ЭНДОКРИНОЛОГИЯ (эндо… ва юн. кппет — ажратиш ва…логия) — клиник тиббиётнинг бир соҳаси. Ички секреция безларининг тузилиши, ривожланиши ва функцияларини, улар ишлаб чиқарадиган гормонлар ҳамда уларга алоқадор касалликларни ўрганади.
Эндокринология фан сифатида 19-асрнинг 2-ярмидан шаклланди. Немис физиологи А. Бертольд хўрозларнинг уруғдонини олиб бичилган ёки ёш хўрозларга ўтказган, бунда уруғдон ўтказилган хўрозда турли физиологик ва морфологик ўзгаришлар юз берган. Бу Э. соҳасидаги илк тажриба эди (1849).
Дастлаб ички секреция безлари деган тушунча немис физиологи ва табиат тадқиқотчиси Д. Мюллер томонидан илгари сурилди (1830), лекин уни термин сифатида фанга француз физиологи К. Бернар киритди (1855). Шу даврларда ирландиялик Р. Грейвс (1835) ва немис олими К. Базедов (1840) диффуз токсик буқоқни, инглиз врачи Т. Адиссон (1855) сурункали буйрак усти бези етишмовчилиги клиникасини изоҳлашди. Швецариялик хирург Теодор Кохер (1841 — 1917) диффуз токсик буқоқни даволашда хирургик усулни ишлаб чиқди. 1889 — 90 йилларда немис олимлари Д. Меринг ва О. Минковский тажрибада қандли диабет меъда ости бези фаолиятининг бузилиши, рус олими Л. В. Соболев (1901) меъда ости безининг ички секреция фаолияти панкреатик оролчалар (Лангерганс оролчалари) билан боғлиқ эканлигини аниқлашди. Бу кейинчалик канадалик тадқиқотчилар Ф. Бантинг ва Ч. Бестни меъда ости безидан инсулин гормонини ажратиб олишига илмий асос бўлди (1921). 20-асрнинг бошларига келиб, Эндокринология фан сифатида ривожланди. Кўпгина гормонлар: адреналин (1901), тироксин (1915), прогестерон, тестостерон (1934), кортикостероидлар (1937—52), трийодтиронин (1950), окситоцин ва вазопрессин (1953) тоза ҳолда ажратиб олинди; гормонларнинг кимёвий тузилишини аниқлаш, уларни синтез қилишга, кейинчалик эса уларнинг ҳар хил табиий гормонлардан бир неча бор юқори биологик фаол аналогларини ишлаб чиқишга асос бўлди. Ўзбекистонда бу фаннинг ривожланиши аҳоли ўртасида кенг тарқалган буқоқ касаллигини текшириш, унинг келиб чиқишида йод етишмаслигини аниқлашдан бошланди. 30-й. лардан бошлаб Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятида эндемик буқоқ касаллиги турли гуруҳ ва экспедициялар ёрдамида ўрганилди (С. А. Маъсумов, П. И. Федорова, Ё. X. Тўрақулов, Ш. Ш. Илёсов, В. Н. Федосеев, Т. М. Муҳамедов ва бошқалар). Бу касалликнинг олдини олиш учун 1954 йил Тошкентда буқоққа қарши диспансер ташкил қилиниб, унда қалқонсимон без касалликлари устида олиб борилган эпидемиологик ва профилактик ишлар асосида аҳолини калий йодид тузи қўшилган ош тузи билан таъминлаш зарурлиги аниқланди.
Эндемик буқоқни тугатиш ва қалқонсимон безнинг бошқа касалликларини ўрганиш, даволаш ўлкамиз учун муҳим илмии ва ижтимоии муаммо бўлганлиги 1957 йил Ўзбекистон ФАтаркибида ташкил этилган Ўлка тиббиёти илмий текшириш институтининг асосий йўналишини белгилади. Ўлка тиббиёти илмий текшириш институти негизида 1989 йил Эндокринология институти ташкил этилди. Р. Қ. Исломбеков, Ё. Х. Тўрақулов дунёда биринчи бўлиб буқоқ касаллигини аниқлаш ва даволашнинг янги усулини ишлаб чиқиб, нуфузли мукофотга сазовор бўлишди (1964). Қалқонсимон безнинг нормал, тиреоид патологияда ҳамда радиойодтерапияда олинган биокимёвий, патофизиологик ва клиник морфологик кўрсаткичлари натижалари ижобий самара берди.
Республикада 1998 йил йод етишмовчилиги ҳолатлари бўйича кенг миқёсда эпидемиологик изланишлар олиб борилди ва унинг ўртача тарқалиш даражаси аниқланди. Ички секреция безларини (қалқонсимон без, қалқонсимон без олди безлари ва буйрак усти бези) суюқ азотда криоконсервация қилиш ва унинг етишмовчилиги бор беморларни трансплантация йўли билан даволаш усули ишлаб чиқилди ва амалиётга татбиқ этилди. Ўрта Осиё давлатларида биринчи бор криоконсервация қилинган тўқималар банки (1000 га яқин тўқималарни сақлайдиган) ташкил этилди. Қалқонсимон без ракини биокимёвий, генетик ва морфологик текширишнинг янги усуллари жорий қилиниб, жарроҳлик, радиологик ва консерватив терапия усулларини қўллаш алгоритми ишлаб чиқилди (проф. С. И. Исмоилов). Диффуз токсик буқоқ ва ўртача ўткир тиреоидитда беморларнинг иммунологик тизими ўрганилди ва бу кўрсаткичлар даволашнинг турли усулларида ўзгариши ва динамикаси аниқланди. Қандли диабет ва унинг асоратларининг эпидемиологияси, этиопатогенези асосида наслий омилларнинг аҳамияти, касалликнинг тарқалишига мойиллик туғдирадиган ички ва ташқи омиллар ҳар томонлама тадқиқ этилиб, уларни чегаралаш, беморларни ўз ҳолатини назорат қилишга ўргатиш усуллари ишлаб чиқилди (проф. З. С. Акбаров).
Замонавий Эндокринологиянинг долзарб муаммолари ва асосий йўналишлари қандли диабет, қалқонсимон без касалликлари, жинсий безлар фаолиятининг бузилиши, гипоталамогипофизар тизим касалликлари, бирламчи гиперпаратиреоз муаммоси, организмда гормонларнинг таъсир механизми, биосинтези ва уларнинг алмашинувини ўрганиш, гормонлар аналоглари ва янги гормонал препаратларни ишлаб чиқиш ва ҳ. к. дан иборат. Жисмоний ривожланишнинг кечикиши болалар Эндокринология сининг энг муҳим муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда. Ҳоз. вақтда Ўзбекистонда туғма аномалиялар скрининги бўйича махсус дастур йўлга қўйилган. Нейроэндокринология Эндокринологиянинг мустақил бўлими сифатила шаклланмоқда. ЎзР даги барча тиббиёт интлари, Тошкент врачлар малакасини ошириш ин-тида Эндокринология кафедралари бор.
Ад.: Тўрақулов Ё. Х., Исломбеков Р. Қ., Қодиро в И . К ., Буқоқвауни даволаш, Т, 1962; Исломбеков Р. Қ., Радиоактивнмй йод и функция шитовидной железн, Т, 1971.
Саид Исмоилов.