БУХОРО ХОНЛИГИ

БУХОРО ХОНЛИГИ (амирлиги) — узбек давлатчилиги тизимидаги хонликлардан бири (16—20-а. бошлари). 1533 й. гача мамлакат маркази Самарқанд бўлган. Убайдуллахон даврида (1533—39) пойтахт Бухорога кўчирилган ва хонлик Бухоро хонлиги номини олган. 1510 й. Марв ёнида Шайбонийхон шоҳ Исмоил I Сафавий қўшинларидан енгилиб ҳалок бўлгандан кейин Мовароуннахр темурийлардан Заҳириддин Муҳаммад Бобур қўлига ўтади. Лекин, кўп ўтмай шайбонийлар яна Мовароуннаҳрни эгаллаганлар. Шу вақтдан бошлаб Мовароуннахр бутунлай шайбонийларга тобе бўлган. Ўша вақтларда хонликка ҳоз. Узбекистон ва Тожикистоннинг катта қисми, Балх ва Бадахшон кирган. Убайдуллахон вафотидан кейин Бухоро хонлиги майда бўлакларга бўлиниб кетган. Бухорода Убайдуллахоннинг ўғли Абдулазизхон, Самарқандда эса Кўчкунчихоннинг ўғли Абдуллатифхон мустақиллик эълон қилган. Балх ва Бадахшонда шайбонийлардан Пирмуҳаммадхон мустақил ҳукмронлик қилган. Шу йиллари шайбоний султонлари ва маҳаллий мулқдорларнинг ҳокимият учун кураши кучайган. Тошкент ва Туркистонда Наврўз Аҳмадхон (Бароқхон), Кармана ва Миёнқолда Искандархон, Балхда Пирмуҳаммадхон ва б. кичиккичик ҳукмдорлар мустақил бўлиб олганлар. 1551—56 й. ларда шайбонийлар ўртасидаги Мовароуннахр учун курашда Искандархоннинг ўғли Абдуллахон ғолиб чиқиб, Бухоро хонлигида ўз ҳокимиятини ўрнатган. 1557 й. дан бошлаб Бухоро узилкесил хонлик пойтахтига айланган. Искандархон (1563—83) ва унинг ўғли Абдуллахон II даврида Бухоро хонлигининг сиёсий мавқеи ортган. Абдуллахон II Балх (1573), Самарқанд (1578), Тошкент (1582), Фарғона (1583), Бадахшон (1584), Кўлоб (1585), Хуросон (1588), Хоразм (1595—96) устидан ўз ҳукмронлигини ўрнатган; марказий давлат бошқарув девонини мустаҳкамлаган. Шундай қилиб 16-а. охирига келиб Бухоро хонлиги марказлашган улкан давлатга айланган. Шарқда Қашқар б-н чегарадош бўлган, ғарбий чеккаси Орол ва Каспий денгизи соҳилларигача бориб туташган. Хонликнинг шим. даги чегаралари Туркистон ва Сайрамгача етиб, жан. да Хуросоннинг шарқий қисмини ўз ичига олган. Шайбонийлар ҳукмронлиги йилларида, айниқса Абдуллахон II замонида Бухоро хонлигида деҳқончилик, ҳунармандчилик, савдосотиқ ривожланган, маданий ҳаёт анча юксалган. Жуда куп суғориш иншоотлари: Абдуллахон банды, Туятортар канали, Оқчопсой тўғони ва сув омбори, Вахшдан чиқарилган кўплаб ариқдарнинг қурилиши деҳқончиликни ривожлантирди. Бу вақтларда Бухоро хонлигида буғдойнинг 10 хил тури, сули, қўноқ, жўхори, мош, нўхат, маккажўхори, ловия, шоли, пахта, кунжут, беда, арпа, сабзавот ва полиз экинлари экилган, боғдорчилик, чорвачилик ва ипакчилик ривожланган. Самарқанд, Бухоро, Марғилон, Хўжанд, Андижон, Тошкент, Жиззах, Ўратепа, Шахрисабз ва б. йирик шаҳарларда ҳунармандчилик тарақкий қилган. Самарқанд қози калонининг ҳужжатларидан маълум бўлишича, 16-а. да Самарқандда ҳунарнинг 61 тури мавжуд бўлган. Мовароуннаҳолик косиблар зўр санъат билан турлитуман металл буюмлар, ип ва ипак матолар, аъло навли қоғозлар ишлаб чиқарганлар. Бухоро ш. бир мунча кенгайтирилган, девор ва ҳарбий истеҳкомлар қайтадан қурилган. Шаҳарда мадрасалар, хонақоҳ ва карвонсаройлар, янги расталар барпо қилинган. Шаҳарлар ўртасидаги савдо йўлларида тим (Абдуллахон тими), кўчалар чорраҳаси устига гумбазтоқлар, ҳаммомлар, карвон йўлларида сардобалар, карвонсаройлар, кўприклар қурилган. Шайбонийлар замонида Бухоро хонлиги нингҲиндистон, Туркия, Россия билан савдо ва дипломатик муносабатлари ривожланган. Тарихий манбалардан маълум бўлишича, 1572—78 й. лари Ҳиндистонда Бухоро хонининг элчилари, Бухорода эса Ҳиндистон подшоҳи Акбарнтт элчилари бўлган. Абдуллахон даврида бошланган ички сиёсий низолар натижасида 1598 й. да Абдуллахоннинг ўзи ва шу йилда унинг ўғли Абдулмўмин ўлдирилган. Тахтга Пирмуҳаммадхон II чиққан. Аммо унинг ҳукмронлиги ҳам узоққа бормай, 1601 й. тахтдан ағдарилган. Шу билан қарийб 100 й. ҳукм сурган шайбонийлар сулоласи барҳам топиб, Мовароуннахрда Жўжихон наслидан бўлган аштархонжлар (жонийлар) сулоласи ҳукмронлиги бошланган.

