ДАВЛАТ

ДАВЛАТ — мамлакат миқёсида жамиятни уюштириш масалаларини ҳал қилиш, унинг ташқи муносабатларини белгилаш ваколатлари бўлган ҳукмрон тузилма. Давлат жамиятни ўз қонун-қоидаларига кўра идора қилади, турли тип, шаклларда ташкил топади. Давлат тўғрисидаги назария ҳуқуқшуносликнинг муҳим соҳаси ҳисобланади. Давлат ва унинг келиб чиқиши, ривожланиш босқичлари, моҳият ва вазифалари ҳақида турлича фикрлар мавжуд.

Давлат масаласи ҳақидаги қарашлар, таълимотлар. Давлат ҳокимияти ҳамда ҳуқуқий хаёт ҳодисалари ҳамма замонларда алоҳида долзарблик касб этиб келган. Давлат тўғрисидаги илк тушунча ва қарашлар мил. ав. тахм. 4—3-мингйилликларда Миср, Месопотамия, Ҳиндистон, Хитойда пайдо бўлган. Улар асосан диний-мифологик характерда эди. Авесто таълимотига кўра, ҳокимият, ҳақиқат, адолатлилик 3 ахлоқий-ҳуқуқий асосга: эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амалга таянади. Давлатнинг вазифаси ёвузликка қар-ши яхшилик, тинчлик ва инсонларнинг бахтлисаодатли ҳаётини таъминлашдир. Ислом дини таълимоти бўйича, Аллоҳнпнг ўзи олий қонун соҳиби. Унинг талаблари, кўрсатмалари пай-ғамбарлар орқали инсонларга етказилади. Давлат бошлиқлари — подшолар, хонлар худонинг ердаги сояси, вакили ҳисобланади.

Диний-мифологик таълимотлар билан бирга, кейинчалик Давлат тўғрисидаги дунёвий қарашлар, ғоялар ривожланди. Бунда Платон, Аристотель, Форобий, Беруний, Ж. Ж. Руссо, Г. Гроций, Спиноза, Локк, Монтескье, Кант, Жефферсон ва б. катта ҳисса қўшдилар. Бугунги дунёвий Давлат ларда ана шу мутафаккирлар таълимотлари муайян даражада ўз аксини топган. Аристотель қам, Форобий ҳам инсонлар ҳаётий зарур масалаларни ечишда ва ўз эзгу орзуларига эришишларида табиат инсонга ато этган ҳуқуқлар (дунёга келиш, яшаш, оила қуриш ва ҳ. к.) асосида Давлатга бирлашадилар, деб ҳисоблаган. Давлатга жамиятда тинчликни, тартибни таъминловчи, жамиятни идора қилувчи ҳокими-ят сифатида қараган. «Давлат — ҳуқуққа риоя этиш, у умум манфаати йўлида тузилган эркин кишиларнинг мукам-мал иттифоқи» (Гроций), «Давлат ҳуқуқий қонунлар ҳимоясида бўлган кўпчилик одамларнинг бирлашмасидир» (Кант). Ғарбий европалик олим Ж. Боден «Давлат ички ва ташқи сиёсатда мустақилдир», дейиш билан суверенитет, суверен ҳокимият ҳақидаги фикрни илгари сурган. Француз мутафаккири Ж. Ж. Руссо эса суверенитет халқники деган эди. Т. Гоббс бу хусусда ўзича тавсиф бериб, суверенитет соҳиби бир шахс, давлат бошлиғи ёки бир неча кишилар бўли-ши мумкинлигини эътироф этган. У Д. зиммасига «қўл остидагиларга тинчтотувликни бахш этиш, улар хавфсизлигини таъминлаш юклатилади», деб ёзган. Давлат ҳақидаги назариялар қанчалик хилмахил бўлмасин, Давлатнинг ҳамма ерда ташкил топиш ва ривожлана бориш жараёни ўз йўли билан кечди.

Давлатнинг юзага келиши ва тарихий тараққиёти. Дастлабки Давлатлар суғориладиган деҳқончилик ҳудудлари — Миср, Месопотамия, Элам (ҳоз. Эрон ҳудудида), Ҳиндистон ва Хитойда бундан 3,5—5 минг йиллар муқаддам вужудга келди. Суғориш шохобчаларини бунёд этиш билан меҳнат унумдорлигининг кескин ошиши уларнинг юзага келишига сабаб бўлди. Давлатнинг ташкил топиш жараёнида пирамида шаклида бунёд этилган жамият вужудга келди: энг юқорида ягона ҳукмдор (подшоҳ, фиръавн, хон ва қ. к.), қуйироқда — унинг энг яқин сафдошлари, маслаҳатчилари (вазирлар, амирлар) турарди. Улардан кейин қуйи мартабали амал-дорлар, пирамиданинг асосини эса, қишлоқ жамоалари ташкил этарди. Давлат олий ҳукмдор саналиб, жонли-жонсиз ҳамма нарсаларга, барча фуқароларнинг ҳам ҳаёти, ҳам мулкига эгалик қиларди. Жамиятнинг барқарор табиати Давлатнинг туб ўзгаришларсиз яшашини таъминлаб келди. Чунончи, қад. Миср Д. и мил. ав. 4—3-минг йилликларда пайдо бўлиб, 30 а. дан кўпроқ яшади. Ғарб давлатлари Шарқ Д. ларидан анча кейин пайдо бўлган, бироқ улар анча тез ривожланган. Европа ижтимоий жамиятидаги ўзгаришлар Давлат ларнинг янги-янги типларини вужудга келтириб чиқарган.

Ўзбек халқи аждодларининг илк давлатчилиги тарихи анча қадим илдизларга эга. Буни археология фани ва ёзма манбалар исботлайди. Жумладан, Авесто, ахоманиплар даври михсимон ёзувлари ва қад. дунё (Юнонрим) даврига тааллукли манбаларда бу юртдаги вилоятларнинг номларй, аҳолининг тур-муши, дини, маданияти, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий тузуми тўғрисидаги маълумотлар билан танишиш мум-кин. Ўзбек халқи аждодларининг илк давлатчилик тизимига ўтиш жараёни мил. ав. 2-минг йилликнинг ўрталарида бошланди. Мил. ав. 7—6-а. ларда Ўрта Осиё ҳудудида энг йирик Давлатлар — «Катта Хоразм» ва қад. Бақтрия подшолиги мавжуд эди. Сўғдиёна ва Фарғона ви-лоятлари қад. тарихнинг иқтисодий ва маданий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Асрлар давомида ўзбек халқи аждодлари чет эл босқинчилари (ахоманийлар, юнон-македонлар)га қарши кураш олиб бордилар. Турли сулолалар даврида сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий жараёнлар ўзгариб турди. Кейинги асрлар давлатчилик тарихини ўрганишда ва тадқиқ этишда Беруний, Нарша-хий, Абдураззоқ Самарқандий, Шарафиддин Али Яздий, Бобур, Ҳофиз Таниш Бухорий ва б. муаллифлар асарлари муҳим аҳамият касб этади. Ўрта асрларда ўзбек халқи давлатчилиги тарихида сомонийлар, қорахонийлар, салжуқийлар сулолаларининг йирик Давлат лари вужудга келди. 12-а. нинг ўрталарида хоразмшохлар мамлакатни марказлаштиришга ҳара-кат қилдилар, аммо бу жараёнга мўеул истилоси тўсиқ бўлди. Ўзбек халқи давлатчилиги тарихининг янги босқичи Амир Темур ҳукмронлиги даври билан узвий боғлиқдир. Бу даврда ҳамма соҳа — иқтисодий ҳаёт, меъморлик, ҳунармандчилик, илм-фан, санъат юксак даражада ривож топди. Ушбу тарихий анъана Улуғбек даврида давом этди. Кейинги асрларда ўзаро низолар ва ку-рашларга қарамай, ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётда янги жараёнларни кузатиш мумкин. 18-а. ўрталарига келиб Ўрта Осиё ҳудудида учта Давлат (Бухоро хонлиги, Хива хонлиги ва Кўқон хонлиги) пайдо бўлди. Афсуски, улар ўртасида бирлик бўлмади, сиёсий қара-мақаршиликлар, ўзаро курашлар авж олди. Бундай вазиятда Ўрта Осиё хонликлари подшо Россияси томонидан истило қилиниб, Туркистон ўлкаси мустамлакага айланди. Шу даврдан бошлаб ўлкада истиқдолга эришиш ва миллий давлатчиликни тиклаш учун халқ ҳаракатлари бошланди, айниқса, 20-а. нинг 1-чорагида бу кураш ўзининг юқори нуқтасига чиқци. Ўзбекистон Д. мустақиллиги эълон қилингунча, ўзбек халқи ўз ҳаётида мана шундай мурак-каб тарихни бошидан кечирди (қ. Ўзбекистон Республикаси).

Турли халқлар ўз давлатчилигининг шаклланиш босқичини ижтимоий, иқтисодий ва тарихий-маданий вази-ятларга боғлиқ ҳолда турли тарихий даврларда босиб ўтдилар. Ер юзида ўз давлатчилигини ҳеч қачон ярата олмаган элатлар ва қабилалар сақланиб қолган бўлиб, уларнинг ижтимоий-иқти-содий ҳаёти бир неча минг йиллар илгаригидек, уруғ ва қабиланинг маънавий ўлчамлари, уруғ бошлиқларининг обрў-эътибори б-н бошқариб турилмоқда. Цивилизация инсоният маданияти ривожинигина англатиб қолмай, шунингдек, давлатчилик тараққиёти \амдир. Бироқ яқин-яқингача хукм суриб келган марксча-ленинча таълимотга кўра, Давлат синфий характерга эга, ҳукмрон синфларнинг қўлидаги эксплуатация қуроли, жамият ривожлана бориб, пировардида Давлат ўз қиёфасидан махрум бўлади ва даставвал «ярим давлат»га айланиб, кейинроқ (зарурат бўлмаганлиги боис) умуман барҳам топади. Лениннинг «Давлат ва революция» асарида баён этилган бу хилдаги «назарий қоида»ларнинг таги пуч эканли-гини жаҳон тарихидаги кейинги воқеалар исботлаб берди. Тарихий тараққиёт шуни кўрсатдики, инсоният ҳеч қачон ҳокимиятсиз, Давлат сиз яшай олмаган, аксинча том маънодаги Давлатнинг ривожланиши жамиятнинг кжсалишига олиб келган. Зотан Давлат жамиятда бар-ча синфлар, табакалар ва миллатларни муросага келтириб турувчи кучдир. У барча бошқа нодавлат ташкилотлардан ўзининг асосий белгилари билан ва қонунларининг бажарилиши ҳамма учун мажбурийлиги б-н фаркланади.

Давлатнинг асосий белгилари. Давлатнинг белгилари тўғрисидаги масалани ҳуқуқшунослар турлича талқин қилиб келганлар. Бунда аҳолининг ҳудудий бўлиниши, одамлар устидан раҳбарлик қилувчи ҳокимият, солиқлар ти-зими алоҳида ажратиб кўрсатилган. Ҳоз. вақтда Давлатнинг умумий эътироф этилган қуйидаги асосий белгиларини кўрсатиш мумкин: Д. ўз чегаралари доирасида фуқаролик белгиси бўйича бирлашган бутун жамият, аҳолининг ягона вакили сифатида майдонга чиқади; Д. — суверен ҳокимиятнинг ягона эгасидир; Д. — юридик кучга эга бўлган ва ҳуқуқ нормаларини акс эт-тирган қонунлар ва уларга асосланиб чиқарилган ҳужжатларни қабул кидали; Д. — ўз функцияларини бажариш учун зарур Давлат органлари ҳамда тегишли моддий воситалар тизимидан иборат механизм (маҳкама)га, ҳуқуқни муҳофаза қилиш (жазолаш) органлари — суд, прокуратура, милиция, полиция кабиларга, ўз мудофааси, су-веренитети, ҳудудий яхлитлигини ва хавфсизлигини таъминловчи қуролли кучлар ҳамда хавфсизлик органларига эга бўлади (қ. Давлат хавфсизлик органлари).

Давлат типлари ва шакллари. Давлатшунос олимлар Давлатни ўрганишга тарихий жиҳатдан ёндашиб, қад., ўрта аср ҳамда хоз. Давлатларни ажратиб кўрсатадилар. Тарихий ва маданий ривожланиш қўшиб ҳисобга олинадиган бўлса, деққончилик билан шуғулланувчи ва саноат билан шуғулланувчи (ёки индустриал тараққиётгача, индустриал ва постиндустриал) Давлат ларга бўлиниши мумкин. Цивилизация характерига кўра, Давлатлар шарқий, ғарбий ва аралаш (оралиқ) Д. ларга, иқтисодий тараққиёт даражаси бўйича эса, юксак ривожланган, ўртача ривожланган ҳамда «камбағал» Д. ларга ажратилади. Ҳоз. замонда фанда кенг фойдаланилаётган Давлат таснифи қуйидагича: тоталитар, авторитар, либерал ва демократик Давлат лар. Либерал Давлатда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари жамият ҳаётининг барча соҳаларида расман амал қилади, Давлат ишларида фукароларнинг расман иштирокларига йўл қўйилади. Ман этилмаган ҳамма нарсага рухсат этилади, бироқ мавжуд Давлат ва ижтимоий тузумни ўзгартиришга йўл қўйилмайди. Тоталитар Давлатда ҳамма нарса бир ғояга — «Давлат — бу ҳамма нарса, инсон эса — ҳеч нима» деган ғояга бўйсундирилган. Бутун қокимият ҳукмрон элита қўлида бўлиб, бошқалар Давлатни бошқаришдан четлатилган. Авторитар Давлатда ҳам ҳокимият тор гуруқ кишилар қўлида бўлиб, шахсий манфаатлар Давлат манфаатлари йўлида қурбон қилинади. Сиёсий жабҳада рухсат этилганидан ташқари ҳамма нарса ман этилиши тамойили амал қилади. Демократик Давлат фуқароларнинг Давлат ва жамоат ишларини бошқаришдаги хуқукларини амалда таъминлайди, шундай иштирокка амалда ёрдам беради. Шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари доираси жуда кенг бўлиб, уларни амалга ошириш таъминланган бўлади. Ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида қонун билан тўғридан-тўғри тақиқланмаган ҳамма нарсага йўл қўйилади (қ. Демократия).

Давлат қурилишида Давлат шакли катта роль ўйнайди. Янги Давлатлар ташкил топаётганда унинг шакли тўғри танланиши, жорий этилиши муқимдир. Давлат шакли бошқарув шакли, Давлат тузилиши шакли ва сиёсий идора усули (тартиб, режим) тушунчаларини ўз ичига олади. Давлат бошқарув шакли — Д. ҳокимияти ва бошқарувни тузиш ҳамда ташкил этишнинг муайян тартибидир. Бошқарув шаклининг энг қад. ва хрз. кунга қадар ривожланиб келаётган шакли монархия ва республиканку. Монархия кўпроқ Қад. Шарқ, шу жумладан, Турон заминида ташкил топган Давлатлар шакли эди. Монархиянингўзи ҳам мутлақ монархия вачекланган монархия кўринишларига эга. Мутлақ монархия Давлат ларида Давлат бошлиғининг ҳукуқи чекланмаган, ҳокимият муддатсиз, тахт мерос сифатида авлоддан авлодга ўтади, Давлат бошлиғининг устидан назорат йўқ ва у ҳеч кимга ҳисобот бермайди. Ўзбекистонда Давлат ва ҳуқуқ назарияси ҳамда тарихининг фан сифатида шаклланиши ва ривожланиши О. Эшонов, М. Ҳ. Ҳакимов, А. А. Аъзамхў-жаев, Ш. З. Ўразаевниш олиб борган и. т. лари б-н боғлиқ. Жамият тараққиё-тидаги янги реалликлар Давлат тўғрисидаги фанга тамомила янгича ёндашувларни тақозо этди. Давлат шунослик, янги ташкил топган Давлат лардаги сиёсий тизимлар тарихи ва уларнинг ривожланиши, демократик ин-тлар тузилиши, уларнинг ҳуқуқий Давлат ҳаётидаги ўрни холисона тадқиқ қилина бошлади. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг ҳуқуқий асослари ва демократик жамият барпо этиш муаммолари (А. А. Азизхўжаев), Ўзбекистонда Давлат бошқаруви ва Давлат ҳокимиятини ташкил этиш масалалари (А. Тўлаганов), Д. суверенитети (М. Файзиев), давлат ҳамда қонун чиқарувчи органларнинг тузилиши, фаолият кўрсатиши, ваколатлари муаммоси, уларнинг ижтимоий ва Давлат хаётидаги роли (3. М. Исломов, С. Д. Ниятуллаев, У. Тожихонов, О. Т. Ҳусанов), ҳуқуқий муносабатлар (Х. Т. Одилкрриев), инсон ҳуқуқлари, халқаро ҳуқуқ (А. Саидов), ҳуқуқий парламентаризмнинг ривожланиши (Э. Ҳ. Ҳали-лов), ўзбек давлатчилиги тарихи (А. Зиё) бўйича тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Ад.: Каримов И. А., Тарихий хотирасиз келажак йўқ, Т., 1998; Каримов И. А., Кучли давлатдан кучли жамият сари, Т., 1998; Форобий, Фозил одамлар шаҳри, Т., 1993; Темур тузуклари, Т., 1996; Ник-коло Макиавелли, Государь, М., 1990; Гоббс, Сочинение в 2-х томах, М., 1992; Аъзамхўжаев А. А., Ўзбекистан Республикаси давлат мустақиллигининг ҳуқуқий асослари, Т., 1993; Бобоев Ҳ., Амир Темур ва унинг қарашлари, Т., 1992; Давлат ва қуқуқ назарияси (масъул муҳаррирлар: Ҳ. Б. Бобоев, Ҳ. Т. Одилқориев), Т., 2000; И сломов 3., Давлат ва ҳуқуқ: умумназарий масалалар, 2000; Саидов А., Тожихонов У., Давлат ва Ҳуқуқ назарияси [2 жилдли], 1-жилд, Давлат назарияси, Т., 2001; История политических и правовых учений, М., 1996; Авесто ва унинг инсоният тараққиётидаги ўрни, Т., 2001; Сагдуллаев А., Аминов Б., Мавлонов Ў., Норқулов Н., Ўзбекистон тарихи; давлат ва жамият тараққиёти, 1-қисм, Т., 2000; Зиё А., Ўзбек давлатчилиги тарихи (энг қадимги даврдан Россия босқинига қадар), Т., 2000; Ўзбекистан давлатчилиги тарихи очерклари, Т., 2001.

Ҳалимбой Бобоев, Олим Ҳусанбоев.


Кирилл алифбосида мақола: ДАВЛАТ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Д ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
БОБИЛ-ОССУРИЯ МАДАНИЯТИ
АМЕРИКА ҚЎШМА ШТАТЛАРИ
АЛИШЕР НАВОИЙ
БЕРУНИЙ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты