-мий, Форобий, Беруний, Ибн Сино, Маҳмуд Кошғарий, Замахшарий, Самъоний ва б. нинг фаннинг турли соҳалари — фалсафа, мантиқ, геол., тиббиёт, риёзиёт, фалакиёт, араб тили, адабиёти, фольклори, тарихи, этнографияси, тарихий географияси ва б. га доир рисолалари Шарқ ва Ғарб арабшунослари учун ҳоз. ҳам энг муҳим тадқиқот манбаи бўлиб қолмоқда. Ислом дини, фиқҳ ва Ҳадис илми соҳасида ҳам Туркистон олимлари кўплаб асарлар яратганлар. Булар жаҳон миқёсида (хусусан араб оламида ҳам) юқори баҳоланиб, тан олинган. 19-а. 80 — 90-й. ларида, айниқса, 20-а. бошларида Туркистонда Россиянинг мустамлакачилик мақсадидан келиб чиққиб Арабшунослик илмига бирмунча аҳамият берилди. Тошкентда «Археология ҳаваскорларининг Туркистон тўгараги» (1895), кейинроқ Петербург шарқшунослик жамиятининг Тошкент бўлими вужудга кедди. Ўзбек арабшунослари томонидан яратилган араб тили, фикх, тарих ва б. га оид асарлар, луғатлар, арабчадан ўзбек тилига қилинган таржималар нашр этилди.

Фитрат А. соҳасида бирмунча илмий ишлар қилди. Арабшунос Арабшунослик Шмидт араб тили, адабиёти, ислом тарихига доир тадқиқотлар олиб борди. Хаттот, манбашунос И. Одилов арабча қўлёзмаларга тавсиф езди, уларни қайта кўчирди. Шарқ-шунос С. Мирзаев араб тилшунослигига оид «Араб тили грамматикаси» номли илмий асар езди (1944). Ўзбек арабшунослари (У. И. Каримов, Ҳ. Ҳикматуллаев, Ш. Шоисломов, Н. Иброҳимов, А. Ирисов, А. Талабов ва б.) араб тилида ижод этган олимлар асарларини тадқиқ этиш ва уларни ўзбек тилига таржима қилишда катта ишлар олиб бордилар. Ар-Розийнинг «Сирр ал-асрор» («Сирлар сири») номли арабча асарининг ягона қўлёзмаси (рус тилида, 1957), Ибн Синонинг арабча «Ал-Қонун фиттибб» («Тиб қонунлари») асари (рус ва ўзбек тилларида, 1-нашри 1954—61 ва 2-нашри 1979—83) таржима қилиниб, нашр этилди. Берунийнинг араб тилидаги илмий ва адабий меросини ўрганиш борасида ҳам муҳим ишлар килинди. Унинг танланган асарлари (5-жилддан иборат) Ўзбек тилига таржима қилинди. Муҳаммад ибн Мусо Хоразмийнинг араб тилида ёзган асарлари тўплами «Танланган асарлар» (1983), «Астрономияга оид рисола»си (1983) ҳам таржима килиниб нашр этилди. Ўзбек арабшунос олимлари арабча қўлёзмаларни — «Ўзбекистон Фанлар академиясининг шарқ қўлёзмалари тўплами»ни нашрдан чиқардилар (рус тилида, 11 жилдли каталог, 1952—75).

Ҳоз. А. Ўзбекистон ФА Шарқшунослик илмий тадқиқот институти фаолиятида устувор йуналишлардан бири ҳисобланади, бундан ташқари замонавий Арабшунослик ишига Тошкент Ислом ун-ти ҳам салмоқли ҳисса қўшмоқда, Арабшунослик соҳаси учун етук мутахассислар тайёрлаш билан Тошкент давлат шарқшунослик институти шуғулланади.

Ад.: Лунин Б. В., Из истории русского востоковедения и археологии в Туркестане, Т., 1958; Ирисов Арабшунослик, Тошкентда арабшунослик, Т., 1964; Ўзбекистон шарқшунослари, Т., 1997.

Исматулла Абдумаев.


Кирилл алифбосида мақола: АРАБШУНОСЛИК ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: А ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



ФРАНЦИЯ
БУЮК БРИТАНИЯ
Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ГЕРМАНИЯ
АМЕРИКА ҚЎШМА ШТАТЛАРИ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты