АХЛОҚ — кишиларнинг бир-бирларига, оилага, жамиятга бўлган муносабатларида намоён бўладиган хаттиҳаракатлари, хулқ-атворлари, одоблари мажмуи. Ҳуқуқдан фарқли равишда Ахлоқ талабларини бажариш-бажармаслик маънавий таъсир кўрсатиш шакллари (жамоатчилик томонидан баҳо бериш, қилинган ишни маъқуллаш ёки қоралаш) билан белгиланади. Ахлоқни этика фани ўрганади.
Инсоният тараққиётида Ахлоқ муҳим ўрин тутади. Шарқнинг буюк мутафаккирлари инсонни Ахлоқ ий камол топтириш, уни ҳар томонлама ривожлантириш, маънавий қиёфасини шакллантириш жамият тараққиётининг муҳим омилларидан бири, деб қарашган. Инсон Ахлоқ ий, умуман маънавий ва маърифий жиҳатдан камол топиши жараёнида турли тарихий босқичлардан — жоҳиллик, нодонликдан илмга, ёвузликдан эзгуликка, ваҳшийликдан инсонийликка ўтаркан, жамият ҳам шу тариқа ривожланади. Икки муқобил ибтидо — ёвузлик ва эзгулик, жаҳолат ва камолатнинг ўзаро кураши инсон ва жамият тараққиётини белгилаган, инсон ақл-заковат соҳиби сифатида ўзини англашига олиб келган. Бу икки мукрбил куч кураши жамиятдаги мавжуд ижтимоий муносабатларда ифодаланса, инсонга нисбатан унинг ички оламига хос нафс билан қалб, ақл билан ақлсизлик ўртасидаги курашда ифодаланади. Ахлоқ муайян жамият ва даврда ўзгаришларга учраши, ривожланиши, сўниши мумкин. Ҳар бир халқнинг ёки миллатнинг ўзига хос Ахлоқи билан бир қаторда, умумбашарий Ахлоқ меъёрлари ҳам бор. Бундай Ахлоқ меъёрлари жамиятнинг умумий тараққиётига самарали таъсир кўрсатади.
Ахлоқнинг шаклланишида ва унинг ижтимоий ўрнида диннинг аҳамияти катта. Диннинг асосий мақсадларидан бири, инсонга ёмонликнинг зарарларини баён қилиш ҳамда ёмон йўлга кириб кетганларни тўғри йўлга даъват этишдир. Динларда тўғри йўлга чорлаш, умуман яхшилик ва ёмонлик тушунчаси турлича бўлиши, ҳатто бир-бирига зид келиши мумкин. Зардуштийликнинг муқаддас китоби Авестода яхшилик ва эзгулик худоси Аҳурамазда билан ёмонлик ва ёвузлик худоси Анхрамайну ўртасидаги кураш абадий давом этади, Ахлоқ бу курашнинг ифодасидир, деган ғоя илгари сурилади. Христианлик, яҳудийлик ва б. динларда ҳам яхшилик ва ёмонликнинг ўз ифодаси бор.
Исломда, унинг муқаддас китоби Қуръони Каримда Ахлоқ масаласига алоҳида эътибор берилган. Қуръони Карим бажаришга буюрган яхши хулқларга инсонлар амал қилишса, ўзлари учун катта бахтга сазовор бўладилар. Қуръони Каримда тўғри йўлга юришлик истиқомат (ўзини ўзи ислоҳ қилиш) тушунчасида ифодаланган. Қуръонда истиқоматда бўлганларга, яъни ўз-ўзини ислоҳ қилганларга катта ваъдалар берилган: «ким бундай жабру зулмидан кейин тавба қилиб, ўзини тузатса, албатта, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилар» («Моида» сураси, 39-оят). Истиқомат гуноҳ ишларни қилиб қўйганлар учун қалбини поклаш сари умид туғдиради ва уларни ноумидликдан қутқариб янги саодатли ҳаётга чорлайди Исломда олижаноб Ахлоқнинг энг муҳим тушунчалари таърифланиб, инсониятни уларга амал қилиш сари ундалади. Булар — эҳсон (яхшилик қилиш), кечиримли бўлиш, сабр-қаноат, ростгўйлик, ширинсўзлик, ота-онани, ўзидан катта ёшлиларни ҳурмат қилиш, ор-номус, садоқат ва б. дир. Айни вақтда ёмон хулқатвор тушунчаларининг моҳияти ҳам кўрсатилиб, улардан сақланишга ундалади. Булар — бахиллик, ҳасад, тама, ёлгончилик, такаббурлик (кибру ҳаво), ғийбат, зино ва ш. к. дир. Шу тарзда инсониятнинг бутун амалий фаолияти яхшилик ва ёмонлик-ка ажратилади. Мусулмонлар бир-бирларини яхшилик ва олижаноб Ахлоққа чақиришлари, ножўя ишлардан кайтаришлари Аллоҳ тарафидан фарз қилинган. Ислом А. ининг асосида ҳалоллик ва тақво ётади. Кимки жисмоний ва маънавий пок, тақводор бўлса, ундай кимса Ахлоқ сизлик йўлига кирмайди.
Исломга амал қиладиган халқлар Ахлоқи, баъзи бир жиҳатлари билан фарқлансада, шу дин туфайли умумийлик бор. Бу умумийлик Шарқ А. и деган ном билан бирлашган. Шарқ Ахлоқи Қуръон ва Ҳадисдап ташқари жуда кўплаб мутафаккирлар, файласуф, шоирлар асарларида таърифуташвиқ этилган. «Қобуснома», «Ахлоқи Жалолий» каби махсус китоблар ёзилган.
Ўзбекистонда шўролар истибдоди даврида Ахлоққа бир томонлама, яъни синфийлик ва партиявийлик нуқтаи назаридан ёндошилди. Мамлакатда истиқомат қилувчи ҳамма халқлар учун бир хил Ахлоқ қоидалари яратишга ҳаракат қилинди. Шу мақсадда ҳамма республикалар учун бир хил бўлган «Этика» дарслиги ва қўлланмалари яратилди. Бу билан Иттифоқда яшовчи турли халқларнинг ўзига хос хулқ-одоб қоидалари, расмрусми, урф-одати инкор қилинди.
Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг Ахлоқ муаммоларига катта эътибор берила бошлади. Кишилараро муносабатда, ўзаро муомалада унутилиб кетган исломий қадриятлар, шарқона хулқ-одоб қоидалари, урф-одатлар, маросимлар қайтадан расм бўла бошлади. Мамлакатимиз хусусий мулкчиликка, бозор иқтисодига асосланган жамият барпо қилмоқда. Бундай тузумда аҳолининг турли табақа ва қатламлари пайдо бўлиши табиий. Улар ўртасида қандайдир зиддиятлар, келишмовчиликлар бўлиши мумкин. Улар шарқ халқларига хос бўлган хулқ-одоб қоидалари ва исломий қадриятлар ёрдамида маълум да-ражада бартараф қилиниб, умуминсоний мазмун б-н бойиб боради. Ахлоқ ва маъ-навият бирбири билан узвий боғлиқ. Баркамол маънавият баркамол Ахлоқни шакллантиради.