БОБИЛ-ОССУРИЯ МАДАНИЯТИ

БОБИЛ-ОССУРИЯ МАДАНИЯТИ — қадимда (мил. ав. 4—1-минг йиллик) Месопотамия ( ҳоз. Ироқ ҳудуди)да яшаган ва Шумер, Аккад, Бобил ва Оссурия каби йирик давлатлар барпо этган халқлар — шумерлар ва аккадлар, бобилликлар ва оссурияликлар маданияти; бир томондан кжсак даражада тараққий этган илмфан, адабиёт ва санъат ҳамда бошқа томондан диний мафкуранинг устувор бўлганлиги б-н ажралиб турган.

Бу халқларнинг моддий маданияти нисбатан юқори даражада бўлган. Бирок тош қуроллар фақат мил. ав. 3-минг йиллик бошларига келгандагина узилкесил истеъмолдан чиққан. Металлургияда 3-минг йиллиқда қуймачилик, темирчилик, зарбчилик, олтин ва кумуш симлар тайёрлаш, нафис заргарлик усуллари маълум бўлган. Асосий қурилиш материали хом ғишт (гувала) ва маълум даражадагина пишиқ ғишт ҳисобланган; биноларни гумбазли қилиб қуриш, ернинг захини қочириш, зовурлар очиш ва б. усуллар маълум бўлган, лекин унчалик ривожланмаган. Кейинроқ техника тараққиёти куртаклари сезиларли даражада бурта бошлаган. Ҳарбий техника такомиллашган — араваларда жанг қиладиган қўшинлар (2-минг йиллик бошида), мис совутлар (2-минг йиллик ўрталаридан), отлиқ аскарлар, қилич, мустаҳкамланган ҳарбий истеҳкомлар, қамал қилиш қуроллари — ўткир учли хода (таран) лар пайдо бўлган, тош кўприклар, чарм мешлардан қалқма кўприклар қурилган. Мил. ав. 1-минг йилликда Оссурия ва Бобилда темир қуроляроғлар пайдо бўлди, ҳунармандчиликда олмос парма ишлатила бошланди. Тахм. 2 ва 1 минг йиллик ўрталарида янги суғориш техникаси — чархпалаклар ва чарм пақирли «узлуксиз» арқон сув чиқаргичлар пайдо бўлди. Мил. ав. 7-а. да Оссурияда дастлабки тош қувур (акведук) қурилди.

Фан тараққиётининг муҳим омили инсоннинг хўжалик фаолияти бўлди, чунки у ўлчовлар тизимини ишлаб чиқишни, ер майдони ўлчамларини, дон омборлари ва сунъий сув ҳавзалари ҳажмини аниқлаш усулларини билишни, каналлар қазиш, иморатлар қуриш ва ҳунармандчиликда банд бўладиган ишчи кучини ҳисоблай олишни талаб қиларди. Ана шу омилларнинг натижаси ўлароқ мил. ав. 3-минг йиллик охирида шумербобил математика си яратилди. Бобил математиклари шумерликлар илгарироқ яратган олтмишлик позицион ҳисоб тизимидан кенг фойдаланишган; шу тизим асосида турли ҳисоблаш жадваллари: сонларни бўлиш ва кўпайтириш, сонларнинг квадратлари, кублари ҳамда квадрат ва куб илдизлари ва б. жадвалларни тузишган (қ. Математик миххат матнлари). Бобилликлар квадрат тенгламаларни ечишган, «Пифагор теоремаси»ни ва турли «Пифагор сонлари»ни топиш усулларини (Пифагордан минг йилдан ортиқ вақт илгари) билишган; ер майдонлари, жойлар, айрим бинолар тархларини чизишган (лекин масштабга риоя қилишмаган), фазовий жисмларнинг ҳажмини аниқлай олишган.

Бобилликлар кимё борасида ҳам катта муваффақиятларга эришишган, бу ютуқлар албатта соф амалий тарзда бўлган. Мил. ав. 2-минг йилликдан бошлаб жез тайёрлашнинг кўплаб рецептлари сақланиб қолган, сиркори сопол буюмлар ва уларнинг рангбаранг нақшлари маълум бўлган.

Бобилда географик тасаввурл а р ни ибтидоий чизмалар — «дунё харитаси»да умумлаштиришга ҳаракат қилинган. Харитада ер ясси кўринишда ва уни тоғлардан оқиб келувчи Дажла ва Фурот дарёлари кесиб ўтган тарзда тасвирланган. Буларнинг ҳаммаси дунё океан билан ўралган ва ер ҳам унинг устида сузиб юради деб тасаввур қилинган. Бобилликлар ўзлари яшаётган жойни одамлар яшайдиган қуруқликнинг маркази деб билганлар. Океан «осмон тўғони» билан ўралган, унинг устида бир неча (учта ёки егтита) осмон гардиши ўрнашган, ер остида эса жаҳаннам («Улуғ тоғ») жойлашган деб ўйлаганлар. Лекин савдо ишлари б-н узоқяқин мамлакатларга қатнаган бобиллик савдогарларнинг географик тасаввурлари анча кенг бўлган (1-минг йиллик бошларида уларга Пиренеи я. о. дан Ҳиндистон я. о. гача бўлган ерлар маълум эди).

Ўша даврда тиббиёт ҳам жадал ривожланди. Жарроҳлик йўли билан оёққўлларни кесиб ташлаш, синган жойларни битириш, кўзга тушган оқларни олиб ташлаш ва б. тиббий муолажалар бажарилар эди. Мил. ав. 2-минг йилликнинг 2-ярмидан ва 1-минг йилликнинг 1 ярмидан ҳозиргача етиб келган тиббий матнларда инсон танасининг бўлаклари анатомик тизимга солинганлиги маълум бўлди. Баъзи касалликлар ва тегишли дори-дармонлар ҳам муайян тизимга солинган экан.

Астрономик ва метеорологик қайдлардан илми нужум (астрология) ва фалакиётшунослик (астрономия) ривожлана бошлади. Қўзғалмас юлдузларга зид ўлароқ оҳиста ўтлаб юрган қўйларга қиёсласа бўладиган сайёралар аникланди ва улар «биббу» (сайёра) ва «эчки» (ўзб. «қўй») деб аталди. Ҳар қайси сайёра ўзига монанд алоҳида ном билан аталди («биббу» деб аталган Меркурийдан ташқари): Зуҳра (Венера) — «Дильбат», Юпитер — «Мулубаббар» («юлдузқуёш»), Марс — «Залбатану» ва Сатурн — «Кайману». Сайёралар ҳаракатини кузатиш ҳам ўша даврда бошланди; хусусан, Зуҳра сайёрасининг ҳаракатини ўрганишга доир матнлар сақланиб қолган. Фалакиётшуносликнинг қиёсан тезроқ ривожланишига сабаб ой таквими (календар)га эҳтиёж катталиги бўлса ажаб эмас. Мил. ав. 2-минг йиллик ўрталаридаёқ юлдузлар туркумларининг баёни берилди, ёритқичларнинг гелиакал чиқишлари қайд қилиб борилди ва б. Мил. ав. 1-минг йиллик ўрталаридан бошлаб кабиса ойларни киритиш учун қатъий қоидалар белгиланди, ҳисоблаш фалакиётшунослиги жадал ривожланди. Бобил фалакиётшуносларининг фанга қўшган катта ҳиссаси сароснинг очилиши бўлди.

Бобил фалакиётшунослиги қўшни халқлар, шу жумладан, қад. юнон фанига ҳам катта таъсир кўрсатди.

Шумербобил ўлчовлар ва тошлар тизими қад. Олд Осиё ўлчовлар тизимига ҳам асос бўлди, олтмишлик позицион саноқ тизими эса бизнинг давримизгача етиб келди. Мае, градуслар (соатлар), минутлар ва секундлар айнан «ўша» олтмишлик тизимига асосланган.

Бобил фани асослари билан қўшни халқлар — эламийлар, хуррийлар, хеттлар, финикияликлар ҳам таниш бўлишган. Унга Оссуриянинг қўшган улуши унча сезиларли бўлмаган, лекин Бобилда яратилган илмий асарларнинг аксарияти мил. ав 12—7-а. ларга оид Оссурия кутубхоналари оркали ҳоз. давргача етиб келган. Юнон илмфани Бобил илмфанининг айрим ютукларини (Финикия ва Кичик Осиё орқали) ўзлаштирган, аммо Бобил астрономияси юнон астрономиясига бевосита таъсир кўрсатган.

Мил. ав. тахм. 2100 й. да тузилган «Подшоҳлар рўйхати»ни тарихнинг фан сифатида бошланган пайти деб ҳисоблайдиган илмий концепция мавжуд. Бу асар энг қад. даврлардан — «подшоҳлик осмондан тушган» пайтдан то сўнгги подшоҳларгача бўлган давр мобайнидаги тарихий воқеаларнинг баёнидан иборат. Бу рўйхат подшоҳ ҳокимиятини мутлақ эканлиги ғоясини асослаш учун тузилган.

Аввал суратлар, кейинчалик ривожланиш жараёнида вужудга келган миххатлар тарзидаги ёзув белгилари рўйхатини кўҳна Икки даре оралиғига мансуб илк илмий битиклар деб ҳисоблаш мумкин. Худди шундай белгилар асосида ёзилган терминлар рўйхати ҳам бор. Бу каби рўйхатлар тахм. мил. ав. 3-минг йилликда тузилган. Кейинчалик турмуш тақозосига кўра филология соҳасида муайян билимлар тўпланган. Шумер тили жонли сўзлашувдан қолиб, унинг ўрнини аккад тили эгаллаши муносабати б-н шумер тилини дин ва ўқитув (мактаб) тили сифатида ўрганиш учун қўлланмалар яратилган, турли соҳаларга хусусан, ўсимликлар, ҳайвонот ва минераллар ва б. га оид сўзлар, махсус терминлар рўйхати тузилган. Мил. ав. 2-минг йиллик бошларида шумераккад умумий ва терминологик луғатлари пайдо бўлган, ҳатто этимологик луғатлар тузиш учун ҳаракатлар бўлган. Кейинчалик мазкур ҳудудда ва ундан ташқарида кўп тилли луғатлар ҳам тузилган: мас, шумераккадгарбий сомийхуррий, шумераккадхетт ва б. Грамматикага оид қўлланмалар тузилган. Кўҳна Икки даре оралиғида илмфан ўчоғи бўлиб (2минг йиллик ўрталаригача) эдуббалар, яъни дунёвий билимлар берувчи мактабакадемиялар ҳисобланган, уларда асосан мирза (хаттот)лар тайёрланган. Яна эҳромлар мактаби ҳам мавжуд бўлганлиги эҳтимолдан холи эмас. Маълумотли киши учун мирзолик фахрли унвон бўлган. Иқтидори ҳамда ихтисослигига кўра мирзоларнинг 20 тури фаркланган. Мактабга оид дидактик матнлар орасида деҳқончилик бўйича қисқача маълумотнома ҳисобланган «Деҳқон учун ўгитлар» айниқса машҳурдир. Бизгача етиб келган миф ларда асосан суғорма деҳқончилик, ҳамда ўтроқ овчилик ва чорвачилик билан шуғулланувчи аҳолининг тасаввурлари ўз аксини топган. Икки дарё оралиғидаги қад. халкдар тушунчасига кўра, ер текис бўлиб, сув устида туради, атрофи ҳам сувликлар билан ўралган. Бу сувлар ер юзига қудуқ ва дарё сувлари сифатида чиқади, улар осмон сувларидан «Осмон тўғони» билан ажратилган ва бу тўғонда бир неча қаттиқ осмон жисмлари — ҳаво, Қуёш, Ой, сайёралар ҳамда ҳаракатланмайдиган юлдузлар жойлашган. Ер қаъри — ўликларнинг зулматга чўмган шаҳри. Олам ёки она худо, ёки эркак худо (Энлиль, Мардук; кейинги давр мифологиясида) яратилган. Mac, Бобил мифларига кўра (мил. ав. 2-минг йиллик) кекса авлод ва ёш авлод худолар ўртасидаги курашда кекса худоларга маъбуда Тиамат («Денгиз»), ёш худоларга маъбуд Мардук бошчилик қилган. Мардук Тиаматни ҳалок этади ва унинг танасини икки нимта қилади. Бир бўлагини ер ости сувларига, иккинчи бўлагини осмон сувларига айлантиради. Тўфон ҳақидаги миф бошқа мифлар орасида алоҳида диққатга сазовор. Унда айтилишича, бу тўфонда ёлғиз бир одам — донишманд Зиусудр (шумер мифологиясида; аккад мифологиясида — Утнапишти) кемада қутулиб қолган. Бу мифларга ҳаётийликни балки Икки дарё оралиғида тез-тез юз бериб турган ҳалокатли сув тошқинлари бахш этган бўлиши мумкин. Маъбуда Иннин (шумерларда; аккадларда — Иштар) ҳақидаги мифда баён қилинишича, у мархумлар маъбудаси билан баҳслашиш учун ўликлар дунёсига тушади, аммо ўз севгилиси Думузини ўзи учун товон сифатида ўликлар маъбудасига қолдириб ер юзига қайтиб чиқишга муваффақ бўлади. Энг қизиқарли қаҳрамонлик мифлари маҳаллий туркумларга гурухданади. Урук ш. мифлари туркуми ичида Энмеркар, Лугальбанд ва Гилгамеш номлари билан боғлиқ мифлар энг диққатга сазовор мифлардир. Шунингдек, бургут ва илоннинг бир-бирига душманлиги ҳамда қаҳрамон Этанининг бургут устида кўкка кўтарилишга уриниши ҳақидагилари машҳур.

Икки дарё оралиғида яшаган қад. халқдарнинг д и н и изчил ақида тизимидан эмас, балки айрим маҳаллий маъбудларга сиғинишдан иборат эди. Аммо бу ҳол бошқа маъбудларга сиғинишни истисно этмасди. Ижтимоий тараққиёт жараёнида мазкур дин муҳим ўзгаришларга дучор бўлган. Мил. ав. 3-минг йилликда шумерлар динида айниқса айрим жамоаларнинг ҳомийлари бўлмиш маъбуд ва маъбудаларга сиғиниш кучаяди, булар, одатда, ўсимлик дунёси ҳамда суғорма деҳқончиликнинг ҳам маъбудлари эди. Қуёш маъбуди — Уту, Ой маъбуди — Зуэн (Нанна), Осмон маъбуди — Ан, муҳаббат ва Венера (Зухра) юлдузи маъбудаси — Иннин (Инанна), ер ости сувлари маъбуди, донолик ва маданий ихтиролар ҳомийси — Энки кабиларга ҳамма жойларда сиғинилсада, уларнинг ўз жамоа марказларида ҳам ибодат қилинарди. Энлиль маъбуди — энг олий маъбуд ҳисобланар, Энлиль, Ан ва Энки улуғ маъбудлар учлигини ташкил этарди. Ўсимликлар дунёси, шунингдек чорвачилик соҳасининг ўлиб борувчи ва қайта тирилувчи маъбудлари — Думузиабзу (Таммуз) ва б. га топиниш ҳам, шумерлар ҳаётида зўр аҳамиятга молик ибодат деб саналарди. Шумерлар ўлимдан кейинги дунёни қопқоронғу ер ости шаҳари деб тасаввур этишарди. Бу зулмат шаҳрида Эрешкигаль маъбудаси (ёхуд Нергал маъбуди) ҳукмронлик қилармиш. Яхшилик ва ёвузлик рухдарига ишониш ҳам кенг тарқалган эди.

Мил. ав. 3-минг йиллик охирида ягона мустабид давлат мустаҳкамлана борди. Шу туфайли маҳаллий маъбуд ва маъбудаларга сиғиниш ўрнини бутун мамлакат учун умумий бўлган маъбудга топиниш эгаллади. Диний тизимда кишилар маъбудларга қурбонлик келтирувчи қуллар даражасига тушиб колли, шоҳлик ҳокимияти эса илоҳий куч деб эълон қилинди.

Икки дарё оралигининг сомий (аккад) аҳолиси дастлаб ўз қабила маъбудларига сиғинарди. Аммо мил. ав. 3-минг йиллик ўрталарига келиб Икки даре оралигида яшовчи сомийлар динида ҳам шумер маъбудлари ҳукмронлик кила бошлади. Маъбудларнинг бир қисми шумер маъбудларига хос номлар билан бир қаторда ёхуд улар ўрнига сомийча номлар билан ҳам аталарди (Энлиль — Бел, Иннин — Иштар, Уту — Шамаш, Энки — Эа, Ан — Ану, Нанна — Син ва ҳ. к.).

Бобил равнақ топган даврда (мил. ав. 18-а.) мазкур шаҳарнинг ҳомий маъбуди Мардук — олий маъбуд деб эълон қилинган. Мил. ав. 1-минг йилликда айрим маъбудларнинг самовий жисмлар б-н тенглаштирилиши негизида астрал эътиқрдлар ривожланди. Шим. шаркий Икки даре оралигида, Оссурияда айни шу умумий маъбудга сиғиниш кенг тарқалди, бунга айрим маҳаллий (хуррий ва б.) маъбудларга топиниш ҳам қўшилди, аммо Оссурия бош шаҳрининг ҳомийси — Ашшур олий маъбуд ҳисобланиб, у шаҳар номи билан шундай деб аталарди. Олий маъбуд (Энлиль, Мардук ёки Ашшур) билан бир каторда 7 ёки 12 та бош маъбуд ҳам тан олинарди.

Қабила бошлиғига жамоа ҳаётий кучқудратининг тимсоли сифатида сиғинишга асосланган тасаввурлар ҳам сақланиб қолганди. Бобилда ҳар йили маросим ўтказилиб, унда подшоҳ ўрнини вақтинчалик камбағал бир киши ёхуд қул эгаллар, уни бош коҳин урибсавалаб қўярдики, бу удум ҳам кексайиб, кучдан қолган қабила бошлиғини ўлдириш маросимининг қолдиғи эди. 2—1-минг йиллнкда гуноҳ ва тавбатазарру тушунчаси кенг тарқалади, аммо бу ҳам асосан маросим тарзида қабул қилинарди. Коҳинлик касб сифатида Икки дарё оралиғида жуда эрта — 4-минг йилликдаёқ вужудга келди. Ҳукмдор (подшоҳ) — коҳин ҳисобланарди. Ибодат русумларини ўтказиш мақсадида мил. ав. 4-минг йилликда жамоа эҳром хўжаликларидан махсус катта эҳром хўжаликлари ажралиб чиқди, кейинчалик улар подшога қарашли хужаликларнинг таркибий қисмларига киритилди.

Икки дарё орасидаги халқларнинг мил. ав. 3-минг йиллик 1-ярмидаги адабиёти деярли огзаки бўлган. Мил. ав. 19—18-а. ларга тааллуқли ёзма манбалар орқали бизга қадар етиб келган шумер эпик қўшиқлари айнан ўша даврларга мансуб бўлса керак. Урук ш. қаҳрамонлари — Энмеркар, Лугальбанд, Гилгамеш ва б. ҳақидаги бир туркум қўшикларда баъзи тарихий маълумотлар ҳам учрайди. Илонлар кушандаси Лугальбанд, Иннин маъбудасининг мажнунтоли ва б. ҳақидаги қўшиқлар эса мифологик тавсифга эга. Маъбуда Инниннинг дўзахга тушиши ҳақидаги эътиқодий эпик қўшиқ архаиклиги билан ажралиб туради. Олтин давр, маданий кашфиётларнинг вужудга келишига бағишланган этиологик эпик қўшиқлар анча кейинги даврларга мансуб. Мил. ав. 24—21-а. лар подшоҳлар Саргон ва Нарамсинларнинг кўрсатган қаҳрамонликлари, юришлари ҳақидаги шумер ҳамда аккад тилида куйланган тарихий — қаҳрамонлик эпослари кенг шуҳрат топган давр бўлди. Шоҳларни ахлоқсизлик ва нопокликда айбловчи, умуман подшоҳлар ҳукмронлигига қарши руҳдаги ахлоқийдиний достонлар ҳам уларга бағишланган. Гилгамеш ҳақидаги эпик достонда (баъзи манбаларда мил. ав. 26-а. деб, баъзиларда эса 22-а. деб кўрсатилади) фожиавий инсон тақдири ва абадиятга етказувчи чорани излаш йўлидаги уриниш юксак бадиийлик билан тасвирланган. Мил. ав. 22-а. дан бошлаб баъзи расмий уйма ёзувлар (шумер тилида битилган Гудея эҳроми қурилиши ҳақидаги ва подшоҳ Утухегалнинг кутийлар тўдаси устидан козонган ғалабасига бағишланган битикдостон) вужудга кела бошлайди. Мил. ав. 18-а. га ва ундан кейинги даврларга оид ёзма манбалардан маълум бўлган кўпгина панднасиҳат тарзидаги адабиётлар ҳам мил. ав. 3-минг йиллик охирларига мансубдир. Муаллифи. Шуруппак ва унинг ўғли Зиусудр деб тахмин қилинаётган ҳикматли ўгитлар ана шундай адабиётлар қаторига киради. Бундан ташқари, ҳақиқий инсоний мусибатларни ифода этувчи тавбатазаррулар, марсиялар, шунингдек шумерларнинг 2 та ажойиб тўй ҳамда 2 та дафн маросими қўшиклари диққатга сазовордир. Аккад мумтоз адабиётининг шаклланиши мил. ав. 16—12-а. лардаги касидачилик адабиёти даврига тўғри келади: 7 та қўшиқцан иборат фалакиётга оид достон (ҳувиллаган бўшликдан (хаосдан) олам яралишига, худоларнинг кекса ва ёш авлодлари курашига бағишланган) шу жумладандир. Мавжуд борлиққа ишончсизлик, ҳатто танқидий кўз билан қаралувчи «Ниппурлик қашшоқ» каби достонлар ҳам юзага келади.

Оссуриянинг ўзига хос адабий ёдгорликлари бизгача деярли етиб келмаган. Фақат Бобил адабий жанрларига ўхшатма тарзда достон. мадҳия ва ибодат матнлари учрайди; буларнинг баъзилари подшоҳ Ашшурбанипал томонидан ёзилган. Оссурия адабиётининг мустақил жанри подшоҳ анналлари ҳисобланади. Буларнинг баъзилари ритмик наср намунаси сифатида жанг манзарасини жонли, рангбаранг бўёқларда ифода этади: Саргон II нинг (мил. ав. 714 й. да) Урартуга қилган юриши ҳақида Набушаллимшунунинг маъбудга ёзган хати бунга мисол бўла олади. Мил. ав. 7-а. да Оссурия давлати тугатилгач, бирор арзигулик адабиёт намунаси яратилмаган. Кўҳна Бобил, шунингдек қисман шумер кўҳна адабий ёдгорликлари (асосан диний мавзудаги) мил. ав. 1-а. гача жонли оромий тилиц» қайта кўчириб келинган. Анналлар, йилномалар ва башоратлардан ташқари кўҳна Икки дарё оралиги халкларининг барча адабиёти шеърий асарлардир.

Қад. дунё бадиий маданиятида мил. ав. 4—1-минг йилликлардаги Месопотамиянинг қабила ва халкларининг нафис санъати муҳим ўрин тутади. Месопотамияда Қад. Мисрда бўлгани сингари меъморлик, ҳайкалтарошлик, санъатлар уйғунлиги, инсон ва атроф муҳит тасвирининг кейинги даврларга хос бўлган кўпгина турлари илк бора шаклланиб тараққий этди.

Месопотамиядаги қад. бадиий ёдгорликлар (лойдан қўлда ясалган диний бўяма сопол идишлардаги бир хил қолипдаги геометрик нақшлар ва услублаштирилган қуш, ҳайвон ва инсон тасвирлари; лойдан ясалган ҳайкаллар) мил. ав. 5—4-минг йилликка оид. Мил. ав. 4-минг йилликнинг ўрталаридан кулоллик чархи пайдо бўлди, деворлари баъзан рангбаранг лой қалпоқчалар шаклида геометрик кошинкори нақшлар билан безатилган ибодатхоналар қурилиши ривожланди (Урукдаги хом ғиштдан ишланган баланд супа устига қурилган тарҳи тўғри тўртбурчакли «Оқ ибодатхона»). ЖамдатНаср даври (мил. ав. 4-минг йиллик охири — 3-минг йиллик бошлари)да мукаммал ҳайкалтарошлик ривожланди (Урукдан топилган аёл боши; мил. ав. 3-минг йиллик, Ироқмузейи, Бағдод). Месопотамия бўртма ҳайкалтарошлиги шаклланди (Урукдаги юзаси ҳошия қаватларга маиший лавҳалар инсон ва ҳайвонларнинг шакллари билан бир маромда алмашиниб такрорланувчи ясси бўртма тасвирли идиш, Ироқ музейи, Бағдод), тошга нақш ўйиш санъати (глиптика) юксак даражада ривожланди.

