АРКТИКА (юн. arkticos — шимолий) — Ер шарининг Шим. қутбий области. А. Шимолий Муз океани, ундаги оролларни (Норвегия қирғоқларига яқин ороллардан ташқари), Атлантика ва Тинч океанларининг шим. қисмларини ҳамда Евросиё ва Шим. Американинг шим. чекка қисмларини ўз ичига олади. Одатда Арктиканинг жан. чегараси Шим. қутбдоирасига деярли тўғри келади. Умумий майдони тахм. 21,3 млн. км2, шундан 14,2 млн. км2 сув юзасига тўғри келади. Арктиканинг қуруқлик қисми Россия, Канада, АҚШнинг Аляска штати, Дания (Гренландия) ва Норвегия (Шпицберген) ҳудудларининг бир қисмини ўз ичига олади. Табиий хусусиятларига кўра, Арктика оролларининг кўпроқ (шим.) қисми Арктика муз зонасига, материк қисми ва жан. ороллар тундра зонасига киритилади. Россия Арктикасининг шим. қисмини ўзлаштиришда шу ердан ўтадиган Шим. денгиз йўли катта роль ўйнаган.
Геологик тузилиши. Арктика ҳудудида асосан қад. кристалл қалқонлар ва платформалар, қуйи палеозой, юқори палеозой ва мезозой бурмали структуралари учрайди. Учламчи даврнинг ўрталаригача Арктиканинг кўп қисми қуруқлик ва иқлими илиқ ҳамда сернам бўлган. Сўнгра ер чўкиб, Шим. Муз океанининг асосий ботиқлари пайдо бўлган. Айни вақтда сув ости тизмалари ва остоналар ҳамда Арктика қуруқлик қисмининг айрим жойлари, айниқса, Осиёнинг шим.-шарқи, Таймир, Урал, Гренландия ва Элсмир о. кўтарилган. Бундай ҳаракатлар тўртламчи дав-рда ҳам давом этган ва баъзи бир р-нларда (Шпицберген, Осиёнинг шим.-шарқи ва б. жойларда) вулканлар отилиб турган. Тўртламчи даврда иқлим совиб кетган. Натижада музликлар пайдо бўлган. Бу музликлар Арктикадан узоқ, масофагача бостириб борган. Арктиканинг кўпгина қисмларида, айниқса Гренландия денгизида ва Лаптевлар денгизида 6—8 баллгача ер қимирлаш ва денгиз зилзиласи бўлиб туради.
Фойдали қазилмалари. Арктикада тошкўмир ва қўнғир кумир конлари, тоштуз, рангли ва нодир металл рудалари, оптика хом ашёси ва 6. фойдали қазилмалар бор.
Рельефи. Евросиё материк қисмининг ер юзаси асосан Россия текислигининг, Ғарбий Сибирь пасттекислигининг шим. чекка қисмлари ва б. дан иборат. Шу билан бирга, бу срга баъзи тоғлар ҳам кириб келган, булардан Осиёнинг шим.шарқидаги тоғлар, Таймир я. о. даги Бирранга ва Урал тоғларининг шим. қисми Арктиканинг йирик тоғларидир. Шим. Американинг материк қисмида пастроқ (асосан 200 — 400 м) ясситоғликлар катта майдонни эгаллайди. Арктика даги барча ороллар келиб чиқиши бўйича материк ороллардир ва Гренландиядан бошқалари материк саёзлигида урнашган. Оролларнинг ер юзаси купинча тоғлардан ибо-рат. Энг баланд тоғлар Гренландиянинг шарқида (Гунбьёрн тоғи 3700 м — А. нинг энг баланд чўққиси), Баффин Ерида ва Элсмир ода. Материк саёзлигининг кенглиги Евросиё қирғоғи яқинида 1200 — 1300 км. Материк саёзлигидан океаннинг марказий қисмига томон қатор тизмалар ва баландликлар жойлашган. Улардан энг йириги Канадасибирь сойлигини ҳамда Гренландия-Европа сойлигини ажратиб турадиган Ломоносов тизмасидир.
Иқлими. Арктика иқлимининг асосий хусусияти йил давомида т-ранинг паст булишидир. Ёзда ҳам қуёш пастда бўлганидан ерни кам иситади. Қишда эса ҳаво ҳаддан ташқари совийди (қутб кечаси узоқдавом этади). Йилда 1 см2 га 50 — 80 ккал иссиқлик тушади. Янв. нинг ўртача т-раси Атлантика бўйи секторининг жан. да — 3° бўлса, марказий қисмида — 40° га етади, июлники 10° дан (жан. чегарада) 0° гача (марказий қисмида). Шим. қутб яқинида энг паст т-ра — 55°, — 60° ва энг юқори т-ра 6°.
Арктиканинг марказий қисмида шамол у қадар кучли булмайди, жан. чеккасида тез-тез кучли (15 м/сек ва ундан ортиқ) шамоллар булиб туради. Т-ра паст ва буғланиш кам булганидан ҳавода мутлақ намлик кўп эмас. Марказий қисмида йилига 75 — 100 мм, жан. чеккасида 300 — 400 мм ёғин ёғади. Арктикада қишда қор буронлари бўлиб, туман тушади. Ҳаммаёқни булут қоплаб ётади. Ёзда ёғин тез-тез ёгиб туради. Т-ра паст бўлганлигидан музлоқ ерлар кўп. Баъзи бир р-нларда (Аляска, Шарқий Сибирь) қазилма музлар бор.
Ички сувлари. Арктиканинг материк қисмида дарё куп. Бу дарёлар йилига 8 — 10 ой музлайди. Тундра зонасида, айниқса, Шим. Америка ва Европада кичик кўл кўп, океан сувининг т-раси паст. Океаннинг катта қисмида устки қатламда (100 — 250 м чуқурликкача) т-ра йил давомида — Г атрофида бўлиб туради. Буғланишнинг камлиги ва қуйиладиган дарёларнинг кўплигидан денгиз суви у қадар шур эмас (30%о). Шим. Муз океанига Атлантика океанидан йилига 145 минг км3 илиқ сув келиб уни илитади, океан орқали эса ҳаво ҳам илийди.
Денгиз музлари. Арктика сув юзасининг кўпроқ қисми йил давомида сузиб юрувчи музлар (қишда 11 млн. км2 ва ёзда 8 млн. км2) билан қопланган. Бир йиллик музларнинг қалинлиги 0,8 — 1,3 м, кўп йиллик музларнинг қалинлиги 3 — 4 м, торрс музларники 10 — 15 м га етади. Айсберглар ва муз ороллари учрайди. Музлар асосан Гренландия денгизига томон сузиб боради, уларни Арктикадан Шарқий Гренландия оқими олиб кетади. Баъзи бир р-нларда доимий айланма оқимлар ҳам бор. Улардан энг йириги Канада сибирь сойлигидадир.
Музликлари. Арктика ороллари ер юзасининг анча қисми қалин музликлар билан қопланган. Уларнинг умумий майд. 2 млн. км2 дан ортади. Шундан 1800 минг км2 Гренландияда, 56 минг км2 Арктиканинг Россия қисмида.
Ўсимликлари ва ҳайвонот дунёси. Ўсимликларнинг турлари кам. Гренландияда 450 га яқин, Новая Земляда 208, Франц-Иосиф Ерида 36 гулли ўсимлик тури бор. Шим. қисмида ўсимлик айниқса сийрак. Бу ерларда замбуруғлар кўпроқ ўсади. Жан. тундра зонасида йўсин, замбуруғ, ўт ва буталардан иборат икки ярусли ёки уч ярусли ўсимлик туркумлари ўсади. Пакана қайин, тол, багульник ўсадиган бутазор тундралари бор. Денгиз сувларида ўсимлик ва зоопланктон жуда куп. Арктикада баъзи бир йирик сут эмизувчилар: қуруқликда оқ айиқ, денгизда морж ва тюленлар яшайди. Канаданинг шим. да ва Гренландияда қучқорбуқа учрайди. Арктикада паррандалар деярли булмайди, ёзда ҳамма ёқни куш босиб кетади («қушлар бозори»): гага, ўрдак, кайра, чистик ва б. Шим. Муз океанининг Атлантика оке-анига яқин қисмида баликлар ниҳоятда кўп тупланади. Балиқ кўп овланади. Дарёларнинг этакларида омуль, голец, стерлядь, нельма учрайди. Арктикада судралиб юрувчилар ва амфибиялар мутлақо йўқ. Тадқиқ қилиниш тарихи. Ю-а. да Гренландияни норманнлар кашф этган. 12-а. дан руслар Колгуев, Вайгач, Новая Земля о. ларини кашф этдилар. 1596 — 97 й. ларда голланд сайёҳи В. Баренц Новая Земляда қишлаган. 17-а. да рус саноатчилари ва казаклари (М. И. Ребров. М. В. Стадухин, С. И. Дежнёв ва б.) Челюскин бўрнини айланиб утиб, Осиё билан Шим. Америка оралигидаги бўғозни кашф этганлар. Арктика асосан 18 — 19-а. ларда харитага туширилди. Ана шу вақтда энг йирик илмий тадқиқотлар рус олимлари — Ф. П. Литке (1821—24), П. Ф. Анжу (1820—24) ва Ф. П. Врангель (1820— 24) томонидан олиб борилган. Англия тадқиқотчиси Ж. Франклин (1819-22, 1825-27 ва 1845) Канада Арктика архипелаги ва Америка секторининг материк қисмида, норвег тадқиқотчиси О. Свердруп (1898-1902) Канада Арктика архипелагида иш олиб борди; швед олими А. Э. Норденшельд (1878—79) — «Вег» кемасида ва норвег тадқиқотчиси Ф. Нансен (1893—96) «Фрам» кемасида сузди. 20-а. да энг йирик экспедициялардан норвег сайёҳи Р. Амундсеннинг «Йоа» (1905—06) ва «Мод» кемаларида сузиши (1922—24), Америка сайёҳи Р. Пирининг Шим. қутбга етиб бориши (1909 й. 6 апр.) ҳамда Россия пароходи «Георгий Седов»нинг сузиши (1937—39) Арктикани ўрганишда катта аҳамиятга эга бўлди. Россия секторида кўпдан-кўп доимий қутб ст-яларида қуруқликда материал тўплашдан ташқари, 1937 й. дан бошлаб Арктика сузиб юрувчи илмий ст-ялар ёрдамида мунтазам равишда тадқиқ қилинган. 1948 й. да сув ости тизмаси кашф қилинди ва бу тизмага Ломоносов номи қўйидди. 1958 й. да кўпгина мамлакатлар Халқаро геофизика йили дастури асосида Арктикада тадқиқот ишлари олиб бордилар.