ДУМБАЛИ ҚЎЙЛАР — гўшти ва ёғи учун боқиладиган дағал ва ярим дағал жунли думбали кўй зотлари. Чўл ва чала чўл минтақаларида боқишга мослашган, ўт-хашак танламайди, узоқ масофаларга ҳайдашга чидамли. Асрлар давомида яйлов шароитида боқилиши туфайли кескин экологик шароитларга мослашган. Йирик Думбали қўйлардан ҳисори, саража, эдилбей қўйлари машҳур. Қўчқорларининг тирик вазни 110 — 130 (баъзан 180) кг гача, совлиқлари 60 — 85 кг (баъзан 130 кг) гача боради. Думбаси қўйнинг семизлик даражасига қараб 6—15 кг, баъзи зотлар (ҳисори қўйлари) бўрдоқиларида 45 кг гача бўлиши мумкин. Думбасининг шаклига қараб «дўнгалак қуйруқ», «тегирмон қуйруқ», «айри қуйруқ», «кетмон қуйруқ», «солфи қуйруқ» деб юритилади. Бу зотлар яхши гўшт беради. Думбали қўйлар сўйилганда гўшт чиқиши 53—60%, жун бўйича маҳсулдорлиги паст — 2,0—2,2 кг жун беради. Жуни дағал ва бир текис бўлмагани учун дағал мовут, гилам, кийгиз ва б. маҳсулотлар тайёрланади. Думбали қўйлар совликларидан 120 кг гача сут соғиб олиш мумкин. Серпуштлиги 105 — 120%. Эрон, Афғонистон, Арабистон я. о. мамлакатларида, Кавказ, Россиянинг жануби, Ўрта Осиё, Қозоғистонда кўпроқ боқилади.