ФАЛСАФА, философия — инсоннинг дунёда тутган ўрни ва дунёқарашининг яхлит тизимини ифодаловчи маънавий фаолиятининг бир шакли. Мил. 2—3-а. ларда ўтган юнон файласуфи Диоген Лаэртскийнинг шоҳидлик беришича, юнон мутафаккири Пифагор биринчи бўлиб ўзини «философ» деб атаган. Бу сўз Гераклитнинг фалсафий таълимотида нарсаларнинг табиатини тадқиқ этишга нисбатан қўлланилган, тадқиқотчининг ўзи эса «философ» деб аталган. Кейинчалик «философ» сўзи ҳар тарафлама, кенг, тушунарли ва ҳаққоний фикр юритишга интилувчи кишига нисбатан қўлланилган. Тарихий маълумотлар юнонча philosophia сўзи арабчага «фалсафа» бўлиб ўтганлиги, араблар бу фанни «ҳикма» деб аташи, русчага «философия» тарзида ўтганлигини тасдиқлайди, демак фалсафа билан философия сўзлари бир хил маънога эга.
Фалсафага ҳақиқатга элтувчи таълимот сифатида ёндашган сократчилар мактаби вакиллари нуқтаи назаридан карасак, «ҳақиқатга муҳаббат», «ҳақиқатни севиш» деган маъно келиб чиқади. Фалсафа ҳақида фан тарихида турлича, ҳатто бирбирига қарамақарши қарашлар мавжуд. Фалсафага ҳамма фанларнинг бошланиши, оламнинг асл моҳиятини ва универсал қонунларини очувчи фан деб ёндашишдан тортиб уни ўз тадқиқот объекти ва предметига эга бўлмаган мавҳум ва ўта умумлашган, инсон учун фойдасиз билимлар мажмуи деб ҳисобловчилар ҳам учрайди. Инсоният фойдаланаётган барча билимлар Фалсафадан бошланиб, фалсафий хулоса билан якунланади. Фалсафани фан даражасига олиб чиққан Платон уни «мавжудликни, мангуликни ва доимийликни билиш», Аристотель «нарсаларнинг сабаблари ва асосий тамойилларини тадқиқ этувчи фан» деб билган, стоиклар уни назарий ва амалий тафеилотларга интилиш деб, эпикурчилар унга «ақл воситасида бахтга эришиш йўли» деб қараган. Форобий Ф. ни «ҳикматни қадрлаш» ёки фикрлаш санъати деб билган. Ўрта асрлар христиан Фалсафасида у «табиий акл нури воситасида эришиладиган дунёвий донолик» (теология эса илоҳийлик нури воситасида эришиладиган илоҳий донолик) деб таърифланган.
Фалсафа Бэкон ва Р. Декарт Ф. ни «тушунчалар шаклига бурканган яхлит, ягона фан» деб ҳисоблашган. X. Вольф Ф. ни «барча мумкин нарсалар ва уларнинг қай маънода ва нега мумкинлиги ҳақидаги фан» деса, Кант Ф. га «дунёни қандай тушуниш ҳақидаги, бутун билишнинг инсон ақлининг туб мақсадларига муносабати ҳақидаги фан» сифатида ёндашишни таклиф этади. Фихте Ф. га «қалб маърифати, маънавий маърифат» деб баҳо берган бўлса, Шеллинг воқеликнинг бутун кулами ва теранлигини ўз тажрибасига кура билиб олишни Фалсафа деб ҳисобланган. Гегель предметларни фикран қараб чиқишни Фалсафа деб атаб, унга «ўзўзига эргашувчи ақл хақидаги фан» сифатида таъриф берган. Шопенгауэр дунёнинг бутун моҳиятини абстракт, ялпи умумий ва равон шаклдаги тушунчаларда ифодалаш Фалсафанинг асосий вазифаси деб билди.
Фалсафанинг таркибий қисмларига билиш назарияси (гносеология), метафизика (онтология, космология, фалсафий антропология, мавжудлик Фалсафаси, теология), мантик, этика, эстетика, ҳуқуқ Ф. си, натурфалсафа, фан Фалсафаси, тарих ва маданият Ф. си, сиёсат Ф. си, дин Ф. си, психология ва б. киради. Булардан ташқари, ҳоз. замон Ф. сида тиббиёт, тилшунослик, мусика, кибернетика ва б. аник, фанларнинг умумметодологик жиҳатларини ўрганувчи Фалсафа йўналишлари вужудга келмокда. Фалсафанинг дунёқарашлик, гносеологик, методологик, социологик, аксиологик, антропологик, мантиқий, психологик ва мафкуравий функцияси бор.
Фалсафа тарихи — инсон тафаккури таракқиёти тарихидир. Фалсафа тарихига оид адабиётларда инсоният тарихида хитой Ф. си, ҳинд Ф. си, Европа Ф. си ажратиб кўрсатилади. Йирик диний таълимотлар сифатида ҳиндуийлик Ф. си, христианлик Ф. си, буддавийлик Фалсафаси, ислом Ф. сини кўрсатиш мумкин.
Илк фалсафий таълимотлар қад. Ҳиндистон, Хитой, Марказий Осиё ва Юнонистонда пайдо бўлган, кейин Ғарб мамлакатларига ёйилган. Қад. Ҳиндистондаги фалсафий мактаблар 2 турга булиниб, бири ведаларахм келиб чиққан ва уларга суянувчи мактаблар (веданта, йога, вайшешика, ньяя, санкхья), иккинчиси ведаларни рад этувчи мактаблар (жайнизм, буддизм, локоята) х,исобланади. Қад. Хитойдаги дастлабки фалсафий таълимотлар мил. ав. 7-а. да вужудга келган. У Қад. Хитой ёзма манбаларида учраб, бу манбаларга «Қўшиқлар китоби», «Баҳор ва куз» каби қад. ёдгорликлар ва Конфуцийнннг «Афоризм»ларини, даосизмни киритиш мумкин.
Марказий Осиёдаги фалсафий қарашлар қад. туркий ёзувлар, тангрига эътиқод қилиш тамойилларида ва зардуштийликнинг муқаддас китоби Авестодя ўз ифодасини топган. Бундан ташқари, Шарқ халкларининг табиатнинг асосий унсурлари ер, сув, ҳаво ва оловни эъзозлаш ҳақидаги натурфалсафий қарашлари ва ғоялари Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларига кенг ёйилиб Қад. Миср, Бобил, Лидия мамлакатлари халкларининг тафаккур тарзига сингиб кетган. Юнонистоннинг илк фалсафий мактаби — Милет мактаби ҳам ўз ғояларини Шаркдан олганлиги тадқиқотчиларга маълум. Мил. ав. 2—1-а. ларда Марв, Балх, Термиз, Сиғноқ, Самарканд, Бухоро заминини ўзига қамраб олган ҳудудда кушонлар салтанати қарор топиб, унда будда дини хукм суради, унинг фалсафаси бу жойда яшовчи халқнинг тафаккур тарзига ўз таъсирини ўтказади. Аммо Авесто ғоялари халқ онгидан бутунлай чиқиб кетмайди. Мил. 3-а. га келиб тенглик ғояларини илгари сурувчи монийлик таълимоти пайдо бўлди. Бу таълимот маздакийлар ҳаракатинннт маънавий таянчи бўлган.
Юнонистондаги фалсафий мактаблар, асосан, мил. ав. 6—5-а. лардан вужудга кела бошлади ва унинг тараққиёт босқичлари классик эллинизм ва римэллинизм даврларига бўлинади. Эллинистик Фалсафа даври сократгача давр (Милет мактаби, Элея мактаби) ва классик (аттик) Фалсафани (Сократ, Платон, Аристотель) ўз ичига олади. Сократгача давр Фалсафаси космологик (гилозоистик) Фалсафа ва антропологик даврларни ўзига қамраб олади. Дастлабки космологик фалсафий таълимот Фалесга тегишли. У Анаксимандр, Анаксимен, Ферекид, Диоген билан биргаликда Иония натурфалсафа мактабига мансуб. Улардан сўнг борлиқ ҳақидаги таълимот билан Ксенофан, Парменид, Зенон (Элеялик), Мелисс шуғулланганлар. Улар билан бирга Пифагор мактаби (Пифагор, Филлолай, Алкмеон, Архит; мил. ав. 6—4-а. лар) фаолият кўрсатган. Бу даврда антропологик софистика мактаби вакиллари Протагор, Горгий, Гиппий, Продик ижод қилишган. Мил. ав. 3—2-а. ларда стоиклар (Зенон Китионлик), эпикурчилар (Эпикур, Лукреций), неоплатончилар (Плотин) юнон Фалсафа сига ўз ҳиссаларини қўшишган. Айниқса, Сократ, Платон, Аристотель Фалсафаси юнон Фалсафа сининг шуҳратини оширади. Юнон Фалсафа сидаги асосий қарашлар Александр Македонский (Искандар Макдуний)нинг Шарққа истилочилик юришлари даврида Марказий Осиёга ҳам кириб келди.
Ислом дини ёйилган мамлакатлардаги фалсафий таълимотлар қуйидагича ўрганилади: илк ислом Фалсафаси (6—8-а. лар), шарқий ислом Фалсафаси (Мовароуннаҳр ва Хуросондаги фалсафий таълимотлар), ғарбий ислом Фалсафаси (Шим. Африка ва Испаниядаги фалсафий таълимотлар).
Илк ислом Фалсафаси даври юнон Фалсафа сининг араб ва сурёний тилларига таржима этилиши, бу таржималарда яҳудийлик ва христианлик ақидаларининг устуворлик қилиши билан ажралиб туради. Бу даврда исломдаги жабарийлар билан қадарийлар, мўътазилийлар билан мутакаллимлар ўртасида фалсафий қарамақаршиликлар бўлган. Шарқий ислом Фалсафасида дунёвий ва исломий ғояларнинг, турли халқ ва цивилизацияларнинг тафаккур тарзи синтезлашган. Шунингдек, табиатшунослик илмларидаги йирик кашфиётларни (мас, кимё илмининг вужудга келиши) фалсафий асослаш, ҳисоблаш маданиятининг тубдан узгариши (Хоразмий системаси) б-н боғлиқ белгилар кузга ташланади. Шарқий ислом Фалсафаси (Мусо Хоразмий, Фарғоний, Киндий, Абу Бакр Розий, Абу Мансур Мотуридий, Ашъарий, Форобий, Беруний, Ибн Сино, Носир Хисрав, Юсуф Хос Хожиб, Умар Хайём, Ғазолий, Замахшарий, Аҳмад Яссавий, Нажмиддин Кубро, Фахриддин Розий, Баҳоуддин Накшбанд, Ибн Халдун ва б.) ва ғарбий ислом Фалсафаси (Ибн Туфайл, Ибн Божа, Ибн Рушд) файласуфларининг мусулмон олимлари томонидан қайта ишланган, таржима қилинган асарларининг Европага қайта такдим этилиши бу ерда Уйғониш даврининг бошланишига таъсир кўрсатган. Фалсафанинг кейинги равнақ топиши Марказий Осиёда темурийлар даври билан бошланади. Амир Темур фалсафий ғояларнинг мамлакат истиқболига хизмат қилишини билган ҳолда илмфан равнақига раҳнамолик қилди. Бу даврда Марказий Осиёда тасаввуф Ф. си, табиатшунослик Фалсафаси, мантиқ Ф. си ва ахлоқий таълимотлар ривожланди (Рудакий, Фирдавсий, Низомий, Саъдий, Жалолиддин Румий, Тафтазоний, Журжоний, Улуғбек, Хожа Аҳрор, Фузулий, Насимий, Жомий, Навоий, Муҳаммад Қози, Махдуми Аъзам, Бобур, Машраб, Бедил ва б.). Шуни қайд этиш лозимки, ислом Фалсафаси ўзидан илгари ўтган барча динлар билан боғлиқ илмий анъаналарни қабул қилган. Ислом Фалсафаси ривожига иудаизм, христианлик, буддизм ва б. диний таълимотлар таъсир кўрсатган.
Европа Фалсафаси эса ўзидан олдинги барча фалсафий фикрни илмий билимларни жамият тараққиётига хизмат қилдириш б-н боғлаган. Тўғри, Европадаги динийсхоластик фалсафий ғоялар жамият тараққиётига салбий таъсир қилди. Лекин, араб олимларининг таржималари туфайли антик давр фани ва Фалсафаси, қадриятларини қўлга киритган европалик олимлар жамиятни бамисоли қайта уйғотишди. Европа Фалсафаси схоластик даври, Уйғониш даври, янги давр ва немис классик Фалсафаси даврларига бўлинади. Схоластика даври схоластика равнақи (Буюк Альберт, Фома Аквинский, Р. Бэкон) ва схоластика инқирози (Дуне Скот, томизм, У. Оккам) даврларига бўлинади. Уйғониш даврида итальян гуманизми, реформация, табиатшунослик Фалсафаси, ижтимоий хаёлий назариялар илгари сурилган. Янги даврда Ф. Бэкон, Р. Декарт, Т. Гоббс, Ж. Локк, Спиноза, Лейбниц, Х. Вольф, Ж. Беркли, Д. Юм, ГТ. Бейль, Ш. Монтескье, Волтер, Руссо, Д. Дидро, Д’Аламбер, Ж. Ламетри, П. Гольбах ва б. файласуфлар ижод қилишган. Немис классик Фалсафаси Гердер, Кант, Фихте, Шеллинг, Гегель, Фейербах номлари билан боғланган.
Фалсафа тарихидаги фалсафий мактаб ва оқимлар ўзлари илгари сураётган фалсафий ғоянинг мазмунига қараб қуйидаги йўналишларга бўлинади: эмпиризм ва рационализм, номинализм ва реализм, материализм ва идеализм, скептицизм ва антискептицизм, агностицизм ва антиагностицизм, догматизм ва релятивизм кабилар.
19—20-а. лардаги фалсафий оқимлар: Шопенгауэр Фалсафаси, О. Конт позитивизми, марксизм, эмпириокритицизм, неокантчилик, Ф. Ницшенинг ҳаёт Ф. си, прагматизм, неопозитивизм, постпозитивизм, неотомизм, фрейдизм, экзистенциализм, герменевтика, структурализм, релятивизм, конструктив эмпиризм, феноменализм ва б. 21-а. га келиб ҳар бир минтақа, давлат ва миллатнинг тафаккур тарзини ўзида ифода этувчи фалсафий мактаб ва оқимларнинг шаклланишидан ташқари жаҳондаги ижтимоий жараёнларнинг кескин ва жадал ўзгариб бориши, глобал миқёсга кўтарилиши умумжаҳон миқёсидаги фалсафий муаммоларни ҳал этиш заруриятини туғдирмоқда. Бундай муаммолар сирасига ижтимоий тараққиётнинг глобаллашуви, тинчлик ва уруш муаммоси, экологик, энергетик муаммолар, хом ашё, озиқ-овқат ва чучук сув муаммолари, демография, соғлиқни сақлаш, ахборотлар муаммоси, маърифат ва маънавият танқислиги муаммоси ва б. киради. Бу муаммоларни ечиш йўлларини кўрсатиш ва таҳлил этиш 21-а. Ф. сининг долзарб вазифасидир. Ўзбекистон Ф. си Шарқ Фалсафа сининг таркибий қисми, ўзбек халқининг ўзига хос бўлган тафаккур тарзининг намоён бўлишидир. Унинг тарихий илдизларига қад. Турон ва Туркистондаги халқ оғзаки ижодига оид ҳикматлар, достонлар, мақол ва ривоятлар, мутафаккирларнинг фалсафий асарлари, Авестодаги эзгулик ғоялари, тарихимизда ўтган монийлик, маздакийлик, буддавийлик, яҳудийлик, христианлик динларидан кириб келган ҳикматлар, ислом Фалсафаси, исломнинг муқаддас китоблари, тасаввуф Фалсафаси, мотуридийлик таълимоти, суннийлик оқими, кубровийлик, яссавийлик, нақшбандия тамойиллари, ватанпарварлик гоялари, маънавийахлоқий қадриятлар киради. Бу Ф. жаҳон фалсафий мероси дурдоналаридан озиқ олади. Ўзбекистон Фалсафаси ўзбек халқининг тафаккур тарзи сифатида 20-а. да шаклланди. Унда Ўзбекистонда яшовчи турли миллат ва элат вакиллари иштирок этишган. Унинг намояндалари Беҳбудий, Фитрат, Абдулла Авлоний, Мунавварқори, Чўлпон, Абдулла Крдирий, Исҳоқхон Ибрат, Сўфизода ва б. Шарқ Фалсафаси анъаналарини, миллиймаънавий, ахлоқиймаърифий қадриятларни шўролар даврида ҳам саклаб қолиш ва ривожлантиришга интилйшди, лекин бу интилишлар уларнинг коммунистик тузум қурбонига айланишига сабаб бўлди. Совет тузумини ёклаган илм соҳибларигина қатағонлардан омон қолишди. С. Айний ва 3. В. Тўғонларнинг Фалсафа тарихига оид бир қанча мақолалари босилиб чиқди. Совет даврида Фалсафа фани чуқур мафкуравий инқирозга учраган, коммунистик тузумнинг хизматкорига айлантирилган эди. Ёзувнинг арабча графикадан лотин графикасига, ундан кириллча графикага ўтказилиши миллий фан ва Фалсафа тараққиётига салбий таъсир кўрсатди. Наим Сайд, К. Ерзин, Ҳаким Неъмат, Р. Холмуродов (Маллин) сингари олимлар Фалсафа соҳасида фаолият кўрсатдилар. 2-жаҳон уруши даврида Ўзбекистон ФА ташкил этилиши ижтимоий фанлар, хусусан, Фалсафа фани тараққиётига туртки берди. Бу даврда С. Валиев, Ж. М. Бобоев, Ҳ. Ғ. Расулов, АЛ. Аюпов, С. Азимов, И. Мўминов, В. Зоҳидовлар Фалсафа фанига сезиларли ҳисса қўшишди. Ўзбекистонда Фалсафа тарихи (В. Зоҳидов, М. М. Хайруллаев, М. Баратов, ҳ. Ф. Воҳидов, А. Шарипов), табиатшунослик Фалсафаси ва билиш назарияси (О. Файзуллаев, Б. Исмоилов, Ж. Туленов, К. Иванова, М. Абдуллаева), мантиқ (М. Хайруллаев, К. Ҳақбердиев, М. Х. Нурматов, Л. Е. Гарбер), маданият Фалсафаси (К. Содщов, С. Шермуҳамедов, Н. Ғойибов), дин (С. Азимов, А. Ортитов, М. А. Усмонов, Ж. Бозорбоев), ахлоқ (Й. Жумабоев, ХАлиқулов, Х. Шайхова), ижтимоий Фалсафа ва сиёсатшунослик (Э. Юсупов, Р. Абдушукуров, К. Валиев, ҳ. Пулатов, С. Турсунмуҳамедов, Қ. Хоназаров) йўналишлари бўйича тадқиқотлар олиб борилди.
Ўзбекистон мустақилликка эришгач, Фалсафа фани олдида уни коммунистик мафкура асоратларидан тозалаш, жамият тараққиётининг қонуниятларини фалсафий таҳлил этиш, миллий истиклол ғоясининг илмийназарий асосларини ишлаб чиқиш, республикада шаклланаётган ҳуқуқий, демократик давлат ва фуқаролик жамиятининг ривожланиш хусусиятларини очиб бериш каби вазифалар пайдо бўлди. Ўзбекистон Президенти И. А. Каримов 1998 й. да «Тафаккур» жур. бош муҳаррирининг саволларига берган жавобда янги жамиятни бунёд қилишда миллий мафкура ва у таянадиган миллий Фалсафанинг ролига катта баҳо берар экан, ғояга қарши фақат ғоя, фикрга қарши фақат фикр, жаҳолатга қарши фақат маърифат билан баҳсга киришиш кераклигини таъкидлади.
Ҳоз. даврда республика файласуфлари олдида ижтимоий воқеликнинг қонуниятларини тадқиқ этиш, мамлакатнинг истиқболи учун хизмат қилувчи ғоявий заминни яратишдек муҳим вазифалар турибди.
Ўзбекистонда Фалсафа бўйича и. т. лар олий ўқув юртлари Ф. кафедраларида, Фалсафа ва ҳукуқ институтида олиб борилади. ЎзМУда Фалсафа факультета мавжуд. Республикада Ўзбекистон файласуфлари миллий жамияти фаолият кўрсатмокда. Фалсафага оид и. т. лар «Ўзбекистонда ижтимоий фанлар» (Ўзбекистон ФА нашри), «Фалсафа ва ҳуқуқ» (Ўзбекистон ФА фалсафа ва ҳуқуқ инти, Ўзбекистон файласуфлари миллий жамиятининг нашри), «Тафаккур» жур. ларида чоп этилади.
Ад.: Форобий, Фозил одамлар шаҳри, Т., 1993; Мўминов И. М. Ўзбекистондаги табиийилмий ва ижтимоийфалсафий тафаккуртарихидан лавҳалар, Т., 1998; Классическая наука Средней Азии и современная мировая цивилизации, Т., 2000; Диоген Лаэрте кий, О жизни, учениях и изречениях знаменитых философов, М., 1979.
Бахтиёр Тўраев.