ФУҚАРОЛАР УРУШИ — бир мамлакат ичидаги ижтимоий гуруҳдар ўртасида давлат ҳокимияти учун олиб бориладиган қуролли кураш. Ф. у. ижтимоий кескинликлар заминида вужудга келади. Тарихда Фуқаролар уруши турли шакл ва кўринишда намоён бўлган: қуллар қўзғолони, деҳқонлар уруши, партизанлар уруши, халқнинг ҳукуматга қарши қуролли кураши ва ҳ. к. Ф. у. давлатлар ўртасидаги урушлар, чет эл босқинчиларига қарши кураш ва миллий озодлик ҳаракати билан қўшилиб кетиши мумкин. Ҳокимиятдаги ҳукмрон гуруҳдар бир-бирига қарши турган Фуқаролар уруши ҳам бўлади (Рим республикасининг ағдарилиши давридаги Фуқаролар уруши, Англиядаги Кизил гул ва Оқ гул урушлари). Фуқаролар уруши этник (2000—2003 й. ларда Руандада), сепаратистик (2000—2002 й. ларда Сербияда), конфессионал (бир неча бор Шим. Ирландияда) сабабларга кўра келиб чиқиши мумкин. Фуқаролар урушида иштирок этаётган томонларнинг бири диний, иккинчиси дунёвий шиорлар остида (1992—95 й. ларда Тожикистонда) ҳаракат қилиши мумкин. Фуқаролар уруши иқтисодий бўҳронлар, кўплаб одамларнинг қурбон бўлишига олиб келади.