ГАРОВ СИФАТИДА ТУТҚУНЛИККА ОЛИШ — шахсни тутқунликка олиб, давлат, халқаро ташкилот, жисмоний ёки юридик шахсдан бирон-бир ҳаракат содир этиш ёки бирон-бир ҳаракат содир этишдан ўзини тийиб туришни талаб қилиб, гаров сифатида ушлаб турилган шахсни озод қилиш шартини қўйишдир. Гаров сифатида тутқунликка олиш Ўзбекистон Республикаси ЖК бўйича жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлардан ҳисобланади. Бунда айбдор шахсни тутқунликка олиб, ўз талабларини қўяр экан, энг аввало туткунликка олинган шахcни, шунингдек бошқа шахсларнинг соғлиғи ва ҳаётини хавф остида қолдиради. Жиноят субъекти 16 ёшга тўлган ҳар қандай ақли расо шахс бўлиши мумкин. Агар тутқунликка олинган шахс бир киши бўлса, айбдорнинг мол-мулки мусодара қилиниб, 10 йилгача муддатга озодликдан махрум қилиш б-н; Г. с. т. о. вояга етмаган шахсга нисбатан, 2 ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан содир этилган бўлса, шунингдек оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлса, мол-мулк мусодара қилиниб, 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш б-н жазоланади (ЎзР ЖК 245-модда).