ҒЎЗА БИТИ, полиз бити (Аргпз §058ур1 С1ОУ.) — тенгқанотли хартумлилар туркуми ўсимлик битлари оиласига мансуб ҳашарот. Барча пахта экиладиган мамлакатларда тарқалган. Тирик туғиб кўпаядиган қанотсиз урғочисининг (эркаги бўлмайди) тухум шаклидаги (овалсимон) танаси 1,25 — 2,1 мм. Шира найчалари қора. Вояга етган битлар ва личинкаларнинг ранги мавсум ва ўзи яшаётган ўсимлик рангига боғлиқ ҳолда ўзгаради. Мўйловлари 6 бўғимли, сариқ, уз. танасининг 2/3 қисмигача; кўзи қора; оёқлари сариқ. Личинкаси вояга етган урғочисидан кичиклиги ва танасининг ёрқин ранги билан фарқ қилади. Нимфаси оч кулранг. Қанотли урғочилар танаси чўзиқроқ (1,2—1,9 мм), боши ва кўкраги қора, қорни сарғиш ёки тўқ яшил, қанотлари тиниқ; қаноти личинканинг иккинчи ёшида шакллана бошлайди. Ғўза битининг жинсий авлоди йўқолган бўлиб, ривожланиш цикли тўлиқ эмас; партеногенез йўли билан (қиз ҳолича, уруғланмасдан) кўпаяди, яъни урғочилари 20—60 личинка тугади. Қанотсиз урғочилар, баъзан эса личинка ҳолида совуққа чидамли бегона ўтлар (асосан гулхайрининг илдиз бўгзи яқинидаги барглар)да қишлайди. Қишлов даврида уларнинг кўпчилиги нобуд бўлиб, баҳоргача жуда кам қолади. Апр. да Ғўза бити жуда жадал кўпайиб, улар орасида қанотли индивидлар ҳам пайдо бўла бошлайди. Қанотлилари ҳар тарафга тарқалиб, бегона ўтларга ўтади ва ғўза ниҳолларини илк ривожланиш даврида зарарлайди. мавсумда 20 га яқин авлод беради. Ғўза бити барг ширасини сўради ва улар бужмайиб, қуриб қолади. Кузда пахта толаси ҳашарот ажратган модда туфайли бир-бирига ёпишиб ифлосланади ва шу ерда сапрофит замбуруғларнинг ривожланишига шароит яратилади. Натижада тола қорайиб, бузилади (қора шира).
Кураш чоралари: бегона ўтларни йўқ қилиш, ўсимлик қолдиқларини йиғиб олиш, ғўзага инсектицидлар пуркаш.