ЭЛЕКТР РАЗРЯДИ — электрланган жисмларнинг ташқи таъсир натижасида зарядигш йўқотиши. Аккумуляторлар ва бошқалар кимёвий электр манбаларида, конденсаторларда турли ишорали зарядлар билан зарядланган ўтказгичлар ўзаро таъсирлашганда содир бўлади. Электр разряди газ, вакуум ва диэлектрикларда ҳам рўй беради. Газдан ток ўтиши газ разряди деб аталади. Газ разряднинг мустақил ва номустақил турлари мавжуд. Газнинг ўтказувчанлиги ионизаторга боғлиқ бўлса, номустақил, ташқи таъсирсиз газдан ток ўтса, мустақил разряд бўлади. Газларнинг хосса ва ҳолатларига, электродларнинг материали, шакли, ўлчамлари ва ўзаро жойлашишига, электродлардаги кучланиш катталигига боғлиқ равишда мустақил разряднинг милтиллама разряд, ёй разряд, тож разряд, учқун разряд, яшин каби турлари кузатилади. Милтиллама разряд газда паст босимларда кузатилади. Бунда электродлар орасидаги масофа 30—50 см, электродлардаги кучланиш ўзгармас ва бир неча юз вольтга тенг бўлади. Нурланишнинг ранги най ичига тўлдирилган газ турига боғлиқ. Бу хилдаги разряд кундузги ёруғлик лампаларида, газ разрядли найлар декорация мақсадларида ёки реклама ёзувларида ишлатилади. Юқори частотали ўзгарувчан электр майдон таъсирида юқори частотали газ разряд пайдо бўлади. Юқори частотали разряддан спектроскопияда ёруғлик манбаи сифатида, техникада ток йўналишини ўзгартириш, ўзгарувчан токни ўзгармас токка айлантириш билан боғлиқ бўлган ишлар ва бошқаларда фойдаланилади. Тож разряд бир жинсли бўлмаган электр майдонипа бўлган газда электродлар ўткир қисмларининг яқинида бинафша рангдаги нурланиш тарзида пайдо бўлади (расм). Тож разряд юқори кучланишли симлар яқинида, дарахтларнинг ўткир учлари ва бошқаларда ҳосил бўлади. Яшин қайтаргичларнинг иши тож разрядга асосланган. Атмосферада момоқалдироқ бўлган вақтда ҳосил бўладиган кучли электр майдон яшин қайтаргичнинг учида тож разрядни вужудга келтиради. Бу разряд зарядларнинг бино олдида тўпланишига йўл қўймай, уларни ерга ўтказиб туради ва бинога яшин тушишидан сақлайди. Учқун разряд нормал ёки юқори босим шароитида электродлар орасидаги электр майдон кучланганлиги жуда катта бўлганда ҳавода вужудга келади. Учқун разряддан учқун разрядлагичларда, ички ёнув двигателида ёнилғи аралашмасини ўт олдиришда, металл сиртини эррозиядан тозалаш ва бошқалар мақсадларда фойдаланилади.