ДАЛА ИҲОТА ЎРМОНЗОРЛАРИ — экинзор, далалар чегаралари бўйлаб барпо қилинадиган дарахтзорлар, иҳота дарахтларинчт бир тури. Дала иҳота ўрмонзорлари ер усти сув оқимини тўсиб, тупроқни эрозиядан сақлайди, унинг сув, ҳарорат ва озиқ режимларини яхшилайди, шамол тезлигини пасайтиради, далаларда қорни узоқ муддат сақлаб қолиб, тупроқ унумдорлигини оширади, қурғоқчилик ва қуруқ шамоллар таъсирини камайтириб, экин майдонларининг иқлимий ва гидрологик шароитларини яхшилайди, қ. х. экинлари ҳосилини оширади. Дала иҳота ўрмонзорлари назарий асослари ва ташкилий шакллари ва б. билан агроўрмон мелиорацияси шугулланади.
Ўрта Осиёнинг суғориладиган ерларида биринчи Дала иҳота ўрмонзорлари 30-й. ларда барпо қилинди. Мирзачўл ва Марказий Фарғона ерларида 1957 й. дан режа асосида иҳота дарахтлари экила бошланди. 1990 й. га келиб ЎзРда Дала иҳота ўрмонзорлари 40 минг га дан ортиқ майдонни ташкил этди.
Дала иҳота ўрмонзорлари асосий ва ёрдамчи турларга бўлинади. Асосий Дала иҳота ўрмонзорлари шамол энг кўп эсадиган йўналишга перпендикуляр ҳолатда, ёрдамчилари эса асосий минтакага перпендикуляр ҳолатда жойлаштирилади. Ўрмон минтақаларининг мелиоратив таъсири уларнинг шакли ва тузилиши (конструкцияси)га боғлиқ бўлади. Конструкцияси бўйича Дала иҳота ўрмонзорлари 3 асосий турга бўлинади; шамол ўтказмайдиган (зич) конструкцияли иҳотазор (ости ва усти бир хил зич, шамолни деярли ўтказмайдиган мураккаб кўп ярусли дарахтзор); панжарасимон ўрмон иҳотазорлари (бутун вертикал профили бўйлаб сийрак ораликлар билан бир текис бўлинган 2 ва 3 ярусли дарахтзорлар; шамол оқими дарахтзор орасидан ўта олади); қисман шамол ўтказувчи иҳотазорлар (юқори қисмида шох-шаббалар зич, пастки қисми эса дарахт таналари ўртасида оралиқлар мавжуд бўлиб, бал. 2,5 — 3,5 м). Дала иҳота ўрмонзорлари параметрлари муайян майдоннинг шамол ҳаракати кўрсаткичларига қараб белгиланади. Mac, Ўзбекистон 3 ўрмон мелиорацияси р-нига бўлинади; шамол ҳаракати кучли (шамолнинг такрорланиши йилига 60 кунгача, тезлиги 15 м/с дан ортиқ; максимал тезлиги 30 м/с ва ундан ҳам юқори); ўртача (кучли шамолнинг такрорланиши йилига 10— 15 кун; максимал тезлиги 25 м/с); кучсиз (тезлиги 15 м/с дан ошиқ бўлган шамол, йилига 3—7 марта) ҳудудлар.
Биринчи гуруҳга мансуб ҳудудда бутун профилнинг 25—35% микдорида шамол ўтказувчи панжарасимон иҳотазор, иккинчи гуруҳ ҳудудларда 40—50% микдорида шамол ўтказувчи панжарасимон иҳотазор, учинчи гуруҳ ҳудудларда эса қисман шамол ўтказувчи иҳотазорлар самаралидир. Лалмикор ерларда бу кўрсаткичлар тегишлича: 4555%, 50-60%, 70-75%. Далаларни кучли шамоллардан ўрмон иҳотазорлари яхши муҳофаза қилади. Кучли шамол эсадиган, суғориладиган ҳудудларда асосий иҳотазорлардаги дарахт қаторлари сони 3—4, ўртача шамол зонасида 3, кучсиз шамолли ҳудудларда 2 та бўлиши мақсадга мувофиқ. Ёрдамчи иҳотазорлар эса 2 қатордан иборат бўлади (лалмикор ерларда зоналарга мувофиқ ҳолда 5 — 6, 4—5, 4 қатордан иборат бўлади). Кучли шамол зонасидаги суғориладиган ерларда асосий иҳотазорлар ўртасидаги масофа 250—350 м, ўртача зонада 300—400 м, кучсиз шамоллиларда эса 400—500 м; ёрдамчи иҳотазорлар оралиғи 800—1000 м.
Суғориладиган ерларда Дала иҳота ўрмонзорлари тез ўсадиган ва хўжаликка фойдали бўлган дарахт турларидан барпо қилинади (эман, чинор, Болле тераги, қора терак, оқ акация, қоратол, заранг, шумтол, тут ва ш. к.), шўр тупроқларда тузга чидамли дарахтлар экиш тавсия қилинади (қайрағоч, шумтол, оқ акация, Болле тераги, тут, айлант — сассиқ дарахт, наъматак ва б.). Дарахтлар ҳудуд шароитини ҳисобга олиб ишлаб чиқилган махсус усулларда парвариш қилинади. Дала иҳота ўрмонзорлари экинларнинг ҳосилини оширишга имкон беради. Дала иҳота ўрмонзорлари ҳимоясидаги далалар ҳосилдорлик • ҳимояланмаган ерлардагига Караганда 8—10 ц/га юқори бўлади. Дала иҳота ўрмонзорлари кузда ёки баҳорда чуқур ҳайдалган тупроқда барпо этилади. Парваришлашнинг агротехник (тупроқни юмшатиш, бегона ва ёввойи ўтлардан тозалаш, касаллик ва ҳашаротларга қарши кураш) ва ўрмончилик (қуриган ва касалланган шох-шаббаларни қирқиш илдиз бачкиларини олиб ташлаш ва б.) усуллари қўлланади.
Абдушукур Хоназаров.