ДИЛАТОМЕТРИЯ (лот. dilato — кенгайтираман ва…метрия) — физиканинг жисмлар ўлчамлари ўзгаришининг ташқи таъсирлар (т-ра, босим, электр ва магнит майдонлар, ионловчи нурланиш ва б.)га боғликлигини ўрганувчи бўлими. Дилатометрия асосан жисмнинг иссикликдан кенгайишини ва уларнинг турли аномалияларини ўрганади. Дилатометрия мақсадлари учун ишлатиладиган асбобга дилатометр дейилади. Дилатометрия усулларидан физика ва материяшуносликда моддаларнинг хоссаларини ўрганишда фойдаланилади, техникада металлар ва уларнинг қотишмалари, шиша, пластмасса, қурилиш материаллари ҳажмининг ўзгариш хусусиятларини ўрганиш ва янги материаллар яратишга ёрдам беради.