Аштархонийлар даврида хонликда сиёсий низо ва бебошликлар деярли тўхтамаган. Дастлаб асли аштархонлик, Бухорода қўним топган шаҳзода Жонибекнинг ўғли Боқи Муҳаммад (1601 — 05), сўнгра унинг укаси Вали Муҳаммад (1605—11) тахтга ўтқазилган. Имомқулихон даврида (1611—42) қозоқ бийлари ва б. кўчманчиларнинг Бухоро хонлиги ер лари га талончилик юришлари кучайган. Чунончи Имомқулихон 1612 й. Тошкентни эгаллаб, ўғли Искандарни ҳоким этиб тайинлайди, аммо шаҳарда қўзғолон кўтарилиб Искандар ўддирилади. Имомқулихон Тошкент аҳолисини шафқатсиз қирғин қилиб шаҳарни яна хонликка қўшиб олади. Унинг даврида хонлик анча мустаҳкамланади. Имомқулихон кўр бўлиб қолгач, тахтни эгаллаган укаси Надр Муҳаммадхон (1642—45) ҳам шафқатсизлиги ва золимлиги билан норозилик чиқаради. Натижада мухолиф кучлар тазйиқи билан тахтдан воз кечади. Ҳокимият унинг ўғли Абдулазиз II (1645 — 81) қўлига ўтади. У марказий ҳокимиятни мустаҳкамлашга ҳаракат қилади, лекин тобора кучайиб бораётган тарқрқликни бартараф қилолмайди. Бу вақтда Эрон шоҳи Аббос /Балхни эгаллайди, кейинроқ Балх Эрондан қайтариб олинган. Абдулазиз II билан унинг укаси Субҳонқулихон ўртасида ҳокимиятучун кураш бошланади. Аштархонийлар ҳукмронлиги йилларида Хива хони Абулғозий Баҳодирхон ва ундан кейин ўғли Анушахон Бухоро ва Самарқанд атрофига тез-тез ҳужум қилиб турган. Тахтни эгаллаб олган Субҳонқулихон (1681 — 1702) ўз рақибларига қарши шафқатсиз курашган. У Балх ва Хуросонга ҳарбий юришлар қилган. Унинг ўғли Убайдуллахон (1702—11) ҳукмронлиги даврида Балх, Термиз, Шаҳрисабз ҳокимлари мустақил бўлиб олишга ҳаракат қилганлар. Хон уларга қарши ҳарбий юришлар қилишга мажбур бўлган. Самарқанд ва Ҳисорда бош кўтарган қабилаларга қарши қўшин юборган. Ўзаро бетўхтов урушлар, ҳарбий юришлардан кейин хазина бўшаб, иқтисодий аҳвол мушкуллашган. 1708 — 09 й. ларда ўтказилган пул ислоҳоти натижасида пул қиймати тўрт марта тушиб кетган. Ислоҳотдан зарар кўрган аҳоли ғалаён кўтарган, бироқ қўзғолон шафқатсизларча бостирилган. Хонликда сиёсий ва иқтисодий аҳволнинг ёмонлашиши ички зиддиятларни кучайтириб юборади. Айрим нуфузли амирлар уюштирган фитна натижасида Убайдуллахон 1711 й. да ўлдирилади. Тахтга марҳум хоннинг укаси Абулфайзхон (1711—47) номигагина хон қилиб ўтқазилади. Ҳокимиятдаги муҳим лавозимлар нуфузли амирлар қўлига ўтиб қолади. Марказий ҳокимият заифлашгач, 1711 й. да Балх, 1723 й. да Самарқанд вилояти Б. х. дан ажралиб чиқади. 1720 й. ларда Тошкент вилоятини қалмоқлар босиб олади. Шу аснода Хива хони Шерғозихон ҳам Бухоро хонлигига даъвогар бўлади, аммо унинг ҳаракатлари самарасиз якунланади. 1723 й. да қалмоқлар қозоқ даштларига бостириб кириб қозоқларни Мовароуннаҳрга қочишга мажбур қилган. Қозоқлар чорва моллари билан Зарафшон водийсига кириб боғ ва экинзорларни пайҳон қилганлар. Бухоро хонлигида иқтисодий ва сиёсий танглик кучая бориб хонлик таназзулга юз тутган. Мовароуннаҳр парчаланиб, учта хонликка (Бухоро, Қўқон ва Хива) бўлиниб кетган. Бундан фойдаланган Эрон ҳукмдори Нодиршох 1740 й. баҳорида Балхни эгаллади ва ўша йили кузда катта қўшин билан Амударёдан ўтиб Бухоро хонлигини бўйсундиради. У манғит қабиласидан бўлган Муҳаммад Ҳаким оталиқни ишончли вакили сифатида тахтга ўтқазади. Абулфайзхоннинг нуфузи пасайиб кетади. Хонлик Нодиршоҳнинг ўлимидан кейин (1747) Эронга тобелиқдан қутулиб, ўз мустақиллигини тиклади. 1747 й. да отаси ўрнига оталиқ тайинланган Муҳаммад Рахим бошлиқ фитначилар Абулфайзхонни ўлдирдилар. Бундан норози бўлган вилоят ҳокимлари исён кўтардилар. Қўзғолонлар шафқатсиз бостирилгач, Муҳаммад Раҳим аркони давлат ва руҳонийлар фатвоси билан 1753 й. да Бухоро тахтини эгаллади ва ўзини «амир» деб эълон қилди. Шундан кейин аштархонийлар сулоласи барҳам топиб манғитлар сулоласи ҳукмронлиги бошланди.

Бухоро амирлиги. Муҳаммад Раҳим вақтида (1753—58) Бухоро амирлигига қарашли ерлар анча қисқарган. Унинг таркибига Бухоро, Самарқанд, Миёнқол, Кармана, Қарши, Ғузор, Карки, Чоржўй, Шаҳрисабз вилоятлари кириб, Тошкент ва Фарғона вилоятлари хонлик тасарруфидан чиқиб кетган. Дониёлбий оталиқ вақтида (1758—85) ҳам ўзаро урушлар давом этиб, Кармана, Ўратепа, Нурота, Шеробод, Бойсун ва б. жойларда маҳаллий кучлар бош кўтариб, пойтахт измидан чиқишга ҳаракат қилганлар. Дониёлбийнинг катта ўғли Шоҳмурод ҳукмронлиги даври (1785 — 1800)да Дониёлбий жорий этган солиқлардан бир қанчаси бекор қилинди, иқтисодий ҳаёт бирмунча яхшиланди. Руҳонийларнинг мавқеи ошди. Манғитлар сулоласи марказий ҳокимиятни мустаҳкамлашга қанчалик уринмасин, вилоят ҳокимларининг мустақилликка интилиши давом этаверди. Айниқса Бухорога мухолиф бўлган Шаҳрисабз ва Китоб беклари билан кураш шиддатли бўдди. Фақат 1853 й. дагина бу бекликларни Бухорога бўйсундиришга муваффақ бўлинди. Амир Ҳайдар даври (1800—26) ҳам ички ва ташки урушлардан холи бўлмади. Айниқса Ўратепа бир неча марта қўлданқўлга ўтиб турди. 19-а. 1чорагида Бухоро билан Хива ва Қўқон хонликлари ўртасида Ўрта Осиёда устунликка эришиш учун қирғинбарот ва талонтарож урушлари бўлди. Тошкент, Туркистон, Чимкент ва уларнинг атрофи Қўқон хонлиги тасарруфига ўтди. 1825 й. да Хива хонлиги Бухорога қарашли Марвни эгаллади. Тўхтовсиз урушлар, солиқлар миқдорининг ортиши қўзғолонларга, жумладан 1821 — 25 й. ларда Бухоро ва Самарқанд оралиғида истиқомат қилувчи хитойқипчоқ қабилалари қўзғолонига сабаб бўлди (қ. Миёнқол кўзюлони). Амир Ҳайдарнинг вориси Насруллахон (1827—60) амирлик ерларини кенгайтиришга муваффақ бўлди. У тахтга даъвогар бўлиш мумкин бўлган барча шахсларни қириб ташлади. Насруллахон 1839, 1841 ва 1858 й. ларда Қўқон хонлигига бостириб келиб, аҳолини қирғин қилди ва бойликларини талади. 1842 ва 1843 й. ларда Бухоро б-н Хива хонликлари ўртасида ҳарбий тўқнашувлар бўлди.

Подшо Россияси Ўрта Осиёни мол сотиш бозори, хом ашё манбаи деб билар эди. 1866 й. рус қўшинлари Бухоро амирлиги чегараларига бостириб кирди ва Хўжанд (24 май), Ўратепа (2 окт.), Жиззах (18 окт.) шаҳарларини ишғол қилди. Истило этилган ерларни бошқариш учун 1867 й. Туркистон генералгубернатбрлиги ташкил этилди. 1868 й. 2 май куни генерал Кауфман бошчилигидаги рус қўшинлари Самарқандни ишғол қилди. Июнь ой и да Бухоро амири Музаффар қўшинларига Зирабулоқ яқинида сўнгги қатъий зарба беридди. Амир генералгубернаторга мурожаат қилиб, сулҳ тузишни сўради. 1868 й. 23 июнида икки ўртада шартнома имзоланди. Рус қўшинлари босиб олган ерлар подшо Россияси ихтиёрига ўтди; Бухоро амирлиги мустақил ташқи сиёсат юргизишдан маҳрум бўлди; амир рус подшосига 500 минг сўм товон тўлади. 1873 й. 28 сент. да мазкур шартномага қўшимчалар киритилиб, амирликнинг Россияга қарамлиги янада кучайди. Натижада амирлик ерларининг учдан бир қисми подшо Россияси ихтиёрига ўтди; Хўжанд, Ўратепа, Панжикент, Самарқанд ва Каттақўрғон ш. ларидан тортиб Зирабулоққача бўлган ерлар, Шарқий Бухорода эса Шуғнон, Воҳон, Рўшон вилоятлари, айниқса Зарафшон дарёси юқори ҳавзасининг қўлдан кетиши амирликдаги халқларни асосий ҳаёт манбаи — сувдан маҳрум этди, бу ҳол Бухоро амирлигини Россияга иқгисодий жиҳатдан қарамлигини янада оширди.

Бухоро амири ҳуқуқий жиҳатдан мустақил ҳукмдор саналса ҳам, ҳақиқатда рус подшосига қарам эди. Амир ва унинг амалдорларига қарши халқ ҳаракатлари подшо Россияси қўшинлари ёрдамида бостирилар эди. Амир Абдулахад рус подшосининг генераладъютанти ҳисобланган. Унинг даврида рус маъмурлари амирликда катта имтиёзларга эга бўлган. Амирлик ерларидан ўтган т. й. бўйларига рус аҳолиси келтирилиб жойлаштирилди. БухороАфгонистон чегарасининг муҳофазаси билан ҳам рус қўшинлари шуғулланган. Бухоро амирлигининг подшо Россиясига тобелиги амир Олимхон замонида (1910—20) янада ортди. Амирликда еттита рус хусусий банкининг шуъбаси иш олиб борарди. 1-жаҳон уруши бошланиши билан амирлик аҳолисининг аҳволи янада оғирлашди. Худди шу даврга келиб жадидлик ҳаракати асосида ёш бухороликлар партияси фаолияти кучайди. 1917 й. Февраль инқилоби муносабати билан бу партия амирликни подшо Россияси бўйинтуруғидан қутқазиш, баъзи ислоҳотлар ўтказиш ишига киришди. Ёш бухороликлар рус большевиклари б-н ҳамкорликда 1918 й. мартида амир ҳукуматини ағдаришга уриндилар. Ammo бу ҳаракат муваффақиятсизликка учради. 1920 й. 2 сент. да Бухоро босқини натижасида амирлик тугатилди.

Бухоро хонлигида давлатни бошқариш бошқа хонликлардан деярли фарқ қилмаган. 16—17-а. ларда оталиқ лавозимидаги шахс хоннинг ўнг қўли ҳисобланиб, у бутун мамлакатни бошқарган. Нақиб ҳарбий ишлар ва ташқи сиёсат б-н шуғулланган. Вақф ерларни назорат қилиш садрлар зиммасига юклатилган. Шунингдек, қўшин учун алоҳида қози (қозиаскар) тайинланган. Қонуншуносликка ва умуман шариатга доир муҳим масалани ечиш ва ҳаётга татбиқ этиш аьлам зиммасида бўлган. Девонбеги оталиқ мансабидан кейин турган. У уруш ва сулҳ ишлари, айрим вилоят бошлиқларини тайинлаш ва б. масалалар билан шуғулланган. Ларвоначи хон ёрлиқларини топшириш ва ҳарбий қисмларга бошчилик қилиш каби вазифаларни адо этган. Шунингдек, хонликда ясовул, эшикоғабоши, мирохур, шиғовул, амири лашкар, тўпчибоши, мирзабоши, хазиначи, меҳтар, мироб, кушбеги ва б. лавозимлар бор эди. Манғитлар сулоласи даврида ҳам мустабид ҳокимият шакли мавжуд бўлиб, амир ҳуқуқи чегараланмаган олий ҳукмдор эди. Ижро этувчи ҳокимиятни бош вазир — қушбеги бошқарган. У хон билан бамаслаҳат иш юритган. Жамият ҳаёти шариат қонунларига асосланган. Мамлакат мураккаб давлат аппарати орқали идора қилинган. Мае, молия ишлари девонбегийи калонга, давлат хавфсизлиги кўкалтошга, ички тартибни сақлаш ва назорат қилиб туриш раисп топширилган. Бухоро қози калони ҳузурида аълам ва 12 муфтийаян иборат ривоятлар тузувчи муфтийлар девони бўлган. Амирликда мусулмон руҳонийлари юқори мавқега эга эди. Улар катта ерларга эгалик қиларди. Шайхулислом бош руҳоний ва адлия ишларининг сардори ҳисобланган. У жамият маънавий ҳаётини бошқарган. Суд ҳокимияти руҳонийлар қўлида бўлган. Барча қозилар қози калонга бўйсунган. Давлат бошқарувида у ёки бу лавозим вазифасига қараб ўзгариб турган. Хонликда ўртаасрчилик бошқарув тизимининг узоқ сақланиши тараққиёт ва қўшин кучқудратига салбий таъсир кўрсатган. Қўшинда дастлаб мисдан, 19-а. бошларида чўяндан қуйилган бир неча тўп бўлган. Сарбозлар ўқёй, найза, қилич, ойболта каби ибтидоий қуроллар билан қуролланган. Хонликда қўшин асосан отликлардан ташкил топган. 18-а. охиридаги маълумотга кўра, хон 10 минг кишилик қўшин тўплаш имконига эга бўлган. 19-а. 30-й. ларида ёлланма аскарлар сони 19 минг киши бўлиб, улар хизматини турли шаҳар ва ҳарбий истеҳкомларда ўтаганлар. 19-а. ўрталарида ҳарбий қисмлар, шунингдек тўп ва милтиқлар сони ортган. Умумий қўмондонлик амири лашкар зиммасида бўлган. Умуман хонликда қўшин ҳар жиҳатдан замон талабидан анча орқада эди.

Мамлакат иқтисодий ҳаётида деҳқончилик, хунармандчилик, ички ва ташқи савдо асосий ўринни эгаллаган. Ички низолар бўлиб туришига карамай иқтисодиётнинг бу соҳалари ривожланишда давом этди. Деҳқончилик суғориш билан бевосита боғлиқ бўлган. Суғориш тармоқлари Зарафшон ва Амударёдан чиқарилган. Абдуллахон II нинг 1583 й. да Нурота тоғлари шим. ён бағирларидаги Эски Оқчоб қишлоғи яқинида қурдирган сув омбори қоддиқлари ҳозиргача сақланган. Шунингдек, Зарафшон дарёсида Пули Кармана, Пули Меҳтар Қосим ва Пули Чаҳорминор каби сув тақсимлагичлар қурилган. Зарафшондан Жиззахга Туятортар ариғи чиқарилган. Суғориш тармоқлари амир Шоҳмурод ва амир Ҳайдар даврларида ҳам анча кўпайди, кўчманчиларнинг ўтроқлашуви кучайди.

Хонликда ер эгалигининг асосан 3 тури — амлок (амир . бошчилигидаги мулкдорлар гуруҳи ихтиёридаги ерлар), мулк (хусусий ер эгаларига қарашли) ва вақф (мусулмон руҳрнийлари, Мадраса, масжид ва мозорларга қарашли) ерлари мавжуд бўлган. Хонликда деҳқонлар ерни асосан, ижарага олиб ишлар эди. Солиқ тури ва тўловларнинг кўплигидан, бегор мажбуриятидан безор бўлган меҳнаткаш халқ тез-тез ғалаён қилиб турарди. Деҳқончиликда асосан ғалла, пахта экилган. Ипакчилик кўпроқ Зарафшон водийсида ривожлаиган. Чорвачиликда от, туя, қорамол, қўй боқилган. Ҳунармандчиликнинг кўп турлари равнақ топган. Хусусан, тўқимачилик, тикувчилик, мисгарлик, заргарлик буюмлари хонликдан ташқарида ҳам харидоргир бўлган. Шаҳар ва йирик қишлоклар аҳолисининг талай қисмини ҳунармандлар ташкил этар эди. Тўқимачилик маҳсулотлари Яқин Шарқ (мас, Зандана қишлоғида тўқилган занданийчи матоси бутун Шарқда машҳур бўлган) мамлакатларига чиқарилган. Ҳаётни тебратувчи бу икки йўналиш ички ва ташқи савдо такдирини ҳам белгилаган. Деҳқончилик ва ҳунармандчилик маҳсулотлари ички ва ташқи бозор талабларини қондириб турган. Хонликлар ўртасида савдо узлуксиз давом этган. Айниқса Бухоро ш. Ўрта Осиёнинг энг йирик савдо маркази сифатида машҳур бўлиб, кўплаб карвонсаройларга ва савдо расталарига эга бўлган.

Бухоро ислом дини марказларидан бири сифатида машҳур эди: Абдулазизхон ва Абдуллахон саройида бадиий безакли нодир асарлар тўпланган кутубхона мавжуд бўлган. Бу ерда моҳир хаттотлар ва миниатюрачи рассомлар ишлаб, қўлёзма, адабиёт, тарих ва б. фанлар соҳасида яратилган асарларни кўчириш, безаш ва китоб ҳолига келтириш билан машғул бўлганлар.

Маданияти. Шайбонийлардаврида, айниқса улардан Убайдуллахон ва Абдуллахон II ҳукмронлик қилган йилларда Бухоро хонлиги иктисодий ва маданий ҳаётида бирмунча ўзгаришлар рўй берди. Ҳунармандчилик тараққий этди: темир ва чўян қуйиш, қуроляроғ, мис ва жез идишлар ясаш, тўқимачилик, қоғоз, совун и. ч. йўлга қўйилди. Адабиёт, тарих, таржимонлик, луғатчилик, меъморлик, наққошлик, тасвирий санъат ва б. равнақ топди: «Музаккир улаҳбоб» (Ҳасанхожа Нисорий), «Тазкират ушшуаро» (Мутрибий), «Шайбонийнома» (Муҳаммад Солиҳ), «Зубдат уласрор» (Абдулла ибн Муҳаммад), «Абдулланома» (Ҳофиз Таниш Бухорий), «Бадоеъ улвақоеъ» (Зайниддин Восифий) каби йирик адабий ва тарихий асарлар яратилди, луғатлар тузилди (Амин Аҳмад Розий — «Ҳафт иклим» ва б.), Рашидуддин Фазлуллоҳ («Жомеъ аттаворих») ва Шарафиддин Али Яздий («Зафарнома»)нинг тарихий асарлари узбек тилига таржима қилинди. Мусиқа, хаттотлик (Кавкабий Нажмиддин Бухорий, Мир Али Ҳиравий, Аҳмад Ҳусайний, Мир Ҳусайн алҲусайний, Султон Али Машҳадий, Дўстмуҳаммад Бухорий, Маҳмуд ибн Исҳоқ ашШиҳобий ва б.) юқори даражада ривожланди. Тасвирий санъат юксалиб, Бухоро миниатюра мактаби вужудга келди. Кутубхоначилик (Абдулазизхон, Абдуллахон II кутубхоналари ва б.), китоб безаш ва муқовачилик ривожланди. Тиббиёт илми тараққий этди (Муҳаммад Ҳусайн ибн алМироқий Самарқандий, Шоҳ Али ибн Сулаймон, Султон Али ва б.), йирик шаҳарларда шифохона (дор ушшифо)лар ташкил қилинди. Бу даврда меъморлик юксак даражага кўтарилди — Шайбонийхон мадрасаси, Мир Араб мадрасаси, Абдуллахон мадрасаси, Кўкалдош мадрасаси ва б., Масжиди калон ва б. Говкушон мажмуаси ва б. карвонсаройлар, Тими калон ва б. расталар, Абдуллахон банди, Зарафшон сув айирғичи ва б. кўприк ва сув омборлари қурилди, ариқ, каналлар қазилди, сардоба ва ҳаммомлар солинди, Бухоро ш. янги мудофаа девори билан ўралди. Қабр тоши (Шайбонийхон, Абусаидхон қабр тошлари ва б.) ясаш бадиий даражага етди. Таълимтарбияга эътибор кучайди, ҳар бир маҳаллада мактаб очилди, баъзи хонадонларда уй таълими жорий этилди. Болалар олти ёшдан ўқишга қабул қили»Надиган бўлди. Мадрасаларда илоҳиётдан ташқари риёзиёт, фароиз, ҳандаса, фиқҳ, шеър санъати, мантиқ, мусиқа, хаттотлик ва б. фанлар ўқитилди.

Аштархонийлар давридаги муттасил уруш ҳаракатлари маданий ҳаёт тараққиётига катта тўсқин бўлди. Диний зўравонлик кучайди, дунёвий фанлар ўрнини ислом ақидалари эгаллай бошлади. Лекин шунга қарамай адабиёт, санъат ва б. соҳаларда бир қанча истеъдодли олимлар (мусиқада Дарвишали Чангий ва б.) етишиб чиқди. Адабий, тарихий асарлар — «Ҳайвоннома» (Сайд Насафий). «Баҳр уласрор» (Маҳмуд ибн Вали), «Убайдулланома» (Муҳаммад Амин Бухорий), «Тарихи Абулфайзхон» (Абдурраҳмон Толеъ), «Муҳит уттаворих» (Муҳаммадамин ибн Муҳаммадзамон Бухорий), «Субҳонқулихон тўғрисида ҳажвия» (Турди) ва б. Тиббиёт ва меъморлик бир оз тараққий этди: аштархонийлардан Субҳонқулихон Бухорода махсус шифохона ҳамда тиббиёт кутубхонаси қурдирди. Ҳашаматли бинолар (Шердор мадрасаси, Тиллакори мадрасаси, Абдулазизхон мадрасаси, Нодир девонбеги мадрасаси, Болоҳовуз масжиди ва б.) бунёд этилди. Мактаб ва мадрасаларда асосан диний фанлар, қисман адабиёт (Навоий, Фузулий, Ҳофиз, Бедил ва б.) ўқитилди.

Манғитлар ҳукмронлиги даврида маданий ҳаёт паст даражада бўлиб, ҳукмрон табақалар халқни жаҳолатда сақлашга ҳаракат қилар, бадиий ижодда мадҳиябозлик ва таркидунёчилик мавзуи ҳукмрон эди. 18-а. 2-ярми ва 20-а. бошларида «Туҳфаи хоний» (Муҳаммад Вафо Карминагий), «Тож уттаворих» (Муҳаммад Шариф), «Фатҳномаи султоний» (Муҳаммад Миролим Бухорий), «Манғит хонлари тарихи» (Мирзо Абдулазим Сомий), «Наводир улвақоеъ», «Таржимаи аҳволи амирони Бухоро» (Аҳмад Дониш) каби тарихийбадиий асарлар яратилди. «Тўтинома», «Чор дарвеш», «Юсуф ва Зулайҳо», «Тоҳир ва Зуҳра», «Бўз ўғлон», «Юсуф ва Аҳмад», «Гўрўғли» туркумидаги достонлар халқ орасида кенг тарқалди. Халқ санъати турлари — қизиқчилик, фонус хаёл, дорбозлик ва б. тараққий этди, мусиқа оммавий санъатга айланди, тасвирий санъат ривожланди (Абдулхолиқ Махдум ва б.). Йирик иншоотлар — Шайх Жалол дарвозаси ва хонақоҳи (18-а. 2-ярми), Домулло Турсунжон мадрасаси (1796— 97), Халифа Худойдод ансамбли (1777— 1855), Чорминор (1807), Амир мадрасаси (20-а. бошлари), Ситораи Моҳи Хоса (19 — 20-а. бошлари) ва б. қурилди., Б. х. Россия вассалига айлантирилгач, қулчилик тугатилди, касалхона, дорихоналар, янги усулдаги рустузем мактаблари очилди, Каттақўрғондан Бухорога телеграф ўтказилди, Бухоро т. й. ва Амударёга темир кўприк қурилди. Меъморликда миллим ва европача услублар уйғунлашиб кетди: мас, 1888 й. қурилган Янги Бухоро (ҳоз. Когон) даги савдо ва банк муассасаларининг бинолари, амирнинг янги саройи, Бухородаги т. й. вокзали ва б.

/4й..Ҳофиз Таниш Бухорий, Абдулланома, 1—2 ж. лар, Т., 1999, 2000; Мир Мухаммад Амини Бухари, Убайдулланаме, Т., 1957; Абдурахман Тали, История Абулфейзхана, Т., 1959; Мирза АбдалАзим Сами, Тарихсалатини мангитийаи Бухара, М., 1962; Ўзбекистоннинг янги тарихи. 1китоб. Туркистон чор Россияси мустамлакачилиги даврида, Т., 2000; Ўзбекистон тарихи: давлат ва жамият тараққиёти, 1қисм, Т., 2000.

Ҳамид Зиёев.


Кирилл алифбосида мақола: БУХОРО ХОНЛИГИ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Б ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
БОБУР
АМИР ТЕМУР
БУХОРО ВИЛОЯТИ
АЛИШЕР НАВОИЙ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты