ДАРС — мактаб таълимининг асосий ташкилий шакли. Дарс муайян миқдордаги доимий ўқувчилар таркиби билан қатъий тартибда уюштириладиган ва аниқ мақсадга йўналтирилган дидактик тадбирдир. Дарс — инсоният томонидан минглаб йиллар мобайнида орттирилган ҳаётий тажрибаларни ўқувчиларга жуда қисқа вақтда ўргатишнинг энг самарали усули. Таълимнинг Дарс шакли Туркистонда узоқ замонлардан буён қўлланилиб келган. Дарсни ташкил этиш ва унинг самарадорлигини таъминлашда ўқитувчининг ўрни беқиёс бўлган. Туркистон мактабларида таълимнинг ташқи шаклий жиҳатларига эмас, балки моҳиятига ҳам эътибор берилган. Чунончи, ўқувчиларнинг тайёрлигини аниқлаш, уларни гуруҳларга ажратишда болаларнинг ёши ва мактабда қанча вақт ўқиганлигига эмас, балки ўтилган машғулотларни нечоғли ўзлаштирганликларига таянилган. Туркистон мактабларида таълимнинг Дарс шакли бўлганлиги билан машғулотларни синфдарс тизими тарзида уюштириш тажрибаси бўлмаган. Шунингдек, Дарснинг давомийлиги, предметларнинг ўринлашуви, кундалик машгулотларнинг миқдори сингари таълимий чегаралар ҳар бир ўқитувчининг узи томонидан белгиланган. Дарс кад. туркий маориф тизимида олий ва ўрта таълим бўғинларини ифода этган Мадраса таълимида ҳам асосий иш шакли ҳисобланган. Мадрасаларда Дарс белгиланган муайян тартиб асосида уюштирилган. Айни вақтда, Мадраса Дарс ларида талабаларнинг мустақил ўзлаш-тиришларига катта эътибор қаратилган. Қад. таълим муассасалари учун Дарснинг жамоа ва индивидуал шакллари крри-шиклиги хос бўлган.
Дарс таълимнинг жамоа бўлиб амалга оширилиш тарзи сифатида ижтимоий аҳамият касб этади. Шунингдек, Дарс мактаб ёшидаги болаларни ялпи ўқитишни осонлаштиради, уларни жамоа сифатида тарбиялашга ҳисса қўшади, болаларда ижтимоий фаоллик ва муомала маданиятининг шаклланишига кўмаклашади. Дарсда ўқув машғулотларининг индивидуал, гуруҳий ва умумсинф шакллари уйғунлашади.
Ҳар қандай жамиятда Дарс жамият томонидан таълим олдига қўйилган вазифаларни бажариш учун хизмат қилади. Дарснинг вазифалари таълим жараёнининг қонуниятлари ва муайян жамиятнинг комил шахс борасидаги тушунчалари билан қатъийлашади.
Янгиланаётган педагогик тафаккур талабларига кўра замонавий Дарс ўқув муассасасининг мулкий мансублигидан қатъи назар қуйидаги хусусиятларга эга бўлиши лозим: таълимнинг тарбиявий мақсадларга бўйсундирилганлиги, ўқувчини комил шахс сифатида шакллантиришга йўналтирилганлиги, илмийлиги ва изчиллиги, тарбияланувчининг фаоллиги ва мустақиллигини таъминлашга қаратилганлиги, инсонпарварлик йўналишига эгалиги, тизимлилиги, билимларни онгли равишда ўзлаштиришга қаратилганлиги, амалий аха-миятга эгалиги ва ҳ. к.
Замонавий таълим тажрибасида бир Дарс учун белгиланган стандарт вақт мавжуд. Бу вақт таълим муассасаларининг табиати, таълимнинг босқичлари ва ўқувчилар имкониятидан келиб чиқиб, 45, 40, 35 ва 30 мин. ни ташкил этади.
Таълим тизимида Дарс ва уй вазифаси муносабатлари ўта муҳим саналади. Замонавий таълим тизимининг турли босқичларида ўқувчиларга уй вазифаси берилиши ёки берилмаслиги, унинг микдори сингари жиқатлар ўқув муассасаларининг низомларида акс эттирилади.
Пед. фани ва амалиёти учун Дарснинг таркиби масаласи ҳам муаммоли. Узоқ вақт давомида ҳар бир Дарс янги мавзунинг баёни, уни ўқувчи хотирасида мустақкамлаш, билимларни амалиётда қўллаш каби қисмлардан иборат бўлиши шарт деб ҳисоблаб келинган. Ўқув жараёни мантиқан бундай катъ-ий таркибни талаб этмайди. Дарс ва мактаб тажрибаси бу тизимни маъқулламади. Ўқув жараёнида Дарсни ташкил этишнинг олдиндан белгилаб қўйил-маган ва ҳамма учун мажбурий бўлмаган ҳар хил йўлларини қўллаш мақсадга мувофиқдир. Олинган билимларни амалиётда қўллаш ҳамиша мавзуни мустаҳкамлашнинг манбаи бўлиб келган ва бу масалани Дарс таркибида алоҳида кўрсатишнинг ҳожати ҳам йўқ. Бир неча Дарсни янги мавзунинг баёнига бағишлаш, айримларини лаб. топширикларини бажаришга ажратиш ҳам мумкин. Муҳими, ўтилаётган мавзу ўқувчилар томонидан ўзлаштирилиб, уларда кўникма пайдо бўлиши ва бу кўникмаларни амалиётда қўллаб малакага айлантира билишларидир.
Дарс таркиби масаласи Дарсни таснифлаш, яъни типология билан боғлиқ. Педагогик адабиётларда Дарс мазмунга, дидактик мақсадга, ўтиш йўлларига, таълим жараёнининг хусусиятлари ва унинг қисмларига кўра тасниф қилинган. Одатда, Дарс кириш, янги билим бериш, мустаҳкамлаш, кўникма ва малакаларни шакллантириш, билимларни амалиётда қўллаш, назорат қилиш ва аралаш каби турларга бўлинади. Таълим тажрибасида бир Дарс жараёнида бир ёки бир неча Дарс турлари умумлаштирилган ҳолда иш олиб бориладиган аралаш Дарс кўп учрайди. Дарс ўқув жараёнининг ёл-ғиз шакли эмас. Турли синфларда факультатив машғулотлар, семинар, ўқув конференциялари, баҳслар, муаммоли Дарслар, амалий ишлар, устахонада ишлаш каби Дарслар мавжуд.
Қозоқбой Йўлдошев.