БОЛАЛАР КАСАЛЛИКЛАРИ — асосан болалар орасида учрайдиган ёки болалик даврида ўзига хос кечадиган касалликлар гуруҳи. Боланинг ривожланиш хусусиятларига кўра она қорнида ўсиш даври, чақалоқлик даври, бола туғилгандан кейинги (4 ҳафта), эмизикли даври (бир ёшгача), ясли даври (З ёшгача), мактабгача даври (7 ёшгача), бошланғич мактаб ёшидаги (12 ёшгача) ва ўсмирлик ёки балоғатга етиш даври (18 ёшгача) фарқ қилинади. Она қорнида ўсиш даври боланинг шаклланишида муҳим роль ўйнайди; ҳомиладорлик давридаги зарарли омиллар (касалликлар, интоксикациялар, турмуш ва овқатланиш шароитининг камкўстлиги, дори-дармонлар таъсири) онагагина эмас, қорнидаги ҳомиланинг ўсиши ва ривожланишига ҳам таъсир этади. Бу даврда кўпроқ туғруқ вақтидаги зарарланишлар (асфиксия, шикастланишлар, фалажлар, стафилококк инфекциялар) кузатилади. Чақалоқлар айрим инфекцион касалликларга туғма чидамли бўлади, бироқ уларга (айниқса, чала туғилган болаларга) йиринглатувчи микроблар аввало, стафилококклар тез таъсир қилиб, киндик жароҳатининг йирингли яллиғланишига, чилла ярага ва ҳатто чақалоклар сепсиси каби оғир касалликка сабаб бўлади. Бу даврда зотилжам ҳам хавфли касаллик ҳисобланади. Эмизикли даврида бола овқатнинг ўзгаришига мосланиши анча қийин, уни нотўғри овқатлантирилганда меъдаичак бузилишлари (диарея, ичак инфекциялари ва б.), моддалар алмашинувининг бузилиши кузатилади. Бу даврда нафас ва ҳазм аъзоларининг касалликлари оғир ўтади; болани нотўғри овқатлантириш, соф ҳаво ва қуёш нуридан етарли баҳраманд этмаслик натижасида рахит авж олади, диатез, спазмофилия ботбот учрайди. Ясли ёшидаги ва мактабгача тарбия ёшидаги болаларга ўз тенгқурлари б-н ўйнаб юрган чоғида кўкйўтал, қизамиқ, дифтерия, тепки ва б. юқиши мумкин. Бундан ташқари, онасидан ўтган иммунитетнинг кучи йўқолади. Шунинг учун бу даврда болалар эмланиб (вакцинация), иммунитет вужудга келтирилади. Мактаб ёшидаги болаларда юқумли касалликлар кўпроқ учрайди. Эмизикли бола кўкйўтал ва қизамиқ б-н оғриганда кўпинча ўпкаси ҳам яллиғланса, мактаб ёшидаги болаларда бу касалликлар аксари асоратсиз ўтади (ўпка яллиғланмайди). Бошланғич мактаб ёшидаги болаларда ангина, юрак ва буйрак касалликлари, шунингдек аллергик касалликлар кўпроқ учрайди. Каттароқ болаларда ва ўсмирлик (балоғатга етиш) даврида юрактомир, нерв ва эндокрин системалар (ички секреция безлари) фаолиятида жиддий ўзгаришлар рўй беради. Соф ҳаводан етарли баҳраманд бўлмайдиган, спорт б-н шуғулланмайдиган, кун тартибига риоя қилмайдиган ўқувчиларда бу системалар кўпроқ касалланади. Демак, Болалар касалликларининг турли шакллари организмнинг чидамлилигига, юқумли касалликларга қаршилик кўрсатиш кучига, боланинг ёшига боғлиқ. Ҳар бир касаллик, у қандай бўлишидан қатъи назар (юқумли ёки юқумсиз) жисмонан баркамол, соғлом болада енгилроқ, озғин, нимжон болада эса оғирроқ ўтади. Бир хил микроб қўзғатган касаллик боланинг турли ёшида турлича кечади. Болалар касалликларининг олдини олишда бола организмининг ўзига хос хусусиятлари кўзда тутилади. Эмизикли даврда она сути энг мақбул озиқ бўлиб, болани қўшимча овқатлантириш зарурияти бўлганда фақат врач (педиатр) б-н маслаҳатлашиб олиш керак. Гўдакларни сут ошхоналари орқали овқатлантиришнинг тўғри ташкил қилиниши катта аҳамиятга эга. Болалар касалликлари қанча барвақт аниқланиб, вақтида даволанса, асорати қолмайди. Бунинг учун катталар ва отаоналар Болалар касалликларининг олдини олиш усулларини ва дастлабки белгиларини билишлари, болада касалликка хос бирор аломат сезганда дарҳол врачга мурожаат этишлари зарур.