ДЕҲҚОНЧИЛИК МАДАНИЯТИ

ДЕҲҚОНЧИЛИК МАДАНИЯТИ — деҳқончиликни юритишнинг деҳқончилик қонун-қоидалари ва агротехнология меъёрларига мувофиқлиги даражаси. «Деҳқончилик маданияти» тушунчаси кенг маънода умуман жамиятда деҳқончиликни юритиш даражасини билдиради, тор маънода деҳқончилик б-н шуғулланадиган инсоннинг деҳқончиликка оид билим ва тажрибалари ҳамда уни қўллаш маҳорати, малакасини англатади. Жамият тараққиётидаги ҳар бир муайян даврнинг ўзига хос Деҳқончилик маданияти мавжуд ва бу маданият асрлар давомида ворисийлик асосида бойиб ва янгиланиб боради. Деҳқончилик маданиятининг пайдо бўлиши ва ривожланиб бориши жамиятнинг ишлаб чиқарувчи кучлари, айниқса саноат ишлаб чиқариши ва фан-техника тараққиёти билан чамбарчас боғлиқ. Деҳқончилик халқхўжалигидаги бошқа тармоклардан и. ч. нинг табиий ва иқтисодий жараёнлари биргаликда кечиши б-н фарқ қилади. Ер (тупроқ) ва ўсимлик асосий ишлаб чиқариш воситалари ва айни пайтда меҳнат объектлари тарзида намоён бўлади. Тупроқ ғоят муҳим хусусиятга — унумдорлик хусусия-тига, яъни етиштириладиган ўсимликни сув, озиқ моддалар унсурлари ва боғланган азот билан узлуксиз таъминлаш хусусиятига эга. Тупроқнинг табиий (потенциал) ва иқтисодий (самарали) унумдорлиги бор. Табиий тупроқ унумдорлиги узоқдавом этадиган тупроқ ҳосил бўлиш жараёнлари натижасида юзага келади; тупроқнинг физик, кимёвий биологик хусусиятлари маҳаллий иқлим хусусиятлари билан чамбарчас боғликликда амал қилади. Тупроқнинг иқтисодий унумдорлиги жамиятнинг ишлаб чиқарувчи кучлари ривожи жараёнида инсон томонидан яратилади. Ўсимликлар табиий тупроқ унумдорлигидан фойдаланиб (тупрокдан сув, озиқ моддалари ва азотни шимиш), атмосферадан карбонат ангидрид газини ўзлаш-тириш, қуёш кинетик энергиясини тутиш ва қайта ўзгартириш, пировард натижада ноорганик моддаларни органик моддаларга айлантириш, яъни турли-туман деҳқончилик маҳсулотлари таркибига кирадиган оқсил, крахмал, қанд, мой ва б. моддалар яратиш хусусиятига эга.

Ер сиртида табиий шароитларнинг хилма-хиллиги экинларни етиштиришда махсус усул ва воситалар қўллаш, агротехнологияни ҳар бир ҳудуд, хўжалик, ҳатто ҳар бир даланинг тупроқиқлим шароитларига, шунингдек, экилган экинлар тур ва навларининг биологик хусусиятларига қараб табақалаштириш заруриятини келтириб чиқаради. Деҳқончиликда инсоннинг энг муқим вазифаси — агротехнологик, мелиоратив, ташкилий ва иқтисодий тадбирлар мажмуини бажариш йўли б-н, яъни оқилона деҳқончилик тизиминш амалга ошириш йўли билан табиий тупроқ унумдорлигини иқтисодий унумдорликка айлантиришдан, ҳосил олишдан иборат. Шу сабабли деҳқончиликнинг реал ютуқларини таъминлашда инсон — деҳқон малакаси ва маҳорати марказий ўринда туради.

Деҳқончилик маданиятининг юксалишида деҳқончиликнинг моддий-техника базаси — меҳнат қуролларининг такомиллашуви ва фан ютукларининг деҳқончиликка жорий қилиниши ҳал қилувчи ўринда туради (қ. Агрономия). Тарихан олганда омоч, плуг, трактор, ҳосилни йиғиб оладиган комбайнларнинг яратилиши, фан-техника, жумладан селекция ютукдари деҳқончиликда буюк юксалишларни таъминлади ва Деҳқончилик маданиятини янги даражага кўтарди.

Деҳқончилик маданиятининг объектив мазмуни илмий асосда ишлаб чиқиладиган деҳқончилик тизимида ифода этилади. Шу сабабли Деҳқончилик маданияти илмий жиҳатдан исботланган деҳкрнчилик тизимини яратиш ва жорий қилишни, фан ва техника ютуқларини ҳамда илғор тажрибалардан ижодий фойдаланишни назарда тутади. Юқори даражадаги Деҳқончилик маданияти инсоннинг деҳқончиликнинг асосий қонунлари талабларига мувофиқ фаолиятини — тупроқ ҳосилдорлигини сақлаш ва ошириш, алмашлаб экиш қоидаларига амал қилиш; селекция ва уруғчилик ишларини билиш ва ташкил қилиш, серҳосил навларнинг сифатли уруғлигини экиш; ҳар бир экинга хос агротехнологияни қўллаш; тупроққа тўғри ишлов бериш; сифатли уруғликни белгиланган муддатларда экиш, экинларни сифатли парвариш қилиш; ўғитлардан тўғри ва унумли фойдаланиш; барча агротехнологик тадбирларни оптимал муддатларда ўтказиш; деҳқончиликни механизациялаш, кимёлаштириш, ўсимликларни ҳимоя қилиш тизимини тўғри ташкил қилиш; меҳнатни иқтисодий рағбатлаштиришни талаб қилади. Бундан ташқари Ўрта Осиё ва хусусан Ўзбекистонда деҳқончиликнинг асосий тури бўлган суғорма деҳқончилик шароитларида ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва суғориш маданиятини эгаллаш муҳим ўринда туради. Юқори даражадаги Деҳқончилик маданияти учун кураш деҳқончиликнинг юқори унумдорлигини таъминлашга хизмат қилади. Ўзбекистонда Деҳқончилик маданияти илмий асосда ривожланмоқда. Назарий масалалар, янги илмий тавсияномалар синалиб, сўнгра ишлаб чиқаришга жорий этилмоқда. Деҳқончилик маданияти юксалишида ўрта ва олий ўқув юртлари, таълим марказлари фаолияти, илмий тадқиқот муассасалари изланишлари, илғор фермер, деҳқон хўжаликлари тажрибалари, агроном-мутахассислар малакаси муҳим роль ўйнайди.

Султон Холназаров.


Кирилл алифбосида мақола: ДЕҲҚОНЧИЛИК МАДАНИЯТИ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Д ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ТОШКЕНТ
ЕР
Исмлар маъноси. Энг оммабоп исмлар тўплами.
Исмлар. Энг чиройли ва машҳур исмлар.


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты