ДАНИЯ

ДАНИЯ (Danmark), Дания қироллиги (Konqeriqet Danmark) — Европанинг шим.-ғарбидаги давлат, Ютландия я. о. нинг катта қисмини ва унга яқин ороллар гуруҳи (Зеландия, Фюн, Лолланн, Фальстер ва б.)ни ўз ичига олади. Майд. 43043 км2 (Гренландия ва Фарер о. ларидан ташқари); Аҳолиси 5,33 млн. киши (2000). Пойтахти — Копенгаген ш. Маъмурий жиҳатдан 14 амт (вилоят) га, амтлар эса коммуналарга бўлинади. Копенгаген ва Фредерикеберг ш. лари мустақил маъмурий бирликка ажратилган бўлса ҳам, аммо амтларга тенглаштирилмаган. Ички мухториятдан фойдаланувчи Фарер о. лари ва Гренландия о. Д. қироллиги таркибига киради.

Давлат тузуми. Дания — конституцияли монархия. Амалдаги конституцияси 1953 й. 5 июнда қабул қилинган. Давлат бошлиғи — қирол (қиролича, 1972 й. дан қиролича Маргрете II). Қонун чиқарувчи ҳокимиятни қиролича билан фолькетинг (бир палатали парламент) амалга оширади. Фолькетинг 179 депутатдан иборат. Улар умумий тўғри ва яширин овоз бериш йўли билан 4 й. муддатга сайланади. Ижроия ҳокимиятни қирол (қиролича) амалга оширади. У бош вазир ва ҳукумат аъзоларини тайинлайди ҳамда лавозимидан озод этади.

Табиати. Дания ҳудуди кенг баргли урмонлар зонасида жойлашган, ер юзаси текислик. Энг баланд жойи Ютландия я. о. даги Айер-Бавнехой тепалиги (172 м). Тўртламчи даврда ер устини қоплаган музликнинг излари сақланиб қолган. Ютландия я. о. ва б. оролларнинг соҳилларида қўлтиқлар ва бўғозлар кўп. Данияда қазилма бойликлар оз. Каолин, бўр, нефть, торф, қўнғир кумир, газ ва туз конлари бор. Иқлими мўътадил денгиз иқлими, ёзи салқин, баҳор ва куз фасллари узок, давом этади. Киши юмшоқ. Фев. да ўртача т-ра 0°, июлда 15—16°. Йиллик ёгин 600—900 мм. Ёғиннинг кўп қисми кузда ёғади, баҳорда ва ёзда ёғин кам бўлади. Тез-тез туман тушади. Дарёлари жуда қисқа (энг каттаси Гудено, 158 км). Кичик оқар кўл кўп. Мамлакат ғарбининг тупроғи подзол, шарқиники қўнғир ўрмон тупроқлардир. Бу ерларда деҳқончилик қилинади. Денгиз соҳилларида ўтлоқи аллювиал тупроқ, карбонат жинсларда эса карбонатли қўнғир тупроқлар пайдо бўлган. Ҳудудининг 10% га яқини ўрмон билан банд. Қарағай, қорақарағай, қорақайин ва дуб ўрмонлари бор. Бу ўрмонларда ёввойи хайвонлардан оҳу, асил ва чипор буғу, элик, тийин, тустовуқ учрайди. Соҳилларда парранда кўп. Йирик қўриқхоналари: Хесселё, Ворсе.

Аҳолисининг 98% данлар; немислар ва фризлар ҳам бор. Аҳолининг ўртача зичлиги бир км2 га 114 киши. Аҳолининг 84,9% шаҳарларда яшайди. Расмий тили — дан тили. Диндорларнинг 91% — лютеранлар. Йирик шаҳарлари: Копенгаген, Орхус, Оденсе, Ольборг.

Тарихи. Дания ҳудудида одам қадим замонлардан бери яшаб келган. 5—6-а. ларда бу ерга данлар қабиласи келиб жойлашган ва 8-а. да улар Дания даги асосий қабилага айланган. Мамлакат номи шу қабила номидан келиб чиққан. Дания давлати 9—10-а. ларда шаклланган. 11-а. бошларида Буюк Кнуд 1 ҳукмронлиги даврида Англия ва Норвегия Д. га қисқа вақт қарам бўлиб турди. Вальдемар I (115782), Кнуд VI (1182-1202) ва Вальдемар II (1202—41) қироллик қилган даврларда Дания давлати бирмунча мустаҳкамланган. Скандинавия давлатлари орасида Дания иқтисодий тараққий этган ва сиёсий жиҳатдан кучли бўлган. 1380 й. Д.Норвегия унияси (иттифоқи) тузилган. 1397 й. (Маргарита даврида) барча Скандинавия давлатлари Кальмар униясига мувофиқ Дания қироллигига қўшилди.

16-а. нинг 2-ярмидан йирик хусусий ер эгалиги ривожлана бошлади. Д. Болтиқ ва Шим. денгиз савдо йўлида муҳим географик ўрин эгаллагани туфайли моддий жиҳатдан бирмунча фонда кўрар эди. Болтиқ денгизида ўз ҳукмронлигини мустаҳкамлаш ва Швецияни унинг таркибида ушлаб туриш мақсадида Дания билан Швеция ўртасида кўп марта бўлиб ўтган урушлар Даниянинг мағлубияти билан тугаб, Болтик, денгизида Швеция ҳукмрон бўлиб олди. 17-а. га келиб Данияда дастлабки ихтисослашган қирол мануфактуралари пайдо бўлиб, улар давлатнинг ўқ-дори, қурол-аслаҳа ва ҳарбий анжомга бўлган эҳтиёжини қондириб турди.

1660 й. Д. давлати меросий монархия деб эълон қилинди. Фредерик III (1648—70 й. ларда идора қилган) томонидан эълон қилинган қонун (1665) Дания абсолют монархияга айланганини юридик жиҳатдан тасдиқлади. Ригсрод (йирик феодаллар органи) бекор қилиниб, ригсдаг (табака вакиллари мажлиси) ҳам чақирилмайдиган бўлди. Мамлакатни марказлаштириш мақсадида бир қатор тадбирлар амалга оширилди. 1751—70 й. ларда ҳукуматга бошчилик қилган граф Бернсторф утказган меркантилизм сиёсати Даниянинг хўжалик аҳволини оғирлаштирди.

Наполеон урушларида Франция томонида урушда қатнашган Дания мағлубиятга учраб, бирмунча ҳудудидан ажралди ва хўжалигига катта зарар етди. 1840 й. миллий либерал партия тузилди (1870 й. тарқатиб юборилди). 1849 й. июнь конституциясига мувофиқ Дания икки палатали чекланган монархияга айланди. Шу йили йирик ер эгалари манфаатини ҳимоя қилувчи консерватив партия (Хойре партияси) тузилди. 1848—50 й. лардаги Д.Пруссия ва 1864 й. ги Австрия-Д. урушларидан сўнг Д. Шлезвиг, Гольштейн ва Лауэнбургдан ажраб, ягона миллий давлатга айланди. 70-й. ларда Хойре партияси билан Венстре партияси ўртасида сиёсий ҳокимият учун бўлган курашда қишлоқ сармоядорлари манфаатини ҳимоя қилган Венстре партияси ғалаба қозонди.

19-а. охири — 20-а. бошларида рўй берган сиёсий ва ижтимоий узгаришлар 1915 й. ги конституцияда ўз аксини топди. 1-жаҳон урушида Дания бетараф турди.

1930-й. лардаги жаҳон иқтисодий буҳрони Дания иқтисодиётига катта салбий таъсир этди. 1940 й. апр. да Германия Д. ни босиб олди ва уни ўзининг озиқовқат базасига айлантирди. 1942—43 й. ларда мамлакатда қаршилик кўрсатиш ҳаракати авж олди. 1943 й. сент. да қаршилик кўрсатиш қаракатининг раҳбар органи ҳисобланган Озодлик кенгаши тузилди. 1945 й. 5 майда мамлакат тўла озод қилинди. Дания — 1945 й. дан БМТ аъзоси. 1949 й. 4 апр. дан Шим. Атлантика пакти (НАТО) аъзосидир.

Миллий байрамлари — 16 апр. — Қиролича туғилган кун (1940), 5 июнь — Конституция куни (1849). ЎзР билан дипломатия муносабатларини 1992 й. 25 янв. да ўрнатган.

Асосий сиёсий партиялари ва касаба уюшмалари. Венстре, сўл либерал партия, 1870 й. да тузилган; Консерватив халқ партияси, 1916 й. да тузилган; Тараққиёт партияси, 1972 й. да асос солинган; Радикал сўл партия, 1905 й. да тузилган; Д. социал-демократик партияси, 1871 й. да асос солинган; Социалистик халқ, партияси, 1959 й. да тузилган; Христиан халқ партияси, 1970 й. да асос солинган; Марказ демократлари партияси, 1973 й. тузилган; Д. халқ партияси, 1995 й. да ташкил этилган. Дания касаба уюшмалари марказий бирлашмаси, 1898 й. да тузилган бўлиб, Халқаро эркин касаба уюшмалари конфедерацияси, Европа касаба уюшмалари конфедерацияси ва Шим. Европа касаба уюшмалари кенгашига киради.

Хўжалиги. Дания юксак даражада ривожланган индустриал-аграр мамлакат бўлиб, бошқа давлатлар билан кенг иқтисодий алоқа боғлаган. Хусусий сармоя устунлик қилади. Ялпи миллий маҳсулотнинг 30% давлат секторига тўғри келади. Ялпи ички маҳсулотда саноат ва қурилишнинг улуши 26,4%, қишлоқ, ўрмон хўжалиги ва балиқчиликнинг улуши — 3,5%. Ялпи маҳсулотнинг 40% дан кўпроғи четга сотилади.

Саноатида нефть, табиий газ, каолин қазиб чиқариш катта ўрин олади. 2-жаҳон уруши (1939—45)дан кейин машинасозлик саноати ривож топди. Кимё саноати, нефтдан турли махсулотлар и. ч. ҳам ривожланган. Ёқилғига бўлган эхтиёжнинг бир қисми четдан келтириладиган нефть ва нефть маҳсулотлари ҳисобига қондирилади. Саноатда майда ва ўрта корхоналар кўп. Кемасозлик алоҳида ўрин тутади; энг йирик саноат марказлари: Копенгаген, Оденсе, Хельсингёр, Наксков. Машинасозликнинг бошқа тармоқлари асосан кема дизеллари, цемент ва озиқ-овқат саноати учун асбоб-ускуналар, электр мотор, трансформатор, радиоприёмник, телевизор, магнитофонлар ишлаб чиқаради (асосий марказлари Копенгаген, Оденсе). Кимё саноати доридармон, фосфатли ва азотли ўғитлар, синтетик смола ва пластмассалар и. ч. га ихтисослашган. Тўқимачилик, трикотаж ва тикувчилик саноатининг асосий марказлари Ютландиянинг шарқи ва шим. да жойлашган (Вайле, Хернинг, Виборг ва б.). Мамлакатнинг турли жойларида озиқ-овқат, хусусан сут ва гўшт саноати корхоналари барпо этилган. Йилига ўртача 30 млрд. кВт-соат электр энергия ҳосил қилинади. 90-й. ларнинг ўрталарида нефть қазиб олиш энг юкрри даражага етди (7 млн. тонна).

Кишлоқ хўжалиги Дания иқтисодиётининг энг маҳсулдор тармоғи ҳисобланади. Мамлакатда 80 мингга яқин фермер хўжалиги бор. Улар юксак ҳосилдорликка эришадилар ва маҳсулотнинг асосий қисмини чет элларга сотадилар. Дания ҳудудининг 70% (3 млн. га) қ. х. да фойдаланилади Қ. х. товар маҳсулоти умумий қийматининг 90% ини чорвачилик беради. Аҳоли жон бошига сут, ёғ ва гўшт етиштиришда дунёда олдинги ўринлардан бирини эгаллайди. Деҳқончилиги юқори даражада механизациялашган. Чорвачиликда қорамол, чўчқа боқилади, паррандачилик ривожланган.

Транспорти. Т. й. узунлиги 3 минг км дан ортиқ, ундан 2470 км электрлаштирилган. Автомобиль йўллари уз. 71 минг км. Асосий порти — Копенгаген. Ташқи савдоси ялпи ички маҳсулотнинг 37% ини ташкил этади. Четга асосан машина ва асбоб-ускуналар, қ. х. ва озиқ-овқат саноати маҳсулотлари чиқаради. Ташқи савдодаги асосий мижозлари: Германия, Швеция, Буюк Британия. Пул бирлиги — Д. кронаси.

Маорифи, маданий-маърифий ва илмий муассасалари. Дания маориф тизимининг илк бўғини — болалар боғчалари. 6 ёшдан болалар учун 9 й. лик мажбурий таълим жорий этилган. Бошланғич мактабларда ўқиш муддати — 7 й., кичик ўрта (реал) мактабларда 3 й., юқори ўрта мактаб (гимназия)ларда 3 й., хунар-техника билим юртларида 1 — 3 й. Болаларнинг 90% бепул давлат мактабларида таълим олади. Олий ўқув юртларига гимназия аттестатлари асосида танлов йўли билан қабул қилинади. 5 та ун-т, 3 та техника ун-ти, 20 га яқин ин-т ва коллежларда олий маълумот берилади. Йирик олий ўқув юртлари: Копенгаген (1479 й. да асос солинган) ва Орхус (1928 й. да асос солинган) ун-тлари, Дания мухандислик академияси, Копенгаген техника ун-ти. Илмий муассасалари: Дания қироллиги фанлар академияси (1742 й. Копенгаген ш. да ташкил этилган, 210 дан ортиқ аъзоси бор), Нафис санъат академияси (1754 й. да асос солинган), Дания қироллиги техника фанлари академияси (1937 й. Лингби ш. да ташкил этилган, 580 дан ортиқ аъзоси, 25 и. т. ин-ти ва ассоциациялари бор), 20 дан кўпроқ и. т. муассасалари ва б. Кутубхоналари: Копенгагендаги Қироллик ва Муниципал, Орхусдаги давлат ва ун-т кутубхоналари ва б. Музейлари: Копенгагендаги миллий қироллик нафис санъат музейи, Кироллик денгиз музейи, Оденседаги X. К. Андерсен уймузейи ва б.

Матбуоти, радиоэшиттириши ва те-лекўрсатуви. Данияда нашр этиладиган йирик газ. ва жур. лар: «Информашон» («Ахборот», кундалик газ., 1943 й. дан), «Ню даг» («Янги кун», кундалик кечки газ.), «Политикен» («Сиёсат», кундалик газ., 1884 й. дан), «Экстра бладет» («Фавқулодда газета», кундалик газ., 1904 й. дан), «Биллед бладет» («Суратли ҳафтанома», ҳафталик суратли жур., 1938 й. дан), «Ню политик» («Янги сиёсат», ойлик жур., 1967 й. дан).

Ритсаус бюро — Д. ахборот агентлиги 1866 й. да тузилган. Дания радио ва телевидениеси расмий равишда мустақил ҳисобланса ҳам, амалда ярим давлат ташкилотидир. Мамлакатдаги барча радиоэшиттириш ва телекўрсатувларни Дания радиоси давлат ташкилоти назорат қилади.

Адабиёти. Қадим замонлардан Данияда бой оғзаки халқ ижодиёти пайдо бўлган. Дастлабки ёзма ёдгорликлар 12-а. да лотин тилида яратилган. Саксон Грамматикнинг «Данларнинг ишлари» тарихий асари (12—13-а. лар) маълум. 13 — 14-а. ларда дан тилида яратилган асарлар, чет тиллардан қилинган таржималар тобора кўзга ташлана бошлади. К. Педерсен (1480—1554) нинг халқчил ижоди, «Библия»ни таржима қилишидан адабий тилининг ривожига асос солди. 18-а. адабиётида маърифатпарварлик ғоялари кенг тарғиб қилинди. Л. Хольбер ўткир ҳажвиялари билан шуҳрат қозонди. 19-а. бошларида А. Эленшлегер, Н. Ф. Грундтвиг, С. С. Бликер, К. Винтер каби романтиклар деҳқонлар турмуши ва табиат гўзалликларини тасвирладилар. 19-а. нинг 30-й. лари адабиётига реализм унсурлари кириб келди. Бир ёки икки пардали (кичик) комедия жанри ривожланди, психологик таҳлил чуқурлашди. Бу даврда Ханс Андерсен эртаклари шуҳрат қозонди.

40-й. ларда ижтимоий зиддиятларнинг чуқурлашуви сиёсий лирика ва сатиранинг ривожига таъсир этди. 70-й. лар адабиётида реализм чуқурлашди. Машҳур реалист ёзувчи Е. П. Якобсен «Нильс Люне» романида киборларнинг фожиали тақдирини психологик асослади. X. Драхман, К. Гьеллеруп, Э. Брандес каби реалист адиб ва шоирлар йирик асарлар яратдилар. l-жаҳон уруши даври (1914—18) адабиётида «ноумид авлод» кайфиятлари пайдо бўлди. 20-а. нинг 20 — 30-н. ларида реалистик проза юксалди. X. Р. Кирк, Э. Кристенсен, К. Беккер, X. Хердаль, М. Клитгор, X. Понтоппидан, Й. Йенсен романларида меҳнаткашлар ҳаёти ҳаққоний акс этди, 30-й. ларда, кейинроқ Қаршилик кўрсатиш ҳаракати даврида (1940-45) М. Андерсен-Нексе, X. Шерфиг, X. Р. Кирк, Мартин Нильсен каби ёзувчилар ижоди фашизмга қарши руҳ касб этди, улар қамоқ ва концлагерларда ҳам курашни давом эттирдилар. Урушдан кейинги йилларда X. Вульф, Т. Дитлевсен, X. Л. Йепсен реалистик асарлар ёзишди, 60—80-й. ларда адабиётга кириб келган ёзувчилар янги шакллар излашди, воқеликни фалсафий идрок этишга интилишди.

Меъморлиги. Дания ҳудудида қад. меъморий даврга (мил. ав.) хос санъат ва меъморий ёдгорликлар (Треллеборг, Аггерсборг қалъаларининг харобалари ва б.) мавжуд. Данияда ягона қироллик тузилиб (10-а.), христианлик қабул қилингач, дастлаб ёғочдан, 11-а. урталарида эса тошдан ибодатхоналар қурилди. Роман даврида (12-а. —13-а. боши) хоч шаклида собор ва қалин деворли черковлар солинди. Готика даврида (13-а,—16-а. 30-й. лари) Роскилл ва Оденседа йирик ибодатхоналар, қалин, баланд девор ва минорали қасрлар барпо этилди. 16—17а. ларда ренессанс таъсирида безатилган саройлар, жамоат ва турар жой бинолари қуриш анъана бўлди. 18-а. 1-ярмида бинолар барокко услубида, 2-ярмида эса классицизм услубида қурила бошлади. 19-а. охири — 20-а. бошида миллий романтизмга хос бинолар яратилди. К. Ф. Харсдорф Дания классицизмининг атокли намояндасидир. 20-й. ларда неоклассицизм, 30-й. ларда эса функционализм (X. Кампман, В. Лауритсен каби меъморлар) услуби тарқалди. 2-жаҳон урушидан кейин Копенгаген, Оденсе, Рённе каби шаҳарлар қайта тикланди. 60—90-й. ларга келиб кўп (8—12) каватли турар жойлар курилди. Уй-жой ва саноат зоналарини, қатнов йўлларини қулай жойлаштиришга, кўкаламзорлаштиришга катта эътибор берилди.

Тасвирий санъати. Дания ҳудудидан тош, жез, темир даври маданият ёдгорликлари топилган (каҳрабо ҳайкалчалар, уруш ва ов манзараларининг тошга ўйилган тасвирлари, қурол-яроғлар, зийнат буюмлари, кумуш идишлар, олтин тангалар ва б.). Роман даври (12 — 13-а. лар) монастирлари нақшлар билан безатилган. Готика даври (13-а. —16-а. бошлари) соборларидаги нақшларда реалистик элементлар мавжуд. 15-а. нинг 2-ярмида Данияга Германия, Нидерландия, Франциядан кўплаб рассом ва усталар кўчиб келди. Копенгагенда Бадиий академия ташкил этилиши (1754) ва классицизм тараққиёти Дания миллий рассомлик мактабининг ташкил топи-шига олиб келди. 19-а. 1-ярмида рассомлик санъатида К. В. Эккерсберг ва унинг издошлари К. Кёбке, В. Бендс ва б. ижодида лиризм, воқеликнинг бевосита тасвири кучли бўлди. 20-а. бошларида Дания санъатига фовизм, кубизм, 30-й. лар ўрталаридан импрессионизм ва абстракционизм каби турли оқимлар кириб келди. Реализм руҳида ижод этувчи О. Руде, X. Енсен, X. Бидструп каби рассомлар ижоди абстракционизм ва б. модернистик оқимларга қарама-қарши турди. Неоклассицизм тамойиллари асосида ижод этувчи рассомлар ҳам бор. Кейинги йилларда маиший ва сиёсий мавзулар рассомларни кўпроқ қизиқтира бошлади.

Мусиқаси. Европада энг қад. лардан. Дания ҳудудида мил. ав. 4-а. га оид пуфлама мусиқа чолғуси топилган. 12-а. гача миллий мусиқа ижоди жанрлари қаҳрамонлик эпоси, маросим қўшиқлари, рақс куйлари билан чекланган. 12-а. дан профессионал диний мусиқа, 15-а. дан дунёвий мусиқа намуналари, 17-а. дан мусиқашунослик асарлари пайдо бўлди. 18-а. охиридан Дания мусиқаси ўзига хос миллий хусусиятга эга бўлган. Ф. Кунценнинг дастлабки миллий операси «Хольгер Данске», И. Шульцнинг миллий характердаги зингшпиллари француз ҳажвий опера унсурларини ўзига сингдирди. Миллий симфонизм бунёдкори Н. Гаде ҳамда замонавий компо-зиторлик мактаби асосчиси К. Нильсен номлари Европа мусиқа маданияти тарихи саҳифаларидан муносиб ўрин олган. 20-а. 1 – ярмида мусиқа марказлари — Д. концерт жамияти, Дания мусиқачилари уюшмаси, композиторлари уюшмаси, Филармония жамияти, Дания радиосининг хор ва оркестри ташкил этилди. Данияда 5 консерватория, 10 симфоник оркестр, Мусиқа тарихи музейи (1898 й. дан), «Дания мусиқа нашриёти» (1871) бор. Йирик мусиқа марказлари — Копенгаген, Оденсе. Театри. Қад. Скандинавия кўшиқчилари — скальдлар ижодида театр санъати учқунлари бўлган. Ўрта асрларда Данияда мистерия, масхарабозлик, ибодат маросимлари, одоб руҳидаги ибратомуз томошалар оммалашди, мактаб ўқувчилари турли спектакллар қўя бошлади. Профессионал театр эса, 18-а. нинг 20-й. ларида вужудга келди. 1722 й. Копенгагенда «Данлар саҳнаси» номли биринчи миллий театр тузилди. 1770 й. дан бу театр «Дания қиролининг театри» деб юритила бошлади. Театр саҳнасидан Л. Хольберг комедиялари, Й. Эвальднинг драмалари, жаҳон классикаси пьесалари кенг ўрин олди. Й. Л. Хейберг, Н. П. Нильсен, Й. К. Рюге, А. Нильсен, И. Л. Фистер кабилар 19-а. етакчи актёрларидир. 20-а. бошида натуралистик ва декадентлик пьесалари кўп қўйилиши Дания театрини таназзулга олиб келди. Лекин 20-й. ларнинг охиридан «Ишчилар театри», «Ижтимоий театр», «Бетти Нансен театри»да классик ва чет эл илғор муаллифлари пьесаларининг қўйилиши билан Дания театри янги босқичга кўтарила бошлади. 2-жаҳон урушидан сўнг қаршилик кўрсатиш ҳаракати қаҳрамонларининг жасоратини акс эттирувчи ва долзарб масалаларга бағишланган асарлар саҳналаштирилди. Опера ва балет ривожлана бошлади. Актёрлар Копенгаген давлат драма мактабида тайёрланади.

Киноси. Миллий кинофильмлар 1897 й. дан ишлаб чиқарила бошланди, бир неча ҳужжатли ленталар суратга олинди. 1910-й. ларда Дания кинематографияси дунёга танидди. 1903 й. да «Катл» бадиий фильми (реж. Л. Эльфельт) яратилди, 1906 й. да Копенгагенда «Нордиск» киностудиям ташкил этилди. «Арслон ови» (1907, реж. ва актёр В. Ларсен) дастлабки халқаро муваффақият келтирди. «Ажал рақси», «Вильгельм Телль», «Ҳамлет» каби машҳур асарлар саҳналаштирилди, комедия ва мелодрамалар суратга олинди. 1-жаҳон урушидан кейин кинофильмлар и. ч. камайди, асосан саёз, сийқа мусиқали кинокомедиялар яратилди. 2-жаҳон уруш йилларида оилавий муаммолар ва тарихий вокеаларни тасвирловчи фильмлар экранлаштирилди. «Каламушлар билан жанг», «Буғдой хавф остида» номли ҳужжатли ленталарда курашга чорловчи пинҳона ғоялар акс эттирилди. Урушдан кейин илғор кинореж. лар Дания қаршилик кўрсатиш ҳаракатига, болалар тарбиясига, ижтимоий иллатларни ҳажв қилишга асосий эътибор бердилар. X. Карлсен, П. Кьерульф-Шмидт, Э. Баллига, Л. ва С. Грёнлюкк, Н. ва К. Рифбьерг каби реж. лар яратган фильмларда чуқур драматик конфликт ва ижтимоий муаммолар ҳам акс этди. Данияда ҳужжатли ва қисқа метражли фильмлар айниқса шуҳрат қозонди. 60—90-й. ларда кўнгил очар ҳажвий фильмлар кўпроқ яратилди. Копенгагенда киномузей, киномактаб бор. Йилига 25 тўла метражли, 50 қисқа метражли фильм ишлаб чиқарилади.

Ўзбекистон — Д. муносабатлари. Икки мамлакат ўртасида «Инвестицияларни ўзаро қимоялаш ва рағбатлантириш тўғрисида»ги ва ЎзР билан Европа Иттифоқи ўртасида «Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида»ги битим асосида ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш йўлга қўйилди. 2000 й. да икки мамлакат ўртасидаги товар айланмаси 7,8 млн. АҚШ долларини ташкил этди. Ўзбекистан Даниядан ёғоч буюмлар, доридармон, қанд-шакар, қандолат маҳсулотлари, какао, спиртли ва спиртсиз ичимликлар, ғалла ва ёрма, механик асбоб-ускуна, кимёвий маҳсулотлар, пойабзал, ўйинчоклар сотиб олади. Бунинг эвазига Ўзбекистан сайёҳлик ва юк ташиш соҳасида хизмат кўрсатади. Ўзбекистон Данияга қайта ишланган сабзавот ва мевалар, озиқ-овқат маҳсулотлари, ҳўл мева ва ёнғоқ юборади, турли хизматлар кўрсатади. ЎзР ҳудудида Дания сармоядорлари иштирокидаги 6 корхона, шу жумладан Дания сармояси 100% бўлган 2 корхона ишлаб турибди. Ўзбекистонда Даниянинг «Ново Нордиск» ва «Йорк рефрижерейшн» компанияларининг ваколатхоналари очилган.


Кирилл алифбосида мақола: ДАНИЯ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Д ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
АМЕРИКА ҚЎШМА ШТАТЛАРИ
БУЮК БРИТАНИЯ
АМИР ТЕМУР
Туш таъбири ўзбек тилида


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты