ФИТРАТ

ФИТРАТ (тахаллуси; асл исмшарифи Абдурауф Абдураҳим ўғли) (1886, Бухоро — 1938,4,10, Тошкент) — ёзувчи, тарихчи, адабиётшунос, тилшунос, санъатшунос ва сиёсатшунос олим, давлат ва жамоат арбоби. Биринчи ўзбек проф. (1926). Мир Араб мадрасасипэ. таҳсил кўрган. 1902—03 й. ларда ҳаж сафари муносабати билан Туркия, Ҳиндистон ва Арабистон мамлакатларида, тахм. 1906—08 й. ларда эса Марказий Россиянинг Москва, Петерберг сингари шаҳарларида бўлган. Шундан кейин Фитрат ўқишни давом эттириш истагида Туркияга бориб, 1909—13 й. ларда Истанбулда яшаган. Фитрат ўша вактда Туркияда кучайган Ёш турклар ҳаракати таъсирида Туркиядаги бухоролик ёшлар ёрдамвда «Бухоро таълими маориф жамияти»ни тузади. Жамият Бухоро ва Туркистон маорифининг олға силжишига доир муҳим ишларни амалга оширади.

Ф. Туркияда таҳсил олиш, маърузалар ўқиш билан бирга самарали ижод ҳам қилган. 1909 й. Истанбулда унинг форс тилида ёзган «Мунозара», «Сайҳа» («Наъра») шеърий мажмуаси, 1912 й. эса «Сайёҳи ҳинди» («Баёноти сайёқи ҳинди») асарлари нашр этилган. Кейинчалик Фитратнинг миллатчи, туркпараст ва исломпараст ёзувчи сифатида қораланишига сабабчи бўлган бу асарлар 20-а. бошларида Туркистондаги миллий уйғониш ҳаракатининг норасмий дастури бўлиб хизмат қилган. Айниқса, «Мунозара» ва «Сайёҳи хинди» асарлари ёшлар дунёқарашининг кескин ўзгариши ва уларнинг жадидлар сафига келиб қўшилишига сабабчи бўлган.

Фитрат ватанига қайтгач, Бухоронинг турли туманларида ўқитувчилик қилиб, жадидчилик ғояларини кенг тарғиб этди. Ёш бухороликлар ҳаракатининг мафкурачиси ва ғоявий раҳбарларидан бирига айланди. 1915 й. дан эса Ёш бухороликлар ҳаракатининг сўл қанотига бошчилик қилди. 1917 й. Февраль вокеаларидан кейин жадидларнинг Бухоро амирлигидаги аҳволи мураккаблашгач, Ф. Самарқандга кўчиб бориб, «Хуррият» газ. да муҳаррир бўлиб ишлади (1917—18). Айрим маълумотларга караганда, Фитрат шу йилларда «Иттихрди тараққий» ташкилоти Эски Бухоро бўлимининг раиси хам бўлган. Колесое вокеаси (1918 й. март)дан кейин эса Тошкентга кўчиб келган. 1919—20 й. ларда Афғонистоннинг Тошкентдаги ваколатхонасида таржимонлик қилган, «Чиғатой гурунги» маърифийадабий уюшмасини, шунингдек, «Тонг» жур. ини ташкил этиб, ёш зиёлилар авлодини миллатпарварлик ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашга киришган. «Тонг» жур. ининг шиори бўлган: «Мия ўзгармагунча бошқа ўзгаришлар негиз тутмас!» сўзлари Фитратнинг шу йилларда олиб борган фаолиятининг мақсадмоҳиятини тўла ифодалайди.

БХСР ташкил топиши билан Фитрат 1921 й. да маориф, 1922 й. да хорижияташқи ишлар нозири, халқ хўжалиги кенгаши раиси, МИҚ ва Халқ нозирлари шўроси раисининг ўринбосари ва б. лавозимларда хизмат қилди. У шу даврда БХСР маблағи ҳисобига 70 нафар туркистонлик истиқболли ёшларнинг Германияга бориб ўқиши, Бухорода Шарқ мусиқа мактабининг ташкил этилиши, фан ва маданият тарихига дойр халқ қўлида сочилиб ётган ноёб қўлёзмаларни тўплашда ташаббускор бўлди. Фитратнинг саъйҳаракати б-н Бухоро жумҳуриятида турк (узбек) тили давлат тили деб эълон қилинди; давлат театри ташкил этилиб, бу театрда ишлаш учун Тошкентдан М. Уйғур ва Чўлпон, вақф ишларини бошқариш учун эса М. Абдурашидхонов таклиф этилди (1921). Аммо 1923 й. июнда Москвадан Я. Э. Рудзутак бошчилигида келган комиссия Ф. ни ишдан олиб, уни Россияга «чақириб олинган», деб эълон қилди ва Фитрат 1923—26 й. ларда Москвага бориб, Шарқшунослик и. т. интида ишлади. 1926 й. нинг охири — 1927 й. нинг бошларида ватанига кайтган Фитрат 1937 й. да ҳибсга олингунига қадар Самарқанддаги Олий педагогика ин-ти ҳамда Тошкентдаги Тил ва адабиёт интида илмий фаолият олиб борди.

Фитрат ижодини шартли равишда 3 даврга бўлиш мумкин. Агар Фитрат 1909—16 й. ларни ташкил этган 1даврда жадид маърифатпарвари сифатида ижод қилган бўлса, 1917 й. Февраль инқилобидан кейин Москвага сургун қилингунига қадар бўлган 2даврда ҳуррият ва мустақиллик ғоялари б-н тўйинган асарлар ёзади (1917—23). Совет махфий хизматининг доимий назорати остида яшаган Фитрат ижодининг 3даври (1923 — 37)да асосан илмий ва педагогик фаолият билан шуғулланади.

Фитратнинг адабий мероси бой ва рангбаранг. У ёзувчи сифатида бадиий ижоднинг барча турларида қалам тебратибгина қолмай, ўзбек адабиётининг янги жанр ва турлар билан бойиши, шеър тузилишининг ислоҳ этилиши, реализмнинг теранлашиши, давр, жамият ва халқ ҳаёти билан боғлиқ муҳим ижтимоий муаммоларнинг ўзбек адабиётида бадиий талқин этилишига улкан ҳисса қўшди.

Шеърий ижоди. Фитрат зуллисонайн ёзувчи бўлиб, адабий фаолиятининг дастлабки даврида асосан форс тилида ижод қилган («Сайҳа»). Ф. нинг бизга етиб келган ўзбек тилидаги шеърлари 1917 й. ва ундан кейинги даврга оид. Маълумки, Февраль инқилобидан кейин Туркистон халкдарининг мустақилликка эришишлари учун бирданбир тарихий имконият туғилган. Фитрат шу даврда халқни мустамлакачилик кишанларини парчалаб, истиклол учун курашга даъват этувчи шеърлар ёзишга киришган. Аммо анъанавий аруз вазни, унинг назарида, бундай замонавий тояни ифодалаш, халкни оёққа қалктириш ва сафарбар этиш кучига эга эмас эди. Шунинг учун ҳам Фитрат турк ва татар шеъриятларида шаклланган, ўзбек халқ оғзаки шеъриятида айрим унсурлари бўлган сочмани миллий адабиётимизга олиб кирди. Шоир «Юрт қайғуси» деб номланган бир шеър ва 4 та сочма ёзиб, уларда ҳуррият учун кураш ғоясини баралла куйлади. Фитрат мазкур сочмаларида Туркистонни хурланган ва хорланган Она образида тасвирлаб, бу жабрдийда Онани зулм асоратидан халос этиш учун Амир Темур сингари жахрнгирлар руҳига мурожаат этди, халқни эрк ва ҳуррият учун кураш майдонига даъват этди. У шу йилларда «Миррих юлдузига», «Шарқ», «Шоир» сингари шеърларини яратиб, уларда Туркистонни энди «қизил» мустамлакага айлантира бошлаган большевикларга ва улар барпо этаётган тузумга нафрат туйғусини ифодалади. Фитрат бармоқ вазнида ёзилган шу шеърлари билан халқ оғзаки шеъриятининг мулки бўлган бармоқни ислоҳ этиб, Чўлттон билан бирга уни ёзма адабиётга олиб кирди ва унга янги ҳаёт бағишлади. «Ўзбек ёш шоирлари» (1922) шеърий мажмуасининг тузувчиси ва асосий муаллифи. Афсуски, Фитрат бу шеърларидан кейин шеърият соҳасида қарийб ижод қилмади.

Насрий ижоди. Ўтган асрнинг 10-й. ларида саҳна асари сифатида намойиш этилган «Мунозара» Ф. нинг насрдаги илк асаридир. «Мунозара» ҳам, «Сайёҳи ҳинди» ҳам Фитрат публицистикасининг ерқин намуналаридан. Фитрат кейинчалик ҳам ижтимоий, ҳуқуқий, маънавий ҳамда эстетик қарашларини ифодалашда публицистикадан самарали фойдаланди. Фақат 20-й. ларнинг ўрталарига келибгина у «соф» насрий асарларни ярата бошлади («Қиёмат», «Меърож», «Оқ мозор», «Зайд ва Зайнаб», «Заҳронинг имони» ва б.). «Мунозара» ва «Сайёҳи ҳинди» асарларида кўтарилган миллий қолоқлик, диний фанатизм мавзуси 20-й. лар учун ҳам долзарб ахамиятга эга эди. Фитрат бу ҳикояларида диний сюжетлардан дин таъсирига қарши курашда фойдаланди. Бу асарлар, айниқса, 1930 й. да қайта ишлаган «Қиёмат» хаёлий ҳикояси ҳоз. ўзбек адабиётида фантастиканинг туғилиши ва шаклланишида миллий манба бўлиб хизмат этди.

Драматургияси. Фитрат 1916 й. дан бошлаб театр учун кўплаб асарлар яратди. Аммо унинг нафақат 1916—18 й. ларда ёзган «Бегижон», «Қон», «Або Муслим», «Темур сағанаси», «Ўғизхон» сингари пьесалари, хатто 30-й. ларда ёзган «Тўлқин» опера либреттоси (1934) ҳам бизга етиб келмаган. Маълумки, Фитратнинг 5 пардали «Бегижон» пьесасида деҳқонларнинг хон зулмига қарши кўтарган исёнлари тасвир этилган, «Темур сағанаси» пьесасида эса муаллифнинг «Юрт қайгуси (Темур олдинда)» сочмасидаги истиклол учун кураш гояси ўзининг бадиий тажассумини топган. Фитрат шу йилларда ёзган бошқа саҳна асарларида ҳам тарихий ўтмишга мурожаат этганига қарамай, большевикларнинг Туркистонда олиб борган ғайримиллий сиёсатига фаол муносабат билдириб, зулм ва зўравонликка асосланган «янги тузум»ни кескин қоралаган. Фитрат ижодининг шу даврдаги етакчи мотиви — большевизмга қарши истиқлол учун кураш гояси «Чин севиш» (1920) ва «Ҳинд ихтилолчилари» (1923) пьесаларида, айниқса, ёрқин ифодаланган. Драматург Туркистонда Совет ҳокимияти йилларида содир бўлаётган фожиали воқеаларни Англиянинг мустамлакаси бўлган Ҳиндистонга кўчириб, инглиз мустамлакачиларига қарши курашаётган ҳинд ихтшюлчи (истиқлолчи)лари сиймосида, маълум маънода, ўз ватандошлари образини яратди. Ж. Нерунинг эътироф этишига кўра, Фитратнинг бу асарлари ҳинд халқининг мустамлакачиликка қарши олиб борган курашига куч ва мадад берган.

Ф. Москвадалик пайтида «Абулфайзхон» ва «Шайтоннинг тангрига исёни» (1924), она юртига қайтганидан кейин эса «Арслон» (1926), «Шўриши Восе» («Восе қўзғолони», 1927), «Тўлқин» пьесаларини езди. Бу асарлар орасида «Абулфайзхон» ўзининг шекспирона эпик кўлами билан алоҳида ажралиб туради. Мазкур пьеса асосида аштархонийлар сулоласининг сўнгги вакили Абулфайзхон салтанатининг таназзули (18-а.) натижасида Бухорода манғит амирларининг ҳокимият тепасига келишлари билан боғлиқ тарихий воқеалар ётади. Фитратнинг олис тарихий даврга назар ташлашдан мақсади «Подшолик кон билан сугорилган бир оғочдир, Қон оқиб турмаган ерда бу дарахтнинг қуриб қолиши аниқцир» деган «фалсафа» билан яшаган ва ўзи ҳам шу ғайриинсоний «фалсафа»нинг қурбони бўлган Абулфайзхон сингари қонхўр подшоларни тарих қаъридан олиб чикиб, халққа кўрсатишдир. Фитрат бу асари билан большевиклар тузуми 20-а. нинг Абулфайзхони — Сталинни яратиши ва унинг бепоён мамлакатни қонга ботиришини башорат этди. Шу маънода мазкур трагедия Ф. закоси билан яратилган халқни огоҳлантирувчи асардир.

«Абулфайзхон»нинг бадиий қиммати шундаки, Фитрат асарда шекспирона қабартма тип ва характерларни яратди, зулмга асосланган салтанат тожининг отадан болага ўтиб келиши натижасида пайдо бўлувчи қонли оқибатларни ҳаққоний тасвирлади. Фитрат бу асари билан ўзбек адабиётида трагедия жанрига асос солиб, мазкур жанрнинг асосий тамойилларини белгилаб берди.

Ижтимоий ҳуқуқий, диний ва маърифий асарлари. Фитрат илмфан ва маърифатнинг турли соҳаларида ҳам теран из крлдирди. У. 1914—16 й. лардаёқ «Раҳбари нажот» («Нажот йўли»), «Оила» ва «Мавлуди шариф ёки Муръоти хайр улбашар», 1917—20 й. ларда «Ўқу» («Ўқув»), «Шарқ сиёсати» ва «Йиғла, Ислом», 1925 й. да эса «Мухтасар ислом тарихи» сингари асарларини эълон қилди. Фитрат мазкур асарларида, бир томондан, шу йилларда рўй берган сиёсийижтимоий масалаларга муносабатини ифодалаган бўлса, иккинчи томондан, мусулмон олами учун ўз аҳамиятини йўқотмайдиган ёки муайян тарихий даврда сақланиб қоладиган маънавий ва маърифий қадриятларни тушунтириб берди. Фитрат бу асарларида миллатнинг нафакат сиёсийижтимоий, балки диниймаърифий масалаларда ҳам етарли даражада билимга эга булмаганини эътиборга олиб, ҳар бир мусулмоннинг билиши лозим бўлган бир қатор масалаларга ёрқинлик бағишлади. Форс тилида ёзилган «Раҳбари нажот» рисоласида тафсир, ҳадис, фиқҳ, калом илмлари, шунингдек, лисоний, фалсафий, дунёвий илмлар тўғрисида аниқ тасаввур берди; авлод, бадан, фикр, ахлоқ тарбиясига оид фалсафийэтик қарашларини олға сурди. Фитратнинг «Оила» рисоласида эса оиланинг жамият ва инсон ҳаётидаги ролини оширишга, оила аъзоларининг ҳуқуқий меъёрларини белгилашга қаратилган фикр ва мулоҳазалари янада ривожлантирилди.

