ЭНТЕРИТ

ЭНТЕРИТ (юн. — ичак) — ингичка ичакнинг яллиғланиши. Одатда, Энтерит якка ҳолда кечмай, аксари ингичка ва йўғон ичакларнинг баравар яллиғланиши — энтероколит ёхуд ичак ва меъданинг бир вақтда яллиғланиши — гастроэнтерит кўринишида учрайди. Ўткир ва сурункали Энтерит фарқданади. Ўткир Энтерит аксари ёз ва кузда (кўпроқ иссиқ вақтда) кузатилади. Одамда, овқатдан бўладиган токсикоинфекциялар (яъни бузилиб қолган гўштли таомлар, чала, хом пиширилган овқат, тоза ювмай ейилган мева, сабзавот ва ҳ. к.), баъзи кимёвий моддалар (симоб, йод, айрим саноат заҳарлари), шунингдек, баъзи доридармонлардан заҳарланиш, айрим мевачеваларнинг организмга аллергик таъсири, бадҳазм овқатларни кўп ейиш ва бошқалар ўткир Энтеритга сабаб бўлади. Организмнинг қизиб кетиши ёхуд совуқ қотиши, жазирама иссиқда муздек ичимликлар ичиш, ичакда гижжа бўлиши ва ҳ. к. ҳам ўткир Энтерит келиб чиқишига олиб келади. Энтерит, шунингдек, баъзи юқумли касалликлар (ич терлама, паратифлар ва бошқалар) оқибатида пайдо бўлиши мумкин. Ичакларнинг яллиғланиш тарзига кўра, Энтеритнинг бир неча хили (катаралфолликуляр, йирингли, ярали) фарқ қилинади. Катарал шакли кўп учрайди. Энтеритда ичак шиллиқ қавати қизариб, шишади ва унга донадона қон қуйилади; ичак деворидан кўп шилимшиқажралади, эпителиал қавати кўчиб тушади. Энтеритда тўсатдан қорин ва киндик атрофи санчиб оғрийди, қулдирайди, тез-тез (суткасига 5—10 марта) ич суради, беморнинг кўнгли айниб, қайт қилади. Баъзан қусуққа шилимшиқ ва қон аралашади, бемор иситмалаб, иштаҳаси йўқолади, терлайди, оғзидан сув келади. Агар ингичка ичак кўпроқ зарарланган бўлса, кунига 4—7 марта ич суради, ахлат дастлаб қуюқ, кўп, қўланса, кейин суюқ, кўпириб (баъзан ачимсиқ ҳидли) келади, ич келгандан сўнг оғриқ тўхтайди. Касаллик, аксари йўғон ичакда бўлса вақтбевақт йўғон ичак бўйлаб оғриқ тутади, суткасига 10—15 марта ич кетади, ахлатда кўп шилимшиқ, баъзан қон бўлади. Энтеритда кўп қусиш ва ич кетиши туфайли организм сувсизланади (беморнинг териси қуруқшайди, оғзи қуриб, ҳидланади, тили карашланиб, лаблари қовжирайди, қорни дам бўлади ва ҳ. к.), юрак фаолияти сусаяди, қон босими ва гавда т-раси пасайиб, беморнинг ранги кетади, кўзлари киртаяди; оғирроқ ҳолларда оёққўллари музлаб, тортишибтортишиб туради. Ўткир Энтерит, тўла ва тўғри даволанса бемор соғайиб кетади. Акс ҳодда сурункали тус олади. Сурункали Энтеритнинг келиб чиқиш сабаблари ўткир Энтерит никига ўхшаш. Шунингдек, бу Энтерит баъзан меъда, ўт қопи, жигар ёки меъда ости бези касалликларида ичак деворининг зарарланиши ёки овқатда витаминлар танқислиги ва бошқалар оқибатида пайдо бўлади. Бунда ингичка ва йўғон ичаклар деворининг ҳамма қатлами шикастланади; ичак деворининг сўриш ва ҳаракат функцияси бузилади. Сурункали Энтерит гоҳ зўриқиб, гоҳ босилади.

Даво беморнинг умумий аҳволи ва касаллик белгиларига қараб тайинланади. Сурункали Энтеритни даволашда, асосан, парҳез ва вақтида қатъий режим билан овқатланиш яхши фойда беради. Ошловчи моддалар тутган (беҳи, нок ва ҳ. к.) мевалар сувидан ичиб туриш, касаллик зўриққанда юмшоқ таомлар ейиш, витаминлар қабул қилиш тавсия этилади. Олдини олиш: доим озиқ-овқатларни яхшилаб пишириб ейиш, тўғри овқатланиш, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, пашшаларни қириш ва ҳ. к. дан иборат.

Энтерит ҳайвонларда ҳам учрайди, ёш молларда оғир ўтади. Энтерит бирламчи ва иккиламчи, ўткир ва сурункали, дифтерик, геморрагик, ярали, флегмоноз ва катарал бўлади. Бирламчи Энтерит доим бир хил, сифатсиз, чириган ва замбуруғ босган озуқа билан боқишдан, иккиламчи Энтерит инфекцион ва инвазион касалликлар натижасида келиб чиқади. Касал ҳайвоннинг иштаҳаси йўқолади, шиллиқ пардалари сарғаяди. Йўғон ичаги яллиғланганда ичи кетади, кейинчалик ичи қотади. Касаллик оғир ўтганда ҳайвон нобуд бўлади. Даволаш: ични юмшатувчи дорилар (натрий ва магний сульфат), антибиотиклар ва бошқалар берилади. Ичакларни дезинфекцияловчи дорилар ичирилади.

Олдини олиш: чорва моллари сифатли емхашак билан боқилади, озиқлантириш режимига риоя қилинади.


Кирилл алифбосида мақола: ЭНТЕРИТ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Э ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
Туш таъбири ўзбек тилида
БУЮК БРИТАНИЯ
АМЕРИКА ҚЎШМА ШТАТЛАРИ
БЕРУНИЙ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты