АРОМАТИК БИРИКМАЛАР (юн. aroma — хушбўй, муаттар) — молекуласи бир ёки бир неча бензол ядроларидан ташкил топган органик бирикмалар ва уларнинг ҳосилалари. Энг оддий вакиллари — бензол (С6Н6) ва унинг ҳосилаларидир. Бензол ядросидаги қўшбоғларнинг оддий боғлар орқали боғланишидан ҳосил бўлган бензол ҳалқалари тизими туфайли Ароматик бирикмалар ароматик хусусият касб этган ва шунинг учун улар алифатик бирикмалар ҳамда алициклик бирикмалардан катта фарқ қилади. Ароматик бирикмалар электрофиль ва нуклеофиль алмашиниш реакциялари (галогенлаш, нитролаш, сульфолаш, алкиллаш, ариллаш ва б.)га осон киришади. Mac, нитрат кислота таъсирида бензол нитробензолга айланади. Бир пайтлар Ароматик бирикмалар дейилганда фақат муаттар табиий бирикмалар (ўсимликлардан олинадиган эфир мойлари, бальзамлар, смолалар ва б.) тушуниларди. Бу бирикмаларга «ароматик», яъни хушбўй деган ном ҳам ўша вақтда берилган. Ҳозир эса Ароматик бирикмалар сўзи ўз маъносини йўқотган, чунки хушбўй бирикмалар ҳар хил синфга кирувчи органик бирикмалар орасида ҳам мавжуд. Кўпчилик Ароматик бирикмалар қўланса ёки деярли ҳиди йўқ. 19 – а. ўрталаридан Ароматик бирикмалар кимёси жуда тез ривожлана бориб, улар техника ва лаб. ишларида қўллана бошлади. Ароматик бирикмалар барқарор моддалардир. Уларни бошқа синф бирикмаларидан қатъий шароитлардагина ҳосил қилиш мумкин. Мас, бензолни 650° да ацетилендан фаол кўмир иштирокида ёки циклогексанни дегидридлаб олиш мумкин. Ароматик бирикмалар алифатик бирикмаларни дегидроцикллаш, полимерлаш ёки конденсатлаш йўли билан олинади. Бу реакциялар ароматлаш реакцияси дейилиб, улар ўсимлик, ҳайвон организмлари ва микроорганизмларда ҳам рўй беради. Бензин ҳам саноатда ароматлаш реакциясидан ўтказилади, натижада бензиннинг хусусиятлари яхшиланади. Тошкўмирни кокслаб ёки нефтни термик ва каталитик крекингга учратиб ҳам Ароматик бирикмалар ҳосил қилиш мумкин.