БУЛУТ — ҳаводаги сув буғларининг конденсацияланиш (сублимация) маҳсули бўлган сув томчилари ёки муз кристаллари (ёкн ҳар иккаласининг аралашмаси)дан ташкил топган, атмосфера (ер юзасидан ташқари) да вужудга келадиган муаллақ тизим. Конденсация нам ҳаво т-расининг шудринг нуқтаси (берилган намлик миқдори ва босим ўзгармас сақланганда ҳавонинг сув буғига тўйинган вақгдаги т-раси) гача совиши натижасида пайдо бўлади. Ҳажм бирлигидаги ҳаво массаси трага боғлиқ ҳолда аниқ максимал миқдордаги сув буғини ўзига сингдира олади. Мае, нормал атмосфера босимида 1 м3 ҳаво 0° да 5 г, 10°да —9,5 г, 30°да эса 30 г сув буғини ўзига сингдира олади, ортиқчаси сув томчиларига айланади. Булутнинг вужудга келишида ҳаводаги ҳўлланадиган муаллақ қаттиқ (кристалл) ва суюқ зарралар катта аҳамиятга эга; уларнинг радиуси 10~5—10~3 см атрофида. Буларда сув буғининг конденсацияланиши ўта тўйинишдан анча олдин, яъни нисбий намлик 100% атрофида бўлганда ёки ундан ҳам камда бошланади. Бу зарралар маълум физик жараёнлар натижасида осмонга кўтарилган ёқилғининг ёниш маҳсулотлари, денгиз тузларининг майда зарралари, кварц чанглари ва б. бўлиб, конденсация ядроси деб юритилади. Уларнинг миқдори атмосферада булут ҳосил бўлиши учун етарли даражада мавжуд. Сув томчиларидан ташкил топган Булутда томчилар радиуси ҳар хил бўлиб, кўпчилик ҳолларда 4 дан 25 мкм га тўғри келади, муз кристаллари кўпроқ олти қиррали устун ёки призма шаклида бўлади. Баъзи шароитларда улар катталашиб, ёмғир, қор, дўл, жала ва ҳ. к. тарзида ёғади. Булутнинг сувлилиги (г/м3) бўлажак ёғингарчилик миқдорини аниқлашда муҳим ахамиятга эга. Иссиқ нам ҳаво массаларида вужудга келувчи Булутда сувлилик даражаси совуқ ҳаводаги Булутга нисбатан анча кўп бўлади.
Булут ташқи кўринишига кўра, асосан, учга бўлинади; а) патсимон (Cirrus); б) тўптўп (Cumulus); в) қатламли (Stratus). Патсимон Булут оқ ранглн, юпқа, майин бўлиб, юқори баландликларда вужудга келади. Тўптўп Булут минора ёки гулкарам шаклида, асоси ясси бўлади. Қатламли Булут етарлича бир жинсли, кулранг, аниқ шаклга эга эмас, осмоннинг кўз илғайдиган бутун қисмини қоплаб туради.
Булут қандай баландликларда пайдо бўлишига қараб ҳам турларга ажратилади: а) 2000 м дан пастда қуйи қатл а м Б. ; б) 2000 м билан 6000 м оралиқда ўрта қатлам Б. ; в) 6000 м дан баланддаюқори қатлам Б. Бу Б. лар, асосан, атмосферанинг қуйи тропосфера қатламида кузатилади. Улар асосида халқаро тасниф бўйича Булутлар 10 та асосий кўринишга ажратилган: патсимон Булут ; патсимон туптуп Булут ; патсимонқатламли Булут ; юқори — тўптўп Булут ; юқориқатламли Булут ; қатламли — тўптўп Булут ; қатламли Булут, қатламлиёмғирли Булут ; тўптўп Булут ; туптуп—ёмғирли Булут
Пайдо бўлиш жараёнига кўра Б. конвектив, орографик ва фронтал турларга бўлинади.
Конвектив Булут тўптўп ҳолда кузатилади. Қуёш нури ер сиртини рельефи турлитуманлиги ва орография туфайли ҳар хил қиздиради, натижада илиқ ҳаво юқорига кўтарилади, атрофдаги камроқ қизиган жойлардаги салқинроқ ҳаво унинг ўрнини эгаллайди, салқинроқ ҳаво ўрнини эса юқоридан пастга йўналган ҳаво эгаллай бошлайди, натижада юқорига ва пастга йўналган оқим вужудга келади. Шундай қилиб, юқорига кўтарилувчи кучли вертикал оқимларда тўптўп Булут ҳосил бўлади.
Орографик Булут тоғли жойлар олд қисмида ҳавонинг горизонтал оқими бузилиши натижасида юқорига йўналган тўлқинли оқимларда вужудга келади. Тоғнинг орқа қисмида шу оқимлар пастга тушаётганида ҳаво исиб Булут парчалана бошлайди ва у ясмиқсимон шаклга киради. Тоғларнинг кунгай томонидаги ҳаво кўпроқ исинди, натижада унинг ҳаракати тезлашиб, кўтарила бошлаши туфайли тўптўп Булут вужудга келиб, айрим ҳолларда ёмғир ёғади.
Фронтал Булут жумласига қатламли ва қатламлиёмғирли Булут киради. Илиқ ҳаво томонига силжийдиган илиқ ва салқин ҳаво массалари оралиғида вужудга келувчи атмосфера фронтларида илиқ ҳаво қия фронтал зона бўйлаб юқорига кўтарнлиши туфайли катта майдонларда бутун осмонни қоплаган салқин фронтларга хос Булут ҳосил бўлади. Шунингдек, циклоннинг илиқ ва салқин фронтларида ҳам уларга хос Булут мавжуд.
Булут фазавий ҳолати бўйича 3 хил бўлади: сув томчиларидан ташкил топган сувли Булут, муз зарраларидан иборат музли Булут ҳамда сув томчилари ва муз зарраларидан ҳосил бўлган аралаш Б. Тра нолдан паст бўлганда ҳам сув томчиларидан ташкил топган Булут учрайди. Бундай Булутда сув томчилари ута совиган ҳолатда бўлади. Ёғинлар кўпроқ аралаш Булутдан ёғади. Юқори тропосферада, баъзида тропопауза баландлигида ўта юпқа патсимон Булут учрайди; улар асосан ўрта кенгликларда 6—8 км баландликда, тропикларда —6 дан 18 км гача, қутбда 3—8 км баландликда ётади. Юқори (20—30 км) қатламда эса товланувчи Булут ва, ниҳоят, мезосферанинг юқори қисми ва ионосферанинг пастки қисмида —75 дан 90 км гача қатламда кумушсимон Булут кузатилади. Булут обҳаво ва иклим ўзгаришларига катта таъсир кўрсатади. Булутнинг фазавий ҳолати ва тузилишини сунъий равишда ўзгартириб, ундаги баъзи жараёнларни ростлаб туриш мумкин. Булутга физиккимёвий таъсир кўрсатиш йўли билан қўшимча ёғин ёғдириш, дўл ёғишииинг олдини олиш, паст Булут ва туманларни тарқатиб юбориш мумкин.
Йўлдош Тоғаймуродов.