Фитратнинг мактаб ўқувчиларига мўлжалланган «Ўқу» («Ўқув» 1917 й., Боку) қўлланмаси ватан, дунё, табииёт, тиббиёт ва гигиена сингари масалалар, шунингдек, ўтмишда яшаган алломалар ҳақида тасаввур беради (номаълум сабабларга кўра, ушбу қўлланманинг 2қисми ёзилмаган).

Фитрат ҳуқуқий давлат қуриш ва унинг ривожини таъминлаш мақсадида 1918 й. да Ёш бухороликлар партиясининг 13 бобдан иборат дастурини ёзиб берди. Бу дастурда олимнинг ижтимоийсиёсий ва ҳуқуқий қарашлари ўзининг чуқур ифодасини топди.

Тилшунослик ва адабиётшуносликка оид асарлари. Фитрат ўзбек тилининг грамматикасини ўрганиш ишини бошлаб берган ва шу соҳа ривожига катта ҳисса қўшган. У 1918 й. да Қ. Рамазон ва Ш. Раҳимий б-н ҳамкорликда «Она тили» дарслигини яратди. 1921 й. да Тошкентда бўлиб ўтган Тил ва имло қурултойида Фитрат ўзбек тилининг софлигини таъминлаш ва ривожлантиришга қаратилган бир қанча таклифларни ўртага ташлади. У 20-й. ларда ўзбек тили табиатини ўрганишда давом этиб, «Ўзбек тили қоидалари тўғрисида бир тажриба: Сарф» (1925), «Ўзбек тили қоидалари тўғрисида бир тажриба: Наҳв» (1926) дарсликларини яратди ва бу дарсликлар 1930 й. га қадар бир неча марта нашр этилди. Олим ўзбек тили морфологияси ва синтаксисига бағишланган бу асарлари билан ўзбек тили грамматикасини илмий асосда ўрганиш ишига тамал тошини қўйди. Фитратнинг тилшунослик соҳасидаги катта хизматларидан яна бири унинг 20-й. ларда қад. туркий тил, жонли халқ тили ва шеваларга таянган ҳолда, илмиймаданий муомалага кириб келаётган янги тушунча ҳамда ҳодисаларни ифодалаш учун ўзбек тилининг луғат фондига янги сўзлар ва атамаларни кўплаб олиб кирганлигидадир.

Олим «Энг эски турк адабиёти намуналари» (1927), «Ўзбек адабиёти намуналари» (1ж., 1928) тазкираларини тузиб, миллий адабий меросимизнинг энг қад. даврдан сўнгги даврларга қадар яратилган намуналарини тўплаб, муайян тизимга солди («Намуналар»нинг 2жилди эълон қилинмай қолган), «Қутадғу билиг» сингари ўзбек ёзма адабиётининг халқ орасида сочилиб ётган ноёб ёдгорликларини қўлга киритиш, ўрганиш ва чоп этишга интилди. Ўзбек адабиёти йирик намояндалари ижодини илк бор ўрганиб, «Бедил» (Бир мажлисда)» (1923), «Навоийнинг форсий шоирлиги ва унинг форсий девони тўғрисида», «Қутадғу билиг» (1925), «Аҳмад Яссавий» (1927), «Яссавий мактаби шоирлари тўғрисида текширишлар», «Ҳиббат улҳақойиқ», «Ўзбек шоири Турди» (1928), «XVI асрдан сўнгра ўзбек адабиётига умумий бир қараш», «Муҳаммад Солиҳ», «Форс шоири Умар Хайём» (1929), «Машраб», «Фарҳоду Ширин» достони тўғрисида» (1930) каби катта илмий қимматга эга рисола ва мақолалар яратди. Фитрат бу тадқиқотлари билан ўзбек адабиётшунослик фанига пойдевор қўйди. «Шеър ва шоирлик» (1919), «Адабиёт қоидалари» (1926), «Санъатнинг маншаи» (1927), «Аруз ҳақида» (1936) сингари мақола ва рисолалари билан адабиёт назарияси фанига асос солди.

Бундан ташқари, Фитрат тарихшунослик ва шарқшунослик соҳаларига оид форс тилида мақола ва рисолалар ҳам ёзди («Амир Олимхоннинг кечмиши», 1930). 1921 й. Б. Солиев ва Б. С. Сергеев б-н биргаликда амирга қарашли нодир қўлёзмалар, вақф ҳужжатларини йиғиш, уларга тартиб ва тавсиф беришда иштирок этди. Б. С. Сергеев билан биргаликда В. Л. Вяткин архивида сакланган крзиларга оид ҳужжатларни ўрганиб, рус тилида «Казийские документы XVI века» (1937) китобини нашр этди.

Санъатшуносликка оид хизматлари. Фитрат 1921 й. да Шарқмусиқа мактабини ташкил этиб, унинг биринчи директори бўлган. Мактабга мумтоз мусика билимдонлари (созанда ва хонандалар) билан бирга В. А. Успенский сингари мусиқашуносларни ҳам таклиф этди. У шу вақтдан бошлаб «Шашмақом» куйларини тўплаш ва нотага ёзиб олиш ишларига раҳбарлик қилди. Фитрат ташаббуси б-н Ота Жалол ва ота Ғиёсдан Бухоро Шашмақоми В. Успенский томонидан илк бор нотага олиниб нашр этилди [Шесть музыкальных поэм (маком), БухараМ., 1924]. Ф. «Шашмақом», «Ўзбек мусиқаси туғрисида» мақолалари ва «Ўзбек классик мусиқаси ҳам унинг тарихи» (1927) рисоласи билан 20-а. ўзбек мусиқашунослик фанини бошлаб берди.

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, 1991 й. 25 сент. да Фитратга (вафотидан кейин) Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси давлат мукофоти беридци. Бухоро шаҳрида Фитрат боғи ва уймузейи ташкил этилди. Бухорода Фитрат ҳайкали урнатилган. Республикадаги бир неча мактаб, куча ва хўжаликлар Фитрат номи б-н аталди.

Ас: Қиёмат, Т.,1967; Мухтасар ислом тарихи, Т., 1992; Амир Олимхоннинг ҳукмронлик даври, Т., 1992; Бедил, Т., 1996; Чин севиш, Т., 1996; Адабиёт қоидалари, Т., 1995; Аруз ҳақида, Т., 1997; Оила ёки оила бошқариш тартиблари, Т., 1998; Нажот йўли, Т., 2001; Танланган асарлар, 1—3ж. лар Т., 20002003; Ад.: Алиев А., Абдурауф Абдураҳим ўғли Фитрат, Т., 1984; Фидойилар, Т., 1990; Қосимов Б., Маслакдошлар. Беҳбудий. Ажзий. Фитрат, Т., 1994; Ғаниев И., Фитрат, эътиқод, ижод, Т., 1994; Ғаниев И., Фитратшунослик, Бухоро, 1994; Болтабоев Ҳ., Абдурауф Фитрат, Т., 1996; Болтабоев Ҳ., Фитратнинг илмий мероси, Т., 1996; Қурбонова М., Фитрат — тилшунос, Т., 1996; Эргашева М., Абдурауф Фитрат — буюк ҳуқуқшунос, Т., 2001; Косим о в Б., Миллий уйғониш, Т., 2002.

Наим Каримов.


Кирилл алифбосида мақола: ФИТРАТ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Ф ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
АЛИШЕР НАВОИЙ
БЕРУНИЙ
БУХОРО ВИЛОЯТИ
БУХОРО ХОНЛИГИ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты