ФОЙДАЛИ ҚАЗИЛМАЛАР, минерал хом ашёлар — Ер пўстида қаттиқ, суюқ ва газсимон ҳолатларда учрайдиган, турли геологик жараёнлар натижасида тўпланган ҳамда миқдори, сифати, жойлашиш шароитларига кўра саноатда ишлатишга ярокли бўлган табиий минерал моддалар. Фойдали қазилмалар турли конларни ҳосил қилади. Пайдо бўлиш шароитига кўра Фойдали қазилмалар конлари сериялар — седиментоген (гиперген), магматоген (гипоген) ва метаморфоген конларга булинади (қ. Гиперген конлар, Гипоген конлар, Метаморфоген конлар). Геологик давр жиҳатидан Фойдали қазилмалар конлари ичида архей, протерозой, рифей, палеозой, мезозой ва кайнозой ёшидаги конлар фарқ қилинади. Шаклланиш жойи жиҳатидан геосинклиналь (бурмалаган областлар) ва платформалардаги конлар бўлади. Қандай чуқурликда пайдо бўлишига кўра, Фойдали қазилмалар конлари ультраабиссал (10— 15 км дан чуқур), абиссал (3—5 км дан чуқур), гипабиссал (1,5 км чуқурликда жойлашган) конларга бўлинади. Фойдали қазилмалар қ З гуруҳга: металл, неметалл ва ёнувчиларга бўлинади. Металл Фойдали қазилмалар соф металлар, қора, рангли, сийрак ва радиоактив металл рудалари, шунингдек, нодир ер элементларидан иборат. Неметалл Фойдали қазилмаларга кончиликкимё хом ашёси (турли тузлар, гипс, барит, олтингугурт, фосфоритлар, апатитлар), оловбардош, электротехник, пьезооптик, иссикдик ва товушни изоляция қилувчи, кислота ва ишқорларга чидамли хом ашё, қурилиш материаллари, қимматбаҳо ва техник тошлар киради. Нефть, ёнувчи газ, тошкўмир ва қўнғир кумир, торф, ёнувчи сланецлар ёнувчи Фойдали қазилмаларга мансуб. Физик ҳолатига кўра, қаттиқ (қазилма кўмирлар, рудалар, норуда Фойдали қазилмалар), суюқ (нефть, минерал сувлар) ва газсимон (ёнувчи табиий ва инерт газлар) Ф. қ. бўлади. Минерал ресурслар мамлакат, қитъа ёки бутун дунё заминидаги Фойдали қазилмалар йиғиндиси бўлиб, саноат и. ч. ининг муҳим тармоқлари (энергетика, қора ва рангли металлургия, кимё саноати, қурилиш) тараққиёти негизи ҳисобланади. Минерал ресурслар саноатда ишлатилишига қараб, бир қанча гурухларга ажратилади: а) ёқилғиэнергетика ресурслари (нефть, табиий газ, казилма кумир, ёнувчи сланецлар, торф, уран рудалари); б) кора ва рангли металлургия хом ашёси ҳисобланган руда ресурслари (темир ва марганец рудалари, хромит, боксит, мис, қўрғошинрух, никель, вольфрам, молибден, қалай, сурма рудалари, нодир металлар рудалари ва б.); в) кончиликкимё хом ашёси (фосфорит, апатит, ош тузи, калий ва магний тузлари, олтингугурт ва унинг бирикмалари, барит, бор рудалари, бром ва йод таркибли эритмалар); г) табиий қурилиш материаллари ва норуда Фойдали қазилмаларнинг катта гуруҳи, шунингдек, безак, техник ва қимматбаҳо тошлар (мармар, гранит, яшма, агат, тоғ хрустали, гранат, корунд, олмос ва б.); д) гидротермал минерал ресурслар (ер ости чучук ва минерал сувлари). Минерал бойликлар кўп табиий ресурслардан фарқли равишда қайтадан тикланмайди. Дунё океани сувлари ва ер ости шўр сувлари минерал хом ашёнинг муҳим резервлари ҳисобланади.