Шаҳардавлатлар ташкил топган даврда (мил. ав. 3-минг йиллик бошларида) санъатда шартлилик ва қоидага амал қилишлик белгилари ривожланган. Шумернинг юксалиш даврида подшоҳ ҳокимияти ва коҳинлар таъсирининг кучайиши ибодатхоналар меъморлиги ривожида муҳим роль ўйнади. Маъбудларнинг буюклигини таъкидлашга интилиш меъморий иншоотларнинг улугвор геометрик содда тузилишида намоён бўлди. Тўғри тўртбурчак (мурабба) тарҳли ибодатхоналар пойдевори баланд (бинони зах босишдан саклаш учун) махсус ҳосил қилинган тепаликка хом ғиштдан қурилган. Шумернинг илк сулолаларига оид ибодатхона меъморлигига кўппоғонали минора — юқорисида «Маъбуд уйи» бўлган зиккуратлар киради. Урдаги зиккурат (мил. ав. 22— 21-а. лар) учта устмауст ўрнатилган кесик пирамидадан иборат: зиккурат пешайвони ташки зинапоялар билан ўзаро боғланган, қатламлари турли рангларга бўялган. Шумернинг ясси томли ва тарҳи тўғри тўртбурчакли, атрофи баланд девор б-н ўралган ҳовлили турар жой бинолари кейинчалик ибодатхоналар ва саройлар меъморлигига таъсир этган.

Шумернинг майда шакллар ҳайкалтарошлиги (маъбудга сигинаётган тош ва жездан ишланган ҳайкалчалар) содда ва бўлинмас шакллардан иборатлиги билан ажралиб туради. Урдаги п«одшоҳлар» мақбарасидан чиққан буюмлар — нақшинкор қалпоқ (дубулға), тож ва ханжар, унинг қини нақшлар билан нафис ишланган, олтин ва ложуварддан ишланган ҳўкиз боши жонли ифодаланган (арфа безаги).

Месопотамиянинг Аккад сулоласи ҳукмронлиги остида бирлашган даврига оид (мил ав. 24—22-а. лар) унча кўп сақланмаган ёдгорликларда ҳукмдор культининг кучайганлиги акс этган. Бўртма тасвирларда шартли услубни сақлаган ҳолда мужассамот, шакллар ҳажми, атроф муҳитни кўрсатишда кўпроқ эркинликка интилишга ҳаракат қилинган (уруш лавҳалари тасвирланган подшоҳ Нарамсин тош стеласи, Лувр, Париж; ов манзараси акс эттирилган цилиндрсимон муҳр — ҳаммаси мил. ав. 23-а.). Мукаммал ҳайкалтарошликда — портрет шаклини яратишга интилиш (Ниневиядаги жездан ишланган ҳукмдор боши; мил. ав. 23а, Ироқ музейи, Бағдод) жезга бадиий ишлов бериш усули — рихтагарлик, кандакорлик санъати юқори чўққига кўтарилган. Аккад санъати анъаналари Лагаш ш. портрет санъатида сақланган (ҳукмдор Гудеа ҳайкали, мил. ав. 22-а., Лувр, Париж).

Ур давлатининг III сулоласида (мил. ав. 22—21-а. лар охири), коҳинларнинг бюрократик тузуми шароитида бадиий устахоналарда ишланган шакллар сохталиги билан ажралиб турадиган бўртма тасвирларда маъбудларга сажда қилиш саҳналари акс этган. Бобил ш. нинг юксалиш даврига оид (мил. ав. 18-а.) ёдгорликлар оз сақланган: подшоҳ Хаммурапи қонунлари тўплами битилган диорит ёдгорлик тошининг юқори қисмида Шамаш маъбудига сажда қилаётган подшоҳнинг бўртма тасвири (Лувр, Париж); Маридаги сарой деворидаги безакларда диний мавзулар, маъбудлар тасвири ва б. акс эттирилган.

Месопотамия санъати ривожининг янги босқичи Оссуриянинг юксалиши б-н боғлиқ. Оссурия санъати Аккад ва хеттлар маданияти таъсирида асосан мил. ав. 2-минг йилликда шаклланган (Кар-Тукульти-Нинурта ш. саройидаги бўртма тасвирлар, мил. ав. 13-а.). Оссурия санъатининг ривожланган даври Оссурия ҳарбий давлатининг кучқудрати юксалиши даврига тўғри келди (мил. ав. 9—7-а. лар). Унинг асосий мавзуи урушлар, ғолиб подшоҳни улуғлашдан иборат бўлган. Шаҳарларнинг доимий лойиҳасига киритилган Оссурия подшоҳлари саройлари тарҳи тўғри тўртбурчак тепаликка қурилган қалъа кўринишида бўлиб, ундаги кўплаб хоналар, ички ҳовли атрофида ассимметрик жойлаштирилган. Ҳашаматли баланд равоқли пештоқ — дарвозасининг икки ён томонидаги миноралар асосида маҳобатли ҳомийҳимоячи (одам бошли қанотли ҳўкиз) бўлган. Сарой мажмуалари тўғри бурчакли ибодатхона хоналари ва зиккуратлар (ДурШаррукиндаги Саргон II саройи, ҳоз. Хорсобод; мил. ав. (712— 707)ни ўз ичига олган. Саройлар ташқи безагида асосий ўринни ганч ва оҳакдан ишланган бўртма тасвирлар, афсонавий махлуқлар, жанг ва ов саҳналари, сарой ҳаёти эгаллаган. Мил. ав. 9-а. гаоид$/>изларга жойлашган бўртма тасвирлар (Кальхудаги Ашшурнасирпал II саройи, ҳоз. Нимруд, мил. ав. 9-а.) да кийимлардаги нақш безаклари қунт б-н бажарилганлиги кўзга ташланади. Инсоннинг жисмоний кучқудратини мадҳ этишга интилиш, инсон мушакларини бўрттириб кўрсатиб, шаклларнинг басавлатлигида ифодаланган. Мил. ав. 8—7-а. лар бўртма тасвирлари билан эркин тўлдирилган деворлар сатҳида, ҳикоянавислик, ҳаётий саҳналарни, табиат манзаралари, кенгликларни кўпроқакс эттиришга интилиш кучайди (Ниневиядаги Синахериб саройи бўртма тасвирлари, ҳоз. Куюнжик, мил. ав. 705— 680). Мил. ав. 7-а. бўртма тасвирларда ҳайвонларни реал тасвирлаш юксак чўққига кўтарилди, образларнинг таъсирчанлиги ва жўшқинлиги кучайди (Ниневиядаги Ашшурбанипал саройидаги «Жон бераётган она шер» бўртма тасвири, мил. ав. 7-а.). ТильБарсиб (ҳоз. ТельАхмар, мил. ав. 8-а.) саройида сақланган деворий безаклар бўртма тасвирларга услуб жиҳатдан яқин, текис ва рангбаранг безаклари билан ажралиб туради.

Оссурия саройлари безагида, шунингдек рангбаранг сирланган ғиштлардан ишланган фризлар ва металл безак буюмлар ҳамда бўртма тасвирларда қўлланилган (Балаватдаги жез қопланган дарвоза, мил. ав. 9-а., Британия музейи, Лондон). Оссуриянинг меъморлик билан боғлиқ нодир мукаммал ҳайкалларига маҳобатлилик, дабдабали сокинлик ва яхлитлик хос (Ашшурнасирпал II ҳайкали, мил. ав. 9-а., Британия музейи, Лондон). Амалий санъат юксак даражада ривожланди — цилиндрсимон муҳр тайёрлаш, бадиий тўқимачилик, суяк ва ёғоч ўймакорлиги, металлга ишлов бериш ва б.

Оссурия давлати тугатилгандан кейин (мил. ав. 7-а.) Бобил санъати қисқа муддатли ривожланишни бошидан кечирди (мил. ав. 7—6-а. лар — «Янги Бобил» даври). Бобил ш. ансамбли мураккаб мудофаа тизими, кенг ва тўғри кўчалари, Навуходоносор II саройи, Эсагил ибодатхонаси мажмуаси ва 90 м ли Этеменанка зиккурати билан ўзига хос ажойибдир. Бобилни Ахоманийлар давлати томонидан босиб олиниши (мил. ав. 538) ва кейинчалик Салавкийлар давлати таркибига кириши (мил. ав. 4-а. охири) натижасида Бобил маданиятида форс, кейинчалик эллинистик санъат таъсири сезилади. Ўз навбатида Бобил санъати Эрон ва Парфия санъати ривожига таъсир кўрсатган (қ. Парфия подшолиги).

Абдухалил Маврупов.


Кирилл алифбосида мақола: БОБИЛ-ОССУРИЯ МАДАНИЯТИ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Б ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
АМАЛИЙ САНЪАТ
АМЕРИКА ҚЎШМА ШТАТЛАРИ
БЕРУНИЙ
АЛИШЕР НАВОИЙ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты