БОЛИВИЯ (Bolivia), Боливия Республикаси (Republica de Bolivia) Жан. Американинг марказий қисмида жойлашган давлат. Майд. 1098581 км2. Аҳолиси 7,5 млн. киши (1996). Расмий пойтахти — Сукре, ҳукумати жойлашган амалдаги пойтахти — ЛаПас. Маъмурий жиҳатдан 9 департаментга, департаментлар 98 вилоятга бўлинади.
Давлат тузуми. Боливия — унитар республика. 1967 й. 2 фев. да қабул қилинган конституцияга кўра давлат бошлиги — президент. У 5 й. муддатга сайланади. Қонун чиқарувчи ҳокимияти — Миллий конгресс бўлиб, у икки палата: сенат ва депутатлар палатасидан иборат. Депутатлар ва сенаторлар умумий тўғри овоз бериш йўли билан 4 й. муддатда сайланади. Ижроия ҳокимиятини президент ва ҳукумат амалга оширади. Ҳукуматни президент тайинлайди ва унга бошчилик қилади.
Табиати. Боливиянинг ғарбини Анд тоғлари ва баланд тоғли Пуна платоси эгаллайди. Пунанинг шим. ғарбида лава платолари, жан. шарқида бал. 3800 м гача бўлган тоғ ҳавзалари бор; қолдиқ кўллар (Поопо) ва шўрхоклар учрайди. Титикака кўлининг бир қисми ҳам Боливия ҳудудида. Шим. шаркидаги текисликлар Амазонка пасттекислигига томон астасекин пасая боради ва бу ерда Бени ва Маморе дарёлари тизимига кирадиган сойжилғалар оқиб ётади. Боливияда қалай, вольфрам, молибден, сурма, мис, рух, қўрғошин ва кумуш конлари бор.
Боливия ғарбида йилига 150 мм гача, шарқида 500—600 мм, Анд тоғлари ён бағрида 2000 мм гача ёғин ёғади. Пунада июлнинг ўртача т-раси 3—7°, янв. ники 9—11°. Шарқий текисликларда (шим. да) 4—5 ойдан (жан. да) 9 ойгача қурғокчилик бўлади. Июлнинг ўртача т-раси 17—22°, янв. ники 24—28°. Иилига шим. да 1300— 1600 мм, жан. да 800 мм гача ёғин тушади. Боливияда тезоқар, кичик тоғ дарёлари хам бор. Мамлакат шим. даги дарёлар тропик ёмғирлар даврида тошади ва 120 минг км2 гача майд. ни сув босади. Боливия ғарбида чала чўл ўсимликлари, шарқида баланд тоғ тропик дашт ўсимликлари ўсади. Анд тоғларининг шарқий ён бағрида тропик ўрмонлар, шарқий текисликларда асосан саванна ўсимликлари ўсади; шим. да гилея, жан. да сийрак тропик ўрмонлар ҳам учрайди. Ҳайвонлардан маймун, зирҳаор, тапир, кемирувчилар, қушлар, судралувчилар, ҳашаротлар ва б. бор. Миллий боғлари: ИсибороСекурс, Уанчака, ПилонЛахас ва б.
Аҳолиси. Боливия аҳолисининг 2/3 қисми кечуа ва аймара номли индейс халқлари; қолганлари испан тилида гаплашадиган боливияликлар, аксари дурагайлар, кисман испанлардан тарқалган креоллардир. Боливиянинг шарқидаги тропик ўрмонларда турли қабилаларга мансуб индейслар яшайди. Расмий тиллари — испан, кечуа ва аймара тиллари. Аҳолисининг ярмиси кечуа, аймара, гуарани тилларида гаплашади. Шаҳар аҳолиси 58%. Диндорлар — асосан католиклар. Энг йирик шаҳарлари: ЛаПас, Кочабамба, СантаКрус, Оруро, Сукре.
Тарихи. Боливия ҳудудида қадимдан ибтидоий жамоа тузуми босқичидаги индейс қабилалари яшаб келган. 14а. бошларида Боливия ҳудуди Инк давлати таркибига кирган. 1532—38 й. ларга келиб, испанлар забт этди ва маҳаллий халқдан бир неча ўн минг киши қириб ташланди. Боливия 300 й. мобайнида Испания империяси таркибида бўлиб (1542 й. дан Боливия ҳудуди Перу, 1776 й. дан ЛаПлата вицеқироллиги таркибига кирган), Юқори Перу деб аталган. 1809—25 й. лар мобайнида испанлар истибдодига қарши миллий озодлик урушлари бўлиб турди. 1824 й. 9 дек. да Симон Боливарнинг сафдоши генерал Сукре испан қўшинларини тормор келтирди. 1825 й. 8 авг. да Юқори Перу мустақил деб эълон қилинди ва Боливар шарафига Боливия деб атадди. Боливар мамлакат президента қилиб сайланди, лекин у мамлакатни идора қилишни Сукрега топширди. 1836—39 й. ларда Б. Перу б-н ягона конфедерация ташкил этди. 1879—83 йларда Боливия билан Перунинг Чилига карши, 1932—35 й. ларда Парагвайга қарши урушида Боливия ўзининг қалай ва селитрага бой дастлабки ҳудудининг 2/3 қисмини йўқотди. 1-жаҳон урушида Боливия бетарафлик сиёсатини тутган бўлсада, мамлакат иқтисодий ресурслари Антанта давлатлари манфаатига хизмат қилди. 1943 й. апр. да Б. Германия, Италия ва Японияга уруш эълон қилди, аммо уруш ҳаракатларида қатнашгани йўқ. 1952 й. да Боливияда ҳарбий диктатура режимига қарши қўзғолонда «Миллий инқилобий ҳаракат» партияси армияни тормор келтирди. Қалай саноати давлат ихтиёрига олинди ва аграр ислоҳотлар ўтказила бошлади. 1964 й. 4 нояб. да Боливия реакционерлари мамлакатда ҳарбийфашистик диктатура ўрнатди. Аграр ислоҳотлар тўхтатилди, корхоналар америкаликларга қайтариб берила бошлади. 1967 й. да мамлакатнинг кўпгина жойларида партизанлар ҳаракати бошланди. Йирик касаба уюшмаси — Б. ишчилар маркази демократик тузумни қайта тиклаш, меҳнаткашларнинг турмушини яхшилаш ва қ. х. да ислоҳотлар ўтказиш учун курашди. 1970 й. 4 окт. да ватанпарвар кучлар раҳбари генерал Хуан Хосе Торрес президентлик лавозимини эгаллаб, мустақил ташқи сиёсат юрита бошлади. Бироқ 1974 й. да ҳокимиятни қўлга олган ҳарбий ҳукумат демократик кучларни таъқиб қилиш йўлини тутди. 80-й. ларда мамлакатнинг ички сиёсий аҳволи беқарор бўлиб турди. 1985 й. ги сайловдан кейин Боливия президентлик бошқарувига ўтди. 1997 й. 2 авг. да Б. Миллий конгресси томонидан сайланган президент Уго Бансер Суарес ҳукумати мамлакатни мустақил идора қила бошлади. 1945 й. дан БМТ аъзоси. Миллий байрами — 6 авг. — Мустақиллик эълон қилинган кун (1825).
Сиёсий партиялари ва касаба уюшмалари. Фуқаролар «Бирдамлик» иттифоқи, партия, 1989 й. да ташкил этилган; Сўл миллатпарвар инқилобий партия, 1964 й. да тузилган; Сўл миллатпарвар инқилобий ҳаракат, 1979 й. да расмийлашган; Б. Коммунистик партияси, 1950 й. да тузилган; Сўл инқилобий ҳаракат, 1971 й. да асос солинган; Миллатпарвар демократик ҳаракат, 1979 й. да тузилган; Миллатпарвар инқилобий ҳаракат, 1942 й. да асос солинган; Социалистик партия1, 1971 й. да асос солинган; Тупак Катари номидаги озодлик учун инқилобий ҳаракат, 1978 й. ташкил этилган; Христиандемократик партия, 1954 й. асос солинган. Боливия ишчилар маркази касаба уюшмаси, 1952 й. да тузилган.
Хўжалиги. Боливия иқтисодиётининг асосини кончилик саноати ташкил этади. Қ. х. заиф ривожланган ва мамлакатни озиқ-овқат билан таъминлай олмайди.
Саноати. Боливия қалай қазиб олиш ва экспорт қилишда дунёда олдинги ўринлардан бирида туради. Сурма, вольфрам, мис, рух, қўрғошин ва висмут рудалари, олтин, к’умуш, олтингугурт ҳам қазиб чиқарилади (асосий кончилик марказлари — Оруро, Потоси, Туписа, Корокоро ва б.). Асосий нефть конлари Чукисока, Тариха департаментларида жойлашган. Электр энергетика, рангли металлургия, нефть кимёси, тўқимачилик (ип ва жун газлама), озиқовқат корхоналари бор. Ҳунармандчилик ривожланган. 1,9 млрд. кВтсоат электр энергияси ҳосил қилинади (асосан ГЭСларда).
Қишлоқ хўжалиги нингасосий тармоғи — деҳқончилик. Асосий озиқ-овқат экинлари — картошка ва маккажўхори. Бундан ташқари шоли, буғдой, пахта, шакарқамиш, кофе, банан, какао ва б. ҳам етиштирилади. Қўй, қорамол, лама, чўчқа боқилади. Ўрмонларда гевея шарбати, хин дарахтининг пўстлоғи ва кока барглари йиғиб олинади.
Транспорти. Т. йларнингуз. — 3,9 минг км, автомобиль йўллари — 38,9 минг км (1996). Титикака кўлида кемалар қатнайди. Дарё йўллари — салкам 20 минг км. Нефть қувурлари кўп. Тоғли ҳудудларда отуловнинг аҳамияти катта. Мамлакатнинг 30 шаҳарида аэропорт бор. Асосий аэропорти — ЛаПас.
Ташқи савдо учун Б. Мольендо (Перу) ва Антофагаста (Чили) портларидан фойдаланади. Четга асосан кончиликруда саноати маҳсулотлари, нефть, табиий газ, пахта, кофе чиқаради. Четдан озиқ-овқат маҳсулотлари, машиналар, асбобускуналар, бинокорлик материаллари, хом ашё ва чала тайёр маҳсулотлар олади. Савдо соҳасидаги асосий мижозлари: АҚШ, Бразилия, Буюк Британия, Япония, Аргентина, Германия, Чили, Перу. Пул бирлиги — боливиано.
Тиббий хизмати. Боливияда давлатнинг баъзи касалхона, амбулатория ва тиббий ёрдам постларидан ташқари барча тиббий муассасаларда тиббий ёрдам пулли. Врачларни учта унтнинг тиббиёт ф-тлари тайёрлайди.
Маорифи, илмий ва маданиймаърифий муассасалари. Боливияда 15 дан юЦори ёшдаги аҳолининг 50% саводсиз. Мамлакатда 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган болаларнинг умумий мажбурий таълими ҳақида қонун қабул қилинган. Ёшлар умумий ўрта, ҳунартехника ва пед. мактабларида, олий ўқув юртларида таълим оладилар. Йирик олий ўқув юртлари: ЛаПас, Кочабамба, Потоси, Сукре унтлари. Илмий марказлари: Миллий ФА, Тарих академияси, Боливия академияси. Кутубхоналари: унтларнинг кутубхоналари, Маданият департаментининг кутубхонаси, ЛаПасдаги Муниципал кутубхона. Музейлари: ЛаПасдаги Т«иаунако» миллий музейи, Потосидаги зарбхона миллий музейи.
Матбуоти, радиоэшиттириши, телекўрсатуви. Йирик оммавий кундалик газ. лари: «Диарио» («Газета», 1904 й. дан), «Дебер» («Бурч», 1953 й. дан), «Ой («Бугун», 1968 й. дан), «Ультима ора» («Сўнгги соат», 1929 й. дан), «Расон» («Идрок», 1990 й. дан). Ахенсиа де Нотисиас Фидес—АНФ ахборот агентлиги 1979 й. да ташкил этилган. Бош алоқа бошқармаси — ҳукумат радиоэшиттириш хизмати мавжуд. Мамлакатда 158 радиост-я бўлиб, уларнинг кўпчилиги тижорат асосида ишлайди. Телекўрсатув 1969 й. дан олиб борилади, унинг бир каналини ҳукумат назорат қилади.
Адабиёти асосан испан тилида. Боливияда қад. индейс маданияти намуналаридан «Ольянтай» номли боливияперу драмаси сақланган. Мустамлака даври (16—18а. лар) адабиётида Ф. Гуаман Пом, А. де Каланчанинг тарихий хроникалари диққатга сазовор. 18-а. охиридан бошлаб мустақиллик учун кураш даврида ватанпарварлик публииистикаси ва шеърияти яратилди. 19-а. Б. адабиётида романтизм ҳукмронлик қилди. Унинг йирик намояндалари: Р. X. Бустаманте, Н. Галиндо, М. X. Мухиа, Б. Ленс ва б. Бу даврда романтизм билан боғлиқ ҳолда индейслар ҳаётига қизиқиш кучайди. Н. Агирренинг «Хуан де ла Роса», Л. Ансоатеги де Камперонинг «Уальпарримачлар», А. Аргедаснинг «Бронза рангли ирқ» романлари шу мавзуга бағишланди. «Олов оқим» (1935, О. Серруто), «Иблис металл» (1946, А. Сеспедес), «Ажал шахталари» (1962, Ф. Рамирес Веларде) романларида кончиларнинг оғир ҳаёти, инқилобий кайфиятлари тасвирланди. Боливиянинг йирик ёзувчиларидан М. Мендоса Лопес, X. Фельман Веларде асарларида, машҳур ёзувчи X. Ларанинг «Суруми» (1945), «Янакуна» (1952), «Қонимиз» (1959) романларида ижтимоий тенглик учун кураш масалалари ўз ифодасини топди.
Меъморлиги ва тасвирий санъати. 5 — 8-а. ларда Боливия тоғли жойлари меъморлигида тиауанако маданияти гуллаб яшнади (катта яхлит тошлардан ясалган иншоотлар, афсоналардаги қаҳрамонларни акс эттирувчи тош ҳайкаллар ва б.). 16—18-а. ларда Боливияда Потоси, Сукре, ЛаПас, Кочабамба, Оруро каби шаҳарлар қурилди. Бу шаҳарларда маҳаллий аҳоли усталари иштирокида ибодатхоналар, саройлар ва б. бинолар барпо этилди. Уларда индейсларнинг қад. санъат ва меъморлиги безакларидан фойдаланилган. 19—20-а. ларда Боливияда саноат ва жамоат бинолари қурила бошлади. Бу бинолар Европа ва Америка меъморлиги услубида, турар жой бинолари қад. Боливия меъморлиги услубида курилган. 19-а. охири ва 20-а. бошларида рассомлардан А. Ногалес, X. Гарсиа Меса, С. Итурральде ижод қилдилар. 20а. бошларида Боливия санъатида модернизм оқими кенг тарқалди. 20-й. ларга келиб, миллим рассомлик мактаби таркиб топди. Кейинги йилларда рассомлардан С. Гусман де Рохас, Б. Бердесио, В. С. Ромеро, М. Эхидо, ҳайкалтарош М. Нуньес дель Прадо ўз асарларида халқ тарихи ва ҳаётини, замондошлар образини, табиат гўзаллигини акс эттирдилар. 20-а. ўрталаридан Кўп қаватли темирбетон бинолар қурила бошлади, шаҳарлар таъмирланди, саноат корхоналари қурилди.
Мусиқаси. Боливияда индейслар мусиқаси — бегуала, видала, уанка каби лирик қўшиқлар, уайно, уайнито, номбо каби чолғу асбоблари, қамиш най, дўмбирани эслатувчи путунка кенг тарқалган. Испаниядан ўтган олти торли гитара боливияликларнинг севимли сози ҳисобланади. 19-а. охири ва 20-а. бошларидаги йирик композиторлар Э. Кабо, Т. Варгас, X. Майданадир. ЛаПасда миллий консерватория ва миллий симфоник оркестр бор.
Театри. 16—17-а. ларда миссионерлар Потосидаги байрам ва сайилларда театрлаштирилган томошаларни ташкил этишган. 1617—19 й. ларда ЛаПасда иккита театр очилди. Байрам кунларидаги карнаваллар миллий маданиятнинг ўзига хос хусусияти бўлиб қолган. Ашула ва рақслар орасида диабладос деб аталган ва яхшилик билан ёмонликнинг кураши тасвирланадиган томошалар кўрсатилган. Профессионал театр санъати сует ривожланган. Сукре ш. даги ёзги театр аҳёнаҳёнда ишлайди, унда ярим профессионал труппалар қатнашади. Маҳаллий драматурглардан Р. Мухиа, X. Берриос, М. Флорес, А. Сааведра Перес ва б. ларнинг пьесалари саҳналаштирилган. ЛаПасда Саҳна санъати ва декламация академияси бор. 1949 й. Театр ва радио арбоблари жамияти ташкил этилган.
Киноси. 1943 й. да ташкил этилган Боливия кино ин-ти асосан хужжатли фильмлар тайёрлайди; йилига бир нечагина бадиий фильм чиқаради. Машҳур фильмлари: «Укамау», «Кондор қони» (реж. X. Санхимес).
1996 й. да ЎзР билан Боливия ўртасида савдоиқтисодий муносабатлардаги товар айланмаси 4,84 млн. АҚШ долларини ташкил қилди, мамлакатимизга рух рудалари ва концентратлари келтирилди.