БУЙРАК — одам ва умуртқали ҳайвонларда сийдик ҳосил қилувчи ва уни ажратувчи жуфт аъзо; ловия шаклида, қорин бўшлиғининг орқа томонида, умуртқа поғонаси бел қисмининг икки ёнида жойлашган, қорин парда Б. ларнинг олд юзасини қоплаб туради. Олд ва орқа юзалари яссиланган, ҳар бир Буйракнинг бўйи 10—12 см, эни 6 см, йўғонлиги 3—4 см, оғирлиги ўртача 140—150 г. Ўнг Буйрак тепасида жигар борлиги туфайли, чап Буйракка нисбатан бир оз пастроқца ётади. Буйракнинг юқори учи умуртқага яқин, пастки учи эса умуртқадан узоқроқ бўлади. Буйракнинг умуртқага қараган ички томони ўртасида ботик жой бўлиб, у Б. дарвозаси дейилади. Буйракнинг ботиқ юзасига буйрак жоми тақалиб туради. Буйрак дарвозасидан Буйрак артерияси ва нервлар кириб, вена, лимфа томирлари ва сийдик йўли чиқади. Буларнинг ҳаммаси биргаликда Буйрак оёқчаси деб аталади. Буйрак ичида буйрак усти безлари бор. Моддалар алмашинуви натижасида ҳосил бўладиган чиқинди ва зарарли моддалар организмдан Буйрак орқали чиқиб кетади. Шу билан бирга Буйрак организм учун зарур миқдордаги сув ва минерал тузларни сақлаб, ташкарига чиқармай қўяди, организмнинг ички муҳитини таъминлайди. Буйрак сийдик билан биргаликда сийдикчил (мочевина), сийдик кислота, тузлар ва сувни чиқариб туради. Буйракда биологик фаол моддалар (ренин, простогландин ва б.) ҳосил бўлиб, улар қон таркиби, қон ивиши ва кон босимини маромга солиб туради. Буйракни фиброз парда, ёг капсуласи ва бириктирувчи тўқимадан иборат фасциялар ўраб, ушлаб туради. Буйрак пўстлоқ ва мағиз қисмдан иборат. Пўстлоқ қисмининг қалинлиги 4—13 мм келади. Бу қисм остида мағиз кисми жойлашган; у 12—15 та конуссимон Буйрак пирамидаларидан иборат. Ёндош пирамидалар орасига пўстлоқ қисм суқилиб кирган бўлиб, Буйрак устунчаларини ҳосил қилади. Пирамидалар ўртача 1 млн. майда каналча (нефрон)лардан иборат, шу нефронларда сийдик ҳосил бўлади, бунда суюклик қондан сизиб ўтади (фильтрланади), қайта сўрилади ва секреция рўй беради. Ҳар бир нефрон Буйрак таначалари билан сийдик каналчаларидан иборат. Сийдик Буйрак таначаларида фильтрация йўли билан пайдо бўлади. Буйрак таначаси қўш деворли капсула (Шумлянский—Боумен капсуласи) бўлиб, деворлари орасида ёриқсимон бўшлиқ бор; сийдик чиқувчи найча (каналча) шу бўшлиқдан бошланади. Капсулада майда қон томирлар коптокчаси (калаваси) бор. Сийдик каналчаларида бирламчи сийдик қайта сўрилади, концентрацияси ошади ва шаклланган сийдикка айланади. Сийдик каналчалари қўшилиб, йирикроқ йиғувчи каналчалар ҳосил қилади. Сийдик каналчалардан Буйракнинг аввал кичик, кейин катта косачаларига ва ниҳоят Буйрак жомига ўтади, ундан сийдик йўли орқали қовуққа қуйилади. Буйракдан ўртача 1,5 л сийдик ажралиши учун организмдаги қон Буйракдан бир кечакундузда ўртача 360 марта ўтиб, етарлича тозаланиб туради. Бунинг учун Буйракка келадиган қон миқдори ва босими доимо етарли бўлиши керак. Агар қон босими пасайиб Буйракка қон кам келса, у ренин модда ажратиб қон босимини оширади. Бу ҳолат сурункали қайтарилса, қон томирлар деворининг сикилиши туфайли қон босими кўтарилиб, Буйрак босими пайдо бўлади. Буйрак ривожланишида нефрон найчасининг учи берк бўлса, буйрак истисқоси кузатилади. Буйрак касалликларини нефрология ўрганади.