ФОРОБИЙ (тахаллуси; тўлиқ номи Абу Наср Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Узлуғ Тархон Форобий) (873, Фороб ш. — 950, Дамашқ) — Ўрта Осиёнинг улуг мутафаккири ва қомусий олими. Юнон фалсафасини чуқур билгани, унга шархлар битганлиги ва жаҳонга тарғиб қилгани ҳамда замонасининг илмларини пухта ўзлаштириб, фанлар ривожига улкан ҳисса қўшгани учун «алМуаллим ассоний» («Иккинчи муаллим», Аристотелдан кейин), «Шарқ Арастуси» номларига сазовор бўлди. Форобий Сирдарё соҳилидаги Фороб (Ўтрор) деган жойда туркий қабилага мансуб ҳарбий хизматчи оиласида таваллуд топади. Ўша даврда Мовароуннаҳрда сомонийлар сулоласи ҳукмронлик қилаётган эди. Бўлажак файласуф бошланғич билимини Ўтрорда олгандан сўнг, ўқишини Тошкент, Самарканд ва Бухорода давом эттирди. Форобий илмини янада чуқурлаштириш мақсадида Бағдодга йўл олади. Олим йўлйўлакай Эроннинг йирик шаҳарлари Рай, Ҳамадон, Исфаҳон ва б. жойларда бўлади. Бағдодда Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларидан келган талаба ва олимлар тўпланган эди. Бу ерда кўзга кўринган олиму фузалолар билан танишди, юнон фалсафий мактаби, турли фан соҳалари намояндалари билан учрашиб, улардан илм сирларини ўрганди. Мас, Абу Башар Матта ибн Юнусдан (870— 940) юнон тили ва фалсафасини, Юҳанна ибн Ҳийлондан (860—920) эса тиббиёт ва мантиқ илмини ўрганди. Баъзи тарихий манбаларда келтирилишича, Форобий 70 дан ортиқ тилни билган.
Олим 941 й. дан Дамашкда муҳтожликда кун кечира бошлайди. Шунга қарамай илм билан шуғулланади, фалсафа ва б. фанлар соҳасида тадқиқот ишлари олиб боради. У Алеппо (Ҳалаб) ҳокими Ҳамдамид (ҳукмронлик йиллари 943—967) илтифоти ва ҳурматига эришади. У олимларнинг ҳомийси сифатида танилган эди. Ҳоким Ф. ни ўз саройига таклиф этади, лекин, у саройга бормасдан, эркин ҳаёт кечиришни маъқул кўради. Шунга қарамасдан, алломанинг Ҳалабдаги ҳаёти сермаҳсул бўлди, бу ерда ўзининг кўплаб асарларини ёзди. Форобий 949 — 950 йилларда Мисрда, сўнгра Дамашқда яшайди ва шу ерда умрининг охирги кунларини ўтказади. У Дамашқцаги «Боб ассағир» қабристонига дафн этилган.
Мавжуд маълумотларга қараганда, Форобий 160 дан ортиқ асар ёзган. Лекин уларнинг аксарияти бизгача етиб келмаган. Шунга қарамай, мавжуд рисолаларининг ўзиёқ унинг бугок олим эканлигидан далолат беради.
Форобийнинг асосий асарлари: «Фалсафани ўрганишдан олдин нимани билиш кераклиги тўғрисида», «Фалсафий саволлар ва уларга жавоблар», «Энциклопедиядан мантиқ бўлимининг бир қисми», «Талиқот» (шарҳлар), «Инсон аъзолари ҳақида рисола», «Бўшлиқ ҳақида мақола», «Донолик асослари», «Фалсафанинг маъноси ва келиб чиқиши», «Ҳайвон аъзолари, функцияси ва потенцияси», «Мантиқ тўғрисидаги рисолага муқаддима», «Мантиқ илмига кириш», «Илмларнинг келиб чиқиши ҳақида», «Мусиқа ҳақида катта китоб», «Бахтсаодатга эришув ҳақида», «Масалалар моҳияти», «Буюк кишиларнинг нақллари», «Иҳсо алулум», «Ҳикмат маънолари», «Ақл тўғрисида», «Илмлар ва санъатлар фазилати», «Қонунлар ҳақида китоб», «Субстанция ҳақида сўз», «Фалак ҳаракатининг доимийлиги ҳақида», «Шеър ва қофиялар ҳақида сўз», «Риторика ҳақида китоб», «Ҳажм ва миқдор ҳақида сўз», «Мусиқа ҳақида сўз», «Физика усуллари ҳақида китоб», «Фазилатли хулқлар», «Фозил шаҳар аҳолисининг фикрлари», «Жисмлар ва акциденцияларнинг ибтидоси ҳақида», «Аристотель «Метафизика» китобининг мақсади тўғрисида» ва б. Ф. асарлари 20-а. нинг 70—80-й. ларида Тошкент ва Олмаотада «Фалсафий рисолалар», «Мантиқий рисолалар», «Математик рисолалар», «Ижтимоийахлоқий рисолалар», «Тадқиқотлар ва таржималар» номлари остида рус тилида нашр этилган.
Форобий илк ўрта асрда, Шарқ Уйғониш даврида ижод этди. Бу давр ишлаб чиқарувчи кучларнинг ўсиши, ҳунармандчилик, ирригация иншоотларининг юксалиши, янги шаҳарларнинг бунёд этилиши, маданий ва маънавий ҳаётнинг равнақ топиши б-н ажралиб туради. 9—10-а. ларда ички ва ташқи савдо кучайди, айниқса, Ҳиндистон, Хитой, Византия, Африка мамлакатлари билан алоқа йўлга қўйилди. Бу давр қарамақаршилик ва адоватлардан холи эмас эди. Форобийнинг фалсафий қарашларида ўша даврнинг ютуқ ва камчиликлари, мураккаб ва зиддиятли жиҳатлари ўз ифодасини топди.
Олимнинг илмфан олдидаги хизматларидан бири унинг юнон мутафаккирлари асарларини шархлаганлиги ва уларни янги ғоялар билан бойитганлигидир. Аллома, энг аввало, Арасту асарларига шарҳлар битган, унинг натурфалсафий ғояларининг тарғиботчиси ва давомчиси сифатида танилган. Форобий, шунингдек, Афлотун, Александр Афродизийский, Евклид, Птолемей, Порфирий асарларига ҳам mapjyiap ёзганлиги маълум. Булардан ташқари, Гиппократ, Эпикур, Анаксагор, Диоген, Хрисипп, Аристипп, Суқрот, Зенон асарларидан хабардор бўлган ҳамда эпикурчилар, стоиклар, пифагорчилар, киниклар мактабларини яхши билган. Форобий ўрта асрда мукаммал ҳисобланган илмлар таснифини яратди. У «Илмларнинг келиб чиқиши ҳақида», «Илмларнинг таснифи ҳақида» номли рисолаларида ўша даврда маълум бўлган 30 га яқин илм соҳасининг тавсифи ва тафсилотини баён қилиб берди. Мутафаккир табиат ва инсон организмига хос бўлган табиий жараёнларни ўрганувчи илм соҳаларини биринчи ўринга қўйди. Форобий илмларни қуйидагича таснифлайди:
1) тил ҳақидаги илм (грамматика, орфография, шеърият, тўғри ёзув ва б. ни ўз ичига олади);
2) мантиқ (8 бўлимдан иборат бўлиб, тушунча, муҳокама, хулоса, силлогистика, диалектика, софистика ва б. ни ўз ичига олади);
3) мат. (арифметика, геом., астрономия, механика, оптика, сайёралар, мусиқа ва оғирлик ҳақидаги илмдан иборат);
4) табиий илмлар, илоҳий илмлар ёки метафизика;
5) шаҳар ҳақидаги илм (сиёсий илм, фиқҳ, пед., ахлоқшунослик ва калом киради).
Форобий фанларни таснифлашда борлиқ хусусиятларининг таҳлилидан ва уларнинг фанда акс этишидан келиб чиқади. Унинг таснифи, энг аввало, табиатни, тафаккур ва нутқни, тил ва мантиқни ўрганишга қаратилган эди. Форобийга кура, илмларнинг таснифидан мақсад ҳақиқатни ўрганиш ва тасдиқлашдан, уни ёлғондан фарқлашдан иборат. Олимнинг фикрича, фанлар ва умуман билимлар борлиқдан келиб чиқиб, борлиқни узоқ вақт ўрганиш асосида тўпланиб боради. Турли илмлар бир-бирини инкор қилмайди, балки ўзаро бир-бири билан боғлиқ ҳолда ривожланади. Улар дунёни идрок қилишга ва инсонларнкнг бахтсаодатга эришишига қаратилгандир.
Форобийнинг фанлар таснифида табиий ва ижтимоий фанлар ўз вазифасига кўра бир-биридан фарқ қилади. Мас, математика, табиатшунослик ва метафизика илмлари инсон ақлзаковатини бойитишга хизмат қилади, грамматика, шеърият ва мантиқ эса фанлардан тўғри фойдаланишни, билимларни бошқаларга тўғри тушунтириш, яъни аклий тарбия учун хизмат қилади. Сиёсат, ахлоқшунослик ва пед. га овд билимлар кишиларнинг жамоага бирлашуви, ижтимоий ҳаётнинг қонун ва қоидаларини ўргатади. Хуллас, Форобийнинг илмлар таснифи тўғрисидаги маълумоти ўрта асрда турли фанларнинг ривожида муҳим аҳамиятга эга бўлди, кейинги даврларда яшаган олимлар учун қўлланма вазифасини ўтади.
Форобийнинг онтологик қарашлари. Мутафаккир борлиқ муаммосини «вужуди вожиб» ва «вужуди мумкин» таълимотидан келиб чиққан ҳолда тушунтиради. Унингча, «вужуди вожиб» барча мавжуд ёки пайдо бўлиши мумкин бўлган нарса, жисм ва моддаларнинг биринчи сабабчисидир. Форобий худога биринчи сабаб, биринчи моҳият, деб таъриф беради. Худо биринчи сабаб сифатида бошқа сабаб ва турткига мухтож эмас. У яратади, лекин бошка нарсалар томонидан яратилмайди. Аллоҳнинг зотига қарамақаршилик, зиддият, турли нуқсонлар, беқарорлик ва б. жараёнлар хос эмас. «Вужуди мумкин» эса барча яратилган, мавжуд бўлган ва яратилажак нарса ва ашёларни англатади. Форобий табиат, ашё ва жисмлар турли шакллари муайян изчиллик ва зарурият бўйича юз берадиган тадрижий жараёнлар асосида пайдо бўлади, деб ҳисоблайди. Бутун мавжудотни сабабоқибат нуқтаи назаридан 6 даража (сабаб)га бўлади: худо — биринчи сабаб; иккинчи сабаб эса осмон жинслари, сўнг фаол ақл, жон (аннафс), шакл (ассурат), модда ёки ашёлар (алмодда). Худо—вожибул вужуд, яъни зарурий мавжудлик бўлса, крлганлари — вужуди мумкин, яъни имконий мавжуд нарсалардир. Булар бир-бири билан сабабий боғланган. Худо, яъни «вужуди вожиб» биринчи бўлиб ақгш фаолни яратади. Акл эса ҳар бир сайёрага хос аклни яратади. Энг сўнгги самовий ақл натижасида Ердаги ақлруҳ ва барча моддий жисмлар, яъни 4 унсур: тупроқ, ҳаво, олов, сув пайдо бўлади. 4 унсурдан эса наботот одами, ҳайвонот олами, инсон зоти ва нотирик табиат вужудга келади. Органик оламга ўсимлик руҳи, ҳайвоний руҳ ва инсоний руҳ хосдир. Жисмларга ҳаракат хос бўлиб, улар ўзаро бир-бири б-н боғланган. Шундай қилиб, Форобийнинг борлиқ ҳақидаги таълимоти кейинги даврларда ҳурфикрликнинг кенг қулоч ёзишида муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Форобийнинг гносеологик қарашлари, яъни билиш ҳақидаги таълимоти ижтимоийфалсафий фикр ривожи тарихида алоҳида ўринни эгаллайди. Олимнинг бу борадаги фикрлари унинг «Мантиқ тўғрисида рисолага муқаддима», «Мантиққа кириш», «Акл тўғрисида», «Фалсафанинг маъноси ва келиб чиқиши» ва б. асарларида тахлил қилиб берилган. Мутафаккир инсон Ер юзидаги олий мавжудот эканлигини таъкидлаб, унинг қобилияти, теваракатрофдаги нарса ва ҳодисаларни идрок қилиш кучига катта баҳо беради.
Форобий ўз асарларида билиш шакллари, инсоннинг руҳий ҳолати, жон ва тананинг ўзаро муносабати, мантиқий фикрлаш тўғрисидаги мулоҳазаларини билдиради. Унинг айтишича, инсоннинг билиш, руҳий қобилиятларини мия бошқаради, юрак эса барча аъзоларни ҳаёт учун зарур бўлган қон билан таъминловчи марказ вазифасини бажаради. Форобий «Илм ва санъатнинг фазилатлари ҳақида» китобида табиатни билишнинг чексизлигини, билим билмасликдан билишга, сабабиятни билишдан оқибатни билишга, акциденция (алараз)дан субстанция (жавҳар) га қараб боришни уқтиради. Инсон воқеликни идрок, сезги, хотира, тасаввур, мантиқий тафаккур, акл, нутқ ва б. восита ҳамда усуллар орқали била олади. Олим ҳиссий ва аклий билиш мавжудлигини, улар бир-биридан фарқ қилишини ҳам айтиб ўтади. Ҳиссий билишда сезги аъзолари ёрдамида ашёлар, нарса ва ҳодисаларнинг муайян сифатлари билиб олинади. Шу билан бирга, сезги орқали нарса ва буюмларнинг муҳим бўлмаган томонлари ҳам идрок қилинади. Ақл орқали эса буюм сифатларини мавҳумлаштириш орқали унинг моҳияти ва умумий томонлари билинади.
Форобий ақлни, бир томондан, руҳий қувват, яъни туғма, 2томондан, таълимтарбиянинг маҳсули эканлигини таъкидлайди. Форобий давлатни бошқаришда, қонунларга амал қилишда, кишилараро муносабатда, ахлоқ ва хулқодоб қоидаларига риоя қилишда, таълимтарбияда акл ҳукмидан келиб чиққан ҳолда ҳаракат қилиш керак, деб ҳисоблайди. Форобийнинг қимматли фикрларидан бири унинг дунёвий руҳ ва дунёвий ақл, уларнинг барҳаётлиги ҳақидаги таълимотнинг талқинидир. Мутафаккирнинг назарида кишининг руҳи ва ақли ўлганидан кейин йўқ бўлиб кетмайди, балки дунёвий руҳ ва акл билан қўшилади. Демак, одамнинг руҳи ва акли абадийликка кетади. Лекин улар ҳеч вақт қайтиб келмайди ва намоён бўлмайди. Улар танани ташлаб кетгандан сўнг бир бутунликни ташкил этади, акл ва руҳ яшаш давомида орттирган барча маънавий бойлик тўпланиб барҳаёт дунёвий руҳ ва аклни ташкил этади. Мутафаккирнинг бу таълимотида дунёнинг абадийлиги, инсон зотининг ўлмаслиги, инсон билимлари ва ақлининг узлуксизлиги, инсоният маънавий маданиятининг тараққиёти ҳақидаги пурмаъно ғоялар мавжуд. Унинг талқинида аклий билиш коинот акли ёрдамида ҳақиқий илмга айланади. Форобий билишнинг рационал усулини асослаган буюк мутафаккирдир. У фалсафий тараққиётда, кузатув, баҳсмунозара, билиш усуллари, ҳиссий мушоҳада тўғрисида ўз даври учун эътиборга молик фикрларни илгари сурди.
Олим мантиқ илмига бағишланган бир неча рисолаларнинг муаллифидир. «Мантиқ илмига кириш», «Мантиқ тўғрисидаги рисолага муқаддима», «Шеърият санъати қонунлари ҳақида рисола», «Катагурийас» китоби ёки «Категориялар», «Эйсагоге» китоби ёки «Кириш» ва б. шулар жумласига киради. Форобий мантиқ илмининг моҳияти ва вазифаси ҳақида «Мантиқ тўғрисидаги рисолага муқаддима» асарида шундай дейди: «Бу шундай бир санъатки, у ҳар доим одам нотикликда адашиб қоладиган бўлса, тўғри фикрлашга олиб келувчи ва ақл ёрдамида бирор бир хулоса қилинадиган бўлса, хатоларнинг олдини олувчи нарсаларни ўз ичига олади. Унинг аклга нисбатан муносабати грамматика санъатининг тилга нисбатан муносабати кабидир. Грамматика одамлар нутқини тўғрилагани каби, у шунинг учун ҳам вужудга келган, мантиқ илми ҳам хато келиб чиқиши мумкин бўлган жойда тафаккурни тўғри йўлдан олиб бориш учун аклни тўғрилаб туради».
Форобий мантиқ илмининг шакллари: тушунча, муҳокама, хулоса, исбот ва б. ни таҳлил қилади. У индукция, дедукция ва силлогизм (қиёслаш) ҳақида батафсил маълумот беради. Олим ўзининг «Мантиқ илмига кириш» асарида эса ҳеч қандай далилисботсиз билинадиган фикрларни 4 га тақсимлайди: мақбулот (яъни мақбул бўлган фикрлар); машҳурот (яъни, машҳур бўлган); маҳсулот (яъни сезиш ва идрок натижасида бўлган); бошланғич маъқулот (яъни билимтушунчалар). Форобий уларнинг ҳар бирини муфассал тасвирлайди. Олим мантиқ илми ва унинг мақсад ҳамда вазифалари, воқеликни билишдаги ўрнини аниқ кўрсатиб бера олган. Форобийнинг мантиқ илми ҳақидаги қарашлари хрзир ҳам аҳамиятини йўқотгани йўқ, улар олий ўқув юртларида қўлланма вазифасини ўтамоқда.
Форобий дунёқарашида ижтимоийсиёсий ва ахлоқий фикрлар ҳам муҳим ўринни эгаллайди. Алломанинг «Бахтсаодатга эришув ҳақида», «Фозил шаҳар аҳолисининг фикрлари», «Бахтсаодатга эришув йўллари ҳақида рисола», «Буюк кишиларнинг нақллари», «Мусиқа ҳақида катта китоб», «Фуқаролик сиёсати» ва б. асарлари жамият ва уни бошқариш, ахлоқодоб ва таълимтарбия масалаларига бағишланган.
Ф. Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари файласуфлари орасида биринчи бўлиб, жамиятнинг келиб чиқиши, унинг мақсад ва вазифалари ҳақидаги таълимотни ишлаб чикди. Ўрта аср шароитида жамият табиий равишда келиб чиққанлигини, инсон фақат бошқалар ёрдамида ҳаёт қийинчиликларига қарши кураша олиши мумкинлигини асослаб берди. «Ҳар бир инсон, — дейди Форобий, — ўз табиати б-н шундай тузилганки, у яшаш ва олий даражадаги етукликка эришмоқ учун кўп нарсаларга муҳтож бўлади, у бир ўзи бундай нарсаларни қўлга кирита олмайди, уларга эга бўлиш учун инсонлар жамоасига эҳтиёж туғилади… Бундай жамоа аъзоларининг фаолияти бир бутун ҳолда уларнинг ҳар бирига яшаш ва етукликка эришув учун зарур бўлган нарсаларни етказиб беради. Шунинг учун инсонлар кўпайдилар ва ернинг аҳоли яшайдиган қисмига ўрнашдилар, натижада инсон жамоаси вужудга келди». Шаҳарлар, унинг фикрича, инсонларнинг жамоа бўлиб уюшишининг олий шакли бўлиб, унда инсоний баркамол бўлиб етишиши учун зарурий шароитлар бўлади. Форобий инсонлар табиий эҳтиёж натижасида ўзаро бирлашиб, жамоани ташкил қилганлигини алоҳида таъкидлайди.
Форобий улуғ гуманист, инсонпарвар файласуф сифатида инсон қадрқимматини камситувчи ва ўзга мамлакатларни босиб олишга асосланган жамиятга қарши чиқади. Мутафаккир одамларни тинчтотув ва ўзаро ҳамкорликда яшашга, инсонпарвар бўлишга даъват этади. «Одамларга нисбатан уларни бирлаштирувчи бошланғич асос инсонийликдир, шунинг учун одамлар инсоният туркумига кирганликлари учун ўзаро тинчликда яшамоклари лозим», — дейди мутафаккир.
Форобийнинг эътиборга сазовор фикрларидан бири жамият тараққиётида географик муҳитнинг ўрни масаласидир. Унинг ўйлашича, кишиларнинг муайян қудудда яшаши уларнинг турмуш тарзи, урфодатлари, ахлоқи, хулқодобига таъсир кўрсатади, жамоага бирлашувига ёрдам беради. У мукаммал жамият тўғрисидаги таълимотида одамларни турли гуруҳларга ажратади. Бунда у инсонларни қайси динга эътиқод қилишига, ирқига қараб эмас, балки ақлий қобилияти, билими, илмфанга қизиқишини инобатга олади. Форобий дин инсон камолотига, маърифатга хизмат қилиши лозим, деган фикр тарафдори эди. Олимнинг дунёқараши диний хурофотдан холи бўлиб, дин эркинлигига асосланган. У ислом динига, Қуръонга катта ҳурмат билан қаради. Уни кишиларни хулқодобга ўргатувчи манба деб билди. Айни вақтда ундан ўз гаразли ва шахсий манфаатлари йўлида фойдаланувчи, жаҳолатга ундовчиларнинг фикрига қўшилмади.
Форобий шаҳардавлатларни фозил ва жоҳилга ажратади. Фозил шаҳар халқини бахтсаодатга элтиши, унинг бошлиғи эса адолатли, юксак ахлоқли ва маърифатли, ўзида бутун ижобий хислатларни тўплаган бўлиши лозим. Пекин, шундай шаҳар ёки мамлакатлар бўладики, уларнинг аҳолиси нафсга берилган, бутун фикризикри бойлик тўплаш бўлади. Форобий бундай шаҳарларни жоҳил шахарлар деб атайди. Жоҳил шаҳарларнинг бошлиқлари ҳам фақат бойлик тўплашга ружу қўйган бўлади. «Улардан чиққан раҳбар ҳам, — деб таъкидлайди аллома, — раҳбарликни молдунё кўпайтиришда деб билади. Шунинг учун ҳам улар эртаюкеч молдунё тўплаш ҳаракатида бўлади. Бундай раҳбарларнинг қўл остида бўлган шаҳар халқида ҳар турли бузуқ одатлар, шаҳвоний нафс, бир-бирини кўролмаслик, бир-бирини талаш, душманлик, низожанжаллар пайдо бўлади». Ф. нинг ёзишича, ҳақиқий бахтга эришиш учун ҳаракат қилувчи, ўзаро ёрдам қилувчи, халқини бирлаштирган шаҳар — фозил шаҳар ҳисобланади. Бахтга эришиш мақсадида ўзаро ёрдам берган ва бирлашган кишилар фазилатли жамоа бўлади. Форобий фикрига кўра, давлатни идора этувчи шахс ўзининг фазилат ва хулқодоби билан ажралиб туриши, хусусан у 6 та хислатни эгаллаган бўлиши; яъни адолатли ва доно бўлиши, бошқаларга ғамхўрлик қилиши, қонунларга тўла риоя этиши ва қонунларни ярата олиши, келгусини олдиндан кўра билиши керак. Форобийнинг талқинича, фозил шаҳарлар юқори маданиятли бўлади. Унда яшайдиган халқ ўзи истаган касбҳунарни эгаллайди. Бундай жамиятда тўла эркинлик ва тенг ҳуқуклик ҳукм суради. Форобийнинг фозил жамоа ҳақидаги таълимоти унинг ахлоқий камолот ва бахтсаодатга эришув ҳамда инсонпарварлик ғоялари билан чамбарчас боғлиқдир. У ўзининг ижтимоийфалсафий, сиёсий ва ахлоқий қарашлари марказига инсонни, унинг мақсад муддаоларини ўрганишни, ахлоқий камолот ва бахтсаодатга эришув йўлларини кўрсатишни қўяди. Ахлоқий камолот деганда, хайрэҳсонли ишлар, гўзал инсоний фазилатларни тушунади. Ахлоқий камолотга халакит берувчи салбий хислатларга дангасалик, бекорчилик, билимсизлик, онгсизлик, касбҳунарсизликни киритади. Форобий акл, илм ва маърифатни бахтсаодатга эришишнинг асосий воситаси деб билди.
Форобий инсон фазилатларини туғма ва яшаш жараёнида пайдо бўладиган фазилатларга бўлади. Олимнинг фикрича, туғма фазилатларга инсоннинг ўта ўткир зеҳнлилиги, бирор нарсани билишга ўта қобилиятсизлилиги киради. Лекин туғма фазилатлар ҳаётда кам учрайди. Асосий ахлоқий фазилатларни одам яшаш давомида эгаллайди. Туғма фазилатли одамлар ҳам тарбияга муҳтож. Агар ундай одамни тарбиялаб ва тўғри йўлга солиб турилмаса, унинг қобилияти тезда сўниб қолиши мумкин. Туғма қобилият ҳам нисбий тушунчадир. Баъзи кишилар туғма қобилиятини ишга солиб яхши натижага эришса, бошқалари ёмон натижага эришиши мумкин.
Форобий мусиқани инсон тарбиясига таъсир қилувчи омиллардан бири деб билли. У мусиқани инсонга нафосат, эстетик завқ бағишловчи, ҳистуйғулари ва ахлоқини тарбияловчи муҳим восита, деб ҳисоблайди. Мутафаккир «Мусиқа ҳақида катта китоб» номли кўп жилдли асарида мусиқа назарияси ва тарихи, турли мусиқа асбоблари, куйлар ва уларнинг ички тузилиши, товушлар, ритмлар, оҳанглар ҳақида маълумот берди; илми ийқо, илми таълиф фанларига асос солди. Юқоридаги асарида ўтмишдаги мусиқашунос ва тадқиқотчилар мусиқа тараққиётига катта ҳисса қўшганлигини алоҳида қайд қилади. Шунингдек, куйлар уйғунлиги, куй ижро этиш усуллари ҳақида сўз юритади. Ривоятларда келтирилишича, Форобий янги мусиқа асбоби яратган, куй басталаган, моҳир созанда сифатида ном чиқарган. Форобийнинг айтишича, мусиқий тасаввурлар инсон руҳининг энг нозик жойидан қайнаб чиқиб, оҳанг ҳолида сезги қувватларига таъсир қилади.
Форобийнинг дунёқараши, унинг жамият ва ахлоқ тўғрисида яратган яхлит таълимоти илк ўрта асрлар ва кейинги даврларда ижтимоийфалсафий, сиёсий ва ахлоқий фикр ривожида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Унинг қарашлари Шарқ мамлакатларига кенг ёйилди. Ўрта аср мутафаккирлари Ибн Халликон, Ибн алКифтий, Ибн Аби Усабиъа, Байҳақий, Ибн Сино, Ибн Божа, Умар Хайём, Беруний, Ибн Рушд, Ибн Халдун ва б. Форобийнинг таълимотини чуқур ўрганиб, уни янги ғоялар билан бойитганлар. Буюк мутафаккир ва шоирлардан Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий, Жалолиддин Давоний Ф. нинг ижтимоийфалсафий, сиёсий ва ахлоқий таълимотидан баҳраманд бўлганлар.
Форобий илгари сурган фикрлар 16—20а. ларда ҳам мусулмон мамлакатлари олимлари томонидан катта қизиқиш билан ўрганилди. Мутафаккир қолдирган мерос фақат Шарқ мамлакатларида эмас, балки Европада ҳам тарқалди ва ижтимоийфалсафий фикр тараққиётида сезиларли таъсир кўрсатди.
Форобийнинг илмий меросини ўрганиш 20-а. нинг 1ярмида бошланган. Европа олимлари Карра де Во, Р. Хортен, М. Алонса, Д. М. Донлап, А. Штекл, Т. У. Буур, Б. М. Штреншнейдер, Г. Лей, Р. Хаммонд, Р. де Эрланжер, И. Гольдциер, Ф. Детерици, Г. Фармер, Н. Ришар ва б. Форобийнинг илмий меросини ўрганишга ўз ҳиссаларини қўшдилар. Рус олимлари А. Кримский, М. М. Филиппов, Т. И. Райнов, В. В. Бартольд, Е. Э. Бертельс, С. Н. Григорян, О. В. Трахтенберг, А. В. Сагадеев, А. М. Жоҳид ва б. Форобий асарларини тадқиқ этиш борасида кўп иш қилдилар. Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари олимлари Деххудо Ҳусайний, алФахури, Усмон Амин, М. Махди, Сайд Нафисий, И. Мадкур, Ражаби Табризий, Мехрдод, А, Атеш, Ойдин, Умар Фаррух, Саидҳусайн Носир, Маҳмуд Аббос, Туркер ва б. Форобийнинг ҳаёти ва ижоди билан қизиқдилар. Қозоқ олимлари А. Мошанов, А. X. Қосимжонов, А. Кубасов, С. К. Сатибекова ва б. Форобийнинг асарларини рус тилида чоп этиб, ижтимоийфалсафий, мантиқий ва ахлоқий қарашларини таҳлил қилдилар. Форобийнинг бой илмий меросини ўрганишда, айниқса, ўзбек олимларининг ҳиссаси катта бўлди. А. Саадий, Т. Н. ҚориНиёзий, И. М. Мўминов, В. Й. Зоҳидов, М. К. Орипов, Р. Носиров, Ҳ. Алиқулов, О. Файзуллаев, А. Казибердов, А. Ирисов ва б. алломанинг ҳаёти, ижоди ва фалсафий қарашлари ҳақида и. т. олиб бордилар. М. М. Хайруллаев собиқ Шўролар даврида биринчи булиб И. М. Мўминов раҳбарлигида 1966 й. Форобийнинг фалсафий мероси ҳамда дунёқарашига бағишланган дрлик диссертациясини ҳимоя қилди ва Ўзбекистонда форобийшуносликка асос солди.
Республикамиз мустақилликка эришгач, қомусий олимнинг асарлари ўзбек тилида чоп этила бошлади, унинг бой мероси холисона, тарихийлик ва мантиқийлик тамойиллари асосида ёритила бошланди Олий ўқув юртлари, мактаб ва кутубхоналар, кўчалар унинг номи б-н аталади.
Ас: Рисолалар, Т., 1975; Философские трактаты, АлмаАта, 1972; Фозил одамлар шаҳри, Т., 1993.
Ад: Хайруллаев М. М., Форобий ва унинг фалсафий рисолалари, Т., 1963; Хайруллаев М. М., Абу Наср Форобий, Т., 1966; Григорян С. Н., Средневековая философия народов Ближнего и Среднего Востока, М., 1966; Хайруллаев М. М., Мировозрение Фараби и его значение в истории философии, Т., 1967; Хайруллаев М. М ., Уйғониш даври ва Шарк мутафаккири, Т., 1971; Хайруллаев М. М., Фараби. Эпоха и учение, Т., 1975; Из философского наследия народов Ближнего и Среднего Востока, Т., 1972; АльФараби. Научное наследие. Сборник, М., 1975; Социальноутопические идеи в Средней Азии, Т., 1983; Аликулов X. А., Этические воззрения мыслителей Средней Азии и Хорасана, Т., 1992; Хайруллаев М. М ., Ўрта Осиёда илк уйгониш даври маданияти, Т., 1994; Ўзбекистонда ижтимоийфалсафий фикрлар тарихидан, Т., 1995; Жумабоев Й ., Ўзбекистонда фалсафа ва ахлоқий фикрлар тараққиёти тарихидан, Т., 1997; Мўминов И. М., Ўзбекистондаги табиийилмий ва ижтимоийфалсафий тафаккур тарихидан лавҳалар. Т., 1999; Маънавият юлдузлари, Т., 1999.
Музаффар Хайруллаев, Ҳайдар Алиқулов.