ДАНҒАРА ТУМАНИ

ДАНҒАРА ТУМАНИ — Фарғона вилоятидаги туман. 1939 й. 10 фев. да ташкил этилган (1962 й. 24 дек. да Поп тумани билан бирлаштирилган. 1970 й. 7 дек. да қайта тузилган). Данғара тумани вилоятнинг Бувайда, Учкўприк, Ўзбекистан, Фурқат туманлари, Қўқон ш., Наманган вилоятининг Поп тумани, Тожикистон Республикасининг Ашт тумани билан чегарадош. Майд. 0,45 минг км2. Аҳолиси 122,4 минг киши (2000). Данғара туманида 1 шаҳарча (Данғара), 8 қишлоқ фуқаролари йиғини (Мулкобод, Найманча, Оқжар, Санам, Тайпоқ, Чинобод, Қияли, Ғалаба) бор. Маркази — Данғара шаҳарчаси.

Табиати. Данғара тумани рельефи асосан текислик. Унинг жан.-ғарбий қисми Сўх ёйилмасининг шим.-ғарбий чеккасида, шим.-ғарбий қисми эса Сирдарёнинг биринчи ва иккинчи террасаларида жойлашган. Тўртламчи даврнинг гил, қумоқ ва қумлари тарқалган. Туманнинг шим.-ғарбида бархан, дўнг қумлар бор. Иқлими континентал иқлим. Ёзи иссиқ, қиши бирмунча юмшоқ. Июлнинг ўртача т-раси 26,8°, янв. ники —2,2°. Вегетация даври 220 кун. Йилига ўртача 110 мм ёғин тушади. Баҳор ва кузда кучли «Қўқон шамоли» эсади. Данғара туманида Наймансой, Оқтепасой, Урганжи ариқлари бор. Туман ҳудудидан Сирдарё оқиб ўтади. Сирдарё суви Абдусамат ва Олхамак насос ст-ялари орқали чиқарилади. Артезиан ва дренаж қудуқлари ёрдамида ер ости сувларидан ҳам фойдаланилади. Тупроқлари асосан суғориладиган ўтлоқ, қумли ўтлоқ ва шўрхоклардан иборат. Ёввойи ўсимликлардан қумликларда саксовул, қандим, юлғун, пастқамликларда янтоқ, шувоқ, оқбош, шўрхокларда қорабароқ, балиқкўз, тўрғайўт, Сирдарё соҳилларида туранғил, тол, чинғил ва б. ўсади. Ёввойи ҳайвонлардан чиябўри, тулки, бўри, тўқай мушуги, кемирувчилар, қушлардан чумчуқ, ҳинд майнаси, тўрғай, ўрдак, қашқалдоқ, қирғовул ва б. яшайди.

Аҳолиси, асосан ўзбеклар, шунингдек, тожик, татар, рус ва б. миллат вакиллари ҳам яшайди. 1 км2 га ўртача 272 киши тўғри келади. Аҳолининг 90% дан кўпроғи қишлоқларда истиқомат қилади.

Хўжалиги, асосан пахта етиштиришга ихтисослашган. Пиллачилик, ғаллачилик, боғдорчилик, чорвачилик, балиқчилик, асаларичилик ривожланган. Қ. х. да фойдаланиладиган ерлар майд. 32,5 минг га. Данғара тумани даги жамоа ва шахсий хўжаликларда 13 минг қорамол, 16 минг қўй-эчки, 15 минг парранда боқилади. 6 саноат корхонаси, 10 қурилиш-таъмирлаш ташкилоти, 2 автокорхона, 9 савдо ва тайёрлов шохобчаси, бўрдоқичилик базалари, ўрмон ва балиқчилик хўжаликлари мавжуд. 1997 й. да Сойшилдир тикувчилик ф-каси, Данғара консерва з-ди ишга туширилди. 330 дан ортиқ кичик корхонада турли маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Данғара туманида 1 жамоа хўжалиги, 5 ширкат мавжуд.

Данғара туманидан Тошкент—Ўш—Қашқар, Қўқон—Хўжанд, Қўқон — Наманган, Қўқон—Жомашуй автомобиль йўллари ўтган. 40 га яқин умумий таълим мактаби, 2 коллеж бор. Данғара туманида 6 маданият саройи, 53 кутубхона, 67 соғлиқни сақлаш муассасаси, 6 касалхона мавжуд. 1941 й. дан «Ғалаба» туман газ. чиқади (адади 5496).


Кирилл алифбосида мақола: ДАНҒАРА ТУМАНИ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Д ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ФРАНЦИЯ
АНДИЖОН ВИЛОЯТИ
ҲИНДИСТОН
АМЕРИКА ҚЎШМА ШТАТЛАРИ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты