ЧЎЛПОН

ЧЎЛПОН (тахаллуси; асл исмшарифи Абдулҳамид Сулаймон ўғли Юнусов) (1898, Андижон — 1938.4.10, Тошкент) — шоир, ёзувчи, драматург, таржимон, танқидчи ва жамоат арбоби. Дастлаб мадрасада (1908—12), сўнгра рустузем мактабида (1912 — 14) ўқиган. Шарқ мумтоз шоирлари асарларини мутолаа қилиш ва жадид матбуотини кузатиш йўли билан адабий, ижтимоийсиёсий билимини оширган. 1914 й. Тошкентга келиб, «Садои Туркистон» газ. билан ҳамкорлик қилган. «Янги Шарқ», «Иштирокиюн» (1920 й. дан «Қизил байроқ», 1922 й. дан «Туркистон») газ. да адабий ходим (1919—23), Халқ маориф комиссарлиги қошидаги Илмий кенгаш (1921 й. дан Ўлка ўзбек билим ҳайъати, 1922 й. дан Илмий ҳайъат)да раис (1920—23), «Бухоро ахбори» газ. да муҳаррир (1921— 22), «Турон» театрида директор (1921; 1922—23), «Муштум» жур. ва «Дархон» газ. да техник муҳаррир, адабий ходим (1922—23), Ўзбек драма студияси (Москва, 1924 — 27) ва Ўзбек давлат драма театрида адабий эмакдош (192731), СССР ХКС ва Шарқ халқлари марказий нашриётида таржимон (Москва, 1931— 34), «Муштум» ва «Гулистон» жур. лари ҳамда «Театру» газ. да адабий ходим (жамоатчилик асосида, 1935—37).

Адабий ижоди 1913—14 й. ларда Андижоннинг ижтимоий ва маданий ҳаёти ҳақида хабарлар ёзиш билан бошланган. 1914 й. Тошкентда М. Абдурашидхонов ва У. Хўжаев билан танишиш Чўлпоннинг миллий уйғониш ҳаракати намояндаси сифатида шаклланишида муҳим омил бўлган. Чўлпон «Садои Туркистон» газ. да дастлабки «Туркистонли қардошларимизга» шеъри, «Қурбони жаҳолат», «Дўхтир Муҳаммадёр» ҳикоялари ва «Адабиёт надир?» мақоласини эълон қилиб (1914), шу давр адабиёти намояндалари сафидан ўрин эгаллаган. Туркистон аҳолисининг иқтисодий, ижтимоий ва маданий қолокдик шароитида яшаётганининг асосий сабабини Россиянинг мустамлакачилик сиёсатида кўрган Ч., бошқа жадидлар қатори, ўз асарлари билан халқнинг маданий ва маърифий савиясини кўтаришга киришган.

1917 й. Февраль инқилобининг рўй бериши тараққийпарвар зиёлилар дунёқарашини ўзгартириб юборди. Улар, шу жумладан, Чўлпон мустақиллик учун кураш энди тарғибийташвиқий давридан амалий фаолият босқичига ўтганини англадилар. Ч. Туркистон мухторият ҳукуматининг барпо этилишида фаол иштирок этиб, мухториятни шарафловчи «Озод турк байрами» шеърини ёзди ва бу шеър ўзбек давлатчилиги тарихида илк мадҳия бўлди. Шу даврда Туркистондаги кўп миллатли зиёлилар ўртасида федерализм ғояси кенг тарқалгани сабабли Чўлпон айни пайтда З. Валидий билан бирга Оренбургга бориб, Бошқирдистон мухторият ҳукуматининг ташкил этилишида ҳам иштирок этди. Федералистларнинг фикрларига кўра, Туркистон ва Волга бўйидаги туркий халқлар ўз мухторият ҳукуматларини барпо этганларидагина бу хукуматларнинг большевиклар томонидан тан олиниши ва биргаликда ҳимояланиши мумкин эди.

Мухторият тугатилгач, Чўлпон «Илмий кенгаш», «Чиғатой гурунги», «Нашри маориф» ташкилотлари ва «Турон» театрида адабий, илмиймаърифий ишлар билан машғул бўлди. Айни пайтда шўро давлатининг мустамлакачилик сиёсати оқибатларини фош этувчи шеър ва мақолалар ёзиш билан истиқлол учун курашда давом этди. Аммо республика маданият ходимларининг 2қурултойи (1927) данкейин Чўлпонга қарши бошланган кураш уни сиёсий фаолиятдан узоқлашишга, ҳатто 1931—35 й. ларда Москвага қочиб бориб, мусофирликда яшашга мажбур этди.

Чўлпон 1937 й. 14 июль куни ҳибсга олиниб, кўп ўгмай, отиб ташланди.

Чўлпоннинг адабий мероси шеърият, наср, драматургия, публицистик ва адабийтанқидий мақолалар ҳамда таржимадан иборат.

Чўлпоннинг шеърий асарлари «Ўзбек ёш шоирлари», «Уйғониш» (1922), «Булоқлар» (1923), «Тонг сирлари» (1926) ва «Соз» (1935) тўпламларида, шунингдек, турли газ. ва жур. ларда эыон қшшнган. Улар ғоявийтематик йўналишига кўра 2 гуруҳга ажралади: соф лирика ва ижтимоийсиёсий лирика. Ишқий кечинма ва табиат манзаралари тасвирланган шеърларида Чўлпон жаҳон лирик шеъриятининг мумтоз вакиллари даражасига кўтарилган, Шеърлари лирик қаҳрамоннинг бой ва гўзал руҳий оламини, табиат манзарасини, табиатда кечаётган жараёнларни катта маҳорат билан акс эттирган. «Гўзал», «Сезги», «Сирлардан», «Мен шоирми?» сингари шеърлари билан бармоқ вазнига асосланган янги ўзбек шеъриятини юксак тараққиёт босқичига олиб чикди. Бармоқ вазни Чўлпон ва Фитратнинг ижодий изланишлари билан 20-й. ларнинг бошларидаёқ янги ўзбек шеъриятининг асосий вазнига айланди.

Тарихий давр ва тарихий шароит Чўлпондан муҳаббат ва табиат лирикасидан кўра шу даврдаги ўзбек халқининг ижтимоийсиёсий, иқтисодий ва маданий аҳволини яхшилашга қаратилган асарлар ёзишни тақозо этди. Ватан ва миллат манфаати билан яшаган шоир даврнинг шу талаби билан большевиклар олиб борган сиёсатнинг мустамлакачилик моҳиятини фош этишга, халқни зулм ва зўравонликка қарши ҳуррият учун курашга даъват этишга қаратилган шеърлар ёзди («Бузилган ўлкага», «Халқ», «Виждон эрки», «Кишан» ва б.). Ч. бу шеърлари билан адабиётнинг кураш қуролига айланиши мумкиилигини исботлаб берди. Шоирнинг юрак қони билан ёзилган бу шеърлари ватандошларида ўзбек диёрига оташин муҳаббат, мустамлакачиларга нафрат, эрк ва ҳуррият ғояларига садоқат туйғуларини тарбиялади. Агар Чўлпоннинг «кўнгил лирикаси» анъаналари кейинчалик Ойбек, Ҳ. Олимжон, Миртемир, Зулфия, Э. Воҳидов, А. Орипов, Р. Парфи ва б. ижодида муваффақият билан ривожлантирилган бўлса, унинг ижтимоий мазмун билан йўғрилган шеърияти анъаналари кейинчалик давом эттирилмай қолди.

Чўлпон истеъдодига хос лирик назокат ва нафосат шоир насрий асарларининг ҳам ўзига хослигини белгилаб келади. Чўлпон қайси мавзуга мурожаат этмасин, бадиий воқеликни поэтик тил ва образлар орқали мужассамлантиришга эришди. Шу маънода унинг 20-й. ларда ёзган «Ойдин кечаларда», «Қор қўйнида лола», «Новвой қиз» сингари ҳикоялари ўзбек адабиётидаги лирик насрнинг дастлабки мумтоз намуналаридир. Чўлпон бу ҳикояларида ўзбек хотинқизларининг аянчли такдирини турли бадиий режада тадқиқ этар экан, ҳар бир жамиятнинг тараққиёт даражаси шу жамиятнинг хотинқизларга бўлган муносабати билан. белгиланади, деган ғояни бу асарлар оша «қизил ип» янглиғ ўтказган. Умуман, ўзбек хотинқизларининг мустамлакачилик шароитидаги тақдири тасвири Чўлпон шеърий ижодининг ҳам, кичик эпик асарларининг ҳам, «Кеча ва кундуз» (1936) романининг ҳам асосий ғоявий йўналишини белгилаб берган.

Чўлпон насрий ижодининг муҳим қисмини публицистика ташкил этади. У «Йўл эсдалиги», «Вайроналар орасидан» каби қатор очерк ва публицистик мақолаларида 20-й. лардаги мустамлака ўлка ҳаётининг мудҳиш манзараларини тасвирлаган. Чўлпон бу асарларида реалистик тасвир санъатини мукаммал эгаллаган ёзувчи сифатида гавдаланади. Чўлпон ёзувчилик маҳоратининг шундай қирралари «Кеча ва кундуз» романида, айниқса, ёрқинроқ акс этган. Чўлпон Абдулла Қодирий билан бирга ўзбек адабиётида реалистик роман ва ҳикоя жанрларининг тараққиёт тамойилларини белгилаб берди.

Чўлпоннинг драматургия соҳасидаги дастлабки изланишлари 1919 й. га оид. У шу йили «Темирчи», «Гуноҳ», «Чўрининг исёни» сингари кичик саҳна асарларини ёзди. 20-й. ларнинг бошларида эса Чўлпоннинг «Ёрқиной», «Халил фаранг», «Ўлдирувчи» (1921), «Севги ва салтанат», «Чўпон севгиси» (1922) пьесалари майдонга келди (бу асарларнинг аксари бизгача етиб келмаган). Чўлпон «Турон» театрига директорлик қилган й. ларида саҳна санъати ва драматургия «сир»ларини, шунингдек, рус тилини пухта эгаллагани туфайли 1924 й. Москвада ташкил этилган ўзбек драма студиясига адабий эмакдош этиб юборилди. У ҳали рус тилини билмаган ватандошларига москвалик машҳур артист ва режиссёрларнинг маърузаларини таржима қилиб беришдан ташқари, ўзи ҳам студиячилар учун саҳна асарлари («Ёрқиной», «Яна уйланаман», «Қоровул уйқуси» (Л. Свердлин билан ҳамкорликда), «Узун қулоқ бобо») ни ёзиб, рус ва европа драматургларининг пьесалари (К. Гоцци, «Маликаи Турондот», Н. В. Гоголь, «Терговчи», В. Н. Билль Белоцерковский, «Лаббай», Мольер, «Хасис»)ни таржима қилиб берди. Чўлпон 1927 й. да Москва ва Боку драма студиялари қатнашчилари базасида Ўзбек давлат намуна труппаси (1929 й. дан Ўзбек давлат театри) ташкил этилгач, мазкур труппа (театр) нинг адабий эмакдоши сифатида фаолият олиб борди. Шу даврда унинг кишилар ва жамият ҳаётидаги нуқсонларни ҳажв этувчи «Муштумзўр», «Ҳужум» (В. Ян билан ҳамкорликда, 1928), «Ўртоқ Қаршибоев» (1929) каби пьесалари саҳна юзини кўрди. Чўлпон айни пайтда театр таржимони сифатида ҳам самарали ижод қилиб, К. Гольдонининг «Икки бойга бир қарол», Лопе де Веганинг «Қўзи булок», У. Шекспирнинг «Ҳамлет», Ф. Шиллернинг «Босмачилар», БилльБелоцерковскийнинг «Пўртана», С. Левитинанинг «Ҳукм», А. Файконинг «Портфелли киши», В. Третъяковнинг «Наърангни торт, Хитой!», Вс. Ивановнинг «14—69 рақамли зирҳли поезд» пьесаларини ўзбек тилига ўгирди. Чўлпон адабий эмакдош, драматург ва таржимон сифатида М. Уйгур билан бирга профессионал ўзбек театрига тамал тошини қўйди.

Чўлпоннинг адабиёт ва санъат масалаларига багишланган фаолияти кичиккичик мақолалардан иборат бўлсада, уларнинг айримлари дастурий аҳамиятга эга. Чўлпон 1914—15 й. ларда ёзган «Адабиёт надир?» ва «Муҳтарам ёзувчиларимизга» мақолалари билан адабиёт ва санъатнинг халқ ва жамият олдидаги вазифасини, тарбиявиймаърифий аҳамиятини аниқ белгилаб берди. У ўзбек ва хорижий халклар адабиёти намояндалари («Марҳум Тавфиқ Фикрат», «Икки йуқотиш», «Ризо Тавфиқбек», «Тагор ва тагоршунослик», «Улуғ ҳинди», «Жўрж Дандон», «Катта мактаб эгаси», «Увайсий», «Устоднинг хислатлари»), театр ва мусика санъати («Або Муслим», «Иблис», «Шайх Санъон», «Ойдин», «Маликаи Турондот», «Мейерхольд театри», «Турсуной саҳнада», «Ашулага ишкибоз», «Қизиқлар», «Отабола санъаткор», «Базмчолғу тўдаси», «Украина бандурачилари»), тил («Шоҳнома»нинг туркча таржимаси», «Тилимизнинг ишланиши») ва таржима («Таржима тўғрисида жиндак», «Сўз, сўз, суз») масалаларига бағишланган мақолалари билан 20-й. ларда адабий танқид, санъатшунослик, тилшунослик ва таржимашунослик соҳаларининг пайдо бўлиши ва шаклланишига катта ҳисса қўшди.

Чўлпон адабий меросининг салмокли кисмини таржима асарлар ташкил этади. У Москвада яшаган йилларида моддий эҳтиёж орқасида кўпгина ўткинчи асарларни таржима қилишга мажбур бўлди. Лекин шу билан бирга Чўлпон Пушкин («Борис Годунов», «Дубровский»), Н. В. Гоголь («Терговчи»), И. С. Тургенев («Чўри қиз»), И. Франко («Миллион», «Феруза»), Л. Андреев («Губернатор», «Осилган етти кишининг ҳикояси»), А. П. Чехов («Қочоқ»), А. М. Горький («Илгаклар», «Она») сингари рус ва б. халклар адабиётининг мумтоз асарларини ҳам катта маҳорат билан таржима қилиб, замонавий миллий таржима мактабига асос солди. Чўлпон таржимасидаги У. Шекспирнинг «Ҳамлет» трагедияси ўзбек таржима санъатининг шоҳ намунасидир.

Чўлпон шўро давлатининг доимий тазйиқи ва назорати остида яшагани сабабли унинг кўплаб қўлёзмалари ўғирланди. У 1937 й. да «халқ душмани» сифатида айбланиб, қамоққа олиниши арафасида ва кейин ҳам барча қўлёзма асарлари куйдириб ташланди. Шунга қарамай, Чўлпондан бизга қадар етиб келган 10 жилд ҳажмдаги оригинал ва таржима асарлар ўзбек халкининг катта маданий ва маънавий бойлигидир.

Ўзбекистон мустақил республика деб эълон килингач, Чўлпоннинг ўзбек маданиятини ривожлантириш ва халқ оммасини истиқлол гояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишига қўшган ҳиссаси юксак баҳоланди. Чўлпонга Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти (1991) ва «Мустақиллик» ордени (1999) берилди. 1997 й. Ч. нинг 100 йиллиги кенг нишонланиб, Андижонда Чўлпон уймузейи ташкил этилди, Тиллар пед. инти ва лицей Ч. номи билан атадди. Ўзбек миллий академик драма театрида Чўлпон хаёти ва ижтимоий фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи «Кундузсиз кечалар» (Усмон Азим асари) спектакли саҳналаштирилди.

Ас: Яна олдим созимни, Т., 1991; Асарлар [3 ж. ли], 1—2ж., 1999; Адабиёт надир, Т., 1993.

Ад.: Шарафиддинов О., Чўлпон, Т., 1991; Каримов Н., Чўлпон, Т., 1991; Чўлпоннинг бадиий олами, Т., 1993; Шарафиддинов О., Чўлпонни англаш, Т., 1994; Қуронов Д., Руҳий дунё таҳлили, Т., 1994; Каримов Н., Истиқлолни уйғотган шоир, Т, 2000; Каримов Н., Чўлпон (маърифий роман), Т., 2003.

Наим Каримов.


Кирилл алифбосида мақола: ЧЎЛПОН ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Ч ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
АНДИЖОН ВИЛОЯТИ
БУХОРО ХАЛҚ СОВЕТ РЕСПУБЛИКАСИ
БУХОРО ВИЛОЯТИ
АЛИШЕР НАВОИЙ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты