ФУҚАРОЛИК ПРОЦЕССУАЛ ҲУҚУҚИ — ҳуқуқ соҳаси; суд томонидан фуқаролик ишларини кўриш ва ҳал қилиш, шунингдек, судлар ва б. айрим органлар карорлари ижро этилиши тартибини белгилайди. Фуқаролик процессуал ҳуқуқининг предмети — суд мажлисида текшириладиган ва ҳал қилинадиган фуқаролик ишлари туфайли вужудга келадиган суд ва процесс нинг бошқа иштирокчилари ўртасидаги ижтимоий муносабатлардир. Фуқаролик процессуал ҳуқуқи фуқаролик ишларини юритишни тартибга солиб, қўзғатилган иш юзасидан суднинг, процесс иштирокчиларининг, суд қарорини ижро этувчиларнинг қандай ҳаркатларни қандай тарзда бажаришлари лозимлигини, бундай ҳаракатларнинг оқибатлари нимадан иборат бўлиши (мас, иш ҳақи ундирилиши, келтирилган зарар тўланиши) ни белгилайди. Фуқаролик процессуал ҳуқуқи ҳуқуқнинг бошқа соҳалари, чунончи жиноят процессуал ҳуқуқи билан боғлиқ. Ҳуқуқнинг бу ҳар икки соҳасини бирлаштирадиган мазмун шундаки, улар одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ ижтимоий муносабатларни тартибга солади. Фуқаролик процессуал ҳуқуқининг асосий манбаи Ўзбекистон Республикасининг ФПКдир.