БИОЛОКАЦИЯ (био…, юн. locusжой) —ҳайвонларнинг кўриш, эшитиш, ҳид билиш ва б. сезги аъзолари ёрдамида атроф муҳитни ёки бегона индивидлар (ўлжа, душман)ни, улар турган жой ёки уларгача бўлган масофани аниклаш хусусиятлари. Биолокация агар атрофдаги жисмлар ёки товуш, ҳид, иссиқлик, ёруғлик (бирор нарсадан акс этадиган)локатор ҳайвон томонидан қабул килиниши эвазига содир бўлса, пассив Б. ; локатор ҳайвон томонидан тарқатиладиган сигналларни объектдан акс этиб қайтиши (акссадо) орқали содир бўлса, фаол Биолокация —эхолокация дейилади. Пассив Биолокация ҳамма тирик организмларга хос бўлиб, ҳашаротлар ва япалоқ қушларда айниқса кучли ривожланган. Mac, япалоқ қушлар (бойўғли ва б.) горизонтал ҳамда вертикал текисликда локация қилганидан қоронғида ҳатто ҳаракатсиз сичқонни ҳам бемалол сезади. Бу ҳол кўр бўлиб қолган япалоққушларнинг ҳам яшашига имкон беради. Пассив Биолокация популяция ичидаги (жуфтлашиш, бир жинсни иккинчиси қидириб топиши), популяциялараро биоценологик алоқаларда (душмандан қочиб қутилиш, ўлжани тутиш) катта аҳамиятга эга. Пассив Биолокация туфайли табиий шароитда сезги аъзоларидан бири иккинчиси ўрнини босиши ёки тўлдириши мумкин (мас, ғирашира қоронғилик, туман, қалин ўтлар орасида). Пассив локациянинг ҳароратни сезиш орқали амалга ошадиган хили (термолокация) қалқонтумшуқ ва бўғма илонларда ривожланган. Илоннинг кўзлари билан бурун тешиги оралигида жойлашган чуқурчадаги терморецептор ҳароратнинг ҳатто 0,00Г даражада ўзгаришини ҳам сезади ва шу орқали қоронғуда ҳам ўлжасини бемалол тутади. Фаол локация қилиш қобилиятига эга бўлган ҳайвонлар ҳаёти пана жойлар (ғорлар) ёки су в ҳавзалари билан боғлиқ (жарқалдирғочлар, гуахоро, кўршапалаклар, дельфинлар, китлар). Айрим ҳайвонлар, балиқлар эхолокациянинг электромагнит туридан фойдаланади. Электр скатининг эхолокацияси принцип жиҳатдан техникада қўлланиладиган радарларга ўхшайди. Биолокациянинг акустик хоссаларидан фойдаланиладиган тури сонарларни эслатади. Акустик сигналлар ёрдамида эхолокация айрим қушлар (жарқалдирғочлар) ва сут эмизувчилар (кўршапалаклар) учун хос бўлиб, улар муҳитга ультратовуш тарқатиб, уларнинг акссадосини кабул қилади. Кўршапалаклар тарқатадиган товуш импульеларининг давомийлиги 1—100 кГц ва ундан ҳам ортиқ бўлади. Одам қулоғининг эшитиш чегараси эса 16— 2144 Гц ни ташкил этади. Дельфинлар ва китлар одатда қисқа давом этадиган акустик сигналлар тарқатади.