ДАВЛАТ ҲУҚУҚИ — муайян давлатнинг ижтимоий тузуми, давлат тузилиши асослари ва давлат ҳокимияти органларининг ташкил этилишини, инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуклари, эркинликлари ва бурчларини ҳамда сайлов тизимини белгиловчи ва тартибга солиб турувчи ҳуқуқий нормалар йиғиндиси. «Давлат ҳуқуқи» атамаси билан бир қаторда конституциявий ҳуқуқ атамаси қўлланилиб келинмоқда, уларнинг предмети ва тадқиқот объектлари бир хил бўлганлиги боис синоним сифатида тушунмоқ керак. Бундан ташқари давлат ҳуқуқи уч маънода: ҳуқуқ тармоғи, фан ва ўқув курси сифатида қўлланилади.
Ўзбекистон Республикаси Д. ҳ. — Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ тизимининг етакчи тармоғи ҳисобланади; унинг нормалари давлат ва жамиятнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий асосларини, давлат ҳокимиятини амалга ошириш ҳамда жамият, давлат ва шахс орасидаги муносабатларни ташкил этувчи ижтимоий муносабатларни ўрнатади, ривожлантиради ва ҳуқуқий тартибга солиб туради. Шу боис Давлат ҳуқуқининг асосий принциплари, қоидалари ва нормалари ҳуқуқ тизимининг бошқа тармоқлари (жиноят, жиноят-процессуал, фуқаролик, фуқаролик-процессуал, маъмурий, хўжалик, меҳнат ҳуқуқи ва ш. к.)ни белгилаб беради. Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳуқуқининг бош манбаи Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ҳисобланади. Давлат ҳуқуқи манбаларини Қоракалпоғистон Республикасининг Конституцияси, шунингдек, давлат-ҳуқуқий мазмунга эга бўлган ёки давлат-ҳуқуқий муносабатларни тартибга соладиган нормаларни ўз ичига олган конститупиявий ва оддий қонунлар, Президент фармонлари ва карорлари, Олий Мажлис регланменти, низомлар, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, маҳаллий ҳокимиятнинг қарорлари, Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлатлар билан тузган битим ва шартномалари ташкил этиши мумкин. Жамиятдаги муносабатларни Давлат ҳуқуқи нормалари билан тартибга солиш натижасида келиб чиқадиган муносабатларни давлат-ҳуқуқий муносабатлар деб аталади . Давлат-ҳуқуқий муносабатларнинг иштирокчилари давлат-ҳуқуқий муносабат субъектлари деб аталади. Ўзбекистон Республикасида давлат-ҳуқуқий муносабатларнинг асосий субъектлари қуйидагилардан иборат: давлат сифатида Ўзбекистон Республикаси; Ўзбекистон Республикасининг халқи; Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар; Қорақалпоғистон Республикаси; Ўзбекистон Республикасининг давлат органлари (Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис, Вазирлар Маҳкамаси, судлов органлари, вазирликлар, давлат қўмиталари, барча поғонадаги халқ депутатлари Кенгашлари ва ҳокимликлар); депутатлар ва уларнинг уюшмалари; сайлов комиссиялари; жамоат бирлашмалари; фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва б.
Ўзбекистонда Давлат ҳуқуқи фанининг ривожланиши асосан 20-а. нинг 20-й. ларидан бошланди ва мустақиллик йилларида кенг қамров олди. Ўзбекистонда ҳуқуқий демократик давлат қурилиши ва фуқаролик жамияти шакллантирилиши, давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши ва фаолиятининг такомиллаштирилиши, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг таъминланиши, сиёсий тизимнинг эркинлаштирилишига доир О. Эшонов, А. Аъзамхўжаев, Ш. Ўразаев, А. Тўлаганов, А. Азизхўжаев, 3. Исломов, Ҳ. Бобоев, О. Ҳусанов, Р. Қаюмов, X. Одилқориев, Э. Халилов, У. Тожихонов, А. Саидов, М. Файзиев, С. Султонов каби ҳуқуқшунос олимларнинг ишлари эътиборга лойикдир.
Абдужаббор Тўлаганов.